Газета, журнал ушламаган қўллар


   Тошкент шаҳар, Яшнабод туманининг лицей ва мактабларида таҳсил олаётган 11- синф ўқувчи қизларининг катта кўча ўртасида бир-бирини ураётгани, тепаётгани, сочларини юлаётганини интернет тармоқлари роса айлантирди. Энг ажабланарлиси уларни мактаб ўқувчилари тасвирга олиб, энг уятли гапларни  буралатиб, қўшимчасига “Ур!”, “Оч биқинига теп!”-деган шармандали сўзлар билан “оловга мой сепиб” туришибди.
   Бир мактабда “А” ва “Б” синф қизлари бир-бири билан ёқалашиб кетган, муштлашув охирида, чизмачилик дарсида ишлатиладиган церкульни параллель синфда ўқийдиган қизнинг бўйнига тирагани,бир мактабда  кучини қаерга ишлатишни билмай фаррош аёлни дўппослаётган ўқувчилар, ўқитувчисига қўл кўтарганлар... ҳоказо, ҳоказолар...
   Ўтган йили хусусий каналлардан бирида “Ҳовли” деган турк фильми намойиш этилди. Турк қамоқхоналарида суратга олинган бу фильмнинг бошдан-оёқ аёлларнинг бир-биринини ҳақоратлаши, ваҳшийларча калтаклаши, ўлдириб юборишидан иборат. Мен Яшнабод туманидаги мактаб қизларининг мушлашув ҳолатида айнан “Ҳовли” турк сериалини таъсирини ва такрорини кўргандек бўлдим. Ўша тажовузкор гуруҳ, ўша бақириқ-чақириқлар, ўша ҳайвонларга хос ёввойи чинқириқлар. Бу маънавий оғуни баъзи ота-оналар болалари, ўсмир қизлари билан бирга ўтириб кўрмадими? 
   Биз ўсмир қизларимизни этини қотириб бўлдик. 
                        ***
   Суҳбат чоғида маълум бўлдики, бу яқин орада у зўравон йигитларнинг, тажовузкор қизларнинг бирортаси қўлига газета ва журнал ушламаганлар. Ҳаттоки, улар газета ва журналларни нима мақсадда чоп этилишини ҳам билмайди. Улар ахлоқсизликни чет эл сериаллари-ю ўзимизнинг кино студиялар ишлаган алламбало машиналарда, гуё Ўзбекистон кўчаларида совуқ қуролдан бир-бирига ўқ узаётган “қаҳрамонлар”дан кўрмоқда. Айтингчи, яхшилар? Бизда қачон ва қайси кўчада одам-одамга ўқ узаяпти? Бу сохта, зўрма-зўраки ўйлаб топилган ваҳший тасвирларингизу, чўнтагингизни қаппайтириш учун тинимсиз бераётган чет эл сериалларингиз бугун кутилмаганда ўз "мевасини" бера бошлади.  Шаҳар ва қишлоқларимизда рўй бераётган ёқа ушлатадиган кўргуликлар туфайли каналингиз қачон тўяди? Сиз ўз тармоқларингизда ҳирсу ҳаваснинг шайтоний  (хусусий-ку билганимни қиламан) базмини қачон тўхтатасиз?
   Қўлига китоб, газета, журнал ушламайдиган ёшлар кекса бобо ва бувисидан уялмай телевизордан фаҳш тарғиботини ўзларига сингдириб олмоқдалар. Яширинча интернет тармоғидан фақат маиший бузуқни ўрганмоқдалар. Айниқса, қиз болалар берилувчан бўлади, деган гап бор.
   Азизларим! Биз нимага бунча ёт сериалларга муккамиздан кетдик?
   Шайтон  макрига ўзингиз  фарзандингизни топширдингизми, тамом. Эртасига бориб у сизга ақл ўргатади. У уйда сиздан уялмадими? Ташқарида ҳам ҳеч кимдан уялмайди.
   Бола ахлоқни ҳеч қачон телевизор ёки телефондан ўрганмайди. У интернетдаги ботқоққа кириб кетмаслиги учун ибо – ҳаё, ҳалоллик каби фазилатлар билан ҳимояланган бўлиши керак. Бу ҳимояни у китобдан, газета ва журналлардан олади. Японияда ҳам, Кореяда ҳам, Италияда ҳам, АҚШ да ҳам одамлар тонгни газета ўқиш билан бошлайди. Уларда шундай нашрлар борки, бир кунда икки марта чоп этилади. Метрода, автобусларда телефонга эмас, газетага термулган одамларни кўриб, дилинг яйрайди. 
   Ўқимаслик натижасида зоҳир бўлган ахлоқсизлик ортидан худбинлик, бесабрлик, дангасалик, бағритошлик, қаноатсизлик, очкўзлик каби иллатлар ўз-ўзидан қатор бўлиб хонадонингиздан бахтни қувиб чиқаради. 
   Газета ва журнал оқ қоғоздан яралган. Келинг, шу оқлик билан ўсмирларнинг осмон каби улкан қалбидан ғуборларни артиб ташлайлик. Келинг, шу оқ қоғоз билан унинг кўзларидан гардларни олайлик.  
   Бугун газета ва журналдан, китобдан узоқлашган оилаларга ёвузлик кириб олаётганини ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз. 
   Огоҳ бўлайлик! Газета, журналдан - маърифатдан, маънавиятдан, яхши одамлар суҳбатидан маҳрум, кеккайган эркатой боланинг борар жойи зулматдир.
   У бунга лойиқ эмас. У илмлилар, бахтиёрлар қаторида бўлсин.  Қизингизнинг қўлига газета тутқазинг, токи бу нозик қўллар эртага кўчада соч юлишмасин, ўғлингизнинг қўлига журнал беринг, токи бу қўллар синфдошини бурнини қонатишни ўрганмасин. Яхшиларга қўшилсин. Фақат яхшиларнинг қалбида ҳамма замонларда меҳр-муҳаббат, номусу ор сақланиб қолган, азизларим. 
   Уйларга вақтли матбуот кирмай қўйди. Китоб, газета, журнал ушлаган қиз боланинг қалбида ўз-ўзидан самимият, покизалик, меҳр булоқлари кўз оча бошлайди. 
   Энг аввало, ўзимиз газета, журнал ўқийлик, намуна бўлайлик. Улар биздан маънавиятни ўргансин.
    Зулфия Мўминова.
Манба: "Ҳуррият" газетаси.