Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, таниқли созанда, бастакор ва ҳажвий қўшиқлар устаси – Муҳаммаджон Шокировни таваллуд топган куни муносабати билан муборакбод этамиз.
Муҳаммаджон Шокиров (Муҳаммад гармон) 1949 йил 14-апрелда Ўш шаҳрида санъаткорлар оиласида дунёга келган.
Ёшлигидан созандаликка ҳавас қилган Муҳаммаджонни отаси атоқли созанда Зиёмиддин ака ўғли еттинчи синфни битириши биланоқ Андижон мусиқа билим юртига ўқишга жўнатган. Муҳаммаджон билимларини ўқув юртида мустаҳкамлаш билан бир қаторда андижонлик машҳур санъаткорларнинг ҳам тажрибаларини ўрганган.
Андижонга борган собиқ иттифоқ халқ артисти, ўзбек рақс санъатининг дунёга келиши ва оламга таралишига улкан ҳисса қўшган санъаткор, “Баҳор” халқ рақс ансамбли раҳбари – Мукаррама Турғунбоева ёш Муҳаммаджоннинг куй ижро этишини кўриб, маҳлиё бўлиб қолган ва ўзи билан Тошкентга, “Баҳор” ансамблига олиб кетишини билдирган. Мукаррама опанинг шахсан ўзи Муҳаммаджоннинг ота-онасидан ризолик олгач, ўзи билан бирга олиб кетган. Муҳаммаджон ўшанда "Баҳор" ансамблидаги санъаткорларнинг ичида ёши энг кичиги эди. Муҳаммаджон ансамблда етук санъаткорлар Бахтиёр Алиев, Бахтиёр Йўлдошев, Раббим Ҳамдамов, Коммунар Комилов каби устозлардан санъаткорлик сирларини ўрганган.
"Баҳор" ансамблидаги кўп йиллик фаолияти давомида дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатида гастролларда бўлган. Бастакор сифатида Хайрулла Лутфуллаев, Аҳмаджон Шукуров каби эл ардоғидаги санъаткорларга қўшиқлар ёзиб берган.
Бундан ташқари ЎЗТВ да яратилган кўплаб телеспекталларга куйлар ёзган. “Телеминиатюралар театри” кўрсатувининг бошланишига ёзган куйи ҳозиргача ижро этилмоқда.
Ўтган асрнинг 80-йилларида деярли унутилиб кетган “Дилхирож" куйини баян ва электрли мусиқа асбоблари учун қайта ишлаб, томошабинларга тақдим этгач, Муҳаммад гармоннинг шуҳрати янада ошди. Ўша йиллари бир қанча ҳазил ва халқ қўшиқларини ижро этиб, ўзбек мухлисларнинг севимли ижрочисига ҳам айлана олди. Ўша йилларда Муҳаммаджон Шокировнинг хизматлари юксак баҳоланиб, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвонига сазовор бўлди.
Ҳозирги кунда Муҳаммаджон Шокировни мумтоз қўшиқ ва куй санъати билимдони, сўз устаси ва яхши устоз сифатида танишади.