СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ
СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ барибир сунъий
Бугун босма матбуотда энг фидойи, жонкуяр жадидлар қолди. Журналистлар аксарияти тирикчилик ёки ном чиқариш учун моддий жиҳатдан бой ташкилот, уюшма, вазирликларга матбуот котиби бўлиб кетди. Албатта, мен матбуот котиблиги лавозимини журналистиканинг энг ожиз бўғини ва ҳамма нарсага «лаббай» деб турадиган «дастёр»и деб биламан. Ва бу миллий журналистикамиз обрўсини тўкмоқда. (Минг бор узр!)
Илгари таҳририятларга борсак, ҳозиргидек ҳувиллаб ётмасди, биргина адабиёт бўлимида бўлим бошлиғи ва катта икки мухбир кутиб оларди. Ҳозир шу газеталар ёпилиб кетмаслиги, авлодларга юзта нусхада етказиб бериш учун ҳам ҳамкасбларимиз садоқат билан ишлаб келмоқда. Уёғини сўрасангиз, ҳатто олти ойда ҳам маош олмайди улар. Чўнтагидан газета, журнал чиқариб бўлса ҳам шеър, ҳикоя мақолаларимизни беряпти, ўз шоир, ёзувчиларини халққа танитаяпти, яқинлаштираяпти. Ижтимоий ҳаётда ҳам кўприк бўлиб турибди. Шахсан, мен уларга таъзим қиламан!
Давлат нашрлари қаторида «Адабиёт зиёси», «Китоб дунёси» «Ижод чашмаси» газеталари ҳам шулар жумласидан.
Журналист ва ёзувчи Музаффар Муҳаммадназарнинг давлат рўйхатидан ўтган сайти, Фкйсбук, телеграм ва бошқа ижтимоий тармоқларда адабий саҳифалари бор. Минглаб обуначилар ҳар бир улашилган материалларни кузатиб боради. Савол туғилади: Хўш, унда «Ижод чашмаси» журнали нимага керак? Муҳаррир бу журнални ўз ёнидан чиқариб, текин тарқатади! Яна босма нашр!.. Шуни ўрнига қимматбаҳо машина олса бўлади-ку! Йўқ, чинакам миллат зиёлилари халққа доим зиё тарқатган,. Музаффар Муҳаммадназарнинг ота-онаси зиёли бўлган ва улар ишини давом эттирмоқда. Журнални ўнлаб сонини варақлаб чиқдим. Таниқли ёзувчи, шоир(а)лар Мунаввара Усмонова, Абдуқаюм Йўлдошев, Зулфия Қуролбой қизи, Қўчқор Норқобил, Хосият Рустамова, Зебо Мирзаева, Ҳалима Аҳмедова... Яна машҳур санъаткорлар, олимлар билан «тош» босадиган суҳбатлар нашр этилган. Ҳатто электрон варианти ҳам муштарийларга тақдим этиб келинмоқда.
Тўғри, онгимиз ўсиб бормоқда, эҳтимол, келажакда ўзи шеър ёзадиган роботлар ҳам яратармиз. Яъни, шоир, ёзувчи, журналистга ҳам эҳтиёж қолмас. Аммо сунъий интеллектуал барибир сунъий, бир чироқ ўчса, бариси зумда ғойиб бўлади. Босма нашр, бу - келажакка хатсаводни ёзма равишда қолдириш ҳам демакдир. Ижодкорларга «бозор адабиёти»ни бошлаб берган «сариқ матбуот» ҳам бугун дўконини ёпди, чинакам зиёли қатламни тарбиялайдиган бармоқ билан саноқли давлат ва хусусий нашрлар қолди. Албатта, уларни қўллаб-қувватлаш, юқоридан қанақадир фармон ёки буйруқ билан эмас, ички хоҳиш билан обунасини кўтариш, ҳеч қурса, икки оғиз илиқ фикр айтиш фақат ва фақат миллат зиёлиларининг ҳам кўмаги, ҳам бурчи бўлиб қолди.
Адиба УМИРОВА
С. А. Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография университети.
“Кинодраматургия” факультети талабаси.
2023 йил.