МАЛЪУН МАҲЛУҚ
Мистик ҳикоя
Ўз хаёлларим ила паришон турган пайтимда, кимдир ортимдан қичқирди:
− Ёрдам беринг! – деди биров. Афтидан аёл кишининг овози эди. Ортимга ўгирилиб қарадим.
− Ўтинаман мени қутқаринг жаноб, у ҳозир мени ўлдиради! – нотаниш қиз югуриб келиб бўйнимга осилди. – Юринг, бирон кимга хабар қилайлик!
− Шошманг, − дедим қўлларини силтаб, − сиз ўзи кимсиз? Қучоқлашишга бошқа баҳона топилмадими, хоним?
Қизнинг кўзлари баттар катталашиб, ранги докадек оқариб кетди.
− Нима?! Бу нима деганингиз, жаноб?! Мен қай аҳволдаман-у, сиз бўлса...
Шу пайт қизнинг юзига яхшироқ назар ташладим. Қоп-қора сочлари тўзғиб кетган, ранги сўлғин, лабида эса қон йўқ. Кўз қорачиқлари катталашган, юраги дукиллаб урар, катак кўйлагини туртиб чиққан сийналари эса оҳиста ҳаракатланарди.
− Ўзингизни босинг, қани мен билан юрингчи – шундай дея уни қишлоқдаги ягона қаҳвахонага бошладим.
Биз бўш турган икки кишилик столга ўтирдик. Официант йигитга ишора қилиб, иккита аччиқ қаҳва буюртма бердим.
Бироз ўтиб қаҳвалар келди. Қиз миннатдорчилик билдириб, финжонни қўлига олди ва анча ўзини босиб олиб, секин гап бошлади.
− Бояги қилиғим учун сиздан узр сўрайман, − деди у тикилиб. – Очиғи, жуда қўрқиб кетгандим− овози титраб чиқди унинг.
− Бирон жиддий муаммо борга ўхшайди, тинчликми ўзи?
− Мен... – тутилиб қолди у. – Буни айтишга тилим бормайди, агар оғзи бўшлик қилмасангиз...
− Мен сизга ваъда бераман, бу ҳақда бировга чурқ этган номард! Қани, бир бошидан ҳаммасини айтиб берингчи.
Қиз ён атрофига бир қараб чиқди ва аста гап бошлади:
− Иш юзасидан ҳокимият биносига боргандим. Касбим шуни тақозо этарди. Хуллас, туман ҳокими иш жойида йўқ экан. Унинг ўринбосари бошқа кун келишим лозимлигини айтди ва мен иккинчи бора ҳоким билан кўришолмай бинодан хомуш бир аҳволда чиқдим. Кейин марказдан узоқлашиб, қишлоқ таҳририят биноси томон юра бошладим. Биласиз, таҳририят чекка бир ерда жойлашган. Теракзор ёнидан бир ўзим кетиб борар эканман, ногоҳ бировнинг иҳрагани қулоғимга чалинди. Сездим, овоз теракзор ичидан келарди. Тўхтаб қолдим. Шу пайт ер ларзага келиб, оғир қадам товушларини эшитдим. Ортимга қарадим. Қарадим-у, қўрқувдан юрагим ёрилди. Шундоққина қаршимда бўйи нақ икки ярим метр келадиган, каттакон қорни туртиб чиққан, калласи баҳайбат бир маҳлуқ менга тикилганича хириллаб турарди. Бўйни семиз, чандир юзлари эса гўштдор. У семизлигидан қийналиб, зўрға нафас оларди. Қалтирай бошладим. Тезда ортимга ўгирилиб, қочмоқчи бўлдим. Маҳлуқ ҳам анойи эмас экан, ерни гурсиллатганича мени қува бошлади. Мен бор кучим билан катта кўчага қараб югурдим. У ҳам қувишдан тўхтамади. Ҳар сафар қадам босганида ер силкиниб кетгандек бўлар, агар ўша девнинг қўлига тушсам, тамом бўлишим аниқ эди. Мен тўхтамадим. Югуравердим. Кейин эса йўлда ёлғиз сизни кўриб қолдим ва олдингизга ошиқдим. Шукрки, у қайтиб кетди. Акс ҳолда, икковимизни ҳам ямламай ютиши тайин эди...
Қиз жимиб қолди. Мен эса ҳозиргина эшитган воқеамга ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билолмай қолдим. Балки, бу қиз руҳан соғлом эмасдир?! Балки, мен билан танишмоқ учун, атай шу ҳийлани ўйлаб топгандир?! Йўқ, ўзини тутиши, гап-сўзларидан бунга ўхшамасди. Бу ерда бир гап бор. Қизнинг кўзларида қўрқув аломатлари зоҳир эди.
− Қизиқ, − дедим ҳайратланиб, − қишлоқда шунақанги полвон чиққанини билмай юрган эканман. Бизнинг қишлоқ – полвонлар, баҳодирлар қишлоғи!
− Эҳтимол, аммо мен кўрган девсифат маҳлуқни одам деб аташга ҳам тил бормайди. Мен умримда бунақанги семиз жонзотни сира ҳам учратмагандим. Шу пайтгача бундай нарсаларга ишонмасдим ҳам.
− Менга қаранг, − дедим бироз жиддийлашиб, − Шомдан кейин инсоннинг кўзига ҳар бало кўриниши мумкин. Бу каби ҳолатлар қишлоғимизда бўлиб туради. Кимнидир жин қувлайди, яна биров эса далада арвоҳни кўрганини оммага ошкор қилиб, ваҳима уйғотмоқчи бўлади.
− Демак, кўзингизга кўринган демоқчимисиз? – жимиб қолди қиз.
− Бўлиши мумкин, чунки сиз айтаётган маҳлуқлар фақат эртакларда бўлади!
− Барибир ишонмаяпсиз-а?! – менга қараб мўлтиради қиз. – Наҳот алаҳсираган бўлсам?! Эътиборингиз учун, мен журналистман! Реал ҳаётда, муаммолар ичида яшайман. Ишим давомида турли мурожаатларни ўрганаман, ечим қидираман. Онт ичиб айтаманки, ўша девни аниқ учратдим. Менга ишонмас экансиз, вақтингизни олишимдан фойда йўқ – у шундай деганича ўрнидан туриб кетмоқчи бўлди.
− Шошманг, − дедим эргашиб, − мен ишонаман сизга! Илтимос, уйингизгача эсон-омон кузатиб қўйишимга қаршилик қилманг.
Қиз йўқ демади. Ўша маҳлуқдан қўрқиб қолган шекилли, дарров рози бўлди.
Йўл-йўлакай бир-биримиз ҳақимизда гаплашиб кетдик. Маълум бўлишича, қиз журналист, асли шаҳардан экан. Қишлоққа бир мурожаатни ўрганиш учун ташриф буюрган, ҳозирча бир танишининг уйида ётиб қолаётган экан. Ўз навбатида мен ҳам ўзим ҳақимдаги маълумотларни у билан ўртоқлашдим. Ўқишга киролмай, қурилишда ишлашимни, ҳозир иш йўқлиги боис таътилда эканлигимни ундан яширмай, ҳаммасини айтиб бердим. Орада бўйдоқ юрганимни ҳам қистириб ўтдим.
− Нега, шароит йўқми уйланишга? – деди қиз гап орасида.
− Бор, − дедим шошиб қолиб, − фақат кўнглимга ёқадиган қизни ҳали учратганимча йўқ.
− Умид қиламанки, тез орада топасиз – деди қиз жилмайиб.
− Ўзингизчи, − дедим ҳовлиқиб, − йигитингиз...
Қиз шарақ этиб кулиб юборди. Бу кулгу шу қадар самимий ва шўх эдики, қараб тўймасдим.
− Менми, − гап бошлади у кулишдан тўхтаб, − мен ҳали йигитлар билан гаплашишни ўйлаётганим йўқ. Ҳозир ишларим кўп, шунингдек магистр дипломини ҳам қўлга киритмоқчиман насиб қилса.
Унинг бу гапидан сўнг, бироз енгил тортдим. Ичимдаги қандайдир бир куч, мени шу қизга боғлай бошлаганди.
Ниҳоят, унинг уйига етиб келдик. Қиз мен билан самимий хайрлашиб, ичкарига таклиф қилди.
− Йўқ, бошқа сафар, − дедим уялиб, − айтганча, исмингиз нима?
− Лайло! – чиройли жилмайди қиз.
− Меники Юсуф!
− Яхши қолинг, Юсуф. Кўришгунча...
У уйига кириб кетди. Мен эса ўзгача бир туйғулар ичра уйим томонга йўл олдим.
Мана, ярим тун бўлишига қарамай, ҳамон уйқум келмаяпти. Кўзларимни юмишим билан, нуқул Лайло пайдо бўлади. Оҳ, унинг кулишлари! Қора кўзлари эса оҳуникидек! Айниқса, боя мени қучоқлаганида, сочларидан анқиб турган муаттар исни айтмайсизми? Мен каллаварам ҳам, дарров силтаб ташлабман-а! Нега бундай қилдим...
Эртаси куни Лайлони яна учратиб қолдим. Бекат ёнида ҳомушгина ўй суриб турарди. Ёнига бордим.
− Тинчликми Лайло, бугун нега ҳафасиз? – дедим тиржайиб. Аммо у кулмади. Менга жиддий бир нигоҳ ташлади-да алам билан сўз қотди:
− Нега шунақа экан-а?! Бировга яхшилик қиламан деб минг уринасан-у, пировардида ҳеч нимага эришолмайсан...
− Нима гап ўзи?
− Бугун яна ҳокимиятга бордим, аммо ҳоким жаноблари йўқ, қандайдир бир мажлисга кетиб қолганмиш. Ўринбосари мени кўргач, энса қотириб қўйди ва қўпол оҳангда муомала қилди! Ахир, мен бир бечора мурожаатчини деб шу ерларга келиб ўтирибман. Бечора бир неча йилдан бери моддий ёрдам сўраб, ҳокимиятга мурожаат йўллаган. Аммо жавоб ҳам, пул ҳам йўқ! Охири менга, аниқроғи шаҳардаги таҳририятга мурожаат йўллади. Мен эса ўз вазифамни уддалай олмаганимдан куйиб кетяпман...
− Сиқилманг, − дедим юпатиб, − ўша ўринбосарни тушунса бўлади, кунига юзлаб одамларнинг ҳасратини тинглайвериб, асаби ҳам кетиб қолгандир-да! Унақаларга мансаб тегиб қолса бас, одамларни оёқ учида кўрсатишни бошлайди. Унинг номидан шахсан ўзим кечирим сўрайман!
Лайлонинг юзига табассум югурди.
− Агар истасангиз, − гап бошладим кулиб, − сизни бир жойга олиб бораман.
− Қаёққа? – қизиқиб деди у.
− Борганда кўрасиз!
Машғулотлар ўтказиладиган бинода одам кўп эди. Бир гуруҳ полвонлар кураш сир-синоатларини мураббийдан ўрганиш билан банд. Биз уларга билдирмай аста кириб келдик. Аммо, мураббий бизни кўриб, спортчиларга дам берди.
− Келинглар, − деди у биз билан саломлашиб.
− Кечирасиз, − дедим полвонларга кўз ташлаб, − бу ерда энг бақувват, энг катта ва жуссали спортчи ким? Бу қиз журналист, мақола ёзгани келибди! – Лайлога ишора қилдим.
− Яхши, ҳозир чақираман – ортга ўгирилди мураббий, − Нурбек! Бу ёққа кел-чи!
Бир оз ўтиб олдимизга бўйлари баланд, қад-қомати келишган, кенг елкали бир йигит югуриб келди. Очиғи, унинг гавдасига ҳавасим келиб кетди.
− Танишинг, − деди у бизга қараб, − бу йигит Нурбек! Кураш бўйича мамлакат чемпиони!
Лайло жуссали йигитга бир муддат тикилиб турди-ю, кейин менга кўзи билан «бу эмас» деб ишора қилди. Сўнг, гўё мақола учун келгандек, спортчига бир-икки савол бера бошлади ва суҳбатни якунлади.
− Айтгандек, − гап бошлади мураббий кетишимиздан олдин, − бу спорт майдонида етарли шароит йўқ, бормаган жойимиз қолмади! Томидан чакки ўтади, деразалари синган. Ҳокимият ҳам эътибор бермаяпти! Агар шуни ҳам газетага чиқарсанглар...
− Албатта – деди Лайло сохта жилмайиб.
Шу билан у ерни тарк этдик. Кўчада кетар эканмиз, Лайлонинг кўзларига боқдим: ҳар доимгидек маҳзун.
− Қизиқ, − дедим пичинг қилиб, − Нурбек жуда гавдали йигит экан. Аммо кеча кўрган барзангини бошқа деяпсиз.
− Албатта, бу полвон йигит унинг ёнида ёш боладек гап ахир! Қорнини айтмайсизми ўша маҳлуқни! Эслашга ҳам қўрқади киши...
− Лайло, агар сизга кечаги воқеани эслатиб, озор берган бўлсам...
− Йўқ, аксинча ёрдам бердингиз! Энди ростдан ҳам шунчаки кўринганига ишонч ҳосил қилдим.
Шу тоб Лайлонинг телефони жиринглаб қолди. Кейин ким биландир қалтираб гаплашди-да, кўзларидан ёш оқди.
− Лайло?! – дедим елкасидан ушлаб. – Нима бўлди Лайло?! Нега йиғлаяпсиз?
У бир муддат кўзларимга қараб қолди. Сўнг кўзидаги ёшни артиб ташлади-да, паст овозда шундай деди:
− Менга мурожаат қилган бечора аёлни жиннихонага олиб кетишибди!
− Нима?!
− Мен...Мен кетишим керак!
Лайло шундай деганича қаёққадир йўл олди. Мен ҳам унга эргашдим. Биз пиёда анча йўлни босиб ўтдик. Аммо бир оғиз ҳам гаплашмадик. Ниҳоят, қандайдир бир бинога етиб келдик. Кираверишдаги ёзувни ўқидим: «Руҳий заифлар касалхонаси»
Йўлакда одам кўп. Аммо қоровул бизни ичкарига қўймади.
− Мени киритинг, журналистман! – ўшқирди Лайло. – Яқин орада бу ерга бир аёлни олиб келишмадими?
− Нимайди?! – ўдағайлади қоровул.
− Сиздан сўраяпман, жавоб беринг! – баттар бўғилди Лайло. – Мен биламан, у аёл соппа-соғ эди, нега уни бу ерга олиб келишади, ахир?!
− Яхши қиз, − деди шифокор олдимизга келиб. – Нима шовқин бу? Ичкарида беморлар бор, бу нима қилганингиз яна?
− Кечирасиз, − ўзини босиб деди Лайло, − бу ерга фалон фалон исмли аёлни олиб келишдими?
− Хўш, сиз унга кимсиз?
− Мен журналистман! Аниқроғи, унинг яқин одамиман! Ахир у соғ эди-ку?
− Нима, соғ эмиш...Биласизми, у нима деб қишлоқни бошига кўтарганини?
− Нима?
− Роса шаллақи эканку ўша аёл! Нима эмиш, кўчада кетиб бораётса, қаршисидан улкан бир бадбашара маҳлуқ чиқиб қолибди! Бўйни йўғон, гавдаси бесўнақай, қорни эса катта эмиш! Тавба, ўзим кўрдим дея роса йиғлади! Ҳаммаёққа жар солиб, сочларини юлиб ташлади-я, аҳмоқ. Бўлмаса, ўша кўчада одамлар бўлган. Биров маҳлуқ ҳақида оғиз ҳам
очмади. Фақат ўша телба аёлгина ҳаммаёқни бошига кўтарди...
Шифокорнинг бу гапларидан сўнг, Лайлонинг мазаси қочди. Мен уни бир амаллаб кўчага олиб чиқдим. Сув ва дори олиб келдим.
− Эшитдингизми Юсуф? – деди у ўзига келгач. – Ўша маҳлуқни бечора аёл ҳам кўрибди! Энди нима бўлади?
− Хавотирланманг, бу бир тасодиф
− Тасодиф?! Демак, мен ҳам жинни эканман-да?!
− Йўқ, албатта! Менинг ҳам кўнглим, бир балони сезиб турибди, Лайло!
− Тезроқ буни кимгадир айтиш керак Юсуф, тезроқ айтиш керак! – қалтирай бошлади у.
− Аммо, буни қандай исботлаймиз? Далилимиз йўқ-ку?!
Лайло бир муддат жимиб қолди. Сўнг сапчиб ўрнидан қўзғалди.
− Топдим, ҳозир куз фасли, йўллар лой шундайми?!
− Хўш?!
− Демак, ўша маҳлуқнинг оёқ изини албатта учратамиз!
− Аммо қаердан? – дедим ҳовлиқиб.
− Ўша кунги мен юрган теракзор атрофида излари бўлиши керак.
− Агар бўлганида, шу пайтгача шов-шув бўларди, Лайло! Одамларни биласиз-ку!
− Унда нима қил дейсиз? Кимгадир айтиш керак-ку?! – у шундай деганича яна кета бошлади. Мен ноилож унга эргашиб, ортидан югурдим.
− Шошманг, Лайло, мен ҳам сиз билан...
Тушунишимча, Лайло туман ички ишлар бўлимига кириб бормоқчи эди. Қош қорайиб, кўчада одам камая бошлаган бир вақтда манзилга етиб келдик. Ички ишлар бўлими биноси ҳокимиятнинг шундоққина олдида эди. Адашиб кетади киши. Иккови ҳам бир хил услубда қурилган.
− Лайло, − дедим пичирлаб, − балки шарт эмасдир, уларга нимани исботлаймиз? Ақалли сурати ҳам йўқ-ку?! Ким бизга ишонади?
− Мен ишонтираман, − деди у қатъий оҳангда, − агар жуда бўлмаса, газетага «уриб» чиқаман!
Лайло шундай деганича тўғри бинога қараб кета бошлади. Шу пайт...Лайло қўрқувдан чинқириб юборди!
− Маҳлуқ! – деди у қўлимни ушлаб. – Юсуф ака, ана у, ана! Кўрдингизми?
Мен довдираганча, атрофга алангладим. Аммо ҳеч нимани кўрмадим. Ён атроф қоронғу эди. Бунинг устига яқин атрофда биронта ҳам тирик жон йўқ.
− Йўқ-ку! – дедим овутиб.
− У шу ерда изғиб юрибди, Юсуф ака! – баттар ваҳимага тушиб, ёлворгандек, нажот сўрагандек шивирлади у.
− Қани? Кўрсатинг бўлмаса! Қани юринг-чи!
− Қаёққа?! – деди у қўрқиб.
− Бу ердан кетамиз, сизни тезроқ уйингизга элтиб қўймоқчиман.
Бир амаллаб уни бу ердан олиб кетмоқчи бўлдим. Аммо...Ўн қадам ортга юргач, кўз олдимда пайдо бўлган манзарани кўриб, ишонинг юрагим қўрқувдан ёрилиб ўлай дедим. Шундоққина қаршимда кўзлари ёниб турган, бўйи чиндан ҳам Лайло таърифлагандек, икки ярим метр келадиган ўша маҳлуқ турарди! Лайло тасвирлаганидек қорни қаппайган, бўйни йўғон ва гўштдор эди унинг! Пишиллаб нафас олишлари ниҳоятда қўрқинчли эди.
− Ё Худо, бу яна нима бало?! – дедим Лайлони бағримга босиб.
− Қочдик, юринг тезроқ, Юсуф ака, юринг! – бақира бошлади Лайло.
Биз ортга ўгирилиб қоча бошладик. Маҳлуқ ҳам бизни қувлашга тушди. Оғир-оғир қадам босиб, кетимиздан эргашиб келарди. Биз эса тўғри ҳокимият биноси тарафга қараб югурдик. Бинодан ўқдек отилиб киришимиз билан, чап тарафдаги кичик бир хонага беркиниб, эшикни қулфлаб олдик. Мен эса эшик тирқишидан йўлакка мўраладим. Ана, эшикдан зўрға сиғиб, катта қорнини осилтирганча ўша маҳлуқ кириб келди. У дастлаб ён атрофга қараб чиқди. Пишиллаб нафас олганича бурни билан ис ола бошлади. Сўнг, иккинчи қаватга кўтарилиб, кўздан ғойиб бўлди.
− Бу нима эди Лайло?! Бунча очкўз бўлмаса?! Очкўз маҳлуқ! – дедим асабийлашиб. – Йиртилиб, тор келиб қолган костюм-шимини қаранг-а! Галстуги ҳам бор экан!
− Айтгандим-ку, ахир у мавжуд деб! Энди бу ердан қандай чиқамиз?
− У тепага кўтарилди. Пастга тушгунича, жуфтакни ростлаймиз, бўлинг тезроқ!
Эшикни очиб, йўлакка чиқдик. Шу тоб қаршимиздан чиройли кийинган бир киши чиқиб қолди. У тепакал эди.
− Сизлар ким бўласиз? – деди бизга юзланиб.
− Жаноб, − дедим ҳовлиқиб, − бу ерга тезда ёрдамчи куч чақиринг! Тепага каттакон бир маҳлуқ чиқиб кетди!
− Маҳлуқ?! – юзини бужмайтирди нотаниш киши. – Бу ер сизларга томошахонами? Нима бор ўзи сизларга ҳокимият биноси ичида?!
− Ҳокимият?! Сиз ўзингиз кимсиз? – савол берди Лайло.
− Мен, − гап бошлади нотаниш киши, − ҳисоб ишлари бўйича ҳурматли ҳоким жанобларининг ёрдамчисиман! Илтимос, тезроқ бу ерни тарк этинглар, ҳокимимиз эндигина мажлисдан қайтиб келдилар. Ҳозиргина иккинчи қаватдан тушиб келяпман!
− Нима?! – ажабландим мен. – Ахир иккинчи қаватга бадбашара маҳлуқ чиқиб кетди-ку?! Наҳот кўрмадингиз?
− Менга қаранглар, тезда бу ердан даф бўлмасангиз, кейин кеч бўлади! – асабийлашди нотаниш киши.
Биз ҳеч нимага тушунмай, бинодан чиқиб кетдик.
− Бу одам эсини еганми? – ҳайрон бўлиб сўради Лайло. – Наҳот биз кўрган маҳлуқни бу одам кўрмаса?!
− Бу ерда бир гап бор! – дедим ғалати оҳангда. – Маҳлуқ ўз-ўзидан ғойиб бўлиши мумкин эмас. Бунақа гавда билан ҳеч қаёққа беркинолмайди!
− Энди нима қиламиз Юсуф?!
− Тезроқ далил топишимиз керак Лайло! Сизнинг телефонингиз сифатли суратга тушира оладими?
− Қаранг, боядан бери шу нарса калламга келмабди! Суратга олсам бўларкан...
− Ҳали ҳам кеч эмас, шу ерда бироз пойлаб, унинг чиқишини кутамиз. Сўнг,сиз уни суратга, иложи бўлса видеога оласиз, хўпми? Ана шундан кейингина бирон ерга мурожаат қилсак, ишонарли бўлади!
− Сиз олақолинг! – ялинди у. – Мен шошиб қолишим мумкин...
− Қўрқманг, камерани яқинлаштириб оламиз. Маҳлуқ буни сезмайди ҳам. Сўнг зудлик билан тегишли жойга хабар қиламиз. Энди эса, маҳлуқнинг чиқишини кутиш қолди, холос...
Мана, орадан бир соат вақт ўтди ҳамки, Лайло иккимиз бир тепалик устида ҳокимият биносига термилиб ўтирибмиз. Сал нарёқда жарлик.
Шу тоб бирин-кетин ишчилар бинодан чиқиб кета бошлади. Шунча одамнинг маҳлуқни кўрмаслиги ва ақалли бир бора шовқин кўтармаслиги ниҳоятда ғалати эди.
− Нима бало, осмонга учиб кетдими лаънати маҳлуқ? – дедим ажабланиб.
− Балки у кўзни шамғалат қилиш хусусиятига ҳам эгадир?! Билиб бўлмайди...
− Лайло, − дедим сабрим тугаб, − кеч тушиб бўлди. Бунинг устига ҳаво салқин, совуқ емаяпсизми?
− Бироз, − деди у инграб.
− Унда, манавини кийиб олинг, − устимдаги нимчани елкасига ташладим.
− Раҳмат, − миннатдорчилик билдирди қиз. – Сиз жуда меҳрибонсиз, Юсуф ака!
− Сиз эса... – жимиб қолдим.
− Нима? – қизиқиб кулди у. – Хўш, мен қанақа эканман?
− Сиз жуда гўзалсиз, Лайло! Мен шу вақтгача сиз каби қизни учратмаганман. Сиздек софдил ва фидойи қизни фақат орзу қилиш мумкин. Журналист касби нонини ҳалоллаб ейдиганларни кафтимда кўтаришга тайёрман! Мен...Хуллас, мен сизни...
− Хўш?! – эҳтиросли жилмайди у. Кейин лабларимиз бир-бирига яқинлаша бошлади. – Айтинг, эшитишга тайёрман, Юсуф ака!
− Мен сизни...
Шу пайт кимдирнинг хириллаб нафас олгани эшитилди-ю, ҳаётимдаги энг тотли лаҳзага нуқта қўйилди. Биз тезда ён атрофга қарадик.
− Маҳлуқ шу ерда! – бақирди Лайло. – Мана телефоним, Юсуф ака, олинг!
Мен камерани ёқдим. Сўнг телефон фонарини ҳам ёқиб, ён атрофга тутдим.
− Чиқ, мард бўлсанг кўриниш бер, ҳаромхўр! – деб юбордим кутилмаганда. – Қанисан? Ё қўрқяпсанми, номард?
− Қўйинг, жаҳлини чиқарманг! – ялинди Лайло. – Тезроқ кетсак бўларди...
Мен эса Лайлонинг олдида баттар дадиллашиб, ичимдан қандайдир бир куч қуйилиб кела бошлади. Қўйиб берса, Лайлойимни чўчитган ўша маҳлуқни адабини беришга-да тайёр эдим. Аммо, у узоқ куттирмади. Бироз ўтгач қорнини осилтириб, эмаклаб чиқиб келди.
− Вой, ана у Юсуф ака, ана! – чинқириб юборди Лайло.
Мен зудлик билан суратга олишга уриндим. Аммо маҳлуқ чапдаст чиқиб қолди. Югуриб келиб бир зарб ила мени ерга йиқитди. Телефон қўлимдан тушиб, чил-чил синди. Лайло эса бақирганича одамларни чақира бошлади. Мен эса нималар содир бўлаётганини ҳамон англолмасдим. Кўзларим тиниб кетар, маҳлуқ эса тобора Лайлога яқинлашиб борарди.
Шу чоғ, вужудимда қандайдир бир куч пайдо бўлди. Тишимни тишимга қўйиб, зўрға ўрнимдан турдим, ва бақирганимча маҳлуқнинг оёғига ёпишдим. Йўғон ва хунук оёғи шу қадар энли эдики, қучоғимга сиғмасди. Мен бор кучим билан торта бошладим. Маҳлуқ ортига ўгирилиб, мувозанатни йўқотди ва кутилмаганда ерга чалқанча йиқилди. Ер гўё ўз ўқидан чиққандек бўлиб, «гурс» этган товуш чиқарди. Сўнг, ён тарафга ағанаб, пастдаги жарлик томон думалаб кетди.
− Юсуф ака! – ёнимга югуриб келди севгилим. – Тузукмисиз? Ҳеч қаерингиз оғримаяптими? – у шундай деганича туришимга ёрдамлашди.
− Мен яхшиман жоним, бу ердан тезроқ кетиш керак!
− Худога шукр, омон қолдик! Маҳлуқ энди йўқми, Юсуф ака? – савол берди севгилим ёш боладек мўлтираб.
− Энди у йўқ Лайло! У жарга қулаб ўлди! – дедим унинг пешонасидан ўпиб.
Кейин иккимиз ўша ерни тарк этдик. Мен Лайлони уйигача кузатиб қўйдим. Бу сафар жуда эҳтиросли хайрлашдик. Иккимиз ҳам лаънати маҳлуқнинг ўлимидан хурсанд бўлдик. Сўнг мен ҳам ўз уйимга кета бошладим. Хаёлимда тезроқ Лайло билан гаплашиб, тўй қилиш фикри ҳам йўқ эмасди...
Эртаси куни ҳаммаёқ ваҳимага тўлиб кетди. Йўқ-йўқ, хабарлар маҳлуқ ҳақида эмасди. Маълум бўлишича туман ҳокими номаълум сабабларга кўра кеча уйига қайтмаган! Уни сўнгги бор ҳокимият биносида кўришган. Унинг бинодан чиқиб қаёққа кетгани эса ҳамон номаълум.
Орадан бироз вақт ўтгач, қишлоқда ғала-ғовурлар тингандек бўлди. Сўнгги хабарларга кўра, қишлоққа янги бир ҳоким тайинланибди. Айтишларича, у жуда катта тажрибага эга, халқ дардини тинглаб иш юритадиганлардан эмиш...
***
Хуллас, Лайло билан турмуш қуришга аҳд-паймон қилдик. У шаҳарга кетадиган бўлди. Мен эса совчиларимни унинг ортидан жўнатдим. Ҳаммаси яхшилик ила кетаётганди-ю...
Қайсидир куни ишим тушиб, теракзор ёнидан ёлғиз ўтиб қолдим. Кечаси ёмғир ёққан, шу боис қишлоқ йўллари лойга бурканганди. Шу пайт кўзим ердаги бир изга тушиб, қўрқувдан қалтирай бошладим. Бу ўша – девсифат маҳлуқнинг оёқ излари эди! Йўқ, адашибман чоғи! Бу излар уникиданда каттароқ, уникиданда ваҳималироқ эди!
Ўйлаб қолдим: агар Лайло бу ерга келин бўлиб келса, у ҳолда яна ўша маҳлуқни учратиб ваҳимага тушади-ку?! Йўқ-йўқ, бунга йўл қўймайман! Бугуноқ ишга киришиб, иккинчи маҳлуқни ҳам албатта йўқ қиламан...
Шерзод ҲАЙДАРБЕКОВ.