ҲАЁТ ШАФҚАТСИЗ…


Абдуқаюм ЙЎЛДОШ
ҲАЁТ ШАФҚАТСИЗ… 
(ҳикоя)

  …“Шоҳсанам” чойхонаси шундоқ катта йўл ёқасидаги қуюқ дарахтзор орасида жойлашган. Чойхона яқин-узоққа ҳил-ҳил пишиб турадиган жизи билан танилган. Йўловчилар ёки ҳайдовчилар масофани айтишганида аксар ҳолларда мўлжал қилиб чойхонани олишарди:
— “Шоҳсанам”гача икки соатлик йўл қолди… — Ё бўлмаса: — “Шоҳсанам”дан чиққанимизга уч соат бўлди… — қабилида.
  Катта йўлнинг доимий ҳайдовчилари-ю йўловчилари “Шоҳсанам”га тушишганда албатта жиз буюртма қилишади.
  Чойхона ёнидаги булоқ эса ширин ва шифобахш суви билан машҳур. Балки шу сабаблидир, “Шоҳсанам”нинг чойи ҳам ўзгача таъми билан ажралиб туради.
  Хуллас, август оёқлай бошлаган кунларнинг бири эди.
  Намозшом яқинлашиб қолган.
  Аста-секин босиб келаётган қоронғуликни ногоҳ “Шоҳсанам” чойхонаси чироқларининг бирин-кетин ёниши узоқроққа итқитиб юборгандай бўлди.
  Чойхона атрофига кўлоблатиб сув сепилган, хизматдаги оқ халат кийган йигитлар ғизиллаб ошхонадан мижозларга, мижозлардан ошхонага қатнашади. Энсиз пештахтали ўзига хос “бар”дан эса майин мусиқа садолари янграб турибди.   
  Шубҳасиз, “Шоҳсанам”нинг асосан ҳайдовчилардан иборат кўп йиллик қадрдон мижозлари бор эди. Бу ҳайдовчилар озгина эркалик ҳам қилиб қўярдилар. Яъни йўл ёқасида махсус жой ажратилганига қарамасдан, уловларини иложи борича ўзлари ўтирадиган чорпоя ёки столга яқин келтириб қўядилар. Энг қизиқ томони — бу ҳеч кимнинг ғашига ҳам тегмайди. Ахир нима қилса ҳам ўзингники барибир ўзингники-да. Ҳар қалай, кеча тухумдан чиққан жўжахўроз эмас, кўп йиллик қадрдонлар сал ўзларини эркинроқ тутсалар тутибдилар-да.
  Айтиб ўтганимиздай, бу истисно фақат чойхонанинг эски мижозлари бўлган ҳайдовчилар учун, уларнинг ўзларининг тили билан айтганда “стариклар” учун эди, холос. Йўлнинг ёзилмаган қоидаси шуни талаб қиларди.
  Ўша намозшом эса…
  Одам энди-энди гавжумлашаётганди.
  Атрофни юмшоққина бўлиб пишган жизнинг ва кабобнинг ёқимли иси тутганди. Қўрадан ва қозонлардан кўтарилаётган енгил тутун борлиқни аста силаб ўтиб, сўнг кўкка ўрмалаб кетаётган пайт эди.  
  Баногоҳ чеккароқдаги кўрпачалар тўшалган, ўртадаги хонтахта дастурхони устига чойнак пиёлалар қўйилган чорпоя ёнига қордай оппоқ “Ласетти” машинаси шиддат билан бостириб келди.
  Машина бирдан тормоз берди. “Ласеттти” жойида таққа тўхтади. Атрофга енгил чанг кўтарилди. Мижозларнинг бир қисми шу томонга норози бўлиб қараб қўйишди. Ҳар қалай, ҳали рақами ҳам осилмаган, аммо тахи бузилмаганиданоқ конвеердан эдигина чиққани сезилиб турган бу қимматбаҳо машинани сал секинлаб ҳайдаб келса ҳам бўларди. Бунинг устига, машина эски мижозларники эмасга ўхшайди, инчунун узоқроқда турганиям маъқул эди.
  Баайни сўнгги гумонни тасдиқлагандай, машинанинг ҳайдовчи ўтирадиган тарафи эшиги сассиз очилди ва йигирма-йигирма бир ёшлардаги, озғингина, қуюқ жингалаксоч, қирра бурун, қуюқ қошли, кўзлари худди машинасининг фаралари каби чақнаб турган, тор жинси шим, катак кўйлак кийган, бўйнига қўл телефони осиб олган йигитча гердайган алфозда тушди ва қўлида калитни ўйнаган кўйи эшикни оҳиста ёпди. Хўрандалар ва хизматдаги йигитларнинг бир қисми шу томонга зимдан разм солиб туришарди. Буни сезди шекилли, янада яшнаб кетган йигитча қандайдир нотабиийроқ тарзда, эҳтимолки сал қийшанглагандай илдам юриб қарши тарафга ўтди ва эгилинқираб эшикни очиб турди.
  Машинадан, йўқ, йўқ, амалдор ёинки  йигитчанинг падари, оғаси эмас, йигирма ёшлардаги бир қиз тушиб келди.
  Қизнинг оқи оққа, қизили қизилга ажраган кезлар эди. Сарвиқомат, шаҳарлик эканлиги деярли тиззасигача келиб қолиб, дуркун болдирларини кўз-кўзлаб турганидан ҳам билиниб турган мовий иштон (эҳтимол шимдир), ҳамма жойига эринмасдан ялтироқ танга ёпиштириб чиқилгандай таассурот уйғотадиган торгина оқ кофта, ҳурпайиб турган калта сочлар, бўйинда тилла занжирча…
  Хизматдаги йигитлардан бири бориб салом берди.
— Манави ерга яхшилаб жой тайёрла, укагинам, — деди йигитча намойишкорона калондимоғлик билан чорпояга ишора қиларкан. Сўнг бурнини жийириб, қўшимча қилди: — Кўрпаларни, идишларни янгила. Супуриб ҳам юбор.
  Албатта, чойхонага минг хил табиатли хўрандалар ташриф буюришади. Уларнинг ҳаммасининг кўнглини олиш эса шарт. Меҳмоннинг ўзини “сен”лаганига эътибор қилмасликка уринган хизматчи йигитнинг бир ишораси билан ортда турган бир неча йигит елиб келишиб, кўрпачаларни, чойнак-пиёлаларни олиб кетишди, сўнг шундай чаққонлик билан бошқа кўрпачалар олиб келиб ёзишди. Бу, албатта, эскитдан қолган усул эди: бундай мижоз учун кўрпача алмаштирилса бас эди, алмаштирилгани аввалгисидан кирроқ бўлса ҳам фарқи йўқ. Алмаштирилган чойнак-пиёлалар ҳақида ҳам худди шундай дейиш мумкин.
  Ишқилиб, «янгиланган” жой тайёр бўлди. Шундан кейингина йигитча мамнун тарзда ёнида қимтинибгина турган қизни чорпояга бошлади:
— Марҳамат…
  Йигитча бир кило жиз буюртма қилди. Албатта, помидор-бодринг салати ҳам эсдан чиқмади.
  Йигитча ўзини ҳар қанча кўп нарсани кўрган, бу йўлларда юравериб зериккан, ҳар бир қарични ёддан биладиган киши қиёфасида тутишга уринмасин, буюртмани қабул қилган хизматчи йигит кулимсираб қўйишдан ўзини тийиб туролмади: мижоз чойхонанинг “фирма таоми” бўлган сузма, яъни  чаккини тилга олмади. Демак, болапақир ҳали “хом”, яъни тажрибасиз. Шу сабабли хизматчи йигит йигитчанинг ортиқча чиранишларини томоша қилиб ўтирмай, дарҳол ортига қайтиб, ошхона томонга юрди.
 Янги машина барибир янги-да. Айниқса ҳали ўриндиқларидан салафанлари ҳам олинмаган “Ласетти”…
  Айрим хўрандалар энди худди эгаси каби кўкрак кериб турган машинани очиқ-ошкора ҳавас ва ҳайрат билан кузата бошлашди. Буни кўрган йигитча лаб-лунжини йиғиштиролмай қолди.
  Чой-нон келтирилганда ҳам йигитчанинг бир кўзи хўрандаларда эди.
  Ниҳоят ўртароқдаги стол-стул атрофида ўтирган тўрт эркакдан бирови — қирқ беш ёшлардаги, тўладан келган, чўтир юзли, картошкабурун, чап қошида тиртиғи бор, қорачадан келган эркак ҳеч чидаб тура олмади шекилли, шартта ўрнидан турди-да, гўё қаттиқроқ қадам ташлашга ҳам истиҳола қилган одамдай оёқ учида юриб келиб кўплаб чироқлар ёруғида янада гўзал тус олган машина атрофини эҳтиром билан айланиб чиқа бошлади. Афтидан, салгина қорин қўйган бўлса-да, қорувли вужудидан куч-қуват ёғилиб тургандай таассурот уйғонадиган бу одам ҳатто машинага қўл теккизишга ҳам чўчирди.
  Йигитчага эса, афтидан, шундай текин томошабин керак эди. Зеро, у аллақачон қўлида тутиб турган пиёласидаги қайноқ чойни ҳам унутган кўйи томошабиннинг ўзини лаззатланиб кузатмоқда эди.
— Йигирмаларга тушдими, йигитнинг гули? — ахийри йигитчага ўгирилиб, эҳтиром ила сўради эркак.
  Ажаб, эркак ҳар қанча ўзини ҳаяжонланаётгандай тутишга уринса-да, унинг чағир кўзларида муғомбирлик аралашган совуқ бир ифода қотиб қолгандек эди.
  Аммо бунақанги майда-чуйдаларга эътибор бериб ўтирадиган аҳволда эмас эди бизнинг шўрлик йигитчамиз.
  Кўпинча кекса, тажрибали ҳайдовчилар бир-бирлари билан ўзларининг қисқа-қисқа, лекин бир-бирларига тушунарли жумлаларда гаплашадилар. Буни кўрган ёшлар уларга тақлид қилишга уринадилар. Ҳозир ҳам йигитча чап қошида тиртиғи бор бу одам машинанинг доллардаги нархини тахмин қилаётганини сездию, ҳеч иккиланмасдан, гўё гап икки қоп беда хусусида кетаётгандай “мана ман” дея кўзга ташланиб турган бепарволик ила садо берди:
— Шунга яқинроқ…
  Эркак беихтиёр ҳуштак чалиб юборди. Сўнг ҳавас билан гапиришга уринган кўйи:
— Ўзиям учса керак-а? — деди.
  Йигитча адойи тамом бўлди: гўё саратон тафтида қолган қорбобо мисоли эриб, оёқларини таравақайлатиб узатаркан, аранг:
— Шунга яқинроқ… — дея такрорлашни уддалади.
— Э, маладес, йигитнинг гули! — бирдан жўшиб хитоб қилди эркак. — Машинанинг эркагини йигитнинг гули минсин-да!
  Мана шу гапни айтаркан, эркак фавқулодда чаққонлик билан, йўлбарсдай бир силтанишда чорпояга кўтарилиб, йигитчанинг ёнида пайдо бўлиб қолди. Ялпайиб ўтирган йигитча ҳатто бу кутилмаган меҳмоннинг қачон поябзалини ечишга улгурганини ҳам пайқамай қолди. Ҳар қалай, ўшанча жойдан пайпоқда келмагандир…
— Шокир акангизман, — дея ўзини таништирди эркак қўлини йигитчага тутаркан. — Аммо-лекин боплабсиз машинани! Тан бердим! Бунақаси бўлмаган! “Беш”ни ташланг, йигитнинг гули!
  Йигитча аввалига нимадир деб эътироз билдирмоқчи бўлгандир, ҳар нечук, меҳмон ундан сўраб ўтирмасдан чорпоясига кўтарилиб олди. Бироқ шундай кап-катта “Шокир акаси”нинг ўзига “тан бериб” тургани баттар наъша қилдими, беихтиёр кафтини у кишининг рисоладаги белкуракнинг юзасидай келадиган кафтига ташлади.
