ЯШАШГА РУҲ ЙЎҚ


Адиба УМИРОВА
         
  ЯШАШГА РУҲ ЙЎҚ

Худога юзланмоқ онидур бу он, 
Фаришталар қочар, 
ишқ биздан қочар. 
Одамийлик ўлди,
гўзаллик ўлди,
Эзгу ҳислар ўлди  -- ер аза очар.
Муз қотган, тош қотган бу нигоҳларни
Энди нима билан тирилтирайин?
Қайси ғордан излаб топай ўзимни,
Қайси келажакка қочайин тағин?
Одамлар қандайдир бир тўда,
Аммо...
Тилсиз, ҳиссиз, ишқсиз ва кўнгли қаттиқ.
Қачондир қушларга, гулларга ошиқ
Инсон бўлганини эслолмас аниқ.
Тирик жон бўлганин эслолмайди ҳеч,
Ё нурдан яралган тирик ёруғлик.
Лоақал қуёшдан иссиқ қонида
Меҳрни авайлаб ўстирганин тик.
Замин тор,
кўзлар оч,
яшашга руҳ йўқ,
Одамзод йўқотиб қўйди негизин.
Бири амал билан, бири ўт билан,
Бири уруш билан ўйнар бетизгин.
Янги қурол ўйлаб топиш билан банд
Чанг, тўзон ичида қолган макондан.
Қайси булоқларнинг бошига борай,
Бир нажот ахтарай қайси замондан?
Қайси осмон, қайси тупроқдан излай,
Шаклсиз оламнинг рангин бетиним.
Муҳаббат йўқ жойда, туйғу йўқ жойда,
Ким учун яшайин, кимни севай жим?
Балки, биздан кейин келар дунёга
Биз кутган муждалар ёниб инчунин.
Худо суйган шайхлар  -- Худодан қўрқмас
Муллолар кўзини очмоқлик учун.
Кўнгли тинч мўминлар келади балки,
Завқларга қул бўлмай осар дорларни.
Туғилмасдан олдин она қорнида  
Ақл тиши чиқар пайғамбарларнинг.
Синдирмас капалак қанотларини
Қушлар ройиш топар қўнса қаерга.
Ҳаёт уруғини қуритмоқ учун
Ёвуз чигирткалар келмайди ерга.
Шоқоллар, бургутлар қўшилиб бирга
Ташланмас чириган салтанатларга.
Васваса ичида қолган асрлар
Ўзини осмайди баланд дарахтга.
Кибрлар, 
озорлар онидур бу он,
Гулдираклар они,
ғамлар онидур,
Қасрлар топса ҳам насл топмаган
Ўткинчи ҳаваслар, 
дамлар онидур.
Кетмоққа бир йўл йўқ,
бермоққа йўқ қўл,
Кул бўлмай оловим қандай ўчирай?
Ишқ истаган билан кўчаларда йўқ,
Топиб беринг, дея кимга қичқирай?
Битта мен кутарман мижжа қоқмасдан
Келарми ё келмас ҳушларингизга.
Балки биз ўлдирган одамийликни
Сиз асраб қоларсиз тушларингизда!










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот