Хуршид Дўстмуҳаммадга табрик
Таниқли ёзувчи, олим, публицист, филология фанлари доктори, “Шуҳрат” медали, “Дўстлик” ордени соҳиби, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими - Хуршид Дўстмуҳаммадни таваллуд топган куни билан чин қалбимиздан муборакбод этамиз! Хуршид Дўстмуҳаммадга мустаҳкам соғлик, узоқ умр тилаган ҳолда, барча орзу-умидлари рўёбга ошиши ва фарзандлари камолини кўриб юришларини тилаб қоламиз!!!
Камоли эҳтиром ила - Muzaffar.uz сайтининг ижодий жамоаси.
Маълумот: Журналист ва ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад 1951 йилнинг 8 январь куни Тошкентда туғилган. Ўрта мактабни битиргач, 1969-1973 йилларда Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетида ўқиган. «Фан» нашриётида, «Фан ва турмуш» журналида, «Қишлоқ ҳақиқати» газетасида ишлади. 1986 йилдан «Ёш куч» журналида бўлим мудири, бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир сифатида фаолият кўрсатган.
Республикада илк бор нашр этилган «Ҳуррият» мустақил газетасида бош муҳаррирлик қилди, Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларини демократлаштириш ва қўллаб-қувватлаш ижтимоий-сиёсий жамғармасида ҳам раис, «Ўзбекистон матбуоти» журналининг бош муҳаррири вазифаларида ишлаган. Ҳозирги кунда Республика Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида фаолият олиб бормоқда.
Адибнинг дастлабки ҳикояси 1981 йили «Гулистон» журналида, «Нигоҳ» номли биринчи қиссаси эса 1987 йили «Ёшлик» журналида эълон қилинган. «Ҳовли этагидаги уй» номли биринчи китоби 1989 йили нашр этилган. Шундан буён унинг «Паноҳ», «Оромкурси», «Сўроқ», «Соф ўзбекча қотиллик», «Ҳижроним мингдир менинг» қиссалари, «Бозор» романи ва ўнлаб ҳикоялари чоп этилди. Адибнинг «Жажман» (1995) китобидан бир неча қиссалари қатори «Маҳзуна», «Жажман», «Ибн Муғанний», «Ёлғизим - сиз». «Кўз қорачиғидаги уй» сингари ҳикоялар ҳам жой олган. Адиб «Бозор» романи, «Ҳижроним мингдир менинг» ва «Озод изтироб қувончлари» китоблари учун 2000 йилги «Офарин» мукофотига сазовор бўлди.
Сценарий муаллифи сифатида яратилган «Чаёнгул» телевизион бадиий филми (2000) кенг томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди. «Жимжитхонага йўл», «Нусхакашнинг меросхўри», «Беозор қушнинг қарғиши» ва «Жим ўтирган одам» ҳикоялари адибнинг кейинги йиллар ижодида янги саҳифа очди.
Хуршид Дўстмуҳаммад япон адиби Акутагава Рюноскенинг «Расёмон дарвозаси» ҳикоясини, Темур Пўлатовнинг «Етти ҳузур-ҳаловат ва қирқ қайғу-алам» романини ўзбекчалаштирган.
У адабиётшунос сифатида мақолалари билан ҳам эътиборга тушган.
С. Мирвалиев. "Ўзбек адиблари". Т. 2007 й.