Хит бўлган ва хит қилган қўшиқлар


   Янги хит қилган қўшиқдан парча: 
  Ҳамдам Собиров:-
"Сенга берган саволимга жавоб бермайсан, 
Ҳеч бўлмаса телеграмдан ёзиб қўймайсан." 
   Ғирт ўрисча интонацияда ўзбекнинг тил боғини пайҳон айлагувчи латофатли Райҳон:-
"Менга қараб нега ёнимда ҳар кун қолмайсан, 
Баланд дорга осилсанг ҳам ета олмайсан." 
"Бла, бла, бла, бла... 
Қизил куйлагим сен учун эмас!"
   Узр, "Бла, бла" деб тезроқ ёзиб қўя қолдим. Чунки нақоратдаги сўзлар  "бла, бла" деган сўздан маънолироқ эмас. 
   Бу эшшакмиялар... э,  узр,  оғзимдан чиқиб кетди,  бу отарчилар ҳар бир СЎЗ МУҚАДДАС эканлиги ҳақида зиғирча эрса-да маълумотга эгамикин-а... 
   Кир ювиш мошинасини ёқсанг ҳам: 
"Жанзе, Жанзе, Жанзера" 
Дазмолни ёқсанг ҳам: 
"Жанзе, Жанзе, Жанзера" 
Бор йўқол, тошингни тер-а, 
деворасан-да,  ўлай агар! Буларда қофия келганда маъно йўл беради;) масалан: 
"Уммон бирибир уммонде, 
Ёқса ёқмаса қале" 
   Бутун Ўзбекистон аҳли биладигани: 
"Оқ кўйлак, қора шимда, 
Учрашув бор пешинда." 
   Ритмни силлиқлигини қаранг. Маъно дейсизми, кимга керак у... 
   Бойвучча Жоҳонгир Фозилжоновдан: 
"Ажабтовур, ғала-ғовур, 
Бақирма, уйда қовур. 
Ишим бошимдан ошиқ, 
Овқат бору йўқ қошиқ, 
Дачалар бор,  дачалар, 
Айрон, қаттиқ, гўжалар." 
   Сўз шўх куйга қўшилганда тўла мазмунни илғаш қийинлашар, балки. Тинглаганда билинмайди экан. Матнни ўқисанг ҳайрон қоласан. Буни ёзган шоир болалигида эшшакдан боши билан ерга қаттиқ йиқилмаганмикин-а? 
   Лекин ахлатдан ҳам усти ялтироқ кампет ясаш мумкин, баъзида. Масалан, Озода Нурсаидова бўш матнга ҳам тўғри, кучли оҳанг топади. Матн қуруқ, лекин ижрода дарди қуюқ чиққан:  
"Менга нима бўлди, 
Юраккинам ўлди. 
Энди кулгин устимдан, 
Кўнглинг тўлса бўлди.  
Аламлар,  аламлар,  аламлар эзди, 
Дилимда қолган ишқ доғлари эзди.  
Ёмонлар,  ёмонлар ёнимда кезди, 
Муҳаббатни қўй,  
Юрагим безди, севгидан безди." 
   Шуям шеърми энди? Гаров ўйнайман, қалби йўқ Сунъий Интелект бундай яхшироқ матн тўқийди. Қўшиққа айланаётган 90% шеърларнинг савияси шу аҳволда.  Бонал ҳамда шаклу мазмуни деярли бир ҳил шаблонга солингандек. Бундай шеърлар Ўзбекда вагон-вагонлаб топилади.  
   Озодбек Назарбеков Маданият Вазирлиги биносида қўшиқ матнларини назорат қилиб, сўнг уни радио ва ТВга чиқишига руҳсат берадиган кичик бир  бўлимни ташкил қилиши шунчалик қийинми? Савиясиз қўшиқларни қисқартиш йўлидаги ечим бўлармиди бу дейман-да... 
   Ҳозирги қўшиққа айланаётган матнларни бир ўтиришда 50 тагача ёзиб ташлай оладиган шоирлар йўқ эмас. Лекин сиёҳ, қоғоз,  вақт ва кўз нурини исроф қилишнинг ҳам жавоби бор. СЎЗнинг уволидан қўрқадиган шоирлар икки дунёда отарчи тугул, Маданият Вазирининг ортидан ҳам эргашмайди. Эргашиб юрганлари эса дарди машҳурлик, мансаб ва ёки пул бўлган шоир Шармандийга ўхшаган тоифадир, холос. 
   Яна бир гап: 
Уч пулга қиммат шиғирни қўшиққа айлантириб,  фонаграммага оғзини қимирлатиб, 5 та қўшиқ учун 5000$ "кўкат"ни чўнтакка уриш Халққа хизмат қилиш эмас,  Халқни "маданият билан" тунаш, дейилади.  
Халқ ичида барзангги тансоқчилар билан юришига ўласанми тағин буларни. Шу Халқни берган пули, қолаверса ҳурмати билан одам бўлиб юрибсан ўзинг! Э, паросат, оёғингдаги нархини икки минг доллар деб айтган туфлигингни пулини қора халқ вакили бир йилда топади, бир тунда эмас... 
   (Агар адашмасам) Қўчқор Норқобилни жа топиб айтган бир гапи бор:  "Қўшиқчиларни ўзимиз осмонга юлдуз қилиб чиқарамизу, кейин ерга тушуролмай юрамиз." Ҳа, шунақа гўл Халқмиз... Айрим отарчиларни ҳаётий фалсафаси эса "соққани қил, соққани"  режимига мослашган: 
''Пулни пул топади, 
Ерни аҳмоқ чопади.'' 
   Ўша  "аҳмоқ" деҳқонлар бир йил ер чопмаса озиқ-овқат таҳчиллигига йўлиқасан! Дастурхонингдаги нозу неъмат ўша  ерни чопадиган  "аҳмоқ"ларнинг пешона тери,  заҳмати эвазига келган, омон бўлгур! Иймоним комилки, микрафон ушлаган қўлингдан,  деҳқонни кетмон ушлаган қўли Худо учун ҳам Халқ учун ҳам минг бора азизроқ! 
дейдиган одам йўқ. 
   "Эшшак ҳажга борса ҳам эшшаклигича қолади". деб билиб айтган доно Халқимиз. Бу мақолни Юлдуз Усмоновага алоқаси йўқ...  (уч нуқта қўйдим, сўзни дидга кўра тўлдириш ихтиёри Сизда. Истасанггиз  "йўқ" сўзини қўштирноққа қистириб ўқинг.)
   Клипида ярим-ялонғоч қизларни жилпонглатиб ёшларнинг миясига қурт солаётган тик-ток рэперчиларимиз ҳақида-ку сўкинмасдан гапиришни иложи йўқ.  Мен бир сўкинсам ёмон сўкинаман. Шунинг учун... 
   Бошқа ёзолмайман, юрагим дош бермайди, азизлар! Бир, икки, уч!  Жонимда қолмади куч! 

Йиққан ёнғоқлари пуч Алиф Маҳмуд.
01. 02. 24.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот