Муҳаммаджон Шокировни табриклаймиз!


 

     14 апрель - таниқли созанда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муҳаммаджон Шокиров таваллуд топган кун.

     Муҳаммаджон Шокиров (Муҳаммад гармон) 1949 йил 14 апрелда Ўш шаҳрида санъаткорлар оиласида дунёга келди. Ёшлигидан созандаликка ҳавас қилган Муҳаммаджонни отаси атоқли созанда Зиёмиддин ака ўғли еттинчи синфни битириши биланоқ АНДИЖОН мусиқа билим юртига ўқишга жўнатди. Муҳаммаджон билимларини ўқув юртида мустаҳкамлаш билан бир қаторда андижонлик машҳур санъаткорларнинг ҳам тажрибаларини ўрганди.
     Бир куни Андижонга ташриф буюрган СССР халқ артисти, ўзбек рақс санъатининг дунёга келиши ва оламга таралишига улкан ҳисса қўшган санъаткор, “Баҳор” халқ рақс ансамбли раҳбари Мукаррама Турғунбоева ёш Муҳаммаджоннинг куй ижро этишини кўриб, маҳлиё бўлиб қолди ва ўзи билан Тошкентга, “Баҳор” ансамблига олиб кетишини билдирди. Мукаррама опа ўзлари шахсан Муҳаммаджоннинг ота-онасидан ризолик олгач, ўзи билан олиб кетди. Муҳаммаджон ишга борганда "Баҳор" ансамблидаги санъаткорларнинг энг ёши эди. Муҳаммаджон ансамблда етук санъаткорлар Бахтиёр Алиев, Бахтиёр Йўлдошев, Раббим Ҳамдамов, Коммунар Комилов каби устозлардан санъаткорлик сирларини ўрганди. 
     "Баҳор" ансамблидаги кўп йиллик фаолияти давомида дунёнинг 50дан ортиқ мамлакатида гастролларда бўлди. Бастакор сифатида Хайрулла Лутфуллаев, Аҳмаджон Шукуров каби эл ардоғидаги санъаткорларга қўшиқлар ёзиб берди. 
     Ундан ташқари ЎЗТВ да яратилган кўплаб телеспекталларга куйлар ёзди. “Телеминиатюралар театри” кўрсатувининг бошланишига ёзган куйи ҳозиргача ижро этилмоқда. Ўтган асрнинг 80-йилларида деярли унутилиб кетган “Дилхирож" куйини баян ва электрли мусиқа асбоблари учун қайта ишлаб, томошабинларга тақдим этгач, Муҳаммад гармоннинг шуҳрати янада ошди. Ўша йиллари бир қанча ҳазил ва халқ қўшиқларини ижро этиб, ўзбек мухлисларнинг севимли ижрочисига ҳам айлана олди. Ўша йиллар Муҳаммаджон аканинг хизматлари юксак баҳоланиб, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвонига сазовор бўлдилар. Ҳозирги кунда Муҳаммаджон акани мумтоз қўшиқ ва куй санъати билимдони, сўз устаси ва яхши устоз сифатида танишади. Ҳозирги кунгача соғлом турмуш тарзи омилларидан бўлмиш бадан тарбияни ва санъатни ўзларининг энг яқин ҳамроҳлари деб биладилар. Бир қизи, икки набираси бор. М. Шокиров Жалолиддин Румий ҳарзатларининг мухлислари.
     Мен Муҳаммаджон акани "Баҳор" ансамблининг Япония гастролидан сўнг телевидениедаги чиқишидан илк марта таниганман. Муҳаммаджон ака Шокиров самолёт то Токиога етиб боргунча пассажир япон аёлидан японча қўшиқни қандай ўрганганини айтиб берганди. У бу қўшиқ билан японларнинг олқишига сазовор бўлганини сўзлаб берган. Бу устоз санъаткорнинг ўз ишига масъулият билан ёндашиши, ёш санъаткорларга ибратлидир.
     Бундан ташқари М. Шокиров ўша даврдаги кўплаб мусиқий кўрсатувларда халқ қўшиқларини ижро этиб иштирок этган.

 

Шуҳратбек Само