Қувондиқ Сиддиқовга табрик!


   Истеъдодли тележурналист, ҳажвчи, ёзувчи ва режиссёр - Қувондиқ Сиддиқовни туғилган куни билан табриклаймиз!
    Қувондиқ Сиддиқовга соғлик, узоқ умр ва ҳамиша қувониб юришини тилаб қоламиз!

Камоли эҳтиром ила - Muzaffar.uz сайтининг ижодий жамоаси.
 
   Маълумот: Сиддиқов Қувондиқ Нарзуллаевич 1971 йилда Самарқанд вилояти Қўшработ туманида туғилган. Миллати ўзбек, маълумоти олий. 1988-1996 йилларда Ўзбекистон миллий университети журналистика факультети (сиртқи бўлими)да таҳсил олган. 
    1988 йилдан Самарқанд вилояти Қўшработ туманидаги 82-ўрта мактабда ёшлар етакчиси сифатида меҳнат фаолиятини бошлаган. 1994-95 йиллари 81-ўрта мактабда ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси, 1995-97 йиллар Қўшработ туман ҳокимлигининг “Истиқбол сари” газетаси таҳририятида махсус мухбир, масъул котиб, 1997 йилдан Ўзбекистон Радиоси “Ёшлик” бош муҳарририятида муҳаррир, катта муҳаррир, шарҳловчи, “Ёшлар канали” дирекциясида бош муҳаррир, “Ўзбекистон” телеканали “Маънавият” студияси бўлим бошлиғи, "Телеминиатюралар театри" бадиий раҳбари, “Ўзбекистон” радиоканали директори ўринбосари, Ўзбекистон МТРК “O’zbekston” телерадиоканали “Кўнгилочар ва мусиқий эшиттиришлар” муҳарририяти бош муҳаррири, “Кино ва тезкор дубляж” студияси бош муҳаррири, ЎзМТРК нашри “Садо” газетаси бош муҳаррири, 2016 йилдан 2018 йилгача “Madaniyat va ma‘rifat” телеканалида бош муҳаррир вазифасида фаолият кўрсатиб келган. 
  Қ. Сиддиқов пойтахтдаги фаолиятини 1997 йилда Ўзбекистон радиоси «Ёшлик” бош муҳарририятида муҳаррир  вазифасидан бошлаб, тез орада катта муҳаррир, шарҳловчи лавозимларига тайинланган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил март ойида эълон қилинган 130-қарори асосида ташкил этилган “Ёшлар” радиоканалининг биринчи бош муҳаррири сифатида раҳбарлик фаолиятини бошлаб, ўзининг ташаббускорлиги, изланувчанлиги ва ташкилотчилиги билан ушбу радиоканалнинг ғоявий структурасини шакллантириш, профессионал-бадиий савиясини оширишга катта ҳисса қўшган. Ўз вақтида ҳам журналистик, ҳам бошловчилик вазифасини намунали уддалаш билан бирга ўзидан кейин ишга келган ёшларга мураббийлик ҳам қилган. 
 Телевидениеда турли йиллардаги фаолияти давомида “Ҳандалак-плюс”, “Телеминиатюралар театри”, “Шўрданак”, “Хушчақчақ” каби кўнгилочар, ҳажвий кўрсатувлар тайёрлаши баробарида, “Яхшилар ёди”, “Масъул сўз” каби ижтимоий-таҳлилий, маърифий характердаги кўрсатувларга муаллифлик қилган. Унинг сценарийси асосида “Ўзбекистон” телеканалида суратга олинган ёш энага қиз Табассумхон ва онасидан бевақт ажралган, бироқ шумлиги қолмаган болакайларнинг ажойиб саргузаштлари ҳақида ҳикоя қилувчи “Меҳрибоним” номли оилавий телесериал ҳар йили янги йил арафасида телеэкранларда такрор-такрор намойиш этилади.
    Қ. Сиддиқов ўзининг рус ва инглиз тилларида сўзлаша олиш имкониятидан меҳнат ва ижодий фаолиятида самарали фойдалана билади. Хусусан, “Ўзбекистон” телеканалида дубляж қилинган “Бошпанасиз”, “Аҳдга садоқат” каби бадиий фильмлари, “Меҳмонхона хўжайини”, “Руҳшунос”, “Бўрилар замини” каби телесериалларни рус ва инглиз тилларидан таржима ва муҳаррирлик қилишда тил билиш кўникмалари унга қўл келган. Шунингдек, 2016 йил январ ойида Ҳиндистон давлат бошқарув академияси (ASCI)нинг “Олий даражадаги раҳбар ходимлар учун умумий башқарув дастури” (General Management Programme for Senior Executive) асосида “Раҳбарлик салоҳиятини ошириш орқали бошқарувда муваффақиятга эришиш” мавзусидаги тўрт ҳафталик ўқув курсларида иштирок этишга мушарраф бўлган.
   “Садо” газетасига раҳбарлик қилган даврида ҳам нашрнинг янгича қиёфасини яратиб, газетада тармоқ фаолияти ва телерадио ҳамда медиа соҳасига оид янгиланишлар, замонавий технологияларни ўзлаштиришга кўмакчи бўладиган таҳлилий материалларни чоп этиб, ўқувчиларда ушбу соҳага қизиқиш уйғотган.      
  Журналист Қувондиқ Сиддиқов МТРКдаги тажрибали, изланувчан, иқтидорли ва ўз ишига талабчан кадрлардан бири. Унинг бош муҳаррирлигида тайёрланган “Ижодий учрашув”, “Уйга қайтиб”, “Образ-шоу”, “Файзли оқшом”, “Автопортрет”, “Журналист касбини ўзгартиради”, “Яхшилик” каби кўрсатувлар аллақачон телетомошабинлар қалбидан жой олиб улгурган. У қаерда ишлашидан қатъий назар, касбига нисбатан ҳурмати, ички интизоми, ўзига ва атрофдагиларга нисбатан талабчанлиги, айниқса, бир мақсад йўлида жамоани бирлаштира олиши билан алоҳида ҳурмат ва эътирофга муносиб бўлган. 
  Унинг профессионал журналист сифатидаги иқтидори жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялаш вазифаларини изчиллик билан ҳал этишга қаратилган ҳукуматимиз сиёсатининг мазмун-моҳиятини тарғиб-ташвиқ қилишда фаол намоён бўлмоқда. Вақтли матбуотни доимий равишда кузатиб, ўзи ҳам туркум мақолалари билан иштирок этиб боради. “Ўзбекистон овози”, “Оила ва жамият” газеталарида унинг ижтимоий-маънавий соҳаларга оид долзарб мавзудаги кўплаб туркум мақолалари чоп этилган. Хусусан, “Ўзбекистон овози”да босилган “Беҳаёликнинг “сотка” усули” номли мақоласида уяли телефонлар хотирасига жойлашиб бораётган уйдирма хунрезлик, порнографик тасвирларнинг ушбу технологиялардан самарали фойдаланаётган ёшлар онгига салбий таъсирини қаттиқ танқид остига олиб, уларни огоҳликка чорлаган. Шунингдек, “Оила ва жамият” газетасида жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида қашшоқликдан қутулиш чораси ёки мўмай пул топиш мақсадида ўзининг ва бошқаларнинг, айниқса, болаларнинг тана аъзоларини трансплантация қилиш ҳолатларини танқид остига олган “Болангизни “запчаст” деманг!” мақоласи, “Садо” газетасида чоп этилган “Виждонни уйғотиш керак ёки тўртинчи ҳокимият ҳақида сўз”, “Ҳеч ким билан суҳбат”, “Яхшиликка халал берманг!”, “Болангиз сизни соғинибди”, “Яшариш мувозанати ёхуд Наврўзий хусусиятлар ҳақида жиддий мулоҳаза”, “Пушаймонлик малҳами”, “Алик олишни ўрганинг, катталар!”, “Футбол армони”, “Ҳўв “арава”, бу ёққа кел!” каби турли ижтимоий муаммо ва масалаларга бағишланган мақолалари  минглаб ўқувчилар эътиборини қозонган.
   Қ. Сиддиқов юртимизда барқарор бўлган тинч-тотувлик ва жипсликни таъминлашда, омма онгига миллий ғояни сингдириш, ёш авлодни  ватанпарварлик, юртга садоқат руҳида тарбиялаш, ислоҳотлар мазмун-моҳиятини халқимизга етказиш ва жамиятни янгилашга сафарбар этиш, янги ютуқларга илҳомлантириш, тажриба ва  ютуқларни ёйишда фаоллик, ташаббускорлик кўрсатиб келади. Унинг бу каби жиҳатлари, айниқса, Мустақиллик, “Наврўз” каби умумхалқ байрамларига, буюк алломаларимизнинг юбилей кунларига бағишлаб ўтказилган давлат тадбирларидан тўғридан-тўғри олиб борган радиорепортажларида яққол кўзга ташланган. 
 Қ. Сиддиқов хоҳ телевидение, хоҳ радио ёки газета таҳририяти, қаерда ишламасин, ходимлар ўртасидаги муносабатларда ўзининг бошқарув қобилиятини кўп бор намоён этган ва ижодий ишларда доимо бошқаларга ўрнак бўлиб келган. У замонавий компьютер сирларини  яхши ўзлаштирган ва ундан, шунингдек, интернет тармоғидан унумли фойдаланади.
   Қ. Сиддиқов ўз ижодий имкониятларини чекламайди, аксинча бойитиб боради. У бадиий адабиётда ҳам саводхонлик билан қалам тебратади. Шеърлари марказий матбуотда мунтазам чоп этиб борилади. 2001 йил “Истиқлол умидлари” (“Ёзувчи” нашриёти), 2007 йил “Кўнглима орзулар солган қишлоғим” (“Фарғона” нашириёти) тўпламларига Ватан ва муҳаббат васфидаги бир қатор шеърлари киритилган. 2011 йилда эса “Ўзбекистон” нашриётида унинг ҳикоялари жамланган “Футболга тикилган “бош” китоби нашрдан чиқди. У хоҳ журналистика, хоҳ бадиий адабиётда бўлсин, ўз ижодий фаолиятини янги ғоя ва ёндашувлар билан бойита оладиган, эркин фикрловчи ва ўз фуқаролик позициясига эга ижодкор эканлигини кўрсата олади.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот