БИРОВНИНГ ҲАҚҚИ


Маънавият сабоқлари

Феруза ОРИПОВА

БИРОВНИНГ ҲАҚҚИ

   Дам олиш кунлари уй юмушларидан бироз тин олгач ойнадан ташқарини кузатишни ёқтираман. Одамлар чумолидай тиним билмайди, ҳафта давомида ишлаб, яна дам олиш кунлари уй юмушлари билан банд бўладилар ва албатта рўзғорнинг камини тўлдирай деб, бозорга тушадилар. Назаримда, бу ҳаммага таниш манзара, биз ҳатто бу ҳолга кўникиб ҳам қолганмиз ва табиийдек қабул қиламиз.
  Менга қизим хамроҳ бўлди. Бизлар табиатдаги ўзгаришлар, баҳорнинг илиқ нафаси, дарахтларнинг уйғониши ва шошиб бозордан қайтаётган қўшнилар ҳақида суҳбатлашдик.
- Ойи, биласизми ҳамма рўзғор учун меҳнат қилади, ҳалол йўл билан оила тебратишни истайди. Лекин қўшнимиз Гулмира опага хайрон қоламан.
- Нега ҳайрон қоласан?
- Чунки улар рўзғор учун ҳеч қачон бозорга бормайдилар. Гулмира опа болалар боғчасида бош ошпаз бўлгани учун картошка-пиёз, гўшту-тухум, сариёғ дейсизми ҳаммасини боғчадан олиб келади. Улар болаларнинг ризқи эмас-ми, шу ҳам инсофдан-ми?
- Сен буни қаердан биласан?
- Биламан-да, уларни кўп кузатганман. Авваллари биров кўрмасин деб, ишдан атайлаб кеч келардилар қўлларида оғир халталари билан. Ҳозир бўлса ҳеч кимдан қўрқмайди ҳам, уялмайдими ҳам. Кейин дугоналаримнинг укалари ва жиянлари улар ишлайдиган боғчага боришади. Болалар боғчадан доим оч қорин билан келар эканлар.
- Қўй қизим, аниқ исботланмаган гапга ишониб, гуноҳга ботмагин.
- Фақат сиз эътибор қилмайсиз, ҳамма қўшнилар уларни гапиради.
- Майли, бошқалар гапирсаям, сен индама...
  Қизимнинг сўзларидан таажжубга тушдим. Наҳотки гўдакларнинг ризқидан болаларини боқса. “Бировнинг ҳаққи” деган нарсани биладими улар. Наҳотки виждони қийналмаса. Тўғри, ўзим ҳам бир-икки ишдан қайтаётганимда, Гулмирага тўқнаш келгандим, қизим айтмоқчи қўлидаги рўзғор халтаси тўла эди ўшанда.
  Онам биз фарзандларга: – Одамлар олдида уялишинг яхши фазилат аммо бундан ҳам яхшиси ўзингдан-ўзинг уялишингдир, – дердилар. Одам қачон ўзидан уялади, қачонки виждонига қарши иш қилса, номардлик ва риёкорлик қилмаса. Гулмиранинг бу ишини оқлаб бўладими, хўп эри бир жойда ишламас экан, ўзи рўзғорга масъул экан, буни гўдакларнинг ҳаққи эвазига қилиши шартмикан. Ўзи ҳам уч нафар фарзандни вояга етказяпти, эртага улар бировнинг ҳаққини еб улғайгач, ким ва қандай инсонлар бўлади. Биз қози бўлолмаймиз аммо ҳаммамизнинг кўксимизда виждон аталмиш қозимиз бор-ку?
  Ривоят қилишларича, бир ҳалол ва виждонли кишининг ҳовлисига бир қўшниси кириб ўғлидан шикоят қилибди: – Минг бор узр, ҳалолликда, сахийликда сизга тенг зот йўқ. Аммо айтмасам бўлмайди бу ҳол бир марта эмас, бир неча маротаба такрорланди. Кенжатой ўғлингиз бозорга олиб бормоқчи бўлган мешни тешиб, ундаги қаймоқни симириб, ялаб қўйяпти. Болакайни тартибга чақириб қўйсангиз, дегандим. 
  Қўшнининг арзидан хижолат тортган йигит ўйлаб ўйига етолмайди. Ҳалол меҳнат қилсам, рўзғоримга ҳаром аралаштирмасам, фарзандларимни ҳалол луқма билан боқсам, нега бундай бўлади. Хатойим қаерда, қаерда адашдим, боши қотган йигит хотинини саволга тутади: – Сен болага оқ сут бергансан, бировни дилини оғритганмидинг ёки кимнидир норози қилганмисан? Нега энди фарзандимиз ўғри томоқ бўлди?
  Шунда аёл бошини қуйи солганча: - Дадаси кечиринг, шу фарзандингизга хомиладорлик пайтим қўшниникига чиққандим. Дастурхонда чиройли анор турган экан, кўнглим суст кетди. Қўшни ташқарига чиққанида, чўнтагимдаги тўғноғич билан анорни тешиб, сувидан бир-икки симирдим ва нафсим ором олди. Ўғлингиз бировнинг мешини тешиши менинг нафсим ва хатойим меваси бўлади. Сиз аввало мени кечиринг, бугуноқ қўшнимдан ўша хатойим учун кечирим сўрайман, – деган экан. Ҳалол яшашни истаган одамга кўп нарса керак эмас, аслида.
  Бир инсонни биламан, ҳуқуқ соҳасида ишларди. Озми-кўпми ютуқларга эришди, ҳовли-жойлар қилди, фарзандларини ўқитди, машинали бўлди, ака-укаларини ҳам қўллади.
  Орадан анча йиллар ўтиб, ўша инсонни учратиб қолдим. У киши Андижон-Тошкент йўналиши бўйича қатнаб, киракашлик қилаётган экан. Мен бу ҳолни кўриб, табиийки таажжубга тушдим. Узоқ йўл давомида биз суҳбатлашиб кетдик.
  Маълум бўлишича, Азамат ака ўз ихтиёри билан ишдан бўшабди. Бунга сабаб - ўша бировларнинг ҳаққи эвазига топган бойлиги ўзига буюрмабди, яъни аввалига янги ҳовлиси бутунлай ёниб кулга айланибди. Ёлғизгина қизи бир нафар фарзанди билан гиёхванд эрдан ажрашибди. Тўнғич ўғли уйланиш арафасида автохалокат туфайли оламдан ўтибди. Иккинчи ўғли эса болаликдан туғма юрак нуқсони дардидан азият чекар экан.
- Биласизми, мен судья бўлиб, одамларнинг тақдирини ҳал қилдим. Баъзан тўғрини нотўғри, оқни-қора дедим. Адолатли хукм чиқармадим, адолат пешвоси деб менга ишонсалар-да, мен нафсим, эгаллаган курсим сабаб виждонимга қарши бордим. Оқибат эса, ширин турмушим заҳарга айланди. Бундан ҳам оғир фожеалар бўлмаслиги учун ўзим ўз хоҳишим билан ишдан бўшадим, чунки яхшилик адолатдан нари юрса, ёмонлик унга яқин бораркан. Яхши одам бўлиш учун адолатсизлик қилмасликнинг ўзи кифоя эмас экан, уни бутунлай истамаслик ҳам керак экан. Ахир адолат йўқ жойда инсон ҳаёти ва қадрини ушлаб турадиган ҳеч нима қолмайди-ку.
  Ҳозир, мана кўриб турганингиздек, киракашлик қилиб, рўзғорни ҳалол йўл билан тебратаяпман. Қизим ҳам қайта турмушга чиқди, куёвимиз диёнатли, инсофли, жуда яхши йигит. Набирамизни ўзимиз олиб қоламиз десак, у энди менинг ўғлим деб қўймай, ўз уйига олиб кетди, унга оталик меҳрини бераяпти. Яқинда кенжатой ўғлимизни уйлантирамиз. Сизни тўйга таклиф қиламан, – дедилар Азамат ака хотиржамлик билан. Мен у кишининг ҳаётидаги хотиржамликдан қувондим.
  Сизга айтмоқчи бўлган навбатдаги воқеани замонавий эртак деб қабул қиларсиз балки, афсуски у ҳаётий...
  Вилоят халқ таълими бошқармасида болалар боғчалари ва мактаб интернатлари бўйича масъул лавозимда ишловчи татар миллатига мансуб бир аёл бўларди. Юриш-туришидан тортиб кийинишигача, муомаласидан тортиб сўзлашигача ўта киборли бўлган бу аёл билан ҳамма ҳам бемалол гаплашиб кетавермас эди. Бир нафар ўғли билан эрдан ажрашган, феъли ҳам анча тор бу аёлнинг нафси жуда ҳакалак отган бўлиб, боғчалар ва интернатлар раҳбарлари бу аёлнинг сўзсиз итоаткорлари эдилар. Бирор бир байрам ёки туғилган кун йўқ эдики, у совғалар билан сийланмаса. Ўз вазифаси бўла туриб, ҳар бир амалга оширилиши лозим бўлган ҳужжат ишларига имзо қўйиш учун албатта таъмагирлик қиларди. Ҳамиша бировларнинг ҳаққи эвазига кун кўрувчи аёлнинг шаҳарда иккита квартираси, шахсий автомашинаси, озиқ-овқат дўконлари бор бўлиб, олмосу-тилла тақинчоқларининг эса саноғи йўқ эди. Ҳалқимизда “сувники сувга” деган яхши ибора бор, яъни бировнинг норози бўлиб бергани бировга юқмаслиги бор гап. Аёл ёлғиз ўғлини уйлантиради, ўғил эса бир йил яшаб хотини ва қизчаси билан хорижга яшашга кетади. Аёл ёлғизликда бир неча йил яшайди ва нафақага чиқиб, ўғлининг ёнига боришни режалаштиради. Кетиш олдидан уй-жойлар, тақинчоқларни сотиб йўлга отланган аёлни самолётда юраги хуруж қилиб, вафот этади. Навбатдаги манзилда қўнган самолёт аёлнинг мурдасини ўз юртига қайтариб юборади. Ўзи билан бирга олиб кетаётган бойликлар эса изсиз йўқолади. Шунча йиллар давомида тўпланган бойлик ўзгаларнинг ҳаққи бўлганлиги сабаб ўзига ҳам буюрмайди. Ҳаттоки мурда ҳам сарсон-саргардонликда аранг етиб келади ва ўша ҳамкасблар, махалла-кўй аёлни дафн қиладилар.
  Бугунги тезкор замонда айримлар “бировнинг ҳаққи” деган иборани унутиб қўйгандай, назаримда. Бўлмаса, ёши етмишдан ошган онахон бозорда қатиқни қаймоқ деб алдаб сотармиди? Қассоб сизга энг яхши жойидан чиройли қилиб бердим, деб суяк тўла гўштни килосига ҳам етказмай берармиди? Ёки ҳар куни эшигимиз ёнигача олиб келадиган сутчи аёл ўзимизнинг сигирники деб ишонтириб, сув қўшилган сутни сотармиди? Бозорда хорижники деб ўзимизнинг маҳсулотларни содда харидорга пуллаётганда наҳот савдогарнинг виждони уйғонмаса. Бировнинг ҳаққи барибир бир куни тешиб чиқиши ҳақиқат эканлигини наҳот унутган бўлсак. Хўп, биз катталар гўёки унутамиз, аммо касрига фарзандларимиз қолишини ҳам билганимизда эди. Бу ҳақида ўйламаймиз. Гўёки ўз бурчимизни бажараяпмиз. Бурч дегани эса - бировнинг ҳаққини билмайдими? Ҳар не бўлганда ҳам бировларнинг ҳаққидан ҳазар қилиб, ҳалол луқма билан фарзанд улғайтириш ҳаммага ҳам насиб этсин. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот