ЖИГАРЧИЛИК БУРЧИ
Маънавият сабоқлари
ЖИГАРЧИЛИК БУРЧИ
Эл қолдирган нақллардан бирида “оға-ининг тотув бўлса — от кўп, опа-синглинг тотув бўлса — ош кўп!...”, - дейилади. Дарҳақиқат, жигарликнинг сири, мўъжизаси нимада? Жигарлик инсоний бахтнинг бир бўлаги экан, у нимадан сув ичади, ниманинг ҳисобига мавжуд туради? Ака-укалар бир-бирларини фақат жисмонан ёки моддиян эмас, балки қалбан тўлдириши ҳам керакдир, эҳтимол?
Биз бу ҳақида бежиз сўз очмадик, боиси, бугунги тезкор замонда ҳамма ўз ташвиш-ўйлари билан оввораи сарсон бўлган бир пайтда, бегоналар у ёқда турсин, ҳаттоки яқин жигар-бағирлар ҳам бир-бирларидан узоқлашиб бораётганга ўхшайди. Тўғри, оила, рўзғор ташвишлари сизу бизни кўринмас иплар билан боғлаб ташлаганки, бир зум ўша ташвишлардан ортиниб, дийдоримизга ташна бўлган синглимиз ёки акамиз, опамиз ёки укамиз ҳолидан хабар олишга имкон тополмаймиз. Ҳатто, баъзан ойлаб-йиллаб кўришиш насиб бўлмаса-да, фарзандларимиз уларга худди бегоналардек улғайиб бораётган бўлса-да, оқибатсизлигимиздан ўтган ота-оналаримиз руҳи безовта бўлаётган бўлса-да, хотиржам яшайверамиз. Наҳотки бу бизнинг фожиамиз эканлигини англамасак? Наҳотки бу бизни жаҳолат ботқоғига етаклаб бораётганини тушунмасак, наҳотки инсонийликнинг улуғ мезонлари завол топаётганлигини кўрмасак?..
Атоқли адибимиз Тоҳир Маликнинг “Иблис девори” номли асарини ўқиб, қаттиқ таъсирлангандим. Бир ҳовлида яшовчи ака-укаларнинг ўртага девор солиши билан боғлиқ воқеа, назаримда, жигарчиликнинг асл моҳиятини очиб бергандек. Қолаверса, ушбу асар сизу бизни ҳушёр бўлишга, жондан азиз жигарларимизнинг қадрига етишга ундайди.
Биз замон билан ҳамнафас фақат олдинга интиляпмиз. Юмушларимиз ортгандан ортиб боряпти. Вақти келса, энг яқин кишимизга қўнғироқ қилиб, йўқлаб, аҳволини сўрашга имкон топмаётгандекмиз. Ахир чин дилдан истасак, вақт ҳам топамиз. Лаҳзаларнинг қадри яқинларимиз дийдорида эканлигини тушунамиз. Аммо ўша яқинларимизни бой берганда, кўр кўзларимиз очилса, ўзимизни кечира олармиканмиз?
Ота-оналар ўрнак бўлишса…
Дони бўлиқ бўлиб етилган буғдойзорни кесиб ўтиш учун синглисини ёки опасини кўрмоқчи бўлган акагагина рухсат берилар экан. Ака-укалик, опа-сингиллик ришталарининг мустаҳкам бўлишида оилада ота-онанинг ўзига хос масъулиятлари бор. Чунки авлодларнинг давомийлигини таъминлаш, меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлаш, эзгу амалларни рўёбга чиқариш учун энг аввало ота-оналаримиз тарбияда собит турмоғи лозим. Зотан, фарзандлар ота-оналарнинг такрорларидир, деб бежизга айтилмайди. Агар ота-оналаримиз ўз жигарларига нисбатан меҳрли бўлсалар, амакилар, хола, аммаларнинг ҳолидан хабар олиб туришса, уларни кўриб вояга етаётган фарзандлар ўз-ўзидан меҳрли бўлиб улғайиши табиий.
Шу боис ҳам, ота-оналаримиз оилада бош фарзандларга бот-бот уқтирадилар: “Биздан кейин укаларинг тақдирига сен масъулсан. Уларнинг ҳолидан хабар олиб, яхши-ёмон кунларида ёнида бўл, қувонч-ташвишига шерик бўл. Борди-ю, уларни ташлаб қўйсанг, сингилларингнинг дилига озор берсанг, мен қабримда тинч ётолмайман”.
“Акам акалик қила олмади”
Бир оилани биламан, иқтисоди ночорроқ ука бадавлат ака содир этган жиноятни ўз бўйнига олди. Чунки ака шундай қилишини сўраб, укасига “кейин ўзим қутқариб оламан”, деб ваъда берди. Хукм ўқилиб, ука озодликдан маҳрум этилди. Номард ака ваъдасига вафо қилмай, укани қутқариб қолмади, ҳатто унинг оиласидан ҳам хабар олишга ярамади.
Жазо муддатини ўтаб қайтган уканинг биринчи қилган иши акадан қасос олиш бўлди ва аканинг жонига қасд қилиб, иккинчи марта жиноят курсисига ўтирди. Судда сўнгги сўз берилганда, ука шундай деди: “Мен болалигимдан меҳр кўрмай ўсдим. Ота-онам эрта вафот этди. Мени кўча улғайтирди, ҳаётда акамдан бошқа яқин кишим йўқ эди. Бир ширин сўзга, меҳрга муҳтож бўлиб ўсдим. Бир қориндан тушган жигарлар бўлсак-да, акам билан бир-биримизга худди бегоналардек ўсдик. Биз меҳр кўрмаганимиз сабаб, мана бугун душманга айландик, чунки акам ўзининг акалик бурчини адо этмади. Мен қилган ишимдан афсусланмайман, ҳаётда битта меҳрсиз одамни камайтирдим...”
Бутун залдагилар бу сўзлардан ҳайратга тушдилар. Дарҳақиқат, инсон меҳри билан борлиқни яшнатади, меҳр билан фарзандлар улғайтиради, меҳр бериб яратувчанлик қилади. Меҳрсизлик туфайли эса қотилга айланади, жиноят кўчасига киради, яқинларини йўқотади, худбинга айланади. Демак, жигарларнинг бир-бирига меҳрли бўлишлари инсонийлик мезонларининг асралишига сабаб бўларкан.
“Пешанамда бўлса, фарзанд кўрарман, аммо…”
Ривоят қилишларича, кунлардан бир кун одил подшоҳнинг ҳузурига уч асирни келтирибдилар. Шунда саройга бир аёл фарёд чекиб, уларни озод қилишларини сўраб кириб келибди. Бундан ажабланган подшоҳ “Бу одамлар сенга ким бўлади? Нега бунча жон койитмасанг?” деб сўрабди. Аёл уларнинг бири ўғли, бири эри ва бири акаси эканлигини айтибди. Подшоҳ “Сенда биргина имконият бор: улардан фақат биттасини танла, мен ўшани озод қиламан, қолганини эса йўқ, чунки улар гуноҳкор”, дебди қатъий.
Аёл ўйлаб ҳам ўтирмай, акасини танлабди. Подшоҳ яна ҳайрон бўлиб сўрабди: “Нега 9 ой қорнингда кўтариб, минг азобда дунёга келтирган фарзандингни эмас, не умидлар билан бир ёстиққа бош қўйган жуфтингни эмас, айнан акангни танладинг?”
Аёл жавоб берибди: “Аллоҳ тақдир қилса, яна бошқа эр қиларман, пешанамда бўлса, фарзанд кўрарман. Аммо онам қайта тирилиб келиб, менга ака туғиб бермайди-ку? Мен учун жигарим улардан азизроқ…” деб жавоб берибди. Аёлнинг ақл-заковатига тан берган подшоҳ ҳар уччала гуноҳкорни кечириб, асирликдан озод қилган экан.
Дарҳақиқат, оилада вояга етаётган ака-укалардан кўра опа-сингиллар бир-бирларига жуда оқибатли бўлишади. Узатилган манзиллари қанчалик узоқ бўлмасин, дийдорлашишга барибир вақт топишади. Қишлоғимизда бир воқеа содир бўлди. Сингил автоҳалокат туфайли оламдан ўтди. Бу ҳақида шаҳарда яшовчи опага хабар берилди. Нон ёпишга чоғланаётган опа бу хабарни эшитиб, даҳшатга тушади ва юрак хуружи билан оламдан ўтади. Икки опа-сингилни бир куна бирга қабрга қўядилар…
Назаримда, мана шу жигарчиликнинг энг олий нуқтаси бўлса керак. Аммо беш қўл баробар бўлмагани каби ҳамма опа-сингиллар ҳам бирдек аҳил-иноқ бўлавермайди.
Дилга етказилган озор
Мен таниган бир оилада ота-она вафотидан кейин ота ҳовли икки қиз ўртасида талаш бўлди. Катта опанинг уч ўғли бор, ота-онанинг корига ҳам шу опа яраган, сингил эса тайёрига айёр бўлиб ноинсофларча опа билан ҳовли талашди. Натижада опа сингилга ота ҳовлисини бериб, ташвишдан қутулди. Шу воқеа сабаб, опа-сингиллар бир-биридан узоқлашди.
Бежиз вақтни оқар сувга қиёс қилмайдилар. Орадан йиллар ўтиб, опа уч ўғлини уйлантирди, уйли-жойли қилиб, тинч-тотув ҳаёт кечирди. Сингил ҳам қиз узатиб, ўғил уйлантирди. Аммо тақдирнинг ҳукмини қарангки, сингилнинг ягона ўғли фарзандли бўлиш бахтидан мосуво экан… Ўша ҳовлида она ёлғиз ўғлига уч марта келин туширди-ю, афсуски, яйрамади. Қизининг ҳам иккинчи фарзанди ногирон туғилди.
Бир дарди икки бўлган сингил баъзан: “Бу фалокатлар қайдан, қайси гуноҳим учун?!” деб фарёд солади. Ким билсин, бали бу ота-она руҳини азоблагани, опанинг дилига етказган озорлари учун тақдирнинг жавобидир…
Меҳр-оқибат кўтарилмасин
— Яқинда амаким янги сотиб олган уйини таъмирламоқчи бўлиб, турмуш ўртоғимга қўнғироқ қилди, — дейди бир дугонам. — қайноғам устачилик билан шуғулланади. Амаким у билан таъмирлаш ишлари ҳақида маслаҳатлашиб, келишиб олишди. Хуллас, қайноғам уйни таъмирлаб берадиган бўлди ва эртасиданоқ ишга киришди. Кунлар ўтиб, иш якунига етай деб қолганида, қайноғам келишилган нархдан кўпроқ пул талаб қила бошлабди. Амаким бундан ранжиди, лекин менинг турмушимга зарар етишидан истиҳолага бориб, эътироз билдирмай, у сўраган пулни берди.
Турмуш ўртоғим бу ҳақида эшитгач, акасидан роса ранжиди. “Ахир жигарчилик қайда қолди? Менинг ҳурматим йўқми? Шу ишни бегона одам қилса, акам олган пулдан арзонроққа келишган бўларди-ку. Инсофни унутиш ҳам шунчалик бўладими?” деди аччиқланиб. Мен ҳам қайноғамнинг бу ишидан хижолат бўлдим. Лекин ҳар нима бўлганда ҳам, икки ўртада жигарлар ўртасидаги меҳр-оқибат кўтарилмасин, дейман. Шунинг учун қайноғамга бу ҳақида эътироз билдира олмадим…
Ҳаётимиз абадий эмас, ҳеч кимга икки марта яшаш имкони ҳам берилмаган. Бу дунёга барчамиз меҳмонмиз. Демак, қисқагина умримизни фақат нафсимиз йўлида саросар этмасдан атрофга боқайлик, бизнинг бир оғиз ширин сўзимизга муҳтож, меҳримизга зор инсонлар борлигини унутмайлик. Айниқса, бир қориндан талашиб тушган жигарларимизга жонимизни беришга тайёр турайлик. Улар ота-оналаримиздан ёдгор, улар яхши-ёмон кунимизда ёнимизда беминнат суянчиқ. Биз — акалар, укалар, опа ва сингиллар ота-онамизнинг бир бўлагимиз, жигарбандлар яқинлашгани сари уларнинг тафти, меҳри келаверади. Ака-укаси борнинг ҳеч қачон отаси ўлмайди. Опа-синглиси борнинг эса ҳамиша онаси тирикдир. Ана шу шарафга барчамиз муяссар бўлайлик ва жигарликнинг бутун масъулиятини, шарафини асрайлик.
Феруза ОРИПОВА