Вилоят Оқилова (1937 - 2022)


    Ўзбекистон халқ артисти, раққоса, балетмейстр – Вилоят (Виктория) Исахаровна Оқилова 1937 йилнинг 12 Октябрь куни Самарқанд вилоятида машҳур санъаткор, рақс санъати дарғаси, Ўзбекистон халқ артисти Исахор Оқилов оиласида дунёга келган.
      У болалигидан-оқ ота-онасидан ўрнак олиб, ўзбек миллий рақсларга қизиқа бошлади.
     Дастлаб Тошкент хореография билим юртини тамомлаган.
    1958 йилдан Ўзбекистон ССР Давлат филармонияси “Катта ашула ва рақс” ансамблида (1969 йилдан “Шодлик” ансамбли)да яккахон балетчи сифатида фаолият олиб борган.
    Тошкент Педагогика институтининг рус тили ва адабиёти факультетини (бошқа маълумотларга кўра, Тошкент давлат университетининг филология факультети)ни сиртдан тамомлаган. 
    1977 йилда Вилоят Оқилова Москвадаги И. Моисеев номидаги Давлат академияси Халқ рақси ансамбли негизида олий балетмейстер курсларида таҳсил олган. Мазкур ансамбль ёрдамида “Беш қарсак” рақсини ижро этган.
    1987 – 1988-йилларда Афғонистонга ижодий хизмат сафари уюштириб, Қобул театрида “Наргис” ва “Шукуфа” ансамблини ташкил этган.
    1989 йили Ўзбекистон ССР Давлат филармонияси қошида “Зарафшон” Бухоро рақс ансамблига асос солган. Ушбу ансамблни у 1994 йилгача бошқарган. Раққоса кетгач, ансамбль ҳам тарқатиб юборилган.
     Ўзбекистон мустақилликка эришгач, АҚШда Вилоят Оқиловага раққосалик бўйича сабоқ бериш таклифи тушган. 2004 йил Лос-Анжелесда раққоса ўзининг шогирдлари билан ҳамкорликда “Буюк ипак йўли” концерт дастурини тақдим этган ва ўзи ҳам саҳнада рақсга тушган.
     2002 йили “Шалом Тошкент” ансамблини тузиб, 2021 йилгача мазкур ансамблни бошқарган.
    Халқаро марказга асос солгандан кейин, у бош балетмейстер сифатида фаолият юрита бошлаган.
    2014 йилдан бошлаб у Республика миллий яҳудий маданият маркази бошқаруви аъзоси бўлган.
   Раққоса сифатидаги фаолияти давомида “Занг”, “Ларзон”, “Шодлик”, “Хоразм лазгиси”, “Помир рақси”, “Афғонча”, “Дилрабо”, “Шодиёна”,  “Тожик гўзали” каби кўплаб рақсларни маҳорат билан ижро этиб, мутахассислар ва халқимиз эътирофига сазовор бўлган.
    Вилоят Оқилова балетмейстер сифатида “Чорзарб”, “Самарқандий”, “Бухоро тўлқини”, “Тановор 2”, “Сурнай лазгиси”, “Мавриги” каби қатор рақсларни саҳналаштириб, ўзига хос мактаб ярата олган санъат дарғаларидан бири эди. 
    Ўзбекистон xалқ артисти (1989) Вилоят Оқилова 1958-94 йиллар филармонияда раққоса, балетмейстер, 1996 йиллар “Туркистон” саройида, 1996 йилдан Ўзбекистон xорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқалар жамиятида балетмейстер.   
    Оқиловлар сулоласи – XX асрда Ўзбекистон рақс санъатига улкан ҳисса қўшган санъаткорлардан саналади.
    Отаси (1914 – 1988) – Исоҳор Оқилов – таниқли балетмейстер, Бухоро-Яҳудий мусиқали драма театри асосчиларидан бири, рақс санъати устаси, Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган артист (1959), Ўзбекистон ССР халқ артисти (1970). У мумтоз ўзбек рақсининг замонавий хореографиясини ташкил этган. Асли келиб чиқиши самарқандлик Бухоро яҳудийларидан бўлган.
    Бувиси – Даворахоним – Бухоро амири саройида раққоса бўлган.
   Онаси – Маргарита Оқилова (1919 – 2015) – раққоса, Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган артист (1959), Ўзбекистон ССР халқ артисти (1970), самарқандлик Бухоро-яҳудийлардан эди. У Исоҳорга турмушга чиқиб, 1935 йили Тошкентга келган.
    Опаси – Зулайҳо – балетмейстер, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Москонцерт яккахони, Исроилда 1998 йил вафот этган.
   Опаси – Гавҳар (Галя) – хор дирижёрлиги бўйича мутахассис, Исоҳор Оқилов номидаги “Ака-ука Оқиловлар”ансамбли иштирокчиси.
   Опаси – Лола – раққоса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Исоҳор Оқилов номидаги “Ака-ука Оқиловлар” рақс ансамбли асосчиси ва иштирокчиси (ансамбль – “Олтин кубок” совриндори – Сицилиядаги халқаро фольклор фестивалининг олий мукофотини қўлга киритган). Лоланинг турмуш ўртоғи – Малкиел Оқилов (уйлангунча — Алишаев) – Ўзбекистон ва Исроилда машҳур доирачи, Исоҳор Оқилов номидаги “Ака-ука Оқиловлар” рақс ансамбли иштирокчиси.
    Укаси – Артур – бастакор, айни кунда Москвада яшайди. 
    Невараси – Лена – раққоса, “Шалом, Тошкент” ансамблини етакчи яккахони, “Ўзбекистон — умумий уйимиз” маданият маркази фестивали ғолиби, “Исроилдаги мусиқа ва рақс” танлови лауреати.
    Раққоса ижоди лирик жўшқинлиги, нафис, равон ижроси, оёқ, қўл, бош ва тана ҳаракатларининг умумий оҳангга бўйсуниши, шўхчанлиги, пластик ифодавийликнинг кучлилиги билан ажралиб турган.
   Балетмейстер сифатида “Чорзарб”, “Самандарий”, “Бухоро тўлқини”, “Тановар 2”, “Афғонча”, “Тожикча”, “Сурнай лазгиси” каби рақсларни саҳналаштирган.
    Ўзбекистон халқ артистлари Рушана Султонова, Саида Мансурхўжаева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Ҳумора Ихтиёрова, Наргиза Алимова, Роза Абдулхайирова, Феруза Солиҳова, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Элмира Набаева ва бошқа раққосаларга устозлик қилган.
    1998 йил Март ойи бошида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Энг намунали келин” вилоят кўрик-танлови финалида ҳакамлар ҳайъати аъзоси бўлган.
   2016 йил 15 – 17 Июль кунлари Хива шаҳрида бўлиб ўтган “Рақс сеҳри” халқаро рақс фестивалида иштирок этган.
    2019 йил 27 Сентябрь Тошкентда бўлиб ўтган Мукаррам Турғунбоева номидаги Республика миллий рақс танловининг саралаш босқичида ҳакамлар ҳайъати аъзоси бўлган.
    1959 йил Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган артист;
    1989 йил – Ўзбекистон ССР халқ артисти;
    1998 йил – “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.
    Вилоят Оқилова 2022 йил вафот этган.
     Суратда: Ўзбекистон халқ артистлари ва рақс санъатимиз намояндалари - Вилоят Оқилова шогирдлари Рушана Султонова ва Феруза Солиҳова қуршовида.
© Музаффар Муҳаммадназар фотоси. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот