“БОЛАЛАР УЙИ”
Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ
“БОЛАЛАР УЙИ”
Ҳикоя
Низомга мувофиқ, фирма йиллик соф даромадининг ўн фоизига қадар хайрия ишларига сарфланиши мумкин эди. Ҳокимиятдан бунинг учун болалар уйини таклиф қилиб қолишганди, Абдулла дарҳол кўнди.
Бу шаҳар чеккасидаги, кўримсизгина муассаса экан. Абдулла олиб келишган совға-саломларини кекса ҳисобчиси Насриддин акадан ичкарига киритиб юборди-да, ўзи кўкка бўй чўзган улкан дарахтларга мўл ҳовлини айланиб юрди: ҳар нечук, саховат яширинроқ тарзда бўлгани маъқул, бежиз ўнг кўзинг қилган яхшиликни чап кўзинг билмасин, дейишмаган; бир ками энди қоракўз болалар олдига чиқиб, “Биз сенларга ҳомийлик кўмаги кўрсатишга келдик”, деб оғиз кўпиртириш эди. Бунақа ишларни Насриддин ака боплайди, қоғозбозликни ҳам жой-жойига қўяди.
Абдулла камида бир асрлик чинорнинг улкан, бужур танасини томоша қилиб тургани маҳал ортидан кимдир:
– Дода, – дегандай бўлди.
Абдулла шу томонга ўгирилди. Озғингина, сарғиш сочли, мовий кўз, ўн беш ёшлардаги, бу ердаги тарбияланувчиларнинг либосидаги қиз унга синовчан қараб турарди.
– Ассалом, – деди қиз.
– Ваалайкум ассалом.
– Дода, пулингиз борми? – дея кутилмаганда бирдан мақсадга ўтди “и”ни сал чўзиброқ талаффуз қилаётган қиз.
Абдулла ҳайрон бўлганча:
– Бор, – деди.
– Юз минг бўладими? – саволига аниқлик киритди қиз.
– Бўлиб қолар. Нимайди?
– Унда юринг.
Қиз Абдуллани дарахтзор ҳовли адоғидаги эски, ёғочдан қурилган кулбага бошлаб келди. Бу торгина, ифлос, афтидан хўжалик буюмлари сақланадиган бир хона эди, эшик ёнидаги супурги-пақирлар шундай далолат берарди. Тўғрида кафтдек дарча, деворга тақалган тахта каравотга титилиб кетган матрас тўшалган.
Қиз шошиб эшикни ичидан тамбалагач, Абдуллага синовчан қаради:
– Аввал пулингизни кўрсатинг.
Абдулла чўнтагидан бир даста минг сўмлик олди:
– Мана.
Қиз ранги ола-чалпоқ, қийшайиб қолган табуреткага ишора қилди:
– Анави ерга.
Абдулла пулни кўрсатилган жойга қўйди.
Буни кўриб, сал хотиржам тортган қиз илдам бориб каравотга ўтирди ва ечина бошларкан:
– Фақат тез, дода. Соат ўн иккида бизда абед, проверка бўлади, – деди.
Бунақа бўлишини кутмаган Абдулла анграйиб қолди, сўнг жон ҳолатда:
– Тўхта! Тўхта! – деб бақириб юборди, шошиб қўллари билан ишора қилишга ўтди: – Кийин! Тез!
Энди қиз унга ажабланиб қаради:
– Нега? Ўзингизми?
Ниҳоят қизнинг нима демоқчилигини англаган Абдулла шошиб пулга ишора қилди:
– Шу керакми? Ол!
Чаққон қиз бир сакрашда табуретка ёнида пайдо бўлди, бироқ пулга ҳовлиқиб қўл чўзган чоғи бирдан тўхтаб, Абдуллага шубҳаланиб қаради:
– Аввал шартингизни айтинг-чи.
– Олавер, дедим-ку!
Узун бармоқлари пул дастасига теккан маҳал қиз ток ургандек қўлини тортиб олди, Абдуллага нафратдан кўзлари ёниб қаради:
– Банақаси кетмайди. Аввал шартингизни айтинг, дода! Может мен кўнмайман.
Абдулла яна қўл силтади:
– Шарт-парт йўқ. Шунчаки...
Қиз анграйиб қолди. Шу аҳволда бирон икки дақиқа турди-ёв. Афтидан, унинг мияси бу гапни англаб, ҳазм қилолмаётганди... Туйқус... бирдан қизнинг бир бурда юзи ёришди, у ҳаммасини тушунгандай маънодор бош силкиди, истеҳзоли илжайди:
– Ҳм-м... Шунақа де... Топибсан аҳмоғингни! Текин пишлоқ қаерда бўлишини жуда яхши биламан. Сен мени алдолмайсан, несчастный маньяк! Извращенец!
Қиз ортга қайрилди, эшикни очиб чиқиб кетаётган маҳал Абдуллага қараб мазахомуз қўл силкиди:
– Бай-бай, дода.
Раҳмати шу бўлди жинқарча қизнинг. “Дода” эмиш...
Абдулла йўл бўйи тутақиб келди. Бу нима деган гап ахир...
Насриддин ака қайсидир қаҳвахона қаршисида машинани тўхтатди:
– Иккитадан сомса еб олайлик, хўжайин.
Абдулла емакхонага қаради, “Сомсанинг додаси” деган ёзувни кўриб дили баттар хуфтон бўлди.
– Ҳайданг... ҳайданг...
Ўша кеча, болалар уйида бўлиб ўтган воқеани эслаб, қизнинг нега пулни олмаганини ўйларкан, Абдулла одам бўйи кўзгу қаршисида туриб, ўзини “бахтсиз маньяк”ка чоғлаб кўрди, аммо бирон аломат, бирон далолат тополмади.
Абдулла анча вақт ўша, болалар уйидаги она сути оғзидан кетмаган, эҳтимол гўдаклигидан тарбияси бузилган, афтидан, яхшилик шунчаки қилинмайди, албатта тўлови бўлади, деб қатъий ишонадиган жинқарча қизни ёдидан чиқаролмади. Наҳот дунё шу сабий қиз ўйлаганидек ҳисоб-китобли бўлса? Наҳот эзгулик, беғараз кўмак, саховат деган тушунчалар замирида манфаат ётса...
Кейинги байрамда Абдулла болалар уйига бормади, совға-саломларни эса ҳисобчисидан бериб юборди.
2010 йил.