“Баҳор” юртга қайтди яна...”


   "Мукаррама опа бизнинг тўйга чиқишимизни қатъий тақиқлаган. Ҳозир эса раққосалар тўйга бормаса санъаткор ҳисобланмас экан. Тўғри, моддий етишмовчилик инсонни йўлдан адаштириши мумкин. Лекин маънавий имммунитети кучли инсон ҳаёт синовларини енгишга ўзида куч топа олади. Енгил-елпи йўллардан хазар қилади. Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтай, “Баҳор” ансамбли қизларини пул қизиқтирмас эди. Биз ансамблдан ўзгача руҳий қувват олганимиз учун, опанинг бир оғиз эътирофи, табассуми учун тинимсиз ишлардик..."
   Ўзбекистон халқ артисти Маъмура Эргашева билан бўлган суҳбатимиз сизни ҳам бепарво қолдирмайди, деган умиддаман.

   Мамлакатни дунёга танитишда спорт ва санъатнинг роли катта. Бир пайтлар ўзбек санъатини “Баҳор” давлат рақс ансамли жаҳонга танитган эди. Лекин ўтиш даврининг қийинчиликлари туфайли шундай машҳур жамоа йўқ бўлиб кетди. Бу нафақат рақс санъати мухлисларини, балки бутун халқимизни ўйлантираётган, ташвишга солаётган эди.
   Жорий йилнинг 4 февраль куни Президентимизнинг “Миллий рақс санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга мувофиқ, Маданият вазирлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида “Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” давлат рақс ансамбли” фаолияти ташкил этилди ва унинг асосий вазифалари белгиланди. Ўзбекистон халқ артисти Маъмура Эргашева билан афсонавий “Баҳор” ансамблининг ўтмиши, миллий рақс санъати ривожидаги муаммолар ва истиқболдаги режалар ҳақида суҳбатлашдик.
– Маъмура опа, сизнинг ҳаётингиз мазмуни, орзу-истакларингиз рўёби “Баҳор” ансамбли фаолияти билан боғлиқ. Келинг, суҳбатимизни шу даргоҳда кечган ширин хотиралардан бошласак...
– Аввало, Президентимизнинг мазкур қароридан санъатни қадрлайдиган ҳар бир инсон, рақс санъати фидойилари, мухлислари ни хурсанд қилди. Фурсатдан фойдаланиб, мамлакатимиздаги рақс санъати мутахассислари, фидойилари, мухлислари ғоят миннатдор бўлди. Биласизми, биз бу қарорни узоқ йиллардан бери ҳар куни, ҳар соатда кутгандик. Ҳеч қачон ноумид бўлмадик. Айниқса, хориж сафарларига борганимизда ўзбек миллий рақсини қадрлайдиган инсонлар, қачон “Баҳор” ансмбли қайта тикланади, дея ҳоли жонимизга қўйишмас эди.
   Тўғри таъкидладингиз, “Баҳор” ансамбли ҳамиша менинг ҳаётим мазмуни, умидим, келажагим бўлган. Ҳатто ансамбль фаолиятини тўхтатгандан сўнг ҳам ўзимни доимо унинг бағрида деб билдим. Чунки устозимиз Ўзбекистон халқ артисти Мукаррама Турғунбоева санъатга бўлган меҳрни юрак-юрагимизга жойлаган эди. Қолаверса, “Баҳор” ансамбли ҳақида гап кетганида дарҳол кўз ўнгимга Ўзбекистон халқ артисти Мукаррама Турғунбоева келади. Опа юртимиздаги энг яхши ҳофизлар, балетмейстерлар ва бастакорларни ўз атрофига жамлай олгани туфайли ансамблнинг обрўси жуда баланд эди. Шунингдек, устозимиз миллий қадрият ва анъаналаримизни ниҳоятда қадрларди. Бирон бир қўшиққа рақс саҳналаштиришдан олдин бизга ўша қўшиқ тарихи, унинг яралиши ҳақида маълумотлар топиб руҳлантирар, рақс аввало кўнгилда акс этиши керак, дея таъкидларди.
   Бир пайтлар “Ўзбекконцерт” деган ташкилот бўларди. Маъмуржон Узоқов, Исахон Оқилов, Ботир Зокировлар фаолият юритган ушбу ташкилот ижодий жамоаси билан бирга Мукаррама Турғунбоева ўзи саҳналаштирган “Пахта” ва “Пилла” рақслари билан Москвада ўтказилган 6-жаҳон фестивалида қатнашади. Ижодий жамоа бу фестивалда олтин медални қўлга киритгач, устозимизга миллий рақс ансамблини тузишни маслаҳат беришади. Шундай қилиб, 1957 йилнинг октябрь ойида Зулайҳо Раҳматуллаева, Валя Романова, Аъло Раҳимжонова, Ира Расулхўжаева, Дилбар Абдуллаева каби маҳоратли 12 нафар раққосалардан иборат ансамбль ўз фаолиятини бошлайди.
   Шунда ансамблни қандай номлаш ҳақида баҳс бошланади. Опа “Ўзбекконцерт”да ишлаётган шоир Камтар Отабоевдан ансамблга муносиб ном топиб беришини илтимос қилади. Эртаси куни у келиб, “Ансамблнинг номи “Баҳор” бўлади!” деганида ҳамма хурсанд бўлиб қарсак чалиб юборади. Шундан сўнг Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммаджон Мирзаев “Баҳор вальси”ни басталашга киришиб кетади. Бирин-кетин 15 та дастур яратилади. Ўша кундан буён ансамбль қаерга сафарга борса, ҳамиша дастур аввалида “Баҳор” вальси, охирида эса “Пахта” рақси ижро этилган.
   1960 йили “Баҳор” ансамбли давлат рақс ансамблига айлантирилди, 1967 йилда ансамбль Ёшлар мукофотига, орадан бир йил ўтиб эса Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ансамбль унвонига эга бўлди. Бу ютуқларнинг барчаси устозимизнинг санъатга бўлган фидойилиги, миллий ўзлигимизни тиклаш учун олиб борган тинимсиз ижодий изланишлари туфайли қўлга киритилди.
   Ансамбль Ливия, Марокаш, Жазоир, Тунис, Ҳиндистон, Сингапур, Малайзия, Покистон, Афғонистон, Жанубий Корея, Япония каби мамлакатларда гастролда бўлган. У турли халқаро фестиваллар иштирокчиси ва совриндорига айланди.
– Мукаррама Турғунбоева ижросидаги миллий рақсларимизни томоша қилганимизда у яратган миллий образлардаги жозиба кўнглимизга ўзгача завқ бағишлайди. Бугунги раққосаларимиз ижросида ўша жозиба кўзга ташланмай қўйди...
– Қарорда халқимиз, хусусан, ёш авлодни миллий рақс санъати ҳақидаги назарий ва амалий билимлар билан кенг таништириш орқали уларнинг қалби ва онгида миллий ўзликни англаш, аждодлар меросига ҳурмат туйғусини, юксак бадиий-эстетик дид ва тафаккурни камол топтириш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган. Бу мени жуда қувонтирди. Устозимиз, оёғингиз ердан узилмасин, камтар ва меҳнаткаш бўлинглар, дерди. Айниқса, иболи, андишали қизларни ниҳоятда қадрларди. Ҳозирги ёшлар бизга қараб туриб айнан ўша ҳаракатларимизни қайтариши мумкин, лекин унинг кўнглида ўзи бажараётган ишга муҳаббат бўлмаса, мақомни, мумтоз қўшиқларимизни ҳис қилмаса, ҳеч қачон ўзбек халқига муносиб раққоса бўлолмайди. Ички дунёси бой инсоннинг ҳаракатлари ҳам ўзгача бўлади.
   Мукаррама опа бизнинг тўйга чиқишимизни қатъий тақиқлаган. Ҳозир эса раққосалар тўйга бормаса санъаткор ҳисобланмас экан. Тўғри, моддий етишмовчилик инсонни йўлдан адаштириши мумкин. Лекин маънавий имммунитети кучли инсон ҳаёт синовларини енгишга ўзида куч топа олади. Енгил-елпи йўллардан хазар қилади. Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтай, “Баҳор” ансамбли қизларини пул қизиқтирмас эди. Биз ансамблдан ўзгача руҳий қувват олганимиз учун, опанинг бир оғиз эътирофи, табассуми учун тинимсиз ишлардик.
– Эшитишимизга қараганда, “Баҳор” ансамблининг бисотини ҳалигача асраб келаётган экансиз...
– Тўғри, 2002 йилда бизни “Баҳор” концерт залидан чиқариб юборишди. Мен ансамблнинг барча аксессуарларини битта қолдирмай олиб чиқиб кетганман. Айниқса, опанинг “Муножот” рақси учун тайёрлаган либослари мен учун жуда қадрли. Энди бу рақсни сен ижро этасан, либосларимни ҳам сенга бераман, деганларида қувонганимдан йиғлаб юборганман. “Муножот" рақсини мен 6 ой давомида ўрганганман. Ҳозирги кунда 1-2 кунда тайёрланиб, саҳнага қўйилаётган рақсларни кўрсам, ўша пайтлардаги машаққатларимизда гап кўп эканлигини англайман.
– Янги “Баҳор” ансамблига муносиб раққосалар борми?
– Раққоса Рушана Султонова билан доира рақсини саҳналаштирганмиз. Унинг қалбидаги санъатга, мумтоз адабиётимизга бўлган кучли муҳаббатини жуда қадрлайман. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулнора Низомованинг рақсларини ҳам мароқ билан томоша қиламан.
Ёш раққоса Ирода Исмоилова билан “Товус” рақсини саҳналаштирганимизда ундаги изланувчанлик ва миллий оҳангларимизга бўлган ошуфталикни кўриб ҳайратланганман. Бу қиз бадиий китобларни кўп ўқийди, мумтоз қўшиқларимизни тинглашни яхши кўради. Шунинг учун унинг руҳиятидаги ёруғлик нафис ҳаракатларида акс этади.
   Истеъдодли раққосалар Малика ва Муҳаббат Қурбоноваларни Мукаррама Турғунбоева номидаги кўрик-танловга тайёргарлик жараёнида таниган эдим. Уларнинг иккиси бир рубобнинг икки торига ўхшайди. Бири биридан тиришқоқ ва билимдон қизлар. Куни кеча шогирдларим билан Президентимиз қарорига кўра амалга оширилаётган ишлар ҳақида суҳбатлашдик. Миллий санъатимиз ривожига катта эътибор қаратилаётган айни дамларда ҳар биримиз ўз таклифларимиз, меҳнатимиз ва янги лойиҳаларимиз билан иштирок этишимиз зарур. Зеро, устозларимиз қолдирган бебаҳо меросни келажак авлодга етказишимиз биз учун ҳам қарзу ҳам фарздир.

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди.
2020 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот