ЮНУС РАЖАБИЙ СУЛОЛАСИГА БИР НАЗАР
УЛУҒ САНЪАТКОР ЮНУС РАЖАБИЙ СУЛОЛАСИГА БИР НАЗАР
Ҳаётда шундай инсонлар бўладики, уларнинг яшаб ўтган йўллари, бажарган ишлари, қолдирган улкан маънавий мероси мангуликка дахлдордир. Ана шундай инсонлардан бири - бастакор олим, юзлаб куйларга қанот бағишлаган мусиқа заргари ва миллий мусиқамиз қомуси яратувчиси, академик - Юнус Ражабийдир. Бугунги кунда у кишининг ишларини минглаб шогирдлари, фарзандлари, набиралари ва эваралари давом эттираяпти. Биз бу борадаги фикр-мулоҳазалар билан танишиш мақсадида Юнус Ражабийнинг фарзанди, Ўзбекистон халқ ҳофизи - Ҳасан Ражабийни суҳбатга тортдик.
- Ҳасан ака, ҳаммамизга маълумки, дадангиз Юнус Ражабийнинг ўзбек мусиқаси ривожига қўшган ҳиссаси жуда беқиёс. Шу боис, халқимиз ҳанузгача у киши яратган мусиқий асарлар ва классик ашулаларни мароқ билан тинглайди. Бугунги кунда Юнус Ражабийнинг фарзандлари, набира ва эваралари орасидан у кишининг йўлини кимлар давом эттираяпти, деган савол ҳам улар учун қизиқ. Келинг, суҳбатимизни ана шу савол билан бошласак..
- Албатта, дадамиздан нафақат халқимизга, балки биз фарзандларига ҳам жуда улкан маънавий мерос қолди. У кишининг ўн икки нафар фарзандларининг ҳаммаси ҳам санъат йўлини танламаган бўлса-да, аммо уларнинг ҳар бирида дадамнинг ижодкор қалби, мусиқага бўлган ихлоси ва қобилиятининг маълум қирралари намоён. Бобомиз Ражаббой ва у кишининг дадалари Саримсоқбобода ҳам мусиқага кучли ҳавас ва лаёқат бўлган. Аждодлардан ўтиб келаётган ана шу лаёқат яхлит бир кўринишда дадамизда намоён бўлган бўлса, ажаб эмас. Дадамнинг акалари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ризқи Ражабий амаким ҳам истеъдодли мусиқашунос бўлганлар. Бу борада дадам оиламизнинг порлоқ юлдузи бўлди, десам хато бўлмайди. Биз ака-укалар орасида дадамнинг соҳасига бўлган қизиқиш кўпроқ менда намоён бўлган бўлса керакки, тақдирим шу соҳа билан боғланди. Болалигимдан у кишининг ҳар бир хатти-ҳаракатини зимдан ўрганган ҳолда улғайдим. Дадам мусиқа ва ашулаларни ижро этаётганда сеҳрлангандек маҳлиё бўлиб қолардим. Бу оҳанглар юрагимнинг туб-тубигача етиб бораётгандек туюларди. Шунинг учун дадамдан мусиқа борасида имкон қадар кўп нарса ўрганишга ҳаракат қилардим. Шукурки, мана шу ўрганганларим ва дадамнинг менга қилган устозликлари сабаб, бугун шу йўлдаман. Дадамнинг набиралари орасидан эса менинг ўғлим Азиз Ражабийда бу истеъдод учқунлари сезила бошлаши билан, унга алоҳида эътибор берган ҳолда, дадамдан ўрганганларимни мен ҳам унга ҳам ўргатдим ва ҳануз ўргатяпман. Истеъдод ҳеч қачон йўқолмайди, деганлари рост эканда. Бугунги кунда Азизнинг ўғлида ҳам бобокалони каби мусиқага бўлган истеъдод сезиляпти.
КИЧКИНА ЮНУС РАЖАБИЙ
- Юнус Ражабий исмли набирангиз ҳам бор экан. Унга бу исмни ким қўйган? Бугун кичкина Юнус Ражабий бобокалонининг исмига мос қандай ишларни амалга ошираяпти?
- Бу набирам дадамнинг юз йиллик таваллуди нишонланаётган йили туғилганди. Исмини нима қўямиз, деб мендан сўрашганда, - Юнус Ражабий-да, - дея ҳеч иккиланмасдан айтгандим, фаришталар омин деган эканми, кичкина Юнус Ражабийда бугун бобосининг истеъдоди такорланаётгандек. У Ўзбек Давлат консерваториясида таҳсил олгач, магистратурани чет элда давом эттирди. Ҳозир эса дунё мусиқаси сирларини ўрганиш ва бобосининг меросини бутун дунёга танитиш учун Америкадаги таниқли мусиқашунослардан таҳсил оляпти. У бобокалони яратган мусиқий асарларни мусиқа асбобида ижро этиб, кўпчиликни лол қолдирганди. Чет давлатларда ҳам унинг ана шу ижросига ҳозир қизиқишлар кўп бўляпти. Кичкина Юнус Ражабийдан умидимиз катта. Дадамнинг мусиқа борасида қилиб улгурмаган ишларини шу набирам давом эттиришига ишонаман.
- Дадангиз кўп фарзандли оилада катта бўлган эканлар. Сизлар ҳам 12 нафар ака-ука экансизлар. Орангиздан яна кимлар шу соҳа вакиллари?
- Ҳа, дадам оилада 16 нафар ака-уканинг энг кенжаси бўлиб улғайган. Серфарзанд оилада катта бўлгани учунми, болаларни жудаям яхши кўрарди ва шу меҳр сабаб бўлса керак, Яратган у кишини 12 нафар фарзанд билан сийлади. Ака-укалар орасидан айнан санъат йўналишида фаолият юритганлари мен ва раҳматли Обид акам Юнусов бўлди. Айнан дадамнинг йўлини давом эттирган фарзанди фақат менман. Ризқи амакимнинг ўғиллари мусиқашунос олим Исҳоқжон Ражабий ҳам шу йўналишда фаолият юритди, албатта.
“ОПАЛАРИМ ҲАМ ТАНИҚЛИ САНЪАТКОР БЎЛИШИ МУМКИН ЭДИ”
- Оилангиздаги қизлар, яъни опа-сингилларингиз орасида ҳам санъат йўлини танлаганлар борми?
- Йўқ, опа-сингилларимнинг бу соҳага ҳаваслари баланд бўлса-да, дадамиз уларга бу йўлни танлашга рухсат бермади. Юқорида айтганимдек, биз ака-укаларнинг ҳаммасида мусиқага бўлган истеъдод бор эди. Айниқса, опаларимизнинг булбулдек ширали овози бўлган. Улар ижро этган мақом йўналишидаги ашулаларни эсдалик сифатида магнит тасмасига муҳрлаб қўйганман. Ҳар замон эшитиб, мазза қиламан. Агар опаларим санъаткор бўлишганда, Берта Давидова, Коммуна Исмоиловалар каби таниқли санъаткор бўлишига шубҳа йўқ эди...
- Кўп фарзандли оилада катта бўлиш қизиқ бўлса керак. Болалалик хотиралари билан ўртоқлашсангиз...
- Албатта, жуда қизиқ ва мароқли. Биз ака-укалар кўпчилик бўлсак-да оиламизда чақалоқ туғилса, роса хурсанд бўлардик. Амаким Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ризқи Ражабий билан қўшни турардик. У киши жуда хушчақчақ, ҳазилкаш ва кўнгли очиқ инсон эдилар. Тоҳир укам туғилганда, қариндошлар у кишидан “Чақалоқнинг отини нима қўямиз?”, - деб сўрашди. “Бу нечанчиси?”, - деб сўрадилар амаким. “Ўн иккинчиси”, - дейишгач, у киши ҳазиллашиб, “Унда исми Бўлдивой бўларкан-да”, - дея ҳаммани кулдиргандилар. Тоҳиржондан кейин яна бир укамиз Зоҳиржон ҳам дунёга келди. Ўнта бўлса ўрни бошқа, деганларидек, дадам болаларни жудаям яхши кўрардилар. Укаларимнинг кўча чангитиб, уст-боши кир-чир бўлса-да, маҳкам бағрига босиб эркалатардилар. Онам “Вой, ҳаммаёғи чанг бўлиб ётибди-ку”, дея зорилласалар ҳам “Нима бўпти, бола-ку бу”, дея парво қилмасдилар. Оилада кўп фарзанд бўлсак-да, ҳаммамиз ота-онамизнинг меҳрига тўйиб ўсганмиз. Тиниб-тинчимас, шўх-шодон бола бўлганмиз.
“АЗИЗ РАЖАБИЙ МУНОСИБ ИЗДОШ БЎЛЯПТИ”
- Ўғлингиз Азиз Ражабий кейинги пайтда мақом йўналишидаги ашулаларни маромига етказиб куйлаяпти. Соҳа мутахассиси сифатида унинг ижросидан кўнглингиз тўляптими?
- Азиз шу муҳитда улғайгани учунми, ҳозир анча пишиб етилди. Йил сайин унинг мақом йўналишидаги ижроси мукамалашиб боряпти. Тўғри, баъзан мақом ашулаларни ижро этаётганда кичик хатоларга ҳам йўл қўйиб туради. Агар уни тинглаб турган бўлсам, кўз қарашимнинг ўзида-ёқ хатосини англаб, дарров тузатади. Ниятим, дадамизнинг улкан мероси авлодларга аслича, хатосиз етиб боришини истайман. Агар мен ёки Азиз бу борада бирор хатоликка йўл қўйса ёки қайсидир сўзни нотўғри куйласа, бошқалар ҳам шундайлигича куйлашда давом этади. Кимдир эътироз билдирса, “Ҳасан Ражабий ёки Азиз Ражабий шундай куйлаганди”, дейиши мумкин. Юнус Ражабийнинг йўлини давом этирувчилар, аввало, биз фарзандлари, набира ва эвараларидир. Одамларнинг назарида Юнус Ражабийнинг ашулаларини ижро этишда биз хато қилмаймиз. Шунинг учун, бу меросни давом эттиришда бизнинг елкамизга ҳаммадан кўра кўпроқ масъулият юкланган.
БУЮК ШАЖАРА
- Юнус Ражабий уй-музейига кираверишда, у кишининг каттагина шажараси тасвирланган экан. Ҳатто, бобокалонларингизнинг ҳам туғилган йиллари аниқ кўрсатилган бу шажарани қандай аниқлагансизлар?
- Бу борада мен анча йил изландим. Қидирдим, сўраб-суриштирдим, далилларни текшириб, аниқлик кириб, кейин шу шажарани туздим. Уни менга Ҳамиджон Тоҳиржонов чизиб берди. Агар бу шажарага дадамизнинг эвара-чеваларини ҳам киритсак, узундан-узун рўйхат бўларди. У кишининг авлодлари бугунги кунда беш юз нафардан ҳам ошиб кетган. Дадамизнинг биринчи аёллари Кароматхон хасталикдан вафот этганда, уларнинг уч нафар фарзанди ҳали гўдак ёшида бўлган. Дадам онадан етим қолган Фароғат, Аҳмаджон ва Юсуфжонларга бор меҳрини берса-да, аммо уларнинг бошини силайдиган аёл кераклигини ҳис қилгач, онамиз Қумрихон аяга уйланган ва тинч-тотувликда бахтиёр ҳаёт кечира бошлашган. Аммо тақдир ота-онамизга яна бир синов юборган. Тўнғич опамиз Шарофатхон чақалоқлик пайтида-ёқ вафот этганда, бу айниқса, дадамга қаттиқ таъсир қилган. Орадан маълум фурсат ўтиб, дунёга келган Маҳмуджон акамиз дадамизнинг фарзанд доғидан зада бўлган кўнглига малҳам бўлган. Шундан сўнг оиламизнинг қувончига қувонч қўшилиб, бирин-кетин ака-опаларим, укаларим дунёга кела бошлаган. Санъатхон, Обиджон, Малоҳатхон, Набоатхон, мен ва Зуҳраой, Тоҳиржон ва оиланинг кенжа фарзанди Зоҳиржонлар. Ҳозирги “Халқлар дўстлиги” санъат саройи ўрнида бўлган Чақар маҳалласидаги кичикроқ ҳовлимиз бизнинг шовқин-суронимиздан тўлиб-тошиб кетарди. Бу ҳолат дадамизнинг янгидан-янги куйлар басталашига асло халақит бермаган, деб ўйлайман. Аксинча, ҳовлини тўлдириб, югуриб юрган болалар у кишига илҳом бағишлаган бўлса, ажаб эмас. Мусиқий асарларининг энг сара гулдасталари ана шу фарзандларининг шодон кулгуси маҳсулидир эҳтимол...
“ДАДАМИЗДАН УЛКАН МАЪНАВИЙ МЕРОС ҚОЛДИ”
Шу кичик ҳовлида ўн иккита фарзанд вояга етаётганлигини эшитган раҳматли Шароф Рашидов “Бу ерда сиқилишиб қолибсизлар-ку, энди каттароқ жойга кўчишларинг керак”, дея дадамга мана шу ҳовлини берган экан. Бу ерда ҳам дадамнинг энг сара мусиқий асарлари дунё юзини кўрди. Бу уй қанчадан-қанча буюк зотлар ва узоқ-яқиндан келган меҳмонларнинг ташрифига гувоҳ бўлмади дейсиз. Уйимиз ҳар доим одамлар билан гавжум бўларди. Шогирдлари ва санъаткорлар дадамни тез-тез йўқлаб туришарди. Дадам кечаси-ю кундузи тинмай ижод қиларди. Ҳар битта куйга нота ёзиш ва унга шеър танлашнинг ўзи бўлмайди. Дадам улгуриб қолай, деб ўзини аямай ишларди. Умрининг охирларида “Қанийди, ҳозир қирқ ёш бўлиб қолсайдим, яна кўплаб мусиқий асарлар ёзишга улгурардим”, деганди. Энди ўйлайман, агар Аллоҳ дадамга яна умр берганда, нималар қилган бўларди, деб. Эҳтимол, миллий мусиқамизнинг ўзгача ва замонавий талқинларини яратган бўлармидилар. Аллоҳга шукр, у кишидан кўп нарса ўргандим, дуоларини олдим. Умрининг охиригача доим ёнида бўлишга ҳаракат қилдим. Ҳозир ҳам мен учун дадам ҳаётдек, биз билан ҳамнафас бўлиб яшаётгандек туюлаверади, овози қулоғим остида жаранглайди. Айниқса, уй-музейдаги ҳар бир буюм, мусиқа ва фотосуратлар дадамнинг нафақат асарлари, балки ўзи ҳам мангу барҳаёт эканлигини бизга англатиб тургандек. Ҳозирда ушбу музейни рафиқам Холидахон билан биргаликда юритиб келяпмиз. Уни 1997 йилда ташкил этган бўлсак, дадам билан боғлиқ эсдаликлар, хотиралар, фотосуратлар, китоб ва мусиқий альбомлар йилдан-йилга кўпайиб боряпти. Ҳозирда бу ердан шогирдларининг ҳам суратлари, отам ҳақидаги хотиралари ва мусиқий альбомлари ўрин олган...
Дарҳақиқат, музейни айланар эканмиз, Юнус Ражабийга тегишли бўлган ҳар бир жиҳоз жуда яхши сақланаётганлигига гувоҳ бўламиз. Айниқса, Юнус Ражабийнинг ижодхонасидаги стол устида турган кўзойнак, қаламда ёзилган нота қоғоз, эшик олдидаги илгакка илинган чопон улуғ санъаткорнинг ҳозиргина шу ерда бўлгану, аммо иш билан бирровга ташқарига чиққандек таассурот уйғотади кишида. Музейнинг бошқа хоналарида эса Юнус Ражабийга хизмат қилган нарса-буюмлар билан бирга онаси Ойшабибига тегишли бўлган эски чархнинг ҳам сақланганлигини кўриб, буюк сулола давомчиларининг улуғ санъаткор меросини кўз қорачиғидек асраб келаётганлигига яна бир бор амин бўлдик. Музейга ташриф бурган киши магнит тасмаларидан янграётган Юнус Ражабийнинг ўлмас мусиқалари ҳамоҳанглигида айланаркан, унинг ҳам руҳига бу сеҳрли оҳангларнинг қуввати оқиб кираётганлигини ҳис қилмай иложи йўқ. Чунки бу оҳанглар Юнус Ражабийнинг қалб қўри, бутун борлиғи билан яратилган илоҳий куйлардир. Албатта, юқорида таъкидлаганимиздек, истеъдод авлодларда такрорлангувчидир. Бугунги кунда беш юз нафардан ҳам ошиб кетган бу сулола орасидан ҳали яна мусиқа илмининг султони бўлган Юнус Ражабийлар чиқишига шубҳамиз йўқ.
Гулруҳ ЁРМАТОВА.
2021 йил.