ОТЛИҚҚА ЙЎҚ ОДАМЛАР
Муаззам ИБРОҲИМОВА
ОТЛИҚҚА ЙЎҚ ОДАМЛАР
Бир куни ўқув даргоҳларининг бирида раҳбар хузурига кириш учун навбат пойлаб қолишимга тўғри келиб қолди. Мендан аввал бештача одам турган бўлса, бир оздан сўнг яна йигирматтача йиғилиб қолди.
Бўлди.
Худога шукур!
Олдимда турган аёл кирди. Кейин мен кираман.
Ёнимда сабрсизлик билан ер тепиниб, хархаша қилаетган ўғлимни чалғитишга харакат қиламан:
- Ҳозир, озгина чида, болам. Опангни ҳужжатларини топшириб қўйишим керак-ку! Кейин уйга кетамиз....
Бироқ, шу пайт аллақаердан ёши тахминан мендан ўн беш ёшларча кичик, озғин, олифтагина аёл пайдо бўлиб, беписанд эшикка тақалди. Салом-алик йўқ, такаббурона назар ташлаб, сас берди:
- Бир минутлик ишим бор.
Мендан аввал орқамда навбат кутаётганлар чийиллаб кетишди:
- Қанақа бир минут?
- Навбатга туринг!
- Ёшгина экансиз-ку, уялмайсизми?
Хонимча эса эшитиб эшитмаганга олгандай иршайди. Аксарияти аёллар бўлган навбатдагиларнинг баттар энсаси қотди:
- Қочинг! Навбатда туринг!
- Сурбет!
- Яна ҳижобдамиш?
Анчагина бети қаттиқ экан.
Унга на таъна, на дашном, на ўқдек нигоҳлар таъсир қилмади.
Мени ҳам сабр-косам тўлди:
- Болам билан турибман, синглим. Қорни оч! Орқадаги онангиз тенги аёллар ҳам иссиқда қайнаб, дамлари қисилиб кетди. Уялинг!
Миқ этмади.
Қабулдаги одам чиққач, безбет олифтани силтаб деярли куч билан ўзимни ичкари урдим. У оломондан қочиб, орқамдан отилиб кирди.
Директор мени таниб қолар. Ҳозир ўзи навбатсиз кирган тарбиясизни ташқарига қувади, деган умид бор эди.
Аммо бундай бўлмади. Олифта ўзини танитгач, директор б..қдан тилла топгандай, қувониб, каловланиб, иршайганча, етти букилиб сўрашгач, мен билан салом-алик ҳам қилмай, ташқарига чиқиб туришимни айтди.
Характеримни кўрсатиб қўйгим келди-ю, жавдираб қолган уч яшар ўғлимни қўрқитмай деб, индамай бўйсиндим.
Бир оздан сўнг иккаласи ичкаридан бирин-кетин чиқиб келишди. Аввалги аёлларнинг бирортасини кузатиб қўймаган директор ҳалиям қаддини ростлаб олмаган.
"Майли опажон".
"Хўп бўлади, опахон".
"Чой қилмадик-да, опажон"лаб, қуюқ хайрлашгач ҳам кўнгли тўлмай, ортидан тикилиб турди. Кейин жиддий тортиб, ичкарига йўналди. Ортидан кирдим ва мен ҳам салом-аликни унутиб, савол бердим:
- Ким у?
Директор худди жиддий бир имтиҳондан ўтиб олган талаба, йўқ "фас" командани аъло даражада бажарган "овчарка" итдай тили осилиб, яна бир қур атрофга назар ташлаб (гўё хозиргина ташриф буюрган хоним бу хонадан норизо бўлиб кетмадимикан, деган ўйда), кўнгли тўлди чоғи, чуқур уҳ тортгач, жавоб қайтаришга чоғланди.
Жазмани.
Фақат шу сўзгина миямда айланаётганди. Чунки директорнинг ҳаяжони севгани билан дийдорлашган ошиқнинг ҳолидан кам эмасди. Лекин у мутлақо бошқача жавоб қайтарди:
- Эээ, гапирманг. Фалончи фалончиевнанинг жияни экан. Тепадан қўнгироқ қилишса ишонмагандим. Ишқилиб, мендан бирор хатолик ўтмаган бўлсин-да...
Гапларига яхши тушунмай, талмовсирадим.
- Нима, ичкарида у-бу нарса қилдингизми? Ёки бирор ҳодиса бўлдими, хатоликка йўл қўясиз?
- Йўўўқ, - деди у яна бир қур атрофга назар ташлаб, - Боласининг ҳужжатларини олиб қолдим, холос. Шу... салом-алик, муомаламда хатолик ўтмадими, деяпман-да.
Энсам қотди-ю, ортиқча савол бермадим. Ҳужжатларни топшириб, эшикка йўналган чоғимдагина қитмирлигим тутиб, яна бир савол бердим.
- Роса опахонладингиз. Лекин ёши мендан ўн беш ёшларча кичик. Хафа бўлмадими? Қаритиб қўйдингиз-да.
Унинг ранги оқариб кетди. Сўнг нафақат Темурни, балки мени ҳам қўрқитиб "портлади":
- Ваааах!!!
Бир сакраб тушсам-да давом этдим:
- Ишқилиб, лавозимингиздан олдириб ташламасин-да!
- Ииии!
- Фалончи Фалончиевнага арз қилмасин-да...
- Ууу!!!
Эшик очилиб, ичкарида нималар бўлаётганига ақли етмаган навбатдошларнинг калласи кўринди. Сўнгги зарбани уларнинг гувоҳлигида берганим яхши:
- Боя сиз эътибор бермадингиз. Олдингиздан тиржайиб чиқди-ю, сал нарига бориб, қовоқ уйганча, сумка титкилади. Манимча Фалончи фалончиевнага қўнгироқ қилиб, муомалангиздан арз қилди-ёв.
Бу сафар директорнинг энсаси қотди:
- Ёлғон ҳам эви билан-да. Сиз дархол ортимдан эргашдингиз, уни сумка титганини қаердан кўра қолдингиз?
Кулиб юбормоқчи эдим, улгурмадим. Эшик олдида турган аёллардан бири ваҳима билан луқма ташлади:
- Мен, биз кўрдик қовоқ солиб, сумка титганини. Кейин роса қўлини пахса қилиб, кимгадир шикоят қилди. Сизни кабинет томонга қараб, депсиниб-депсиниб ҳам қўйди. Кўзлари бирам олайди, бирам олайдииии, оғзиям қийшайиб кетди-ёв....
- Ииии-юююв.
Бу қичқириқ хотинлардан чиқдими, директорданми, англай олмадим.
Бир кўз қисаётган навбатдошлар, бир бошини чангаллаб қолган директор томонга кўз ташлаб, кулиб юбормаслик учун, ўзимни аранг тийиб, телефонга ишора қилдим:
- Ҳозир яна қўнгироқ қилиб қолишади-ёв...
Гапим тугамай, стол устидаги иккита хизмат телефонларидан бири асабий жиринглай бошлади. Директор бақадай қотиб қолди.
Сўнг бизни борлигимизни ҳам унутиб, гўшакни ўпгудек, ялагудек бўлиб, дўрдоқ лабларига босди. Аммо овози аёлларникидек чийиллаб чиқди:
- Алёёё.... Ким? Ха, мен! Нима, ҳа, хайрият! Худога шукур, сизмисиз? Мен фалончи... фалончихон, опахон...ээээ хуллас биттаси деб ўйлабман-да. Ҳа, ҳа... Нима, мен ҳозир қаердан топаман сизга болалар ёзувчисини? Мактабда лагерь ташкил қилинди дегани ҳамма ташвиш директорни бўйнига тушади деганимас-ку! Ёзувчилар уюшмасими... бир бало ташкилот бор-ку, ўшаларга қўнғироқ қилинглар! Болалар ёзувчисимиш... қаттан топаман? Отлиққа йўқ-ку!
Бу сафар чидамадим. Қаҳ-қаҳ уриб, кулиб юбордим.
Таниқли бир ўқув даргоҳини бошқараётган зиёли раҳбарнинг аҳволи шуми? Демак, бу "хомосапиенс" фақат Фалончихон фалончиевани танийди, анави калла аталмиш қути эса фақат Фалон...фалончиевлар ҳақидаги ахборотнигина ўзлаштиради.
Кулгидан аранг тўхтаб, очиқ, масхараомуз иршайдим.
Директорнинг жаҳли чиқиб, бўғриқиб, ўқрайиб қаради.
- Ҳа, маймун ўйнатяпманми?
- Йўқ! - дедим, тилимни тиёлмай, - Маймунлар сизни ўйнатишяпти-ку!
- Ким?!
Эшик олдидагиларнинг попуги пасайиб, узрнамо чувиллашди. Мени эса тўпиғимга сув чиқмади. Рост-да, кимдан қўрқаман?
Бешта китоби нашр этилган, асарлари дарсликларга киритилган, бешта эртаги мультфильм бўлган, энг муҳими отлиққа йўқ болалар ёзувчисиман-ку!