ҲАБИБИМ
Адиба УМИРОВА
ҲАБИБИМ
Кўрдим, кўзимга тушган бари хору хасларни,
Дунё ўзи паст эди дунёдан ҳам пастларни,
О, Ҳабибим,
на раҳмон, на шайтон ошносини,
Ўзига ҳам ҳеч қачон дўст бўлмаган касларни.
Қон йиғладим кулдилар кўнглим қаттиқ оғриди,
Рақибим ҳам душманга айланиб сўнг қариди,
Қақшаган юрагимдан тиззамгача эзилиб
Азоб чекканим сари гуноҳларим ариди.
Биров молга куяди, биров жонга куяди,
Ўтсак қолмас ҳеч вақо қуруқ шонга куяди,
Мен нимага куяйин,
шу телбаҳол ҳолимга
Ўзим шоҳ, ўзим гадо ҳамма шунга куяди.
Худо суйган бандасин ғамлар билан силагай,
Ўтда обдон пишириб тупроқ билан белагай,
Қандай бўлса шундайин ташлаб қўйдим тақдирни
Йўқдан бор этган Ўзи давомин ҳам ўйлагай.
Шоирлик нари турсин, яшашга ҳам ҳушим йўқ,
Бутун ақлу жасорат ягона сизга битган.
Фақат мен девонанинг пешонамга бир муштлаб
Пайғамбарлар китобин қўлимга тутиб кетган.