— Суюн, — дея ўзини таништирди йигитча. Сўнг қиз томонга ишора қилди: — Ойгул…
  Шокир ака деганлари қиз томонга қараб ҳам қўймаган бўлса-да, Суюннинг ҳар бир сўзини диққат билан эшитарди. Чунончи, қизнинг “келинингиз” деб эмас, исми билан таништирилишиданоқ у ўзича қандайдир хулосаларга келиб бўлганди. Бунинг устига қизнинг ҳам, йигитнинг ҳам бармоқларида никоҳ узуги кўринмади.
— Лекин машинани боплабсиз! — ҳамон ҳайратини изҳор этишга уринарди Шокир ака. Сўнг синчковлигини сездирмаган оҳангда, гўёки шунчаки, гап орасида сўраб кетаётгандай деди: — Уйгами?  Оформление эндими?
  Шокир ака деганлари бутун диққат-эътиборни Суюннинг юзига қаратиб тургани учун Ойгулнинг сал сергак тортиб, йигитчага безовталаниброқ қараб қўйганини пайқамай қолди.
  Суюн эса яна гап икки боғ беда устида кетаётгандай бепарво бош ирғади:
— Ҳа…
  Шокир ака ялтираб турган машинага ҳавас билан боққан кўйи савол беришда давом этди:
— Бундай тулпорга эга бўлишнинг ўзи бўлмайди… Шунга яраша топсангиз керак-да, а, йигитнинг гули?
  Суюн гўё суҳбатдошига икки карра икки тўрт бўлишини айтиб, нечанчи маротабадир энг оддий ҳақиқатни такрорлаётгандай бош ирғади:
— Шундай…
  Энди машинадан кўз узиб, Суюнга диққат билан тикилаётган Шокир ака навбатдаги саволини берди:
— Ё пахан зўрми?
  Суюн кўзларини сузди, қулоғига қараб чўзилиб бораётган оғзини аранг тўхтатган кўйи пачақ кўкрагини кериб, гердайди:
— Пахан зўр. Лекин ўзимизам камкуч эмасмиз, ака.  
— Албатта, албатта, — дарҳол бу ҳақиқатни эътироф этди  Шокир ака. — Бунақа машинани кимлар минишидан сал-пал хабаримиз бор…
  Шокир аканинг гапидаги алланечук тагдор оҳанг сезилиб қолгандай бўлди. Аммо Суюн буни ҳасадга йўйиб, ортиқча эътибор бериб ўтирмади.
— Уйда… уйда бунақалардан яна бордир, — синчковлигини қўймасди Шокир ака.
— …
  Тўғри, Суюн сас чиқармади, аммо унсиз бош ирғаб, уйида яна бунақанги машиналардан борлигини тасдиқлаб қўйди.
  Шокир аканинг ранги ўчгандай бўлди.
  Шу пайт таом келтирилди.
— Сизлар бемалол, — деди қўлини кўксига қўйган Шокир ака хизматчи йигит лаганни дастурхон ўртасига қўяётган маҳал Суюнга қараб. — Йўлдан очқаб келаётгандирсизлар.
— Ўтиринг, бирга овқатланамиз, — мулозамат қилди Суюн.   
— Йўғ-э, — қандайдир ўхшовсиз илжайди Шокир ака. — Бизлар энди қаридик, юз грамм ичмасак томоғимиздан овқат ўтмай қолган. Сиз рулдасиз-да. Бўлмаса столимизда Россиядан келтирилган тоза ароқ бор эди…
  Шокир ака ниманидир кутгандай гапдан тўхтади. Аммо Суюн ҳеч бўлмаса кўнгил учун “Афсуски, рулдаман”, демади.
  Бундан ўзича хулоса чиқарган Шокир ака ўсмоқчилади:
— Ё бўлмаса юз граммгина оворасизми, йигитнинг гули? Овқатнинг тагида қолиб кетарди-да. Ароқ Россияники, ҳидиям йўқ.
  Суюн иккиланиб қолди. Сўнг дудмолроқ тарзда:
— Агар ҳиди бўлмаса… — деди.   
  Шокир ака учун шунинг ўзи етарли экан. Унинг  ишораси билан столда қолган шерикларидан бири икки пиёлани лиммо-лим қилиб ароқ келтирди.
  Шокир ака бир пиёлани Суюнга тутди-да:
— Оворинг! — деди. — Сизникидақа машинани тўхтатишга унча-мунча ГАИнинг духи етмайди.
  Ва томоғи тақиллабгина турган Суюн ортиқча мулозаматни кутиб ўтирмасдан ҳам, ҳатто Ойгулнинг эътироз учун чоғланганини кўрса ҳам кўрмаганликка олдию, шартта оворди!
  Аччиқ ароқ кўзларини ёшлаган Суюн Шокир ака эҳтиром билан тутиб турган помидор бўлагини олишдан аввал у кишининг қўлига кафти билан аста уриб қўйди.
  Шундан кейин мамнун бўлган Шокир ака  яна бир бор:
— Сизлар бемалол, — деди ва ўрнидан туриб, шериклари томон юрди.
  Суюн Ойгулга қараб:
— Қани, марҳамат, — дея мулозамат қилди.
  Ойгул:
— Бекор ичдингиз-да, — деб минғирлаб қўйди.
  Аммо иштаҳа билан тановул қилишга киришган Суюн бу гапни эшитмади.
  Суюн бошқа бир гапни ҳам эшитмади.
  Шериклари ёнига дарғазаб қиёфада, асабийлашиб қайтган Шокир ака ўз стулига ўтираркан, жаҳл билан уф тортди ва энгашиб, қаҳр билан шивирлади:
— Отасининг эркатойи! Ёнига ўйнашиниям ортиб олибди!..
  Суюн озғингиналигидан ташқари нимжон ҳам эди чоғи, ҳар қалай, ичилган бор-йўғи юз грамм ароқ уни бошидан бошлаб товонига қадар қиздириб юборди.
  Йигитча буни оч қолганлигига йўйди.
  Орадан чорак соатлар ўтгач, ҳисоб-китоб қилиб, ўрнидан тураётган Суюн ўзини зимдан кузатиб турган қадрдон “Шокир акаси” томон ним эгилиб, “хайр” ишорасини қилди.
  Шокир ака шошиб ўрнидан турди ва илдам қадамлар билан Суюннинг ёнига етиб келгач:
— Яхши боринглар, — деди.
  Суюн машинасига ўтириб олгач, энг аввало радиони қўйди. Баланд мусиқа овози Шокир аканинг тишлари орасидан чиққан:
— Кўришиб қолармиз ҳали, — деган сўзларни босиб кетди.
  Ким билади дейсиз, мабодо эшитган тақдирида ҳам Суюн ушбу таҳдид аралашган жумланинг маъно-мазмунини идрок этармиди ёки йўқ?
  Аммо тез орада у қисмат ўзини Шокир “акаси”га учраштиргани учун милёнлаб марталаб пушаймон бўлишини, бесуяк тилини тийиб турмагани учун эса ундан ҳам кўпроқ афсус чекишини билмасди…
  Аммо унда кеч бўлган бўлади…
* * *
  Йўлга чиқиб олишгач, Суюн машинани катта тезликда ҳайдаб кетди.
  Мана шундагина Ойгул бир оғиз:
— Бекор ичдингиз, — деди.
  Суюн қўл силтаб қўйди:
— Э, овқатнинг тагида қолди-кетди. Ўзи чарчабам тургандим. Бир томондан яхши бўлди. — Сўнг ўзича ҳазил қилишга уринди: — Юз грамм отни ўлдирибдими?
  Ойгулнинг ноаниқ тарзда елка қисиб қўйганини кўрган Суюн илжайди:
— Бой бўлиш яхши, а?
  Қиз яна бир бор елка қисиб қўйди-ю, бирдан очиғига кўчди:
— Гапни сиз гапирасиз, мен игнанинг устида ўтиргандай ўтираман. Худди биронтаси “Бўлди-да энди!” деб қоладигандай.
  Бирдан ҳушёр тортган Суюн ўзини оқлашга уринди:
—  Қўй, Гул, хафа бўлма. Ҳеч бўлмаса шунақа пайтлари  ўзимни одам ҳис қиламан-ку.
  Йигитнинг гап оҳангидаги армонни илғаган қиз дарров унга далда беришга уринди:
— Ўзиям дарров ролга кириб кетасиз-да. Кейин ундан чиқишингиз қийин бўлади.   
  Суюн дарҳол илжайди:
— Ўзини бошқача қилиб кўрсатиш одамнинг қонида бор. Бир пайтлари подшолар ҳам атайин камбағалларни бир соатлик халифа қилиб қўйишган.
— Улар бир соат бўлсаям, ҳақиқатан халифалик қилишган. Сизники фақат оғизда… — ўпкалаб қўйди Ойгул. — Бирдан газлаб кетасиз, остановка-постановкани билмайсиз.
— Ҳа, энди биз “экспресс”миз-да…
  Ойгул кулимсиради:
— Келиб қолар ўша сиз истаган кунлар ҳам…
  Суюн ҳаяжонланиб кетди:
— Айтганинг келсин, айтганинг келсин… Ий-й…
  Ҳозиргина кулимсираб турган йигитнинг юзи бирдан аянчли буришиб кетганини кўрган Ойгул хавотирланиб, жойида типирчилаб қолди:
— Тинчликми, Суюн ака?
— Ҳозир…
  Суюн жон ҳалпида газдан оёғини олди ва тормозни босиб, машинани йўл чеккасига олиб чиқиб тўхтатди.
  Мана шу саноқли сониялар ичида йигит қора терга ботганди.
— Нима бўлди, Суюн ака?
— Ҳозир… — қорнини маҳкам чангаллаб олган йигит аянчли илжайди. — Жиз ёқмадими дейман… Ичим бураб оғрияпти…
— Йўғ-э, — баттар хавотирга тушди Ойгул. — Яхши пишганди шекилли. Бошқа нарса ёқмагандир…. Анави ароқми…
— Ароқ… — шу ҳолида ҳам ҳазил қилишга уринди Суюн, — ични оғритмайди, тузатади.
— Дори-пори борми?
— Э, ҳали аптечка олинмаган…
  Шу сўзларни айтаркан, йигит беихтиёр инграб юборди.
  Ойгул тун зулмати босиб келган атрофга хавотирланиб аланглади.
— Айтгандим-ку эрталаб йўлга чиқайлик деб…
— Ҳозир ўтиб кетади, — қизни юпатишга уринди Суюн. — Шунча йилдан бери оқшом-поқшом демай юрган одам… Бир бўлиб қолди-да…  Ҳозир… — Сўнг радио овозини сал кўтараркан, ҳижолатомуз кулимсиради: —  Сен шуни эшитиб тур… Мен бир тоза ҳавога чиқиб кўрай-чи…
  Аввал йигитга эргашиб пастга тушмоқчи бўлган Ойгул туйқусдан Суюннинг ниятини илғаб қолдию, шоша-пиша:
— Хўп, хўп, — деди. — Сиз бемалол…
  Икки букилиб қолган Суюн шу ҳолида машинадан ўн беш-йигирма қадам нарироқдаги буталар орасига кириб кетди.
  Орадан ўн дақиқалар ўтгачгина қаддини сал тиклаб олган бўлса-да ихраб, ранги бўзариб, ғарқ терга ботиб қайтиб келган Суюн юкхонадан баклажкага солинган сув олиб қўлини, юзини чайиб олди.
  Йўлда давом этишди.
  Қоронғулик қуюқлашган йўлда сайин машиналар камая борарди. Уёқдан-буёққа ўтиб, чироқлари кўзларни қамаштираётган машиналар узоқлашиб, олисларда худди ёнарқуртлар каби милтираб қолишарди.
  Ўн-ўн беш дақиқача шу аҳволда кетишди.
  Суюннинг аҳволи унчалик яхши эмаслиги шундоқ кўриниб турарди.
  Ойгул ҳали оғзини очмасдан бурун яна бир бор инграб юборган Суюн машинасини таққа тўхтатди ва бу гал изоҳ-пизоҳ бериб ўтирмасдан ўзини қоронғуликка, буталар орасига урди.
  Айни шу маҳал Ойгул орқадан машина ёруғлиги аста-секин яқинлашиб келаётганини сезди. Буни пешонаси қаршисидаги кўзгуга тушган кучли нурдан билиб олса ҳам бўларди.
  Ғалати томони шунда эдики, бу машина асло шошмасдан, ҳатто айтиш мумкинки, секинлик билан келарди. Ғизиллаб ўтиб турган машиналар қаршисида бу нотабиий туюларкан.
  Нимагадир юраги ғаш бўлган Ойгул безовталаниб, Суюн чопиб кетган буталар тарафга қаради.
  Мана, машина яқинлашди.
  Ҳар қалай, аста-секин бўлса ҳам, машина “Ласетти”нинг ёнидан ўтди.
  Ойгул енгил нафас олди.
  Аммо…
  “Ласетти” чироқлари ёруғида аниқ кўринди: тўсатдан қизил рангли “Москвич” тўхтади, сўнг орқага юра бошлади.
  Худди шу маҳал буталар орасидан чиқиб келаётган Суюннинг ҳам қораси кўринди.
  “Москвич” “Ласетти”га бақамти келиб тўхтади.
  Машинанинг чап тарафдаги орқа эшиги очилди. Ундан тушган одам Ойгулнинг кўзига жуда улкан, худди дев каби ваҳимали бўлиб кўринди.
  Ойгул беихтиёр қўшиқ берилаётган радио овозини ўчирди.
— Нима бўлди, йигитнинг гули, тинчликми? — деган гулдураган овоз келди “Москвич” тарафдан. — Бу мен, Шокир акангизман.
  Ҳар қалай, овоз таниш эди. Шокир акани таниган Ойгул ичида “хайрият-эй” деб қўйди.
— Тинчлик, — дея овоз берган Суюннинг ҳам хурсанд бўлиб кетгани яққол сезилиб турарди.
  Бу гал гавдасига мос тарзда оғир қадам ташлаб машинага яқинлашган Шокир ака:
— Ҳа, тулпор қилиқ қилиб қолдими? — деб сўради.
— Йўғ-э, — деди Суюн дарҳол. — Тулпор учаяпти. Ўзимнинг сал ошқозоним бузилиб…
— Ий-й, эҳтиёт бўлинг-да, йигитнинг гули, — деди Шокир ака ташвишланиб. — Ё бирон ёқмаган нарса еганмидингиз?
— Шунақага ўхшайди, — тан олди Суюн.
— Боя ароқдан кўпроқ ичиб юбориш керак эди, — илжайди Шокир ака. “Ласетти” ёруғида унинг йирик тишлари ярақлаб кетиб, ёвуз махлуққа ўхшатиб қўйдики, бунга кўзи тушган Ойгулнинг яна юраги орқасига тортиб кетди. — Ароқ ҳар қандай микробни ўлдирарди.
— Ҳа, — ночор минғирлади Суюн. — Шундай қилсам бўларкан.
— Тўхтанг, — бирдан нимадир эсига тушгандай хитоб қилди Шокир ака. — Термосимда аччиққина кўк чой бордай эди. Шундан бир пиёла ичиб юборинг. Ҳар қалай иссиқ яхши-да.
— Қўйинг, овора бўлманг, — эътироз билдирган бўлди Суюн. — Етиб оларман.
— Бу нима деганингиз? — ўзини хафа бўлгандай тутди Шокир ака.
  Аммо бу одамнинг қарашидами, гавдасидами, кўзларидами, ишқилиб, қандайдир тушуниксиз иддао, ҳаттоки қаршисида турганларин менсимаслик ҳолати ҳукмрондек эди. Не бўлганда ҳам, Ойгулга шундай туюлди. Ва бу ҳол азалдан чумчуқ пир этса юраги “шиғ” этадиган қизни баттар ваҳимага солди.
  Бу орада Шокир ака яна ортга қарамасданоқ қўл ишораси қилган эди, гўё шу буйруқни кутиб тургандай машинанинг орқанги ўнг эшиги очилди ва боя чойхонада ароқ кўтариб келган одам бу гал термос ҳамда иккита пиёла кўтариб келди.
  Рости, Ойгулни бу қадар тезкорлик ва айниқса пиёланинг иккита эканлиги ажаблантирди. Аммо бу ўйини мулоҳаза қилиб ўтиришга фурсат йўқ эди.
  Шокир ака термосдан бир пиёлага лиммо-лим қилиб буғи чиқиб турган қип-қизил чойдан қуйди ва ёнига яқинлашган Суюнга узатди:
— “Оқ” қилиб юборинг. Банияти шифо.
  Аммо чой қайноқ эди. Шу сабабли Суюн уни пуфлаб совутиб, ҳўплаб-ҳўплаб ича бошлади.
  Шокир ака иккинчи пиёлага ҳам чой тўлдирди ва келиб, очиқ ойна орқали қизга тутди:
— Марҳамат, Ойгулхон. Сиз ҳам ичиб юборинг. Жиздан кейин чанқагандирсиз.
  Қизни бу эркакнинг ўз исмини қандай ёдида сақлаб қолгани ҳайрон этди. Ахир чойхонада бирон марта у томонга қарамаган ҳам эди, бунинг устига Суюн исмни айтганида бу номни қулоғининг тагидан ўтказиб юборганди шекилли…
  Энди маълум бўлаяптики, ҳаммасини эслаб қолган экан…
  Ойгул иссиқ пиёлани қўлига олди ва ундаги чайқалиб турган қип-қизил чойга тикилиб қолди.
  Нимагадир шу тобда қизнинг чой ичкиси келмаётганди. Тўғрироғи, айнан ушбу чойни. Ойгулнинг назарида, мана шу пиёлада оғир чайқалиб турган чойда қандайдир хавф яширингандек эди.
  Аммо Шокир ака ҳамон ўзига ўқрайиб қараб турганини кўрган Ойгул ноилож пиёлани лабига яқин олиб бориб, бир қултум ҳўплади. Сўнг, Шокир аканинг кўз узмай турганини кўргач, яна бир қултум ичди.
  Бу орада чойини ичиб бўлган Суюн кафти билан оғзини артди-да:
— Раҳмат, Шокир ака, ичимга иссиқ киргандай бўлди, — дея пиёлани узатди.
  Шокир ака ноилож шу томонга юрди ва йигитнинг қўлидан пиёлани олдию, тезликда яна қиз томонга ўгирилди.
  Ойгулга эса шу фурсатнинг ўзи кифоя қилганди. У  чаққонлик билан пиёладаги чойни пастга, оёқлари орасига тўкиб ташлади ва Шокир аканинг кейинги синчков нигоҳига дуч келгунга қадар яна пиёлани лабига олиб бориб, ўзини чойни ичаётгандек тутишга улгурди.
— Раҳмат, Шокир ака, — деди Суюн келиб машина эшигини очаркан. — Анча енгил тортдим.
  Шокир ака нимагадир жойидан жилмаган кўйи йигитга диққат билан қараб турарди.
— Менга қаранг, йигитнинг гули, — деди у ниҳоят, — барибир шу томонга кетаяпмиз. Правам бўлса бор. Йўлда мелиса-пелиса чиқиб қолсаям мени танийди. Келинг, мен бироз ҳайдаб борай. Сиз дам олинг. Куч йиғинг.
— Йўғ-э, қандай бўларкин, Шокир ака, — деди бирдан ширинлик ваъда қилинган ёш боладай ийиб кетган Суюн. — Сизни овора қилиб…
— Э, овораси бор эканми? Шундай тулпорни ҳайдашнинг ўзи бизга ўхшаганлар учун роҳат-фароғат-ку. Қайтанга бир маза қиламан, йигитнинг гули?
— Майли, майли, — деди яна оғзининг таноби қоча бошлаган Суюн. — Агар сизга малол келмаса…
  Ҳа, ҳар қанча мақтанчоқ ёинки обрўталаб бўлмасин, Суюннинг қалби ёш боланики сингари беғубор эди…
— “Ласетти” ҳайдаганмисиз ўзи?
— Бир марта. Лекин эслаб қолганман. Бу томонидан ўйланманг.
  Суюн мамнун қиёфада энгашиб, Ойгулга мурожаат қилди:
— Сен орқага ўтиб ўтир. Мен Шокир акамнинг ёнида кетаман.
  Ойгул бир зум иккиланиб тургач, паст овозда:
— Менга шу ерам яхши, — деди.
  Зеро, қиз ўзи тўккан чой поябзалидан ўтиб, оёқларини ҳўл қила бошлаганини ҳис этиб турарди.
— Э, йўқ, — деди Суюн қатъий равишда. — Мен Шокир акам билан гаплашиб кетаман.
  Ойгул ноилож Суюннинг айтганини қилишга мажбур бўлди.
  Қизнинг тўсатдан эътироз билдириб қолганидан ажабланган Шокир ака Ойгул томонга синчков назар ташлади.
  Ойгул шунчалик кўз қисиб қўйишга, билагига туртиб қўйишга уринмасин, ҳовлиқиб қолган Суюн қизнинг жойига ўтираркан, барибир:
— Э, бу ер нега шилта бўлиб ётибди? — деса бўладими!
  Ойгул ўтирган жойида қотиб қолди.
  Бу билан ҳам қаноатланмаган Суюн эса тепадаги чироқни ёқди ва энгашиб, тўкилган чойни кўздан кечираркан, вазиятга мутлақо ярашмаган тарзда ҳазил қилгиси келдими, бошини кўтараркан, Шокир акага ялтоқланиб тикилди ва:
— Бу сиз ўйлаган нарса эмас, — деди илжайиб. — Бирон нима тўкилганга ўхшайди.
— Ҳа, — деди нимагадир бирдан авзойи ўзгариб, қовоғи солиниб кетган ва буни яшириб ҳам ўтирмаган Шокир ака, — бу мен ўйлаган нарса эмас. Ҳид-пидиям йўқ. Демак чой тўкилиб кетган…
— Оёғинг куймадими, ишқилиб, — бирдан қиз томонга ўгирилди хавотирга тушган Суюн. — Чой қайноққина эди-я.
— Куймади, — аранг шивирлаб жавоб қайтарди ваҳимадан юраги гурсиллаб ура бошлаган Ойгул.
— У чой оёқни куйдирадиган чой эмасди, — дея орага қўшилди аллақандай тагдор оҳангда гапирган Шокир ака. — У чой шифобахш чой эди… Шундай чойни ичмай бекор қипсиз, Ойгулхон…
  Қиз титраб кетди.
  “Ласетти” олдинга интилди. “Москвич” орқадан эргашди.  
  Бир чақирим юрар-юрмас Шокир ака тўсатдан машинани ўнг томонга, кичкина йўлга бурди.
  Қўллари билан қорнини маҳкам босиб кетаётган, нимагадир кўзлари юмилиб-юмилиб бораётган, баъзан боши беихтиёр худди ухлаётган одамники каби осилиб қолаётган Суюн ажабланиб унга қаради.
— Шу ёқдан яқин йўл бор, — деди машинани моҳирлик билан бошқариб кетаётган ҳайдовчи пинак бузмай.
— Суюн ака, — энгашиб, аста йигитнинг қулоғига шивирлади Ойгул. — Суюн ака…
  Шу лаҳзада Шокир ака қип-қизил миллари кўриниб турган соатга қаради ва тантанали тарзда:
— Бир, икки, уч… етти. Кетди! — деб санади баланд овозда.
  Худди шу саноқни кутиб тургандай, Суюн тўсатдан ёнбошига қулади ва ойнага бошини қўйганча қотиб ухлайверди.
— Суюн ака! — дея қичқириб юборди Ойгул жон ҳолатда.
  Шокир ака тўсатдан кескин тормоз бериб машинани тўхтатди ва туртиб-туртиб, Суюннинг ўлик уйқуга кетганига амин бўлгач, ўгирилиб, титраб-қақшаб ўтирган, катта-катта кўзлари ваҳм ёшига тўлган қизга сира яхшилик ваъда қилмайдиган оҳангда мурожаат этди:
— Ўзингча ақлли бўлиб, клофелин қўшилган чойни ичмай мени доғда қолдирмоқчи бўлибсан-да? Лекин бу номеринг ўтмайди… Хуллас, Ойгулхон, энди сен билан алоҳида гаплашамиз!.. Ҳисоб-китоб вақти етиб келди!..
* * *
  Ҳа,  Шокир ака худди шундай деди.
  Вазиятнинг яна бир ваҳимали томони шунда эдики, номаълум нуқтадан кўз узмаган кўйи машинани ғизиллатиб ҳайдаб кетаётган, жағида олхўридай ғудда нари бориб-бери келаётган Шокир ака гапиргани сайин асабийлашиб, ғазаб отига миниб, юзи қийшайиб, тобора қўрқинчлироқ тус олиб борарди.
  Орқадан елиб келаётган “Москвич” чироғи салонни ёритди. Шунда Ойгул ўзи томонга ўгирилган Шокир аканинг чақчайган кўзлари ногоҳ алам ва чорасизлик ёшларига тўлганини кўргандай бўлди. Бироқ бирдан ўзини ўнглаб олган ҳайдовчи қаттиқ инграб юборди ва телбавор овозда нола қилиб юборди:  
— Ахир айби нима эди унинг? Нима эди айби? Бор-йўғи ўн саккизга кирган норасида қиз бўлса? Айби — мен бечоранинг қизи бўлганими? Айби — ўқишдан қайтаётган бўлганими?  Айби — бу дунёга келганими?.. Гапир! Гапир, итвачча!
— Сизга… пул керакми? — аранг сўрай олди Ойгул.
— Пул? — нафрат билан такрорлади Шокир ака. — Биламан, пулни хазон ўрнида кўрмайсан. Ҳамма нарсани сотиб олиш мумкин ҳам деб ўйлайсан. Лекин бу сафар янглишдинг. Хато қилдинг! Хато! Мени сотиб ололмайсан! Миллион-миллион пулингни қизимнинг бир лаҳзалик ҳаётига алмашмайман!..  
  Йўқ, йўқ, қалтираб-титраётган, ранги мурданики каби оқариб, калтта-калта нафас олаётган, кўзларига қон тўлган бу одам Ойгулга эмас, қаттол душманига хитоб қилмоқда эди.       
— …Мана энди ҳаммаси учун жавоб берадиган вақтинг келди!
  Бу Ойгул эшитган энг сўнгги сўзлар бўлди. Гарчанд бир неча қултум ичган бўлса-да, чойга қўшилган кучли уйқу дориси ўз таъсирини кўрсата бошлаганди. Қиз бир-бирига ёпишиб бораётган киприкларини  ажратишга, қўрғошин қуйилгандай оирлашиб кетган қабоқларини кўтаришга уринди, аммо эплай олмади. Бунинг ўрнига худди Суюн каби ёнбошига, эшик ойнасига боши билан оҳиста қулади ва ўлик-тириклигини англамайдиган даражада ғафлат уйқусига ботди…
* * *
  Қолган воқеалар худди қўрқинчли туш каби алғов-далғов, ноаниқ, ваҳм, азоб ва изтиробга тўла ўтди.
  Тамомила қутуриб кетган, кўпирган оғзидан ҳамон боди кириб шоди чиқаётган Шокир ака машинани тупроқ йўлдан кимсасиз чўл адоғидаги чайла ёнига ҳайдаб келди-да, кескин тормоз бериб тўхтатди. Сўнг худди шу аҳволда, титраб-қалтираб пастга тушди ва то орқадан “Москвич” етиб келиб, ундан учта бақувват эркак отилиб тушишгунга қадар “Ласетти” эшигини очиб, Суюнни пастга судраб олиш тушиш асносида уни нафрат билан уч-тўрт марта тепиб ҳам олди.
  Эркаклар ҳарсиллаб нафас олганларича Шокир ака қаршисида тек қотишди.
— Мана! — бармоғини ерда ғужанак бўлиб ётган, ожизгина инграб қўйган Суюнга бигиз қилди томоғи хиппа бўғилган, кўзлари алам ёшларига тўлган Шокир ака. — Қаранглар буни! Тагида “Ласетти”! Ёнида ойимқизи билан. Отасининг эркатойи-да. Бойвачча. Кечаси пул ҳидига ухлай олмай чиқадиганлардан!.. Мана шу… мана шу менинг қизимнинг қотили! Мана шу!
— Тоға! — аста пичирлади эркаклардан бири, Шокир акага ароқ ва чой олиб келиб бериб турган киши титроқ овозда. — Ўзингизни босинг! Уни ёши каттароқ дейишганди. Машинасиям “Мерс” бўлган…
— Нима фарқи бор, а, Эргаш, нима фарқи бор? — титраб-қақшаб наъра тортиб юборди Шокир ака. — Бу бўлмаса худди шунга ўхшаган бошқаси! Оқ ит, қора ит — барибир ит-да! Олинглар ўчларингни! Сенга қолса ўн йил излайсан, шундаям тополмайсан!
  Ногоҳ Шокир ака ўкраб йиғлаб юборди:
— Қизим! Қизгинам! Ойсулувгинам! Жон қизалоғим! Кечир мени! Кечир сўқир отангни!..
  Отанинг юракларни ўртаб юборадиган фарёдига чидаб туриш мушкул эди.
  Ниҳоят томоғига муштдай бир нима келиб тиқилган Эргаш деганлари отилиб ўртага чиқди ва ғазаб билан ҳамон ерда сулайиб ётган Суюнга ишора қилганча, хитоб қилди:
— Шу! Мана шу Ойсулувнинг қотили!.. Ўч олиш пайти келди!
  Баайни шу машъум эътирофни кутиб турган эркаклар ваҳшиёна қийқирганларича ерда ётган Суюнни атай босиб-янчиб ўтишиб, машинага отилишди ва ухлаб ётган Ойгулни судраб тушишиб, чайла ёнидаги кичкина ҳужрага олиб кириб кетишди.
  Ҳамон кўзларидан тирқираб ёш қуйилаётган Шокир ака текис йўлда қоқилиб-суринганча қоронғулик қўйнига сингиб кетаркан:
— Қизим… қизгинам… — дея ихрарди…
* * *
  Ойгулни ҳужра ўртасига ташлашди. Унинг ёнига устидан бир неча пақир сув қуйилгандан сўнггина сал ўзига келган, нима содир бўлганини тушунмасдан, аммо тахмин қилган, шу боисдан ваҳм ичида ҳаммага бир-бир кўз ташлаётган, қўл-оёғи чандиб боғлаб ташланган, оғзига энли скотч ёпиштирилган Суюнни келтиришди.
— Энди бундай, — деди ниҳоят Эргаш иккала эркак чиқиб кетгач, қандайдир ҳижолатомуз тарзда. — Қўрқманглар, сизларни ўлдириб кетиш ниятимиз йўқ. Лекин машинани олиб кетамиз. Запчаст қилиб сотиб юборамиз. Сенларга ўхшаганларга битта машина нима деган гап? Жонларингни омон қолдираяпмиз, шунга шукр қилинглар. Ҳалиям то… анави киши кирмаяпти. У кишидан эҳтиёт бўлиш керак. Қутурган пайти. Кўзига ҳеч нарса кўринмаяпти. Сенга ўхшаган, — шундай дея Эргаш Суюнга мурожаат қилди, — сенга ўхшаган бир бойвачча у кишининг шаҳарда ўқиётган ёлғиз қизини  алдаб, машинасида чўлга олиб чиққан-да, зўрлаган… Кейин ўша ерга ташлаб кетибди, аблаҳ!.. Қиз номусига чидай олмай, ўзини осиб қўйган… Шундан буён бу одам қонсираб юрибди… Менимча, миясиям сал кетиб қолган… Сенга ўхшаган бойвачча йигитни кўрса бас, қалтироғи тутиб қолади… Неча кундан бери иккита қамоқда ўтириб чиққан ҳамқишлоғимизни ёнимизга олиб,  ўша аблаҳни излаб юрибмиз…
  Суюн нимадир демоққа чоғланиб кучанди, аммо оғзидаги скотч халақит берди.
— Бу киши ҳеч қанақанги бойвачча эмас, — деди ахийри лабларини аранг қимирлатиб Ойгул.
  Эргаш истеҳзо билан кулди.
— “Ласетти”ни камбағал минмайди. Мени аҳмоқ қилмай қўя қол.
— Бу киши ҳеч қанақанги бойвачча эмас, — алам билан такрорлади Ойгул. — Мақтаниб туришни яхши кўрадиган бир шопир, холос.
— Шопир? — ажабланиб сўради Эргаш.
  Суюн жон-жаҳди билан бошини ирғаб, қизнинг гапини маъқуллади.
  Ранги оқариб кетган Эргаш ҳужрадан шошиб чиқиб кетди ва орадан икки дақиқалар ўтгач, илжайганча кириб келди.
— Машина ўзларининг номларида экан-ку, йигитнинг гули? — Суюнга мурожаат этди у. — Ё дўппи тор келганда, а… Йигитмисан ўзи ё ҳажиқизмисан…
— Суюн ака шопир, — такрорлади Ойгул жон ҳолатда. — Машинани бу кишининг хўжайини сотиб олган. Фақат ўзининг номига эмас, Суюн аканинг номига. Энди Суюн акам машинани хўжайинининг акасига олиб бориб, ўша кишининг номига ўтказиб беради. Шунга бирга кетаётгандик. Машинани ташлаб, орқага автобусда қайтмоқчийдик.
— Ростданми? — ҳайратланиб сўради Эргаш.
— Рост…
  Эргаш яна зипиллаб ҳужрадан чиқиб кетди.
  Орадан уч-тўрт дақиқа ўтиб, яна қайтиб келганида унинг қовоғидан қор ёғарди.
— Менга қаранглар, — деди у жаҳл билан. — Баҳона тўқийвериб, жуда бошимни қотириб юбордиларинг.  Бўлди, бошқа битта гапларингга ҳам ишонмайман. Сен, — шундай дея Эргаш Суюнга ўқрайиб қаради, — ўз оғзинг билан машина меники дедингми? Дединг! Бойваччаман дедингми? Дединг! Энди гапирган гапингга жавоб беришга келганда ҳажиқизлик қилма-да, ифлос!.. Йигит бир марта гапиради!
  Шу сўзларни айтаркан, Эргаш ортига ўгирилмасданоқ:
— Бўлди, — деди.
  Худди шу заҳоти ҳужрага ҳиссиз кўзлариданоқ қўлларидан ҳар нарса келиши, одамнинг ҳаётини уч пулга олмасликлари билиниб турган икки киши кирди.
  Ойгул… ҳаммасини тушунди ва додлаб юборди.
  Аммо энди кеч эди…
* * *
  Ҳаёт шафқатсиз…
  Воқеаларнинг қолган қисмини мухтасарроқ тарзда баён этиб ўтиш билан кифояланамиз.
  Эртаси куни тушга яқин чўл тарафдан гандираклаб келаётган бир қиз билан йигитни далада ишлаётганлар кўриб қолишди.
  Қизнинг кийимлари далвагай эди…
  Шифохона, милиция…
  Шокир акани ушлаш унчалик қийин бўлмади.
  Аммо энди кеч эди. Зеро, ёлғиз қизининг дардида куя-куя адо бўлган ота эс-ҳушидан тамомила айрилган эди. Сал ўзига келган пайтлари эса шўрлик ота “Ҳамма ишни ўзим қилдим”, деб тураверар, ҳеч қанақанги Эргаш-пергаш деганларини танимаслигини айтиб ҳам чарчамасди…
  Суд ёпиқ тарзда ўтказилди.
  Зудликда ишдан бўшаган Ойгул қишлоғига қайтиб кетди.
  Суюн энди анча ўзини босиб олган. Айниқса унинг битта сўзига ҳам ишонмаган раҳбари янги “Ласетти”ни ўзининг бўйнига қўйиб қўйганидан бери Суюн мақтаниш у ёқда турсин, ҳатто бировга бир нима деб оғиз очишга ҳам чўчиб қолган.
  Аммо энди кеч…










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот