ЯШАЙ БИЛАСАНМИ?


ЯШАЙ БИЛАСАНМИ,
Сен ўзинг учун,
Қарғишсиз, қўрқувсиз бир бор бегумон?
Бир нафас тақдирни қарғамасдан ё,
Алдамай, аврамай бор-буди билан
Ҳаётимдан сўнгги нафасимгача
Неча бор тошсанг ҳам бир тўкилмасдан,
Қоним тугул ҳатто бир тола сочим,
Бир томчи кўз ёшим ерга тўкмасдан,
Сева оласанми тирилгунимча?
Кўп эмас озгина, оз эмас кўпроқ.
Айтилмаган сўзлар, яшалмаган ҳис,
Ҳали олинмаган нафас билан, оҳ!
Худо кўрмас, дема қутулолмаймиз,
Ташлаб қўйган билан кўз юмиб буткул.
Очиб ташламасдан юзингни биров,
Юзингни оч, қўрқувни енг ва қутул!
Босинқирамайсан тушларингда ҳам
Сенга топширишим учун ўзим жим.
Ўзинг учун яшай биласанми, йўқ,
Мен билишим керак, бу жуда муҳим!
*  *  * 
Юрагимни отиб ташладим,
Оч нафсимга ит чиқди эга.
Келдим. Билдим. Кетдим индамай,
Фаришталар керакмас ерга.
Ўзимни ўлдирдим сенимас,
Бу дунёдан йўқолдим, қара?
Дўзах. Жаннат. Қиёматни ҳам
Хаёлингга келтирмай зарра.
Тўсиқларга қарамай дадил,
Таъқибларни бузиб бирма-бир.
Бойлик. Шуҳрат. Мансаб барини
Эгаллашинг шартдир барибир.
Мен шайтонни кўрдим ана у,
Бор, боравер, ҳаётда фақат,
Ҳаммасига эришмоқ учун
Сенга шайтон керак, Одамзот!
*  *  * 
Ҳа, сен ҳали узоқ яшайсан,
Парвоингга келмай ҳеч нима.
Эгаллайсан Дўстларинг билан
Ва жимгина ўсасан яна.
Омадлисан ҳаммадан кўпроқ,
Ҳеч нимага бермайсан жавоб.
Билмайсан, мен нега тутайман,
Ҳар қадамда ўзимни тергаб.
Биз  -- ғариблар жуда ҳам кўпмиз,
Бу дунёда ҳеч вақоси йўқ.
Бир тавбадан бошқа даргоҳнинг
Эшиклари биз учун ёпиқ.
Ибодатга кетар кучимиз,
Нега?.. Ахир, билмай, ниҳоят,
Сен сиғинган худолар сийлар,
Бизники-чи?.. 
Синайди фақат!
* * * 
Тушунарли ҳаммага лекин,
Қайтараман яна эй, Одам!
Тўғри, севиш янгилик эмас,
Оддий ҳолдир ташлаб кетиш ҳам.
Янги эмас ишонч, хиёнат,
Кулгу, алам, дунё талашиш.
Янги бўлмаса ҳам айтаман:
Қандай даҳшат тўнғиздек яшаш!

Адиба  УМИРОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот