ҲАЁТ


 Хосият РУСТАМОВА


ҲАЁТ

О, қандай ўтказиб юбординг тирик,
Бутун чиқармикан тегирмондан тош?!
Мен Сенинг қаршингда туриб типпа-тик,
Қўшқават ёқамдан чиқараман бош.
Тишимни тишласам — кўзга ёш инди!
Бор экан менда ҳам оқибат, инсоф.
Балки қўрқмасам ҳам бўлади энди —
Чунки мен ютяпман — 40:0 ҳисоб!

***
Кўзимнинг ёшлари ювиб ғуборни —
Йиғлагим келганди ўшанда ичдан.
Айта оласанми,
Эсингда борми —
Қандай шароб эди ўша мен ичган?
Қанча совуқ сувга юзимни чайдим,
Шунда ҳам кўринар ранглар фақат оқ.
Бошим айланмаса, маст бўлмасайдим —
Бу дунёда асло қолмасдим узоқ.

***
Худоданми — Фалакдан,
Совутиб қўйди юзни.
Эритолмай ҳалакман —
Юрагимдаги музни.
Турибман шимариб енг,
Ўтин терилган. Йўл берк.
Авайлайман сени мен —
Сўнгги гугурт чўпидек...

***
Ғийбатчи кун қия ясаркан қилдан,
Куйдирмажон қуёш бўлганда нақ қирқ.
Осмону фалакнинг муҳаббатидан
Ернинг танасига ўтади иссиқ.

***
Қўрқмайман. Бу фалак чархласа чархин,
Дунё жим орқамдан тушганида ҳам.
Фақат шеър ёзаман.
Яна бир айбим —
Одамларни яхши кўраман!

***
Тезроқ ота қолса тонг,
Қолди оёқ уюшиб.
Нима қиламан — Осмон —
Бошимга кетса тушиб.
Ёпишиб қолган лабим
Қўрқиб кетдим. Қотди бош.
Нақ улкан ёнғин каби —
Чиқиб келмоқда қуёш.

***
Турар афти буришган тўнка —
Кўкрагида яшириб тошни.
Бутун дунё кўтарар кўкка —
Истараси иссиқ қуёшни.

ЁНҒОҚ

Сал бўлмаса очар кафтини,
Тошни ёмон кўрар итидан.
Бужмайтириб қўяр афтини —
Бош чиқариб яшил пўстидан.

***
Асло овоз чиқармайди ер,
Жим ўтирар узоқни ўйлаб.
Гандираклаб турганда Апрель —
Юлдузларнинг қўлини сўраб.
Ич-ичига ўт қўяр фироқ,
Йиғлаб зўрға оттирар тонгни.
Фақат рашкчи момақалдироқ,
Пўстагини қоқар осмонни.

***
Шамол аччиқланиб гоҳ,
Тескари бурар юзин.
Қарайди бошдан-оёқ —
Кўзи сузилган узум.
Кўлмакларда қуш ини,
Хазон-ла ётар чириб.
Куз ўтади кўксини —
Пуч ёнғоққа тўлдириб.

***
Қийналса ҳам асло чўкмас тиз,
Эрта-ю кеч турар типпа-тик.
Йўлакларда қолдириб из-пиз,
Бирорта қуш қоқмайди эшик.
Кўкрагини ўтмайди кериб,
Шамолларнинг йўқ каби вақти.
Яхшиямки, баҳорга келиб —
Дарахтларнинг очилар бахти.

***
Ҳатто қўлим бормас
қувишга,
Сенда не айб — ит бўлса зотинг.
Вақт сарфлашга, тиш синдиришга —
Арзийдиган суякни топдинг.

***
Кетгандим ҳаётнинг ичига кириб,
Бирор бир кунини қилмасдан канда.
Илоҳим, ўлмасдан қолмай йиқилиб —
Кўнглим айнимасин Ҳаёт деганда.

***
Ер тирнаб, ўзини ўлдириб итлар,
Қоп-қора тунларга сочар қаҳрини...
Кетмоқда тоғларни олиб бургутлар —
Остига яшириб қанотларини.

***
Агар индамасанг қўйиб ҳолига,
Ёки бош-бошини турмасанг қирқиб.
Бақиргиси келар бор овозида —
Токлар деворларнинг устига чиқиб.
Ёз қўшни томгача ёйганида сеп —
Уч ойлик баҳорнинг олиб дарсини.
Қўшни деворлардан мўралайман, деб
Анор ёриб олар пешонасини.

***
Бўлди. Етар. Энди мени тупроқлик қил,
Ўз уйимга бир ўзимни кирмоқлик қил.
Ё Раббимо, қўрқоқлик қилди, демагин —
У ён отма, бу ён отма, бир ёқлик қил!

***
Кетаман ҳаётдан йўлимни буриб,
Жонсиз бир суратман — Мусаввир чизган.
Бошимга чиқади қуш бўла туриб —
Онам бўла туриб хом сут эмизган.
Кимдан гина қилай,
Арз қилай кимга —
Ўзимни қаерга қўяй айни дам?
Балки шунинг учун таъм йўқ шеъримда —
Балки шунинг учун фикр айниган.

***
Боқиб боғнинг рангу рўйига
Қовуштирар қўлини беҳол.
Гуноҳини олиб бўйнига
Ер чизганча турар мажнунтол.
Қалдирғочлар келиб мўлтирар,
Тополмасдан оғочларини.
Дарахтларда токлар ўлтирар —
Чалиштириб оёқларини.

***
Мана, қўрқмасликни ўргандим энди,
Қанча йиллар ўтди ахир орадан.
Кўрасан. Бир куни етаклаб Сени —
Тушларимга кириб бораман.

***
Шамол кучли эсди... Ва ёмғир —
Ерга ботиб кетдими танинг.
Ё кимгадир ботдими оғир —
Деразамни қўриқлаганинг?
Не кўз билан турибман кўриб,
Сенинг мурданг, уч-тўрт қарғани.
Балки менга айтмоқчи бўлиб —
Тортгандирсан роса пардани.
Оҳ, жонима менинг ўлмаган,
Чидар еру осмон қаҳрига.
Ўлиш шартми, бўлар-бўлмаган —
Шамолларнинг силтаганига.

***
У ҳаётнинг ёз-у қишида,
Шамол каби бўлмади бахтли.
Бир тошюрак ернинг ишқида —
Умри хазон бўлди дарахтнинг.

***
Иш қизиди.
Тупроқ тортди нам,
Ерда қуёш акси ярақлар.
Пасту баланд девор ортидан —
Мўралашиб қарар дарахтлар.
Замин қолар янаям омон —
Совуқ сувга босиб ҳоврини.
Ва кун бўйи чарчаган кетмон —
Ўртасида қолар ҳовлининг.

АНҲОР
Сенинг сабр косанг тўлиб-тошдими —
Юзага чиқардинг дуру гавҳарни.
Баъзан алжираган сувлар тошқини,
Ғарқ қилмоқ пайида балиқчаларни.
Ўтиб кетаётиб кўраман баъзан,
Ўзи ҳам уялиб кетар ариқлар.
Балки шунинг учун совуқ сувни ҳам,
Пуфлаб ичар оғзи куйган балиқлар.

***
Во дариғ!
Мен билан бўласанми тенг —
Айбим — айтганингни қилмаганимми?
Ундан кўра уриб-тепкиламай Сен —
Ўргатсанг бўларди билмаганимни.
Салгина нарсага қиласан жаҳл,
Сени эсласам ҳам титрайди қўлим.
О, ҳаёт!
Қачонги ҳаётсан, ахир,
Ўзим ҳам қачонги —
Қирқ йиллик Ўлим!

***
Бир ҳамла қилсам бас —
Оламан кўкни,
Ҳали қувватимни Худо олмаган.
Ернинг остида ҳам бирор жой йўқки —
Менинг илдизларим кириб бормаган.

***
Нимадир янгилик борми “ярқ” этган,
Ер титраб турибди.
Кўкда йўқ ғурур.
Токи бошимизда Осмон бор экан —
Бош эгиб яшашга мажбурмиз. Мажбур!

***
Ҳаёт олиб кетар... Мени ҳам,
Сенга эса етар ўз ғаминг.
Ўлим эмас номи...
йўқ, ҳечам —
Мени олиб кетган нарсанинг.
Келармиди бошимга насим —
Қолмасмиди қўрқувдан қотиб.
Яна пасткаш ўлим юрмасин,
Дўпписини осмонга отиб.
Яшайверсин ҳали хотиржам,
Китобларим қадрини билиб.
Мен дунёни ташлаб кетаман —
Бош-кўзимдан садақа қилиб.

***
Айтсам ишонмайсан — борман ҳали ҳам,
Елкамга юкланган тўрт фасл, тўрт қиш.
Ўзи бўладими, қирқ йил наридан —
Энг оғир юракни кўтариб келиш.
Чарчадим. Оғриқлар кўксимга ботди
Бу ҳолда дунёдан ўтаман қандай?
Юрагим тўхтади бир зум — Ҳаётнинг
Қўрқинчли жойига етиб келгандай.

***
Шифтда қалдирғочлар ёймоқда қулоч,
Қуёш ер юзига сочмоқда зиё.
Болам! Болажоним!
Кўзларингни оч —
Ҳазиллашганни ҳам билмайди Дунё.

***
Икки ёнга ағдариб тунни,
Шудгор қилиб юрган кезларим.
Ҳар томонга отиб шовқинни —
Ўтиб кетар юк поездлари.
Кийимларни жойига тахлаб,
Энди артиб чиқсам лойларни.
Тўзитади юлдузлар сакраб,
Мен супуриб чиққан жойларни.

***
Ҳали қолар музлар ҳам эриб,
Ҳаёт ярар ортиқ-камимга.
Эрта бир кун шамоллар келиб —
Бош уради оёқларимга.

КУЗ
Ёнғоқ ўзин ҳар ёнга отиб,
Уялмасдан очар танини.
Дийдалари тош каби қотиб —
Ердан олар аламларини.

***
О, бунча тез чиқмаса жаҳлинг,
Айтганингни қилди ахир у.
Ўтирмасдан ҳар бир кўчатнинг
Илдизига қуйиб чиқди сув.
Кетди жуда жонидан тўйиб,
Қарғишига қолди у қорни.
Алданган Март энди йил бўйи,
Кўчасига кирмас Баҳорни.

***
Кўзларимдан дув-дув оқиб ёш —
Токлар каби турганимда жим.
Танглайимда ётганида тош,
Кўрмасмидим, бу қадар зулм?
Қўрқинчлими, ҳаёт, ҳар онинг —
Бир гап айтмай йиғлар ичида.
Бор алами — аччиқ бодомнинг
Тилларининг турар учида.
Тегма, яшаб турибман аранг,
Ўтдим умр бўйи талқон еб.
Эзаверсанг, эзғилайверсанг —
Ўтирмайман юзинг-кўзинг деб.
***
Ҳамма ҳовлиларга суқиб кўрар бош,
Эшиклар очилиб турганда ярми.
Нур тушиб кўзини очолмай қуёш —
Адаштириб юрар деразаларни.

***
Қаерга борайин — чекиб оҳ-фарёд,
Яқиндан эшитсам ўлим сасини.
Ё Парвардигорим, кўзимни Ҳаёт —
Қарға бўлганимда чўқимасмиди?


ҲАЁТГА


Қизиғи бормикан Сенга ҳам ўлсам —
Ўртага қўймагин Одам ё соқчи.
Ўзимга айтавер — нима гап бўлса —
Қувламоқчимисан,
Ў қамамоқчи?

***
Шамол ҳар кун келар шошилиб,
Йўқдек мендан бошқа бир дарди.
Дунё, мени олдинроқ келиб —
Сўраб-суриштирсанг бўларди.

***
Шамол эсиб сукут бўлинар,
Тун оҳиста боради сўниб.
Ухлаёлмай қўрқсам — кўринар —
Ой кўзимга иккита бўлиб.

***
Томирларда жўш урар ғазаб,
Қаричилик чулғар танини.
Токлар қулай томонга қараб
Узатади оёқларини.
Боғда шундай қоида-тартиб
Ёрдам қўли чўзилар илдам.
Дарахт ўзи борар кузатиб,
Токни олиб қўлтиқларидан.

***
Тонгда Апрель юрар от миниб,
Хавотирга тушар қари-ёш.
Булут кўкка чиқар отилиб
Иситмалаб қолганда қуёш.
***
Кўзимга нур тушиб — титради таним,
Санчиб олар қуёш кўксимга найза.
Худди ҳамма гапдан хабардор каби,
Оғзини чурқ этиб очмас дераза.

***
Яна менга бу қандай зарб,
Қаддимни ёйдай буклайсан.
Эшак, деб ўйладинг, ёраб —
Оғир ишларни юклайсан.
Юким кўп. Оғрийди елкам,
Етиб бормай тушар қўлдан.
Сенга қулоқ солай, десам —
Нетайки, хуржуним тўлган.

***
Кўнглим жойига тушарди —
Умрим кетмасди бесамар.
Билинмасди тошлар зарби,
Жоним чиқиб кетса агар.
Топилмас, йўқ, бошқа чора —
Олсам бошимдан ошириб.
Ҳарна жонимни Худога —
Кетсайдим тезроқ топшириб.

***
Эрталабдан ўчиб ранг-қути,
Осмон гўё қилгандай гуноҳ.
Бор дардини ичига ютиб
Қон босими ошиб кетар гоҳ.
Турар ишга қўллари бормай,
Кўтаролмай эгилган бошни.
Ҳеч нарсани тушунтиролмай —
Жизғанаги чиқар қуёшни.

***
Қачондир шу ерда бор эдим мен ҳам,
Сўнг бир кун қўл силтаб ташладим-келдим.
Қайтадан туққиси келмади онам —
Балки яшармидим, яшамасмидим.
Эсласам, кўзларим тўлади ёшга,
Қайси айбим учун ахир бу товон.
Яшаганман, деган бир сўздан бошқа —
Ҳеч нарса қолмади хулласи калом.

***
Айлантирди бўрига зуғум,
Кўз ёшларим қуриди, тинди.
Қўрқмай ташлаб кетавер бугун,
Қўриқлашим мумкин итингни.
Фақатгина қолдир бўйнида,
Бир парча сўз — ундан ном-нишон.
Ажабланма, итинг ўрнида —
Бўри турса — оғзи тўла қон!
Айлантирар бўрига зуғум!

***
Қўнса ярадор қушдай,
Ёниб кетар тоғу тош.
Ётиб олар кеч тушмай —
Иссиғи чиққан қуёш,
Сўнг кўкни йўтал тутар,
Кўриб бўлмас рангини.
Қоқиб юрар булутлар —
Юлдузларнинг чангини.

ҲАЁТГА
Ким қўйибди менга бунча синовни,
Борми ҳеч имтиҳон қўрқув солмаган?
Қандай яхши кўрай, бошқа бировни —
Сени кўришга ҳам кўзим қолмаган.

***
Шукур-ку Худонинг берган кунига —
Эсга тушар баъзан онам ёпган нон.
Болалик уйимнинг ўнг биқинида
Бўларди кичкина, кўримсиз дўкон.

Баъзида нимадир қоларди сотиб,
Чўзилиб кетарди савдо тонггача.
Унда музлатилган балиқдан тортиб,
Бор эди ароғу кир совунгача.

Дўкон сотувчиси — сал нари қўшним,
Устидан чиқардим ажиб ҳолларни.
Баъзи харидоргир молларга қўшиб,
Сотарди ўтмасдан қолган молларни.

Ё Тангрим, чув тушиб қолмасми ҳеч зот,
Кимга ахир бунинг фойда, зиёни?
Бугун менга қўшиб сотмоқда ҳаёт,
Ўтмасдан, чанг босиб қолган дунёни.

ЯНГИ ФАСЛ
Дунё аста-секин тушар музидан,
Ёғочлар тушида кўрар баргини.
Олиб ташламоқчи бўлар кўзидан,
Ариқлар дарз кетган кўзойнагини.
Баҳор кириб келар — ёришар осмон,
Муз остида сувлар бошлайди юриб.
Мўралаб тургиси келар ҳар замон —
Балиқлар чатнаган ойнани суриб.

***
Гўё икки қўллаб ёпишгандай дард,
Гўё топган каби фақир тенгини.
Мен лўли мисоли елкамда фақат —
Сезаман осмоннинг оғирлигини.
Шунга бўйим ҳам паст.
Қисқадир дастим,
Ёш-ку ўтиб бўлди.
Йўқолди куч, шашт.
Озгина бўлса ҳам ноқулаймасми —
Бир умр бировга суяниб яшаш.

***
Ё ҳаёт, юзимни сидириб пастга,
Энг яқин дўстимга қилгандай ҳазил.
Баъзан тутаб-ёниб,
Баъзида аста —
Мудом қанот сўраб яшадим 40 йил.
Шукур, бугун менинг ҳамма нарсам бут,
Сендан сўрайдиган нарсам тугади.
Шартта учиб кетсам бўларди,
Ёхуд —
Энди бу осмонинг пастлик қилади.

***
Дунё, рўпарангда турибман шундоқ,
Ҳолимни сўрмасдан — қайга бўйлайсан?
Ортга қайтай, десам, йўллар кўп йироқ —
Олдинга юришга қўймайсан.

***
Шу билан етдими умр сўнгига,
Шу билан бу ҳаёт бўлдими озод?
Тугаб бормоқдами кўзим ўнгида —
Тугамайдигандай кўринган ҳаёт.
Энди мен ҳақимда не этилар қайд,
Кераги бормикан беруҳ танимни.
Эсим кетганмиди шунга шунча пайт —
Ўғирлаганмиди хаёлларимни.
Тунни қора қилдим —
Кундузни таниб,
Офтобдан яширдим уни субҳидам.
Ахир мен ҳаётни ўзим кўтариб —
Катта қилган эдим болалигидан.
Севиб эркаладим,
Севиб босдим лаб,
Унинг кўзларида қолди суръатим.
О, шунча яшадим қирқига чидаб —
Қирқ бирига эса етмас журъатим.

***
Барибир дунё қўрқоқ,
Гуноҳини олмас тан.
Гўё узилар япроқ —
Шамолнинг айби билан.
Гўё дунё бехабар —
(Қуруқ чиқар сувдан ҳам.)
Ўлиб турар одамлар —
Худонинг айби билан.

***
Азизим, дунёнинг бўлгани шуми,
Ҳаёт аталарми шу дову даска.
Эслайман, руҳимнинг туғилган куни —
Анча юксаклардан қарайди пастга.
Дунё кенгга ўхшар.
Ҳаво беадад,
Соя ташлаб ўтар қуёшнинг акси.
Орзум ушалдими?
Муроду мақсад —
Кўрган-кўришганим шуми ҳаммаси?
Яшин тезлигида учдим — беқанот,
Шунақа бўлар, деб яшаш тилсими.
Азизим, не кўйга солмади ҳаёт —
Руҳимнинг кўриниб турган қисмини.
 

ДАРАХТЛАР ВА МЕН
Ё Тангрим,
Сен менга куч бер,
Бер чидам –
Худди дарахтлардай кўтарайин қад.
Ичимга қор ёғиб турганида ҳам,
Мен кулиб туришим керак ҳамма вақт.
Қушлар дарахтларни айласа ҳам тарк,
Чидар.
Аёзлардан ўтар типпа-тик.
Шунда ҳам олмалар ёзаверар барг,
Шунда ҳам гуллайди бечора ўрик.
Ўргат, тошларга ҳам гапирай майин,
Аёлман!
Худойим, келтирмайин шак.
Мен ҳам дарахтлардай гуллайверайин,
Мен ҳам дарахтлардай ёзайин куртак.

ОЙНАДАН КУЗАТИБ 

Ҳовлида озгина ўйланиб турдинг,
Сўнг кўкка термилдинг — юлдузлар шаффоф! 
Қўлингда тамаки — ёнар гугуртинг,
Нур тўла юзингдан ёришар атроф.
О, ажиб манзара касб этар тегранг,
Чекасан,
Бепарво туришинг ўктам.
Сезмайсан, кўзимга тўлдириб жуссанг — 
Ойнадан кузатиб турганимни ҳам. Аслида тамаки соғликка зарар,
Шу боис мен уни қиладирман рад. Майли, чек! Чекишинг зарур бўлса гар,
 Азизим, ғам-алам чекмагин фақат !
*  *  *
Оқшом чоғи деразамдан
Мўралайди қоронғи,
Сукунатнинг қай бир тилда
Жаранглайди сўзлари...
Менинг ғамгин нигоҳимга
Ғамгин-ғамгин
Боқар у,
Хаёлимни ўғирлайди
Хира торттан кўзлари.
Анув кўкни
Ҳардамхаёл ой кезади
Паришон,
Дарахтларнинг
Борган сари
Кучаяди титроғи.
Қоронғу тун!
Гар руҳимдан
Ажраб чиқиб кетса жон –
Айтгин!
Менга етармикан
Бу дунёнинг тупроғи?!










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот