Нодир Жонузоқ таваллуд топган кун
Шоир Нодир Жонузоқович Холбўтаев (Нодир Жонузоқ) таваллуд топган кун.
Нодир Жонузоқнинг ўзи ҳақидаги таржимаи ҳоли
ЎЗИМ ҲАҚИМДА
Мен 1976 йилнинг 14 мартида Самарқанд вилоятининг Булунғур туманидаги “Килдон” фуқаролар йиғинига қарашли Сартюзи қишлоғида туғилганман.
Қишлоғимиз кичкина бўлиб, ўша пайтлари табиий газ, тоза ичимлик суви бормаган, 20-25 чоғли хонадон учта ҳовуз сувидан фойдаланар эди. Ўша ҳовузлардан бири бизнинг ҳовлимиз олдида жойлашган. Ҳали ҳам одамларнинг корига яраб турибди. Ёз кечалари ҳовуз четига ўтирволиб, сувдаги ойнинг акси-ю, юлдузларнинг жимир-жимирини томоша қилиш жуда мароқли эди.
Илк машқларимни 12-13 ёшимда, ўша пайтлари шеърлари «Ғунча», «Гулхан» каби журналларда чоп этилган тенгдошларимга ҳавас қилиб қоралаганман. Гарчи у битикларни шеър деб бўлмаса-да, оила а]золаримиз – дадам, аям, ука-сингилларим томонидан фавқулодда ҳодиса сифатида қабул қилингани эсимда. Ахир, яқин аждодларимиз, қавм-қариндошлар орасида қофия тизгувчи одам бўлмаган-да! Хуллас, шу-шу, қофиябозлик касалига чалиндим. Сал кейинроқ — қалбга муҳаббат оралагач, битикларимда тафт пайдо бўла бошлади…
Шоир ким? Шеър нима учун ёзилади? Ҳақиқий шеър қандай бўлиши лозим? Бу саволларга ўтган йиллар мобайнида кўп жавоб излаганман. Ҳар гал жавоб топгандай бўламан-у, бироз ўтиб, фикримдан қониқмайман. Ўйлаб қарасам, шеър ёзаман дея, сўзларни кўп увол қилибман — гуноҳидан қўрқаман энди. Ҳарҳолда, шеър ёзиш шунчаки эрмак ҳам, панд-насиҳат ёки тарғибот қуроли ҳам эмас. Ижод – шоирнинг ўзига ҳам бўйсунмайдиган фавқулодда зиддиятли жараён. Бу ҳолат осмону-фалакка ўрлаётган қуюнга ўхшайди: шоирни бир лаҳза юксакка олиб чиқиб, у бехабар бўлган уфқларни кўрсатади.
Бир гал ёндафтаримга ёзиб қўйгандим: «Шоир худди дарахтга ўхшайди. Дарахт карбонат ангидридни ютиб атрофга кислород тарқатгани каби, шоир ҳам одамларнинг дард-аламларини ҳазм қилиб, теваракка ёруғ туйғуларни, орзу-умид бўйларини сочади». Ҳали ҳам шу фикрдаман.
Шеърларим — безовта юрагимнинг кардиограммаси. Навоий, Машраб каби буюк шоирлари бор халққа ўзингни шоир дея танитиш жуда ҳам ноқулай. Лекин ўзингча бирон нарса қоралагандан кейин уни ўқимасликнинг, чоп этмасликнинг ҳам иложи йўқ. Ҳеч бўлмаганда, биронта шеърим кимгадир маъқул бўлса — бахтиёрман. Сизга ёруғ туйғулар тилаб,
Нодир ЖОНУЗОҚ