ЧЕТ ЭЛЛИКЛАРНИ ҲАЙРАТГА СОЛГАН РАҚҚОСАЛАР!


РУШАНА СУЛТОНОВА БИЛАН  СУҲБАТ

 

   Рақс – бу ўзига хос олам. У туйғулар, ҳаяжонлар, қувончу изтироблар олами! 

   Орамизда шундай санъаткорлар борки, саҳнада оққуш мисол парвоз қилиб, муҳаббатдан сўзлайдилар. Уларнинг нозик, нафис, баъзида жўшқин ҳаракатлари кишига олам-олам завқ бағишлайди. 

   Амин бўлганингиздай бугунги суҳбатдошимиз Ўзбекистон халқ артисти Рушана Султоновадир. 

   У ҳозирда Темирйўлчилар маданият саройи қошидаги “Санам”, “Зиё” рақс дасталарига раҳбарлик қилади ва саҳнада Шерали Жўраев, Ғуломжон Ёқубов, Озодбек Назарбеков каби таниқли хонандаларимиз қўшиқларига хиром айлайди. 

   Халқимиз унинг ижросидаги “Тановар”, “Муножот”, “Наҳори нашта”, “Учрашув”, “Шўх қиз” каби миллий ўзбек рақсларини завқ билан томоша қилишади. Шунингдек, у жаҳон халқлари рақсларини ҳам маромига етказиб ижро этган.

- Нима учун айнан рақс санъатини танлагансиз? Рақс сиз учун нимани англатади? У ҳаракатлар орқали сўзлаш, ҳис-туйғуни ифодалаш усулими? 

- Болалигимдан рақс тушишни яхши кўрардим. Мусиқа бўлса бўлди, ҳар қандай мусиқага рақс тушаверардим. Бошқа халқларнинг рақсларини, ўзимизнинг миллий рақсларни ижро этишни яхши кўрардим. Ота-онам мени қандайдир тўгаракларга ёки балет билан шуғулланишга олиб боришмаган. Улар санъатдан узоқ кишилар бўлишган. Отам Бухоро газсаноатқурилишида бошқарувчи бўлиб, онам Дипломатия институтида ишлаганлар.

   Ўзбек миллий рақслари ўзига ҳос. Унда ўзбек қиз-жувонларининг миллий қиёфасини кўрамиз. Миллатимиз аёлларига хос назокат, нафислик, ибо-ҳаё, ҳуркаклик, соддалик, дилкашлик, баъзида шаддодлик, қувноқлик – буларнинг бари рақсларимизда акс этади. Албатта, рақс бу ҳаракатларимиз тили. Айниқса ўзбек рақсларида бутун бошли воқеа, сюжетни акс эттирувчи “Тановар”, “Муножот” каби миллий рақсларимиз бор. Шу билан бирга хонандаларимиз куйлайдиган лирик қўшиқлар мазмунини, қаҳрамоннинг ички изтиробларини биз нозик, нафис, жўшқин ҳаракатлар орқали ифодалаб берамиз. Масалан, қизнинг кашта тикиши-ю, ўсма қўйишларини кўрсатувчи сюжетга бой рақсларимиз жуда кўп. Шу билан бирга шунчаки гўзалликни, назокатни ифода этувчи рақсларимиз бор. Туйғуларни нафис ва гўзал ҳаракатлар орқали кўрсатишнинг ўз сирлари бор. Рақс бу – нозик ҳаракатлар орқали инсон ички дунёсини, руҳиятини, изтироб ва қувончларини очиб беришдир.

- Сиз жуда кўп гастрол сафарларига борасиз. Чет элликлар ўзбек миллий рақсларини қандай қарши олишади?

- Чет элликлар Шарқ – назокат ва нафислик тимсолидир, дейишади. Бизга ҳам худди шундай муносабатда бўлишади. Улар учун бизнинг рақслар очилмаган қўриқ, янгилик! Улар қора қош, қора кўз, сочлари тақимини ўпган, миллий, ёрқин либослар кийган ўзбек қизларини кўрганда хайратдан лол қолишади. Гўзал чеҳрали қизларга қараб, кўзлари тўймайди. Рақсларимиз эса уларни буткул ўзига ром этади. Биз ҳамиша гастролларга борганимизда ана шундай хайратни ҳис қилганмиз. Шу билан бирга чет эллик мутахассислар бизнинг миллий рақсларимизни ўрганишга ҳаракат қилишади. Масалан, АҚШда Лора Грей, Каролина Крейгер исмли машҳур хореографлар у ерда махсус “Ўзбек рақс мактаби”ни ташкил қилишган. Америка халқи ҳам бу ерга келиб, таҳсил олишади ва миллий рақсларимизни ижро этишади. Японлар ҳам бизнинг рақсларимизни жуда яхши кўришади.

- Миллий рақслар йиллар ўтгани сайин ўзгарадими? Масалан, Мукаррама Турғунбоева даврида рақсларда нозиклик, оҳисталик кўпроқ эди. Ҳозирги рақсларда нафисликдан кўра кўпроқ тезкорликни, шиддатни ҳис қиламиз?

- Албатта, замона зайли, ҳатто миллий рақсларимизда ҳам сезилади. Ахир биз Интернет ривожланган тезкор замонда яшаяпмиз. Одамлар ўзгаряпти. Илгари телевизорларимиз бошқача эди, телефонлар бошқача эди. Энди булар ҳам ўзгарди. Албатта, буларнинг таъсири бўлади-да. Ҳамма нарса ҳаракатда, ўзгаришда!

   Илгари ўзбек қизлари жуда сипо, камсуқум, нозик бироз сиқиқ бўлишган. Уларга жуда кўп таъқиқлар қўйилган. Ўтмиш замонларда қизлар йигитлар билан эркин гаплаша олишмаган. Катта ёшли кишиларга тик қарашмаган. Рақсларда ҳам шу ибо-ҳаё, ҳуркаклик, назокат кўпроқ ифода этилган. Бугунги қизларимизда у даврга нисбатан эркинликни, анчайин жасоратни кўрамиз. Шу боис ҳаракатлар ҳам тезкор, нозиклик ўрнини шаддодлик кўпроқ эгаллаяти. Албатта, ҳамма рақс турларининг ўз ўрни бор. Аммо мумтоз санъат бу мумтоз санъат. Номига яраша у ҳамиша юксак дид ва маҳорат билан, азалий қоидаларни бузмаган ҳолда ижро қилиниши шарт. Уни биз авлодларга асл ҳолича етказиб беришимиз керак.

- Келинг шу ўринда устозларингизни ҳам бир эслайлик. Уларнинг қайси ўгитлари ёдингизда қолган?

- Биринчи устозим Уста Олим Комиловнинг қизи Халима Комилова мени Алишер Навоий номли Ўзбек Давлат Академик Катта театрига олиб келганлар. Бу ерда мен Галия Измайлова, Бернора Қориевалар билан бирга ишлаш бахтига муяссар бўлганман.

   Кейинчалик Ўзбекистон халқ артисти Вилоят Оқилова билан бирга ишладим. Бу киши менга онадай меҳрибон эдилар. Ҳамма жойга бирга борар, либосларни ҳам бирга тикар эдик. Вилоят опам билан бирга жуда кўп рақсларни саҳналаштирганмиз. Навоий театрида ўн йил ишладим, ундан кейин “Баҳор” давлат рақс дастасига ишга ўтдим. Бу ерда Маъмура Эргашева менга устозлик қилдилар. У киши даста раҳбари эдилар. Маъмура Эргашева кўп қиррали, ажойиб раққоса, ўз ишининг устаси. У кишидан жуда кўп нарсани ўргандим. Ижодини ҳам, ўзини ҳам яхши кўраман.

   Мен жуда камсуқум, камтар қиз бўлганман. Ўзимни кўрсатишни билмасдим, биров сўрамаса гапирмас, фақат меҳнатимга орқа қилардим. Шунинг учун Вилоят опа менга “Санъатда одам жасурроқ бўлиши керак, эшикдан ҳайдасалар, тешикдан кириш керак” дердилар. Ўзлари жуда серғайрат аёл эдилар.  Рақс –  у кишининг ҳаёти эди. Сўнгги йилларда оёқлари оғрийдиган бўлиб қолди. Аммо агар “эртага саҳнада рақс тушишингиз керак” десангиз, оёқ оғриғини, тиззалари оғриётганини буткул унутадилар, кўзлари чақнаб, завқ билан саҳнада рақс тушадилар. Фақат парда ортига ўтгачгина оғриётган тиззаларини эслайдилар. У киши ҳали ҳам шунақалар. Саҳнасиз яшай олмайдилар. Вилоят опани неча марта АҚШга, Исроилга ишга чақиришди. Аммо у киши рози бўлмадилар. “Ўзбекистон қадрдон уйим, санъат мен учун ҳамма нарса!” дедилар.

   Биз ҳаётда қайғуда ҳам, шодликда ҳам бирга бўлдик. Рақс шундай санъатки, у ғам билан, қайғу билан чиқишмайди. Саҳнага чиққач, раққоса ҳамма нарсани унутиши керак. Шу лаҳзада унинг учун фақат саҳна ва рақсгина мавжуд бўлади. Раққоса борлиғини санъатга бағишламаса, у рақс туша олмайди.

- Саҳнадан кетиш фожиами? Ёки рақс ижроси шогирдларда давом этадими?

- Албатта, саҳна ёшларни яхши кўради. Бу ҳақиқат. Ҳар бир санъаткорнинг ўз даври келади. Шунда у ўзидан бир из қолдира олиши керак. Бу билан у келажагини таъминлайди. Санъатга борлиғини бағишлаган одам ўзидан кўнгли тўлиб, руҳи енгил бўлиб кетади. Улар ўзлигини, ўз санъатини шогирдлари ёрдамида давом эттиришади. Шу каби мени ҳам шогирдларим бор.

   Ҳар бир устоз санъаткорнинг ўз йўналиши бўлади. Мен асосан мумтоз мактабни давом эттиришга ҳаракат қилаяпман. Шакл ўзгаргани билан моҳият ўзгармайди. Менга қандай ўргатишган бўлишса, мен ҳам шогирдларимга шуни ўргатаман. Айниқса, шогирдим Авезова Ситорада мен ўзимни кўраман. Унинг техникаси, инсон руҳиятини мен ўйлаганимдай қилиб ижро эта олиши менга ўхшайди. Унда нозиклик ҳам, эҳтирос ҳам бор. Икки жиҳат мужассам! Темирйўлчилар маданият саройи қошида “Санам” рақс дастасини ташкил қилганмиз. Ситора шу дастада фаолият юритади. У жуда яхши раққоса. Шу билан бирга “Зиё” болалар рақс дастасига раҳбарлик қилади.

   Биз бу рақс дасталари билан темир йўллари бўйлаб сафарга чиқамиз ва концертлар берамиз.

   Шу каби чет элларга борамиз. АҚШда, Хитойда, Бельгия, Франция, Голландия, шунингдек, МДҲ давлатларидан Туркманистонга бордик. Эндиликда Ўзбекистонни бутун дунё таний бошлади. Собиқ Иттифоқ пайтида биз ҳақимизда жуда кам маълумот бор эди. Ҳаммани “Руслар” дейишарди. Гастролга борганимизда бизларни кўриб, санъатимиздан баҳраманд бўлибгина Ўзбекистон ҳақида тушунчага эга бўлишарди.

  Гастрол сафарларига боришдан мақсад юртимиз санъатини намойиш қилиш! Озодликни севувчи, маданиятли, шу билан бирга ўз миллий анъаналарини сақлаб қолган халқ эканимизни намойиш қилишдир.

- Негадир сиз ҳақингизда эшитганимда “Икки дил достони” фильмини эсладим”. Рассом раққоса аёлни севиб қолади.  Аммо айнан машҳур балет раққосалари бир пайтлар “мен фақат саҳна учун яратилганман, оила мен учун эмас!” деган гапларни айтишган. Мен бунга қўшилмайман. Сиз ҳам раққосасиз, бу фикрга қандай қарайсиз?

- Мен ҳамиша меҳр-муҳаббатда яшаганман. Яқинларим санъатимни яхши кўришган ва ҳамиша ёрдам қилишган. Ҳозир ҳам шундай. Ҳаётимда ана шундай менга елкадош бўладиган, санъатни тушунадиган одам учраганидан хурсандман.

   “Баҳор” рақс дастасига ишга кирган раққоса беш йилгача турмушга чиқмаслик шартномасига имзо чекарди. Нима учун? Чунки раққосани тайёрлашга жуда катта меҳнат ва маблағ сарф қилинарди. У дастурни ўрганиши, ҳамма билан машқларга қатнаши керак эди. Унинг учун махсус либослар тикиларди. Раққоса шу дастада ҳеч бўлмаганда у беш йил ишлаб бериши керак эди. Турмушга чиққач, айримларнинг эрлари рақс тушишга рухсат бермас, фарзандлар туғилиб, машқлар зое кетарди. Шунингдек, декрет таътилидан кейин яна формага тушиш, вазнни камайтириш мушкул. Айниқса балериналар учун бу муаммо туғдиради. Мен Алишер Навоий номли опера ва балет театрида ишлаганимда ҳамма балериналаримизнинг оилалари, фарзандлари бор эди. Албатта, улар орасида ўзини фақат санъатга бағишлаган кишилар ҳам бўлган, аммо улар бармоқ билан санарли эдилар. Боя айтганимиздай, бизнинг фаолиятимиз қисқа, 20 йилгина саҳнада фаолият юритамиз, кейинчи? Оиласи бўлмаса, саҳна бўлмаса, шогирдлари ҳам бўлмаса у санъаткор нима қилади? Уйда ёлғиз ўзи ўтирадими? Аёл албатта, оилали бўлиши керак. Фарзандлар кўриши лозим. Ҳамма нарсанинг ўз вақт-соати бор! Сен борлиғингни санъатга бағишлайсан, аммо бу оилали бўлишингга, фарзандлар тарбия қилишингга ҳалақит бермайди, деб ўйлайман.

Мени учта фарзандим бор. Катта қизим Нигина ҳам оилали, унинг учта фарзанди бор. Каттаси олти яшар, Амина беш, кичик набирам Сумая икки яшар. Унинг оиласи жуда аҳил. Қизим оилали бўлгани билан бу унинг институтни қизил диплом билан тугатишига ҳалақит бергани йўқ. Иккинчи қизим Заргина ҳам турмушга чиқди. Оиласи жуда яхши. У ҳаммасига улгуряпти. Учинчи фарзандим Зулфиқор кимё-технологияси йўналиши бўйича магистратурани тугатяпти. Мен оилада бахтли аёлман.

- Фарзандлар тарбиясида қаттиққўл бўлганмисиз?

- Жуда қаттиққўл бўлганман. Санъаткор учун яқинларининг ёрдами жуда муҳим. Ёрдамчиларинг бўлмаса, ҳам оилани эплаш, ҳам санъатда фаолият юритиш жуда қийин. Чунки биз жуда кўп сафарларда бўламиз, гастролларга борамиз. Бу борада менга ота-онам катта ёрдам қилишган. Мен онамга болаларимни бемалол ишониб кетардим. Турли давлатларга гастрол сафарларига борар, репетицияларни қолдирмас эдим. Онам болаларимни боғчага, мактабга, тил ўрганиш учун репетиторларга олиб борардилар. Ҳатто онам невараларга қараш учун нафақага эрта чиққанлар. Онам хотиржам ишлашим учун шароит яратиб берганлар. Шу боис ютуқларимниг ярми, онамга тегишли, десам янглишмаган бўламан.

   Фарзандларимга катталарни ҳурмат қилишни, уларга  гап қайтармасликни ўргатганман. Албатта, уларга ўзига яраша эркинлик ҳам берганман. Чунки бола тўполон ҳам қилиши керак. Аммо бу унинг бошга чиқиб кетишини билдирмайди. Вазиятга қараб иш тутиш жоиз. Бувиси эркалатса, мен қаттиққўлллик қилганман, шундай қилиб мувозанатни ушлаб турганмиз.

- Ёшлигингизни, гўзаллигингизни қандай сақлаб қолгансиз? Гап фақат ташқи гўзалликда эмас, ички руҳият муҳим? 

- Балки ёшлар билан бирга ишлаганим учун шундайдир...Уларни кўриб ёшараман, улардан қувват оламан. Улардаги ғайрат менга ўтади. Ҳозир биринчидан ҳаёт бошқача. Ҳозир кўпчилик, ҳатто катта ёшли эркаклар ҳам, аёллар ҳам ёш кўринишади, ўзларини қўйиб юборишмаган.

   Ёш кўриниш учун қандайдир косметик муолажалар ўтказмайман, бунга вақт ҳам йўқ. Парҳез қилиб, ўзимни сиқмайман. Фақат меъёрга риоя қиламан. Масалан, кабобни, сомсани яхши кўраман. Аммо бу ҳар куни бошимни буркаб сомса ёки кабоб ейман дегани эмас. Қизим жуда ажойиб, хамирини юпқа қилиб қуймоқ пиширади. Баъзан творог ёки қийма ўраб, қуймоқ ейишни ёқтираман. Аммо уни ҳам ҳар куни емайман.

   Менимча, ҳамма нарсада меъёр бўлса, одам вақтида дам олиб, етарлича ҳаракатда бўлса, йиллар уни енга олмайди.

- “Бекажон” мухлисларига тилакларингиз?

- Шунчаки ҳаётдан завқ олиб яшаш керак. Яхшими-ёмонми, қийинми-осонми, тушкунликка тушмаслик, борига шукр қилиб яшаш керак. Балки бу кеча кимдир кўз юмгану уйқудан уйғонмагандир?! Шунинг учун ҳаётнинг қадрига етиш керак. Кўзинг ёруғ дунёни кўраётгани, оёқ-қўлинг бутун бўлгани, нафас олаётганинг учун шукр қилиб, ҳаётдан баҳра олиб яшаш керак. Қўлингда юз сўм пулинг бўладими, миллионми, хурсанд бўлиб яшаш керак. Ногиронларни қаранг! Тушкунликка тушишмайди, ҳаётга интилиб яшайдилар. Улар катта спорт билан шуғулланишяпти, жаҳон мусобақаларида совринли ўринларни эгаллашяпти, улар орасидан Олимпия чемпионлари чиқяпти!

   Агар сенинг оёқ-қўлинг бут бўлса, сен эса норози бўлаверсанг, ҳасад қилсанг, асабийлашсанг, бундай одам ўз-ўзини ейди, шундан у кексаяди, касалликка чалинади, ўзини ёмон ҳис қилади. Шукр қилганларга худойим яна барака беради. Шунда ёшариб, яшнаб юради, киши. Шу билан бирга ҳаракат қилиш керак. Ҳаракат бу ҳаёт демакдир. Одамлар хоҳ спорт билан, сузиш, фитнес билан, рақс билан шуғулланишсин. Бизда масалан, катталар учун ҳам рақс тўгараклари бор. Фарзандларини рақсга олиб келган онлар ўзлари ҳам рақс билан шуғулланишлари мумкин. Бизда ўзбек миллий рақслари, арабча ҳамда замонавий рақслар ўргатилади. Севги ёш танламайди, деганларидай, рақс билан ҳам истаган ёшда шуғулланиш мумкин. Шунда аёлларимизнинг жисмлари ҳам, ўзлари ҳам кўркам бўлади!

 

Мавлуда Иброҳимова суҳбатлашди.

Манба: "Бекажон" газетаси.

2018 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот