ИЖОД - ЙЎРГАКДАН АВВАЛ ТЕККАН ДАРД


  Ўзбек халқининг севимли шоираси Зулфия Мўминованинг таваллуд топган куни муносабат билан Дугонамга дил изҳорларимни айтдим, аммо ёзганим бошқача бўлди. Шуни сизларга ҳам илиндим, дўстларим.

  Ҳақиқий ижодкор адабиётга эмас, адабий бир шавқ ижодкорнинг қонига кириб келгачгина сўзнинг таъсирига тушади. У энди ўз хаёлларини ато қилинган сўз қудратига таслим қилади. Ёҳуд ато қилинган илоҳий қудратнинг ўзи уни бошқара бошлайди. Бир учлигимда: “Ижод – йўргакдан аввал теккан дарддир”, дегандим.
  Дарҳақиқат, Яратгувчи сўз ошиғига у ҳали бу дунёга келмай турибоқ “шоир” дея тақдири азалга рақам чекади. Бу гап қанчалик баландпарвоз туюлмасин, адабиёт ҳақидаги ўй-тушунчаларнинг негизи шунга бориб тақалади.

Сўз, шеър, шавқ.

  Шоир мана шу уч қудрат билан тирик. Ўз сўзи фақат ўзиники бўлган СЎЗ эгаларигина – ШОИР.
   Шеър – фақат ўз ҳоли билан, ўзининг ташбеҳлари билан оқиб келадиган пўртана оқим.
  Шавқ – бу неъмат. У тилаб олинмайди, талаб қилиб ҳам. Шавқ ато этилади, яъни чинакам шоирга шавқ шавқларнинг яратгувчиси томонидан илтифот қилинади. Бу уччала бирлик шоирнинг “мен”ини ташкил этиб беради.
   Мен тенгдошим, дугонам, ҳар бир янги ташбиҳларига, илоҳий шавқига эга бўлган, шеърларига дуч келганимда кўзларимда ёш қалқийдиган шоирам Зулфия Мўминова ҳақида ўйлаганимда юқоридаги фикрларим пўртана бўлиб оқа бошлайди. Бир суҳбатимизда Зулфия: Сен билан бир даврда яшаш қандай мазза-я, деди. Менга ҳам мазза, - дедим! Биз иккимиз ҳам бахтлиларданмиз чунки, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Омон Матжон, Ҳалима Худойбердиева, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Муҳаммад Юсуф, Сирожиддин Саййид, Асқар Маҳкам, Иқбол Мирзо каби адабиётнинг улкан дарғалари билан бир даврда яшадик, яшаяпмиз. Улар билан дўст бўлдик, елкадош бўлдик. Уларнинг овозига ҳамоҳанг бўлдик. Тасаввур қилгин, Зулфия, улардан юз йил кейин яшаганимизда қанчалар армонда қолган бўлардик.
  Минг афсуски, кўпинча даврдошлар бир-бирлари ҳақида кўп яхши гаплар айтишмаганини, тўғрироғи айтгиси келмаганини, эътирофга кучи етмаганини эшитганмиз. Энг хатарлиси чин истеъдод устидан бўҳтонлар ёмғирини ёғдирганларини, натижада улар қамоқларга, сургунларга, отувларга маҳкум бўлганларини ўқидик. Қара, ёнингдаги одамингнинг инсоф ва диёнати нақадар аҳамиятли...
  Зулфижон, минг шукрки, у замонлар ўтди. Биз бир-биримизни ижодимизни эламадик, унинг ичидан тош, курмак изламадик. Қандай бўлса, шундай қабул қилдик, қувондик, ҳузурландик, фахрландик. Тўғри- да, бу адабиёт оламида биримиз ой, биримиз қуёш, биримиз юлдуз бўлдик. Биримиз шамол, биримиз чақмоқ, биримиз булут бўлдик. Биримиз райҳон, биримиз тикон, биримиз зарпечак бўлдик. Биримиз бургут, биримиз бойқуш, биримиз булбул бўлдик. Биримиз от, биримиз туя, биримиз ит бўлдик. Шундай экан, ҳамма ўз қурбатига яраша ижод қилаверди. Сен нега ундай ёздинг, дейишлик эй, қарға, сен нега қумри эмассан, дейиш билан тенг. Демак, Яратганга ақл ўргатиш билан тенг, деб ҳисобладик. Шундай ўйладик ва тўғри ўйладик. Ўзимизни ҳам, бировларни ҳам қийнамадик. Хайриҳоҳлик қандай гўзал неъмат! Ўзингдан зўрни, ўзингдан аълони тан олмоқлик мардларнинг мардлиги эмасми?!
  Турклар дўстини орқадошим дейди. Демакки, мени орқамда турувчим, орқамдан отилган найзаларга қалқоним, бўҳтонларга буҳроним дегани демакдир. Мен ҳам сенинг орқадош бўлганингни кўп кўрдим, эшитдим. Элимизнинг бир гўзал гапи бор: одам одам ҳақида мен уни биламан дейиши учун, у билан бирга бир пуд (16 кг) тузни бирга баҳам кўрган бўлиши керак. Яъни бир даврада, саёхатлару дастурхонларда синовлардан ўтмоғи керак.
  Зулфижон, биз кўп намакдош бўлдик. Сирдош, сафардош бўлдик... Биз бирга Қўқон ва Нарпай кўчаларни кездик. Ота оналаримиз қабрлари устида йиғлашдик... Ўқиган мактабларимизни зиёрат қилдик.
  Зулфижон, мен сени биламан! Капалакнинг қанотидек нафис хаёлларингни, доимо тиғ устида турадиган кўнглингни биламан.
 Шеърларингни бирида: “Кетаман, эрини ёмонласа ҳам, Хиёнат қилмаган аёллар томон”, дейсан ва ўзбек аёлини етмиш икки томиридаги софлигини, сирини очиб берасан, аёл жилмайиб туриб ўлиши мумкинлигини эслатиб қўясан бу башар эркакларига. Кимдир қўлига қурол бериб қўймасидан аввал китоб беринг болага деб, ҳайқирганингда хушёр тортасан, “Сувга кетган каби кетар одамлар” деганларингда беихтиёр ўша одамларга эргашиб кетаётганингни ҳис қиласан. Бир куни бир ижодкор опамизнинг олтмиш йиллик тадбирида ўн беш-йигирма одамни тўпланганини кўриб, сен гапир, мен гапирмайман, деб сўзга чиқувчиларнинг сансалоларини эшитиб юрагимиз увишган дамда наҳотки, олтмишга кирсанг олтмишта одаминг бўлмаса?! деб юракларимизни ваҳима босган эди. Минг қатла шукрки, сени ота юртинг Самарқанд ардоқлади, бошига кўтарди. Ёнингда қавминг бўлмиш олтмишта ижодкор, олти юзта хайриҳоҳларинг, олтмиш мингта мухлисларинг иштирок этди. Айниқса, Самарқанд ҳақидаги шеърингни ўқиганингда Шоҳи Зиндалар, Регистонлар, мадрасаю мақбаралар титради. Эй, Самарқанд, сенга яна нима керак?! Сенга яна қандай қиз, қандай шоира керак?! Бутун умрини соғинчга тутган, вафога, садоқатга фидо қилган қизингга қулоқ тут! Шоирангни ардоқла! У сенинг овозингдир!
Зулфижон,
Қошлари камоним, руҳи равоним,
Тоза томирларда унган райҳоним,
Сен билан ҳар дамда яшамоқлик хуш,
Сен кўнглим қувончи, жону жаҳоним.
Зулфижон,
Сен билан не давру давронни кўрдик,
Йўлимизда не ҳарсанг, тўғонни кўрдик,
Меҳримиз тафтига бардош беролмай,
Эриб битган шамдай ёлғонни кўрдик.
Зулфижон,
Дарёлар бўйида “сув”, деб чопган - биз,
Косамиз синдириб, озор топган, - биз,
Самандардай куйиб, қақнусдай ёниб,
Жонимиз тандирда нондай ёпган – биз.
Зулфижон,
Хасратлар девини хумларга солдик,
Сабрнинг дарсини тоғлардан олдик,
Букилмас бўлдиг-ей, тиғ ўтмас бўлдик,
Бир роҳатда қолдиг ей, ҳузурда қолдик.
Зулфижон,
Тонгларни кутолдик ёруғ юз билан,
Томирларни ёққан ёниқ сўз билан,
Аламлар шашқатор, дардлар шашқатор,
Лек элга жилмайдик, тирик кўз билан.
Зулфижон,
Юраклар тафтида исинмоқ пайти,
Меҳрни меҳрга илинмоқ пайти,
Тунларимиз ойдин, кунлар ҳам гулгун,
Энди армонлардан бўлинмоқ пайти.
Зулфижон,
Биз асли аёлнинг Момо Ҳаввоси,
Ишқнинг матлабимиз, ушшоқ навоси,
Миллат қанча турса, яшагай қалам,
Биз аёл овози, аср садоси!

Фарида АФРЎЗ.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот