Абдулла Шерга табрик
Ўзбекистон Республикаси халқ шоири, таржимон, фалсафа, эстетика ва этика муаммоларига бағишланган қатор мақолалар муаллифи, - Абдулла Шерни таваллуд топган куни билан табриклаймиз! Абдулла Шерга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ижодий ва ижобий ютуқлар тилаб қоламиз!!!
Маълумот: Абдулла Шер 1943 йил 5 августда Тошкент вилояти Чиноз туманида туғилган. Ўрта мактабни тугатгач, аввал бошланғич мактаб ўқитувчиси, сўнг туман газетасида адабий ходим бўлиб ишлаган.
1965-1970 йилларда ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида ўқиган.
1969-1978 йилларда «Гулистон» журналида адабий ходим, бўлим мудири, масъул котиб, «Ўзбекистон физкультурачиси» газетасида муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаган.
1979-1981 йилларда Москвадаги Олий адабиёт курсида таълим олиб қайтгач, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи, «Ёшлик» журналида масъул котиб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси биринчи котибининг ижодий ишлар бўйича муовини, уюшманинг Тошкент вилоят бўлими масъул котиби вазифаларида ишлаган.
Абдулла Шернинг дастлабки шеъри 1959 йили Чиноз тумани газетасида босилган. Шундан буён у «Кўклам табассуми» (1973), «Алёр» (1977), «Атиргул сояси» (1979), «Роз» (1980), «Куз ҳилоли» (1983), «Альш шиповник» (1987), «Қадимги куй» (1987), «Нуқтадан сўнг» (1989), «Тоқат» (1997) каби ўндан ортиқ шеърий тўпламларини нашр эттирган.
Абдулла Шернинг дастлабки «Кўклам табассуми» тўпламига кирган шеърларида шоирнинг оддий, аммо беғубор туйғулари, ёшлик орзулари самимий ифодаланганлигини сезиш қийин эмас. «Атиргул сояси» тўпламида эса шоирнинг поэтик фикрлари тобора қуюқлаша бошлаган. Асқад Мухтор қайд этганидек, Абдулла Шернинг ўз олдига қўйган ижодий вазифаларидан бири ҳам чуқур замонавий фикрчанлик, айни замонда замондошларга хос ҳиссий бойлик, шеъриятимизнинг анъанавий мусиқий равонлигини йўқотмаслиқдир.
Шоирнинг «Нуқтадан сўнг» тўпламига кирган достон ва шеърлари худди шу жиҳатдан эътиборни тортади. Энди шоир ҳаётнинг рангин лаҳзаларини тийраклик билан кузатади, ўзига хос бадиий топилмалар воситасида муҳим фалсафий фикрларни ўртага қўяди. Ундаги лирик қаҳрамон гоҳ ўз дарди, ташвиши, гоҳо қувончи билан ҳам сизга яқин бўлиб қолади, сиз уни суйиб қоласиз, дардлашгингиз келади. Шоир шеърлари ўзбек китобхонигагина эмас, балки қозоқ, қирғиз, озарбойжон, турк, рус, булғор, қалмиқ, қримтатар каби халқлар китобхонига ҳам яқин, чунки улар шоир шеърларини ўз тилларида ўқишга муяссар бўлишган.
Абдулла Шер таржима билан ҳам муваффақиятли шуғулланиб келади. "Шарқ юлдузи" журналининг фаол муаллифларидан бири. У Байроннинг «Дон Жуан» шеърий романини инглиз тилидан, Ҳ.Ҳайненинг «Олмония» достони ва «Қўшиқлар китоби»ни олмон тилидан, Пушкин, Некрасов, Анна Ахматова асарларини рус тилидан ўзбекчага ўгирган. Абдулла Шер 1989 йилдан буён Ўзбекистон Миллий (Тошкент Давлат) университети фалсафа факултети этика ва эстетика кафедрасида муаллимлик қилади.
Абдулла Шернинг тўпламларини ўқир экансиз шоирнинг оддий, аммо беғубор туйғулари, ёшлик орзулари самимий ифодаланганлигини, поэтик фикрлари тобора қуюқлаша бошлаганлигини, сезиш мумкин. Абдулла Шернинг ўз олдига қўйган ижодий вазифаларидан бири ҳам чуқур замонавий фикрчанлик, айни замонда замондошларга хос ҳиссий бойлик, шеъриятимизнинг анъанавий мусиқий равонлигини йўқотмаслиқдир.
Шоир ҳаётнинг рангин лаҳзаларини тийраклик билан кузатади, ўзига хос бадиий топилмалар воситасида муҳим фалсафий фикрларни ўртага қўяди. Ундаги лирик қаҳрамон гоҳ ўз дарди, ташвиши, гоҳо қувончи билан ҳам сизга яқин бўлиб қолади, сиз уни суйиб қоласиз, дардлашгингиз келади.
Абдулла Шер 2023 йил «Ўзбекистон Республикаси халқ шоири» фахрий унвони билан мукофотланган.