Коммуна (Уллибиби) Исмоилова - (1927 - 2013)


   Ўзбекистон халқ артисти - Коммуна (Уллибиби) Исмоилова Хоразм вилоятининг кўҳна ва навқирон Хива шаҳрида 1927 йил 15 декабрда хизматчи оиласида дунёга келган. Коммуна жуда ёшлигидан санъатга қизиққан. 1934-1935 йилларда ўз замонасининг таниқли санъаткорлари - Тамарахоним, Охунжон қизиқ, Пўлатжон Раҳимовлар Хоразм вилоятида Огаҳий номидаги мусиқали драма театрида фаолият кўрсатишарди. Ёш Коммуна тез – тез ушбу театрга борар ва санъаткорларга қўшилиб оммавий саҳналарда чиқар эди. Коммунанинг овози табиатан ёқимли эди. Шу боис у ёшлигидан жуда чиройли куйлар эди. Кунларнинг бирида устозлар Коммунанинг овозига беихтиёр эътибор бериб қизнинг чинакам санъаткор бўлиб етишишига кўзи етди ва бу йўлда ўзининг беминнат ёрдамларини аямадилар. 1943 йилда Гавҳархоним Раҳимова ҳамда Фахриддин Содиқов фронт жангчиларига хизмат қилиш учун ҳарбий ансамбль тузиб, Хоразмга гастрольга борганда  Коммунанинг овозини эшитиб қолиб. отасининг рухсати билан жамоага қўшиб олиб,  бир неча маротаба фронтдаги аскарлар учун концертларда иштирок этиб қайтади. У тезда бастакорлар  эътиборига тушди ва унинг учун қўшиқлар яратишган… 
   Бу қўшиқлар Коммуна Исмоиловани Ўзбекистонга хуш овозли хонанда сифатида танитди. 1957- йил уни ўзбек радиосига яккахон хонанда сифатида ишга олишди. У 1959 йилдан Ўзбекистон Телерадиосидаги Мақомчилар ансамблига ишга ўтди. Ю.Ражабий, Ф.Содиқов, О.Имомхўжаев, Б.Давидова, М.Дадабоева, К.Мўминов, У.Отаев, И.Тўраев, О.Алимахсумов, С.Аминов, О.Отахонов, Ш.Эргашевлар билан кўп йиллар бирга ишлади. Шу йиллар мобайнида Коммуна Исмоилова жуда кўплаб мақомлар, халқ бастакорлари яратган қўшиқларни магнит тасмасига ёзишга муваффақ бўлди. 
   1964 йилда "Ўзбекистон халқ артисти" унвони билан тақдирланган. Кейинчалик "Меҳнат шуҳрати" ордени билан мукофотланган.
   Ўзбек халқ ижрочилигида ўзига хос ижро услубига эга бўлган, Ўзбекистон халқ артисти, бетакрор хонанда, ажойиб устоз Коммуна Исмоилова замонамизнинг атоқли ва ҳурматли санъаткорларидан бири бўлиб халқимиз юрагида абадий қолди.
   Коммуна Исмоилова 2013 йилнинг 2 Ноябрь куни Тошкентда 86 ёшида вафот этган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот