Муножот Йўлчиевага табрик!


  Ўзбекистон халқ артисти, Тожикистон халқ ҳофизи, Ўзбекистон қаҳрамони, "Эл-юрт ҳурмати", "Фидокорона хизматлари учун", "Буюк хизматлари учун", "Меҳнат шуҳрати" орденлари соҳибаси – Муножотхон Йўлчиевани таваллуд топган айёми билан табриклаймиз! Муножотхон Йўлчиевага соғлик, узоқ умр ва бахт-саодат тилаймиз. Шашмақом йўналишидаги ва бошқа миллий қўшиқларимиз билан Ўзбекистон санъатини дунёга танитаверсин!

Камоли эҳтиром ила - Muzaffar.uz сайтининг ижодий жамоаси.

  Маълумот: Муножот Абдувалиевна Йўлчиева 1960 йилнинг 26 Ноябрь куни Андижон вилоятидаги Булоқбоши туманининг Ширмонбулоқ қишлоғида туғилган. 
   Ўзбек мумтоз мусиқа санъати ривожига ҳамда унинг дунё бўйлаб таралишига беқиёс ҳисса қўшиб келаётган бетакрор овоз соҳибасидир. 
   Оиласидаги ижодий муҳит болалигиданоқ унинг қўшиқ куйлашга бўлган қизиқишини орттирди. Аввалига опера хонандалиги йўналишида  таълим ола бошлаган Муножот кейинчалик,  она тупроғимиз муҳитида қадимдан илдиз отган ўзбек миллий, мумтоз қўшиқчилигига ўзгача меҳр қўйди.
   1978 йилда ўрта мактабни битиргач, ўша йили Тошкент Давлат Консерваторияси Анъанавий мақом ижрочилиги бўлимининг тайёрлов курсига ўқишга қабул қилинди. У ерда устоз созанда ва бастакор Шавкат Мирзаев раҳбарлиги остида таълим ола бошлади. Устоз Шавкат Мирзаев Муножат ўқишга кирган дастлабки  2 йил мобайнида жуда кўп ноёб дурдона асарларни унга куйлаш сирларини ўргатди ҳамда буларнинг аксарияти Ўзтелерадио олтин фондига ёзиб олинди.
   Муножот Йўлчиева 1980 йил, 9 Февраль куни Давлат телевидениедаси томонидан, Алишер Навоийнинг таваллуд айёмига бағишлаб тайёрланган “Назм ва наво” кўрсатувида илк бора чиқиб,  А. Навоийнинг “Ушшоқ”, “Муножот” ашулаларини ижро қилган заҳоти бутун Ўзбекистонда танилди. Шу йилнинг Апрель ойида Ўзбекистон Телерадиокомпанияси қошидаги “Мақом” ансамблига яккахон хонанда сифатида иш фаолиятини бошлади.
  Хонанда ўша йилги кириш имтиҳонларини мувафаққиятли топшириб Ўзбекистон Давлат Консерваториясининг 1-босқичига қабул қилинган. 1980 йилдан таълим олиш билан биргаликда Муножот Йўлчиеванинг ўз профессионал ижодий концерт фаолияти ҳам бошланди. Хонанда 1985 йилда Консерваторияни имтиёзли тамомлаган.
   Хонанда ўзининг ижодий фаолияти ва ўзбек мумтоз мусиқасига қўшган ҳиссаси учун 1991 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, 1994 йилда “Ўзбекистон халқ артисти” унвонига, 1998 йилда эса “Эл юрт ҳурмати” орденига сазовор бўлди.
   Хонанда 1995, 1997, 1999 йилларда бир қанча Халқаро танловларда мувафаққиятли иштирок этди. Шунингдек, 1997 йилда Самарқандда бўлиб ўтган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида биринчи совринли ўрин соҳибасига айланди.
  2000–2004 йилларда ЮНЕСКОнинг “Инсониятнинг моддий ва номоддий меросини сақлаш ва эълон қилиш” ҳайъати аъзоси сифатида фаолият юритди.
  2000 йилларда эса хонанда ўз хизматлари учун “Офарин” мукофоти (2001), “Фидокорона хизматлари учун” ордени (2004), “ВВС Word Music Awards” мукофотининг Осиё минтақаси номзоди (2004), 2006 йилда Ўзбекистон Давлат Консерваторияси фахрий профессори унвонларига сазовор бўлди.
   Муножот Йўлчиева ижросидаги ашулалар 1981 йилда Тошкент граммпластинкасида тасмага туширилган. Шунингдек, 1995 йил Франция, 1997 йил Германияда хонанданинг аудио альбомлари чиқарилган.
   Хонанда ўз ижодий фаолияти давомида ғарб ва шарқнинг - Германия, Австрия, Франция, Бельгия, Голландия, Италия, Испания, Швецария, Норвегия, Швеция, Финландия, Англия, АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Бразилия, Марокаш, Украина, Россия, Иордания, Тунис каби бир қанча давлатларда ўзбек халқининг миллий мероси бўлган Шашмақом ва халқ йўлидаги ашулалари билан яккахон концерт дастурларида ва нуфузли фестивалларда чиқишлар қилиб келмоқда.
   Муножот Йўлчиева 1982 йилдан то шу кунга қадар Муҳиддин Қори-Ёқубов номидаги Академик ва халқ бадиий жамоалар дирекциясида яккахон хонанда сифатида фаолият юритиб келмоқда. Муножот Йўлчиева кўп йиллардан бери маҳоратли созанда, бастакор Шавкат Мирзаев раҳбарлигидаги созандалар ансамбли билан ҳамкорликда ижодий фаолият олиб бормоқда.
     2024 йил Муножотхон Йўлчиевани Тожикистон ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида маданият соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси учун, Тожикистон Республикаси Президентининг Эмомали Раҳмоннинг Фармонига кўра  "Тожикистон халқ ҳофизи" унвони билан тақдирланган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот