Азамат Қоржововга табрик


  Ёзувчи, “Ижод-Пресс” нашриёти масъул муҳаррири - Азамат Қоржововни туғилган куни билан муборакбод этамиз!
  Азаматга соғлик, узоқ умр, хаёлий ва ҳаётий парвозлар тилаб қоламиз! 
    
  Маълумот: Азамат ҚОРЖОВОВ 1977 йил 13 январда Самарқанд шаҳрида туғилган. 1984-1994 йилларда Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги 3-ўрта мактабда ўқиган. 1998-2002 йилларда СамДУнинг Ўзбек филологияси факультетининг бакалавриятида, 2002-2004 йилларда мазкур факультетнинг магистратурасида таҳсил олган. 2006-2007 йилларда эса СамДУнинг аспирантурасида ўқиган.
  Илк асари 1997 йилда «Ватанпарвар» газетасида чоп этилган. Ўша йили «Миллий тикланиш» газетасида ҳам ҳикояси эълон қилинган. Талабалик чоғларида «Ёш куч», «Муштум», «Мулоқот» журналларида, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Регистон», «Маърифат нури», «Гулшан», «Самарқанд», «Улуғбек ворислари», «Ёғду» каби газеталарда шеърлари, ҳажвиялари ва ҳикоялари чоп этилиб турган. Самарқанд давлат университети тўплами бўлмиш «Истиқлол мавжлари»га ҳикоялари киритилган. Кейинги йилларда асосан хусусий нашрларда («Парвона», «Бекажон», «Даракчи», «Суғдиёна», «Диёр», «Дилдош», «Мозаика», «Шифо-Инфо») эртак, шеър, ҳажвия, ҳикоя ва қиссалари чоп этилган.
  2011 йилдан бошлаб шу вақтгача Азамат Қоржововнинг детектив, ҳаётий-маиший, мистика ва саргузашт жанрларидаги қирқдан ортиқ китоби «Дизайн-Пресс», «Давр-Пресс», «Камалак», «Тафаккур», «Янги нашр», «Ижод-Пресс», «Сано-стандарт» каби нашриётларда нашр этилиб, кенг китобхонлар оммасига манзур бўлди.
   Азамат Қоржовов ижодида ватан мавзуси ҳам алоҳида ўрин тутади. Хусусан, «Икки ит афсонаси», «Жаноб ГИ», «Вафодор» номли асарларида ватанга муҳаббат, она юртнинг баҳоси йўқлиги бадиий бўёқларда ифода этиб берилган. «Жаноб ГИ» ҳикояси «Юртни севмоқ саодати» тўпламига киритилган. Шунингдек, «Ҳуристон», «Нон азиз», «Ҳайкал», «Бўш пўстак», «Сурат» каби бир қанча эртаклари ватанпарварлик руҳидадир.
 Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан сўнг мамлакатда ўткир сюжетли адабиётнинг равнақ топиши ва халқнинг китобсевар халққа айланишида Азамат Қоржововнинг алоҳида хизматлари бор. Америка, Европа мамлакатларидагидек Ўзбекистонда ҳам қисқа муддатда қирқдан ортиқ китоби бестселлер даражасига чиққан ёзувчининг пайдо бўлиши шу вақтгача Республикамиз тарихида кузатилмаган эди.
  2001-2002 йиллар – “Регистон” газетаси мухбири, 2002 йил – “Маърифат нури” газетаси мусаҳҳиҳи, 2003-2004 йиллар – СамДУ 1-сонли Академик лицейнинг она тили ва адабиёт ўқитувчиси, 2004-2009 йиллар – “Бекажон” газетаси муҳаррири, 2009-2015 йиллар – “Суғдиёна” газетаси Адабий бўлим муҳаррири, 2015 йилдан ҳозиргача “Ижод-Пресс” нашриёти масъул муҳаррири. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот