ОДАМИЙЛИККА ЖАЗО


Ҳаёт чорраҳаларида 
ОДАМИЙЛИККА  ЖАЗО
ёхуд  қаровсиз қолганларнинг ҳолидан ким хабар олади?

   Бу йил қиш фасли қор, совуқ билан бошланди. Одатда қорнинг ёғиши дилларга равшанлик, завқ бағишлайди. Аммо кечаги қор кўнгилларга кўпроқ озор бергандек туюлди. Тўғри, қундуз ёқали пўстини борлар, боласининг нам ўтадиган йиртиқ пойабзалини ўйлаб ич-ичидан изтироб чекаётган камбағал қўшнисининг ҳолини тушунмаслиги аниқ! Кимдир бурда нон топиш учун, кимлардир беҳисоб бойлик орзусида яшаётганлигига кўзимиз ўрганган замонда бу ҳақда гапиришнинг ўзи  кулгулидир. Биз қачон бундай бераҳмга, нафснинг қулига айланиб улгурдик? Ҳаётнинг маъносини нега бўлмағур мезонлар билан ўлчайдиган бўлдик? 
   Ҳайдовчининг  айтишича, биринчи қор ёққан тунда ҳавонинг совуб кетиши натижасида 12 нафар  уй-жойсиз “бомж” кўчада музлаб ўлиб қолган. Буни эшитиб, “ўз уйи – ўлан тўшаги” йўқларга ачиндим. Негадир бошқа давлатларда бошпанасиз ҳайвонлар учун махсус жойлар борлиги, уларни боқиш ҳам беминнат эканлиги ҳақида ўйладим. Бизда қаровсиз ҳайвонлар у ёқда турсин,  ҳатто айрим қаровсиз одамлар ҳам йил – ўн икки ой кўчада ҳаёт кечираяпти. Бу жамиятнинг оғир дарди эканлигидан кўз юмолмаймиз. Гарчи улар жамиятнинг кераксиз қатламига айланиб қолган бўлса ҳам улар бизнинг замондошимиз, ҳамюртимиз-ку. Тан оламиз, иложи бўлса улардан узоқроқ юрамиз, очиқроқ айтадиган бўлсак, улардан ҳазар қиламиз.  Тўғриси, “Биров гул, биров тош. Ўз ўрнида иккиси ҳам керак”,  деган ақидани унутиб қўйганмиз. Улар кўчада  тупроққа беланиб ётган бўлса ҳам бепарво ўтишга одатланганмиз. Орамизда шундай вазиятга тушиб қолганларга ёрдам бермоқчи бўлган замондошларимиз эса раҳмат ўрнига маломатга қолаяпти. Яқинда Тошкент шаҳрида  бўлган воқеа худди шунга мисол: 
“Ўзимни айбдор қилишларига сал қолди”
– Ишдан сал кечроқ чиқдим, – дейди яқин танишларимдан бири. Совуқнинг заҳри анча аччиқ. Йўл четидаги дарахт тагида  ётган одамга кўзим тушиб, машинамни тўхтатдим. Совуқдан  ғужанак бўлиб, карахт ётган эркак кишига ёрдам бериш мақсадида дарҳол ички ишлар идорасига қўнғироқ қилдим. Идора ходимларини анча кутганим бир томон, уларнинг менга норози оҳангда “Бизни безовта қилишга арзимайди, нега бизга қўнғироқ қилдингиз, қолаверса, йўлнинг у томони бизнинг туманга қарамайди, бошқа туманга қўнғироқ қилишингиз керак эди, деб “маслаҳат” бергани бир томон бўлди. Яна бўш келмадим, бошқа туман идорасига ҳам мурожаат қилдим. Аммо улар манзилга етиб келгач, ёрдамга муҳтож одам кўчада қолиб,  мен билан қизиқа бошлади. Кимлигим, нима иш билан шуғулланишим, хуллас, шахсимни суриштира бошлашди. Охири янада ачинарли, бундай қўнғироқлар ички ишларга эмас,  “Тез ёрдам” идорасига қилинар экан. Менга улар  шундай деб тушунча беришди. Ёрдамга муҳтож инсон эса ўша изғиринда ерда ётаверди. Хуллас, сўроқлар тугаб, машинам қолган жойга қайтиб келгунимча тун алламаҳал бўлди. Уйимдагиларнинг хавотир олишлари, ишдан кейинги вақтимнинг ҳавога соврилгани, ўша мен ёрдам бермоқчи бўлган  одамнинг кўчада қолиб кетиши, ички ишлар идорасидагиларнинг менга “Бундан кейин бизни эмас, “Тез ёрдам”ни чақиришингиз кераклигини унутманг!”, деган иддаолари билан  қилмоқчи бўлган кичкинагина яхшилигим ҳам пушаймонга айланди. Энг ёмони, ўзимни айбдор қилишларига оз қолди. Ҳар қанча изламай, бу вазиятдан, бу муносабатдан инсонийлик, яхшилик деган туйғуларни топа олмадим...
   Ўзини халқ учун қайғураётгандек қилиб кўрсатаётган бу жанобларнинг қайси туман ички ишлар идорасидан эканлигини очиқлагим келмади. Аммо ишончим комил, гап эгасини, албатта, топади. Ким билади балки бундай “ватанпарвар”лар оз эмасдир? Нима бўлганда ҳам, қўлимиздан келганча бир-биримизга яхшилик қилишга шошилайлик. Ёки одамийлик учун ҳам жазо борми?!

Маруса ҲОСИЛОВА.
2022 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот