МАҚОМГА МЕҲР ҚЎЙИБ...
МАҚОМГА МЕҲР ҚЎЙИБ...
Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ артисти – Муножат ЙЎЛЧИЕВА билан суҳбат.
– 1960 йил 26-ноябрь куни Андижон вилояти, Булоқбоши туманидаги Ширмонбулоқ қишлоғида дунёга келганман. Болалагим яхши ўтган, доимо ёрқин хотиралар билан эслайман. Мактаб чоғларимдан санъатга қизиққанман, синфимиз тўгаракларда фаол бўлган. Мактабимизда радиоузел бор эди. Ҳар бир синф ўқувчилари ҳафтада бир марта чиқиш қиларди. Бизнинг синфдан дугонам Раъно шеър ёзиб, шеърларини ўқиса, бошқа синфдошларим ҳикоя ўқир, чолғу чалиб берарди. Мен эса ашула айтардим.
Тўгаракларда фаол эдим, қолаверса, мактаб етакчиси бўлганман. Етакчилик ҳам қайсидир маънода раҳбарлик пойқадами эди. Ўзига яраша масъулият юклаганди. Дўстларим, тенгдошларим билан ишлаш завқли эди. Мусиқадан ўқитувчимиз ашула айтганимизда ғижжак чалиб, жўрнавоз бўларди. Мактабда бўладиган барча тадбирларда фаол иштирок этганмиз. Ундан ташқари, колхозимиз клубида ҳам ансамбль туздик. Колхозимизда Ғанижон ака деган санъатни ихлосманди доира чаларди. Тенгқурларимиз билан колхозда нимаики тадбир бўлса, концерт қўйиб берардик.
Мактабга 8 ёшимда борганман. 1978 йил ўрта мактабни битирганман. Мактабда оғир-босиқ, ўз хаёллари билан юрадиган қиз бўлганман. Мусиқаларни хиргойи қилиб, орзуларим оғушида яшардим. Мактабда адабиёт, тарих, жисмоний тарбия фанига қизиқардим. Олимпиадада география, тарих фанлари, спортдан баскетбол, енгил атлетикадан туман миқёсида ғолибликни қўлга киритдим.
Мактабда адабиёт фанидан замондош ёзувчиларимиз асарлари асосида саҳна кўринишлари қилардик. Ойбекнинг «Қутлуғ қон» романининг бир қисмини ижро қилганмиз. Романда берилган шеърларни куйга солиб ижро қилганман. Телевизорда кўрганимиздек, ўша пайтдаги кўҳна либосларни кийиб, ижро қилганмиз. Ҳатто буни суратга туширтирганмиз. Фотографимиз «Аппарат бузилиб қолди» деди-ю, суратларимиз куйиб кетди...
Отам Абдували Йўлчиев колхозда ҳайдовчи, онам Муборакхон уй бекаси бўлишган. Олти қиз, икки ўғилни дунёга келтириб, вояга етказишган. Онам жуда чиройли овоз соҳибаси бўлиб, ашулаларни хиргойи қилиб турардилар. Онамнинг айтишларича, бобомиз онамнинг санъаткор бўлишларига рухсат бермаган эканлар. Шу боис, санъат онам учун бир умрлик армон бўлиб қолган экан. Отам қишлоқда колхоз ишчиси, ҳайдовчи бўлиб ишлаган. Қишлоқда яхши ном олиб, ҳурматга сазовор инсон бўлган. Биз фарзандларни илмли бўлишимизда отамизнинг ҳиссаси катта. Отам мактабда яхши ўқиган. Оилавий шароити туфайли ўқишга кирган. Лекин, оталари бевақт вафот этиб, опа-сингиллари, укаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида, ўқишдан тўхтатиб, меҳнат қилган эканлар. Отам аниқ фанларни яхши ўзлаштирган, ментал арифметикани билганлар. Математика фанидан қийналиб қолсак, дарров чўтни олиб, бизга мисолларни ишлашга ёрдам берардилар. Қўлда тез-тез ҳисоблар эдилар. Сингилларим отам билан кўпроқ ишлаганлари учун, ҳозир ҳам қўлда тез ҳисоблашади.
***
Мақом санъатига кириб келишимда тоғам Абдуллажон Мавлонов менга йўл-йўриқ кўрсатган. «Тошкентга бориб, Консерваториянинг «Академик хонандалик» йўналишига ҳужжат топширсанг, овозинг ўсади. Яхши устозларнинг этагини ушлайсан, ўзинг каби одобли қизлар билан дугона бўласан» дея, тоғам маслаҳат берганлар. Шу йили Тошкентга келиб, Консерваториянинг тайёрлов курсида 2 йил таҳсил олганман. Курсда ўқиётган пайтимиз ҳазрат Навоий таваллудининг 539 йиллиги муносабати билан, телевидениеда «Назм ва наво» кўрсатувида чиқиш қилганмиз. Бир кун ичида бутун республикада, қолаверса қўшни давлатларда ҳам машҳур бўлдик. У вақтда республика раҳбари Шароф Рашидов бизни телевизордан кўриб, «Шу ёшларни иш билан таъминланглар» деган экан. Кейин, бизни Юнус Ражабий номидаги «Мақом» ансамблига ишга олишган. Кимлигимиз ошкор қилинмаган. Мухлислар орасида «Бир қиз «Ушшоқ», «Муножот»ни чиройли ижро қилибди. Ким экан?» деган савол туғилган. Тайёрлов курсини битириб, имтиҳон топширганимдан сўнг, анъанавий мақом курсида таҳсилни давом эттирдим.
Бошқа касб танлаш ҳақида ўйламаганман. Санъатга бутун вужудим билан киришиб кетганман. Ишга қабул қилишгандан кейин яна ҳам қизиқарли бўлди. Ҳам иш, ҳам ўқиш, ҳам концертлар билан банд эдик. Таржимонликка қизиқишим бор эди. Ўқувчилик йилларим, ҳужжат топширмасимдан аввал отам «Санъаткор бўлмайсан» деганларида, таржимон бўламан деганман. Мактабимиз француз тилига ихтисослашган бўлиб, француз тилини ўрганганмиз. Бошқа томондан, юридик институтга кириб, адвокат бўлишни ўйлаганман. Юридик соҳага кириш учун икки йил малака талаб этилишини эшитганимдан сўнг, бу соҳага кирмасликка қарор қилганман. Тақдиримга мақом хонандаси бўлиш битилган экан, шу йўлдан кетдим.
***
Бугунги кунда, Жон Миллерни «Савол ортидаги савол» китобини ўқимоқдаман. Китобда муаллиф тўғри танланган саволлар ишингиз ва ҳаётингизни қандай ўзгартиришини мисоллар билан тушунтириб берган. Яна Аллан Пизнинг «Тана тили» номли китобини ҳам мутолаа қиляпман.
***
Чинакам санъаткор бўлиш учун, аввало, фидоий бўлиш, санъатни севиш керак. Санъатга жонини бериш керак. Юзаки бўлиш тўғри келмайди. Шу йўлда изланмасангиз, сиз четга чиқиб қоласиз. Янаям ижодга киришиб, янги ашулаларни ижро қилиб, тингловчига бермасангиз, сиздан кейинги авлод четга чиқариб қўяди. Ижодда соғлом рақобат бўлиши керак. Рақобат туфайли ривожланиш бўлади, янги овозлар, янги истеъдодлар кашф этилади.
ТошДЎТАУ талабаси
Зиёдулла ҲАМИДУЛЛАЕВ суҳбатлашди.