Бахтсизликдан ҳимоя қиладиган ордер борми?


        Тенг ҳуқуқлимиз…

  ҲАЁТИМИЗ кундан-кунга ўзгармоқда. Бир қарасанг — гўёки ҳаммаси рисоладагидек, гўё ҳамма бахтиёрдек. Жамият¬да аёлнинг роли ошгандек. Аёлларнинг бахту саодати учун хизмат қиладиган қонунлар, қарорлар ҳам шунчалик кўпки, санаб саноғига етишинг қийин… Аслида-чи? Аслида айрим аёлларнинг атрофидаги бахтсизликларни, фожиаларни, уларнинг бошидаги кўргуликларни, ситамларни барчамиз кўриб, билиб турибмиз.
  Муҳташам идорадагилар юксак минбарлардан туриб “Гендер тенглигига эришдик” деб оғиз кўпиртириб мақтанаётган бир вақтда олис қишлоқ чеккасида зўрға кун кечираётган, усти юпун, ночор, болалари касалманд муштипар аёл бизга “Гендер дегани нима ўзи у?” деб савол бергани, унга нима деб жавоб беришни билмай тилимизни тишлаганимизни эслаймиз. Алам қилади…
  Тўғри, Бош қомусимизнинг 46-моддасида Хотин-қизлар ва эркак-ларнинг тенглиги белгилаб қўйилган.  Аммо нега шу тенг ҳуқуқлилигимиздан оиламиз бузилган чоғида 4 нафар боламиз билан бошпанасиз кўчада қолганимизда фойдалана олмаймиз? Нега фарзандимизга ўз отасидан алимент ундиришни сўраб судгача борганимизда бу “тенг ҳуқуқлигимиз” ёрдамга келмайди? Нега қонунларимиз ҳаётимизни эмас, қоғозларни безаш учун қабул қилинаяпти? Боласига бермаслик учун ҳатто игнасини ҳам бошқаларнинг номига ўтказиб қўяётган оталар билан тенг ҳуқуқлимиз-ми? Уйсиз, жойсиз, қаровсиз, меҳрсиз қолган болалар жиноятга қўл урса, чорасиз қолган аёллар ўз жонига қасд қилса… яна аёлларнинг ўзини айбдор қилишимиз ҳам “тенг ҳуқуқлилигимиз”дан-ми? Жамиятдаги бундай хатоларни тузатишга нега кучимиз етмаяпти? Ҳаётни ўзгартириш учун қонунларимизни ўзгартиришга, бахтидан айрилган аёлга, аниқроғи, унинг вояга етмаган болаларига озгина ён босадиган қилиб ўзгартиришга нима ёки ким халақит беради?! Ҳимоя ордери бор-ку, дейишингиз мумкин…

Кимни кимдан ҳимоя қилмоқчимиз?

  Ҳимоя ордери. Бу янги иборани ҳар эслаганда юракни бир оғир тош эзади, хаёлни оғир ташвиш эгаллайди. Инсон қачон бундай аҳволга тушди? Бир уйда яшаб, бир ёстиққа бош қўйиб бир-биридан ҳимояланишни ақлга сиғдириш жуда қийин. Ёки болаларни онасидан, отасидан, бувисидан, акасидан ҳимоя қилиш ожизлик ва бағритошликдан бошқа нарса эмас. Бу одамзод қавмининг шафқатсизлигидан далолат. Ўз уйингда сени биров ўз яқинларингдан ҳимоя қилиши кераклиги ҳақидаги фикр ва тасаввур нақадар аянчли ва қўрқинчли…
  Оиласи учун хавфли инсонларнинг барчасини қафасга солишнинг кошки иложи бўлса… Темир панжара ортига эса бундайларнинг аксариати жабр кўрганларнинг кечиримлилиги ва ўлимдан ҳам кучли ор туфайли тушмай қолаяпти.
  “Осмондаги болалар” фильмини эслайсизми? Бечора аёл бутун умр ичкиликка ружу қўйган ношуд эркак билан яшаб, ҳар куни калтак еб, ундан жабр кўрса ҳам, ҳаммасига чидайди. Аммо ўғли Ҳамдамнинг мактаб ўқувчиси бўла туриб новвойхонада ишлаб ўзи пешона тери билан топган пулига сотиб олган видеомагнитофонини ароққа алмашганига чидай олмай, пиёниста эрни милицияга топшириб, “Олиб кетинглар уни бошқа чидай олмайман, жонимга тегди…” деб фарёд қилган аёл эрини милиция ходимлари олиб кетаётган чоғда орқасидан оёқ яланг югуриб, йиғлаб, аризамни қайтариб оламан, қўйворинг эримни деб милициянинг қўлига ёпишган саҳнаси ёдингиздами? Кўп ўтмасдан, гарчи бу ароқхўр оила бошлиғи шу “дард” билан оламдан ўтган бўлса-да, ўшанда бир пулга арзимайдиган бу эркакни оила қадрияти кечирганди,  ҳимоя қилганди.

Ҳимоя ордери ҳимояга муҳтож…ми?
  
  Ҳимоя ордери нима ўзи? Ҳимоя ордери — тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга давлат ҳимоясини берувчи ҳужжат. Унинг формуласи қуйидагича:
Ҳукуматнинг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан профилактика инспекторлари ҳимоя ордерини бериш ваколатига эга бўлди.
  Ҳимоя ордери, қоғоздаги чеклов холос! У инсонни ҳимоя қилишидан кўра кўпроқ баъзиларнинг ғазабини келтираётган бўлса-чи? Қандай қилиб жонсиз қоғоз ёки кўчадаги инспектор сизни уйингиздаги ҳайвон қиёфасига кирган одамдан ҳимоя қила олади?
  Тўғри, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 19 майдаги “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига асосан ҳудудларда Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Республика маркази ва унинг жойлардаги филиаллари ташкил этилди. Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига оғир ижтимоий аҳволда қолган, оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ишлатилишига дуч келган, ўз жонига қасд қилишга мойил бўлган хотин-қизлар жойлаштирилмоқда. Аммо ўз уйи, ўз ошиёнидан ўзга жойда аёлнинг бахтли бўлиши, болалари билан омонат яшаши, албатта, қийин. Мамлакатимизда эса неча-неча минглаб тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларга ана шундай жабру зулмлардан ҳимояланиш учун “ҳимоя ордери” берилаяпти, деган маълумотларнинг ўзиёқ кишини ҳушёр торттиради.
  Марказга мурожаат қилган ўта оғир психологик стрессга тушиб қолган, тазйиқ ва зўравонликка дуч келган хотин-қизлар ва болалар марказ шелтерига жойлаштирилиб, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда муаммолари ҳал этилмоқда. Афсуски, бу денгиздан бир томчи холос.

Қизча омон қолди...

  Иккинчи турмуш ўртоғининг гапига кириб, уч ёшли қизалоғини уриб, қўл-оёғини, бурнини синдирган онани ким деб аташ мумкин? Яхшиямки, маҳалладагилар ҳовлига кириб қолиб, тезда шифохонага олиб боришди, операция муваффақиятли ўтди. Маликанинг жони омон қолди. Бу қизча касалхонадан тўғри вилоят ички ишлар бошқармаси қошидаги вояга етмаган қаровсиз болаларни вақтинчалик сақлаш марказига, ундан кейин эса, “Меҳрибонлик уйи”га жойлаштирилди. Ҳозир уни севиб, ардоқлайдиган, яхши кўрадиган ажойиб хонадон эгалари фарзандликка олишган. Хайрият, яхшилар бор. Ўз онаси эса оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Унга аслида бу жазо ҳам кам.

Ҳимоя ордери бўла туриб ҳимоясиз қолган аёл

  Яна бир ёш аёл эса қўлида ҳимоя ордери бўла туриб, ҳимоя¬сиз қолиб, бу ёруғ оламни тарк этди. Нигоранинг қўлида ички ишлар бошқармаси томонидан берилган ҳар куни спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда уйда жанжал кўтарадиган, аёлига қўшиб, фарзандларини ҳам дўппослайдиган, қўлига тушган нарсани уриб синдирадиган ароқхўр эрдан ҳимоя қиладиган ордер бор эди. Афсуски, бу ордер аёлнинг жонига ора кирмади, уни маст-аласт юрадиган жоҳил эркак чангалидан қутқара олмади. Руҳидаги битмас жароҳатлар билан тўртта бола етим қолди.

Қайнонага баҳона керак…

  Нафисанинг бу хонадонга келин бўлиб тушганига 10 йилдан ошган бўлса-да, бирор марта қайнонасидан яхши сўз эшитганини эслай олмайди. Ҳаммасига беш нафар фарзанди борлиги, уларнинг эртасини ўйлаб, отасиз ўксинмасин, деб кунлари дўзахга айланса ҳамки, Яратгандан сабр сўраб яшашга ўргангани сабаб бўлди. У кир ювишдан олдин турмуш ўртоғининг кийимларини кўздан кечиришга одатланган. Бу гал ҳам шимнинг чўнтагидан 400 минг сўмни олиб, дераза токчасига қўйди. Ўзи эса кир ювиш, ундан сўнг бошқа юмушлар билан овора бўлиб, токчадаги пулни ичкарига киритиб қўйишни унутди. Бу орада қайинсингил пулни аллақачон ўғирлаб бўлган эди. Шусиз ҳам келинга зуғум қилишдан бошқа нарсани билмайдиган қайнонага келинни ўғриликда айблашга баҳона топилди. Кўчадан келганда, онасидан “ўғри келин”нинг танобини тортиб қўйиш топшириғини олган ўғил Нафисани ҳушидан кетгунча уриб, тепкилаган пайтда уни қайси ҳимоя ордери ҳимоя қила оларди?

Бахтсизликдан ҳимоя қиладиган ордер борми?

  Ўзбекнинг орияти ҳар нарсадан кучли. Турмуш ўртоғи хиёнат қилиб, болалари билан уни ташлаб кетганига қарамасдан, тўшакда ётган қайнонасини ўн беш йил парвариш қилган бахтсиз аёлни қайси ҳимоя ордери ҳимоя қилишини айта оласизми? Ёки ҳимоя ордери фақат уриб, қўлини синдирганлар, бошини ёрганлар учунми? Кўнгилни чилпарчин қилганларни инсофга чақирадиган ҳимоя ордери борми?
  Отасининг юзи қоралиги боласига урганида-чи? Гарчи, бола ота-онанинг қилмиши учун жавобгар бўлмаса-да, оилавий қадриятларимиз, ор-номус деган тенгсиз тушунча бу қоидани инкор қилишини яхши биламиз. Отасининг енгил табиат аёл билан никоҳсиз яшаётгани ҳарбий олийгоҳдаги ўқишидан айириб, унинг келажагини барбод қилганида, аҳду паймон қилган қизининг ота-онаси белгиланган тўйни тўхтатиб, бундай ахлоқсиз отанинг ўғлига берадиган қизимиз йўқ, деб тўёналарни қайтариб таъна қилганида-чи? Отасининг касрига қолган айбсиз ўғилни ҳимоя қиладиган ҳимоя ордерини қаердан топиш мумкин?
  Ҳимоя ордерига эътирозимиз, қаршилигимиз йўқ! Аммо у қалбини жаҳолат, миясини разолат эгаллаган, кўзи қонга тўлган, маънавий қашшоқ, ахлоқ-одоб кўчасидан узоқлашган, гуноҳ билан савобнинг фарқини билмайдиган, инсон деган улуғ номга арзимайдиган одамлардан Сизни, бизни, ҳеч кимни ҳеч қачон ҳимоя қила олмайди! Шундай экан, инсонийлик қиёфамизни йўқотмайлик!

Оила ишлари ҳам улуғ ибодатдир

  Аёлми, эркакми, энг аввало оилада бахтли бўлсин! Аллоҳ эркак кишини жисмоний ва руҳий жиҳатлари билан оила раҳбари бўлишга мос қилиб яратган. Оила қуриш ва унинг осойишталигини сақлаш, бу йўлдаги барча сарф-харажатлар эркак кишининг зиммасида.
  Аммо, эрларнинг аёллардан афзаллигини, баъзи фаҳм-фаросатсиз жоҳиллар ўйлаганидек, эр аёл устидан ҳукм қилувчи ҳоким, унга истаган нарсасини юклайди ва хоҳлаганини буюради, аёлнинг йўқ дейишга, эрининг буйруғига қарши чиқишга ҳаққи йўқ, чунки, у хато қилса ҳам, золим ва қўпол бўлса ҳам, эрдир, деб тушунмоқ ножойиздир. Бундай тушуниш бағоят катта жаҳолатдир. Аллоҳ амрига зиддир!
  Ислом дини ўз аёлларига нисбатан яхши муносабатда бўлган эркакларни инсонларнинг энг яхшиси қаторига қўшиши ҳақида Расулуллоҳ шундай деб марҳамат қиладилар: “Сизларнинг ичингиздаги энг яхшингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганидир. Ваҳоланки, мен ҳам ичингизда аҳлимга энг яхши (муносабатда)ман” (Имом Термизий ривояти).
  Азалдан ота-боболаримиз оила тотувлиги ва мустаҳкамлигини бошқа масалалардан кўра муҳимроқ санаб, оиланинг тартиб-интизоми ва тарбияси билан алоҳида шуғулланган. Зеро, оила қуриш, оилавий ишлар билан шуғулланиш ҳам улуғ ибодатдир.

  Маруса ҲОСИЛОВА, журналист.
2022 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот