Ҳаётда шундай самимий инсонлар бўладики, бир кўрганингиздаёқ, бир гурунглашганингиздаёқ беихтиёр меҳрингиз тушиб қолади; кўнглингиздан “Яхши одам экан-да”, деган фикр ўтади.
Биз Муҳаммадназар ака билан уч-тўрт бор учрашдик: аввал Термизда, сўнг Тошкентда. Дастлабки кўришувимиздаёқ бир ҳақиқатга иқрор бўлдим: Муҳаммадназар аканинг қандай одамлиги, сийрати суратида акс этиб тураркан. Беғубор, дилкаш, суҳбатдошининг иззатини жойига қўя биладиган, суҳбатдошини эшита оладиган, саховатпеша зиёли инсон эди у киши.
Мен у киши ишлаётган соҳанинг ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда ҳойнаҳой адабиётга алоқаси йўқдир, китоб ўқишга вақти ҳам етишмас деб ўйлагандим. Адашган эканман. Дастлабки гурунгимиздаёқ Муҳаммадназар ака билан замонавий адабиёт, хусусан болалар ёзувчи-шоирлари хусусида роса эзилишиб гаплашдик. Сўнг, у киши жўшиб кетдими, сурхондарёлик бир шоирнинг болаларга атаб ёзган ижод намуналаридан тўлқинланиб ўқиб берди.
Насиб қилиб қолди, Муҳаммадназар ака туғилиб-ўсган маҳаллада ҳам бўлишга тўғри келди. Мен ана шунда, у киши маҳалладошлари учун ўз ҳисобидан қуриб берган мўъжаз ва файзли мачитни кўрдим...
Муҳаммадназар ака Тошкентга келиб, севикли фарзандининг туғилган куни баҳона бизни меҳмонга чорлади. У кишининг адабиётга, ижод аҳлига эътибори, меҳри шу қадар баланд эдики, қўйиб берсангиз пойтахтнинг жами ижодкорини дастурхонга чақиргудай. Ажойиб, файзли давра бўлди. Айниқса шоир Нормурод Нарзуллаевнинг шукуҳли шеърлари даврага ўзгача руҳ бахш этди. Мен ана шунда қўли кўксида Муҳаммадназар аканинг кўзлари қувончдан порлаётганини кўргандим...
Баъзан табиатнинг шафқатсиз қонунларига дуч келасиз: негадир яхши одамлар узоқ умр кўришмайди. Муҳаммадназар ака мисолида ҳам шундай бўлди. Аммо у кишидан қолган ёруғ хотиралар, фарзандлари, набиралари Муҳаммадназар аканинг ҳаёти давом этаётганидан шоҳидлик беради.
Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Адолат" газетасининг Бош муҳаррир ўринбосари.