Фикр – моддий ҳодиса


Зилола Хўжаниёзова
Фикр  – моддий ҳодиса

   Дадам ҳуқуқшунос олим бўлиб, кўп йиллар суд-ҳуқуқ тизимида ишлаган бўлсаларда, қалбан адабиётга, санъатга яқин инсон эдилар. Керак жойда жиддий, ҳатто кескир, ўз жойида эса одамохун, қалбидарё эдилар. Ишдан толиққанларида, имкон топилди дегунча, ижодкор дўстлар йиғилишиб шеър айтиб, ғазалхонлик қилишарди. (Мендаги адабиётга ошнолик ҳам отамдаги ҳаваснинг инъикоси бўлса ажаб эмас).
  Дадамнинг таътилга чиқишлари биз учун байрам эди. Бутун оиламиз билан машинага ўтириб, “қайдасан Туркистон!” дея момомларникига сафарга отланардик. Дадам рулда, йўл-йўлакай Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовнинг шеъру достонларини ёд айтар, биз болалар орқа ўриндиқда чуғурлашиб жўр бўлардик. Уларнинг дурустгина овозлари бўлиб, Машрабнинг “Ўртар”и, Шералининг “Биринчи муҳаббатим”, Икромжон Бўроновнинг “Сен баҳорни соғинмадингму?”сини маромига етказиб куйлардилар. Бу қўшиқлар ҳали ҳамон отамнинг ширали овозларида қулоғим остида янграйди. 
  Мана шундай кайфиятлари аъло вақтда, биз укам билан пайтдан “фойдаланиб” қолиш пайида бўлардик. 
-  Дадаа... агар чорагимни ҳаммасини бешга ёпсааам, янги велосипед олиб берасизмии?
-  Биринчидан, ёпсам эмас, ёпаман дейилади.  
-  Хўп, агар олимпиададан ҳам биринчи ўринни олсаам...
-  Олсам эмас, оламан, тамом! Билиб қўй, фикр - бу моддий ҳодиса! Сен қачонки ўзинг ўз фикрингга, кучингга ишонсанг, бошқаларни ҳам ишонтира оласан. Фикр ва мақсад тўғри қўйилса, ҳаракат ва натижа тўғри бўлади, буни ҳеч қачон эсингдан чиқарма...
     Отам ҳақ эканликларига мен ҳаётда кўп бора амин бўлдим. Инсондаги ўз-ўзига бўлган ишонч-тупроқ, унга экилган уруғ-мақсад, замин бўлиқ бўлса, ният албатта униб-ўсиб бир куни қийғос ҳосил беради. Мен бунга шубҳасиз ишонаман.

   Маълумот: Тўрабек Файзиевич Хўжаниёзов  - Юридик фанлари номзоди, доцент.
   1941 йилда Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида туғилган. 
   1965 йилда ЎзМУ ҳуқуқшунослик факультетини битирган. 
  Т. Хўжаниёзов суд-ҳуқуқ тизимида турли лавозимларда ишлаш билан бирга Қарши давлат университетида ҳуқуқшунослик фанидан дарс берган. 
   Олим "Никоҳ ва ҳуқуқ", "Оила тарихи ва ҳуқуқ", "Тил-миллат қадри", "Давлат тили ва миллат тақдири",  "Оила-тарих ва тараққиёт силсиласида" каби қатор китоблар муаллифи.
   Тўрабек Хўжаниёзов 2019 йил вафот этган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот