Хуршид Даврон таваллуд топган кун
Ўзбекистон халқ шоири, истеъдодли шоир ва публицист Хуршид Даврон (асл номи Давронов Хуршид) 1952 йил 20 январь куни Самарқанд вилояти Самарқанд туманидаги Чордара қишлоғида хизматчи оиласида туғилган.
Ўрта мактабни тугатгач, 1969 йили Тошкент Давлат университети журналистика факультетининг кечки бўлимига кириб, кундузи Тошкент қурилишларида ишлайди.
1971 - 1973 йиллар давомида ҳарбий хизматни ўтаб қайтгач, ўқишни давом эттиради. 1974 йилдан 1992 йилгача турли нашриётларда ишлайди.
Маънавият ва маърифат марказида раҳбар ўринбосари (1994-96). 1996 йилдан Ўзбекистон Миллий Телерадикомпаниясида турли раҳбар лавозимларида ишлаган.
Хуршид Даврон шеърий таржима билан ҳам шуғулланиб келади. Хуршид Давроннинг илк шеърлари 1976-1977 йиллардан бошлаб туман ва вилоят газеталарида босилган. Катта адабиётга кириб келиши 1976 йили «Гулистон» журналида устоз шоир Эркин Воҳидовнинг «оқ йўл»и билан бошланган.
1976-1978 йиллар давомида шоирнинг бир қатор шеърлари чоп этилади. 1979 йили биринчи ва иккинчи китоблари: «Қадрдон қуёш», «Шаҳардаги олма дарахти» босилиб чиқади.
Шундан сўнг шоирнинг қуйидаги китоблари нашр этилади: «Тунги боғлар» (1981), «Учиб бораман қушлар билан» (1983), «Тўмариснинг кўзлари» (1984), «Болаликнинг овози» (1986), «Қақнус» (1987), «Самарқанд хаёли» (1991). Сўнгги тўплам ўзбек халқи тарихига оид кўркам қиссалардан иборат.
Хуршид Давроннинг истиқлолни ардоқловчи янги шеърлар китоби «Баҳордан бир кун олдин» номи билан нашр этилган.
Бундан ташқари, Хуршид Даврон «Соҳибқирон набираси» (1995), «Шаҳидлар шоҳи» (1997) каби тарихий қиссалар ҳам ёзган. Драматург сифатида «Мирзо Улуғбек», «Бобур шоҳ», «Аврангзеб» каби тарихий мавзудаги драмаларини яратган.
«Дўстлик» ордени билан мукофотланган (1997). Ўзбекистон халқ шоири (1999).