Таомнинг таъми туз билан, одамнинг таъби сўз билан
Бугун ота-оналардан тортиб, таълим тизимидаги мутасадди-ю масъул раҳбарлар, ҳатто давлатимиз раҳбаригача бу борада бош қотираётгани сир эмас. Ҳар қандай жамиятнинг эртаси, мамлакатнинг келажаги ёш авлодга берилаётган таълим-тарбиянинг сифатига боғлиқлиги ойдек равшан.
Одатда, биз юқоридаги саволга педагогнинг замонавий талабларга жавоб бериши, ахборот технологияларини пухта ўзлаштириши, ўз фанини чуқур билиши, кенг қамровли билимга эга бўлиши, ўз ишига масъулият билан қараши, дея жавоб берамиз. Тўғри, буни инкор этолмаймиз. Лекин фақат шуларгина сифат ва самаранинг мезони бўла олармикан?
Таълим-тарбиянинг таъсирчан бўлиши ўта муҳим масаладир. Бу эса ўз-ўзидан педагогнинг коммуникатив компетенциясига бориб боғланади. Ўз фанини чуқур билган, назарий жиҳатдан пухта, бўйи баробар китоблар, ўқув қўлланмалари ва дарсликлар ёзган мутахассислар бор. Уларнинг айримлари минбар, микрофон ва видеокамера орқали аудиторияга юзланса, қўрқув ва ҳаяжонга тушади, билганини ҳам айтолмай, фикри пойинтар-сойинтар бўлади. Энди тасаввур қилинг. Ўз фанига, мавзуига қизиқтира олмаган, таълим таъсирчанлигига риоя эта олмаган педагог қандай қилиб ўқувчига етарли билим бера олади? У қандай йўл билан тингловчини ром этиши, талабани маҳлиё этиши, ўзига, сўзига эргаштира олиши мумкин?
Қайси соҳада фаолият юритмайлик, қайси фандан дарс бермайлик, нутқ маданияти ва нотиқлик санъатини эгаллаш зарур. Зеро, бу таълимнинг сифати ва самарасини белгиловчи муҳим омилдир. Таъбир жоиз бўлса, инсоннинг тириклиги, соғломлиги унинг вена ва артериал қон айланиш тизимининг меъёрий айланма ҳаракатига боғлиқ. Агар инсонни бутун бир таълим тизими сифатида тасаввур қилсак, унинг вена ва артериал қон айланиш тизимини нутқ маданияти ва нотиқлик санъатига қиёс қилса бўлади. Демак, таълим тизимининг қон томири ва жон томири нотиқлик маҳоратига асосланган педагогнинг коммуникатив компетенциясидир. Халқимизнинг “Ўзингга қараб кутарлар, сўзингга қараб кузатарлар”, деган нақли бежиз эмас. Инсоннинг икки оғиз сўзидаёқ, унинг билим-савияси, маънавияти, дунёқараши, табиати, тийнати – характери намоён бўлади. Шунинг учун ҳам педагогнинг нутқий ва хулқий маданияти улуғвор мақсадларимизни, таълим тизимидаги истиқболли режаларни амалга оширишдаги муҳим қуролдир.
Сўзлаш маърифатдан, тинглаш маданиятдан, англаш маънавиятдандир
Таълимнинг калити нутқ билан, тарбиянинг калити хулқ билан бўлганидек, мулоқотнинг калити – нутқ, муомаланинг калити хулқ биландир. Нутқий ва хулқий маданиятга эга бўлмаган шахсни комил инсон деб, авлодни баркамол авлод деб бўлармикан. Ана шу маънавий ҳамда маърифий эҳтиёжни назарда тутган ҳолда, ўқитувчи ва ўқувчи орасидаги олтин занжир – мулоқот ва муомала маданиятини мустаҳкамлашга қаратилган “Нотиқлик санъати академияси” таълим муассасаси ташкил этилган эди. Ўтган йили ўқув муассасамизда бир тажриба ўтказилди. Тўртта ўқитувчини бир жойга чақириб, уларга беш дақиқалик ижтимоий мазмундаги видеоролик қўйиб берилди. Кейин улардан алоҳида-алоҳида ўша видеороликнинг сюжетини айтиб бериш ҳамда олган таассуротларини сўзлаб бериши сўралди. Уларнинг биринчиси шундай гапирдики, худди антеннаси яхши ишламайдиган телевизордаги тасвири “бижир-бижир” бўлиб, нима берилаётганини англаш қийин бўлгандек таассурот уйғотди. Иккинчиси гапирганда, оқ-қора рангли телевизорда тасвир кўргандек бўлдик. Учинчиси рангли телевизорда томоша қилгандек таассурот берган бўлса, тўртинчиси 3D, 5D, 7D форматли тасвирда кўргандек ҳис-туйғумизга таъсир этди.
Демак, тўртовлон бир жойда бир хил нарсани кўриб гапирган бўлса-да, уларнинг тахайюл, тасаввур ва тафаккур тарзи ҳамда тилдан фойдаланиш даражаси ҳар хил. Одатда, сўзловчиларнинг фарқи учта тушунчани қай даражада қўллашига боғлиқ. Бу сўзлаш, тинглаш ва англашдир. Сўзлаш маърифатдан, тинглаш маданиятдан, англаш маънавиятдандир. Педагогнинг нутқи ана шуларнинг уйғунлиги ва таъсирчанлик даражаси билан баҳоланади. Машҳур юнон нотиғи Горгийнинг фикрича, сўзловчининг энг муҳим вазифаси тингловчини ишонтириш, уни мафтун этиш ва ўзига ром қилишдан иборатдир. Ром этиш табиийки, нутқнинг таъсирчанлигига боғлиқ.
Дунёда боладай зийрак тақлидчи ва танқидчи йўқ
Пётр I замонида шундай фармон чиқарилган бўлиб, унга кўра, жисмонан носоғлом, нутқий нуқсони бор одам, ҳар қанча етук мутахассис бўлмасин, дарс бериш учун синфга киритилмаган. Чунки, дунёда боладай зийрак тақлидчи ва танқидчи йўқ, шунинг учун «жонли кўргазмали қурол» ҳар жиҳатдан тўкис ва тугал бўлиши лозимлиги оддий мантиқнинг талабидир. Ҳар бир нарса ёки ҳодисанинг бошқа бирига мазмунан боғлиқлиги мантиқийликдир. Навоий ҳазратларининг ушбу мулоҳазаси ҳам бежиз эмас. “Одамнинг табъи сўз билан, таомнинг таъми туз билан, сувнинг таъми муз билан”. Демак, таъсирчан нутқ бадиийлик мезонига таянади. Антик даврларда юнонлар чуқур фикрлаш ва чиройли гапириш илмини ҳикмат ва донишмандлик деб атаганлар. Шундан кейин кишиларни ҳар томонлама мукаммал, гўзал нутқ сўзлашга ўргатувчи махсус риторика илми вужудга келган. Цицерон нутқ жараёнида оҳанг энг муҳим ва энг таъсирчан восита эканлигини таъкидлаб, бундай дейди: “...Шундай нутқ оҳанги танланиши зарурки, у тингловчиларнинг эътиборларини ўзига жалб этиб турсин ва у нафақат ҳузурбаҳш, балки жонга тегмайдиган, кўнгил қолмайдиган ҳузурбахш бўлсин”. Улуғ рус мунаққиди Белинскийдан нутқда нима зарур деб сўраганларида, “Ҳамма гап оҳангда”, – деб жавоб бергани бежиз эмас.
Рус педагоги Макаренко “Мен “салом” деган сўзни қирқ хил оҳангда айтишни билганимдан кейингина Макаренко бўлдим” дея уқтириши замирида ҳам ана шу мантиқ бор. Демак, педагог авваломбор, ўз нутқини таъсирчанлик компонентларини мавзу билан боғлиқ ҳолда ифода эта олиши керак.
Шундай педагоглар ҳам борки, уларнинг маърузасини тинглаганда “димедрол” (уйқу дориси)га ҳожат йўқ. Дарс машғулотларидан бирида шу нарсанинг гувоҳи бўлганман. Зериктирувчи нутқи билан маъруза қилган ўқитувчига бир талаба икки қўлини кўксига қўйиб, “Устоз, сизга минг раҳмат, маза қилдим” деганди. Таажжубга тушган ўқитувчи унга қараб “Ўғлим, салкам қирқ йилдан бери дарс бераман, худди шу сўзни, шу илтифотни кутиб яшадим, кутиб ишладим, нима учун раҳмат деб миннатдорчилик билдирдингиз” деса, унга жавобан талаба шундай деганди: “Домлажон, шундай монотонний маъруза ўқидингиз, онамнинг алласи ҳам мени бир соат бу даражада мазза қилиб ухлатмаса керак”. Кулгили, лекин аслида, бу фожиа.
Айтинг-чи, педагогнинг вазифаси нима ўзи? Ўқувчини фандан бездиришми ёки фанга қизиқтириш орқали ортидан эргаштириш, таълимнинг таъсирчанлигига эришишми? Педагог коммуникатив компетенциянинг лингвистик ва нутқий компетенциясини обдон эгаллаши керак. У қайси фандан дарс беришидан қатъи назар, буни ўзлаштирган бўлиши керак. Аждодларимиз қадим замонлардан бошлаб сўз санъатининг, хусусан, оғзаки ижрочилик санъатининг инсон руҳиятига кўрсатадиган таъсирига жуда катта эътибор билан қарашган. Марказий Осиёда нотиқликнинг таъсирчан механизми орқали “Авесто”, “Бундахишн”, “Динкард” каби диний характердаги асарлардаги ғояларни омма онгига сингдиришда фойдаланишган. Жумладан, “Авесто”нинг асосий моҳиятини ташкил этган “Эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал” таълимотини халқ ўртасида тарғиб қилиб, одамлар қалбида эзгулик туйғуларини уйғотишда коҳинларнинг хизмати беқиёс эди. Коҳинлар фақат дин тарғиботчилари сифатидагина эмас, балки ифодали сўз сеҳри билан мўъжизалар кўрсатувчи санъаткор ижрочилар сифатида ҳам шуҳрат қозонган. Улар “Авесто”даги ибодат қўшиқларини, Ахура Мазда сўзларини, афсона ва ривоятларни ёрқин нутқ, ифодали сўз ва жозибадор овоз билан ижро этиб, халқ оммасини ўз ғояларига ишонтирганлар. IХ-ХV асрларда “Қуръони Карим” тарғиби билан боғлиқ ҳолда воизлик санъати ривожланди. Воизлик санъатининг тараққий этиши эса ифодали ўқиш санъати тарихида муҳим ўрин тутади. Қуръони Каримни ўқиш воиздан жуда катта илмий салоҳиятни, айни пайтда ёқимли овоз соҳиби бўлишни ҳам талаб қиларди. Шу боисдан ҳам “Қуръон” сураларини мафтункор қироат, жозибали оҳангда ўқишга ўргатувчи “Илми балоға” санъатига алоҳида эътибор қаратилган. Алишер Навоий воизлар ҳақида, уларнинг таъсирчанлик талабларига риоя этишлари борасида шундай ёзади: “Ваъзхон шундай бўлиши керакки, унинг мажлисига бўш кирган одам тўлиб чиқсин, тўла кирган одам эса енгил тортиб холи қайтсин. Воиз олим ва ҳалол иш кўрувчи бўлса, унинг насиҳатидан четга чиққанлар гуноҳкор бўлади. Агар у бошқаларга буюрса-ю ўзи қилмаса, унинг сўзлари ҳеч кимга таъсир этмайди ва фойда келтирмайди”. Педагог хоҳ илмий, хоҳ публицистик, хоҳ бадиий характердаги маъруза бўлсин, уни етказишда ўзининг руҳий ҳолати – гоҳ осойишта, гоҳ жўшқин бўлиши, баён оҳанги ифода этилмоқчи бўлган мазмунга қараб турланиб туриши зарур. Шу боис америкалик руҳиятшунос Дейл Карнеги “Қалб ҳарорати билан суғорилмаган нутқ ҳеч нима, нотиқ эса ҳеч кимдир” деган.
Сўзнинг сеҳрини унга меҳр қўйганларгина ҳис қилади
Афсуски, кейинги пайтларда мулоқот ва муомала жараёнида сўзни истифода этишда адабий тил қоидалари ва меъёрларига риоя этмаслик ҳолатлари учраяпти. Бу эса саводхонлигимизга путур етказибгина қолмасдан, балки маънавиятимиз таназзулига замин ҳозирлаши мумкин. Саводхонлик иккита асосга таянади. Бу оғзаки ва ёзма нутқ саводхонлигидир. Ҳар иккаласини қўллашда етарли ва айтарли камчиликларимиз бор. Бундан кўз юмсак, бефарқ ва лоқайд бўлсак, келажак бизни кечирмайди. Саводхонлик тугул, ўз фикримизни эркин тарзда баён эта олиш уқувига ҳам эга эмасмиз. "Мен тилчи эмасман, инженерман ёки программистман, чиройли сўзлай олмайман", деган баҳоналар кулгили. Ҳаммада истеъдод учқуни бор, уни фақат талант алангасига айлантириш учун қунт, ихлос, қизиқиш, ҳафсала, аниқроғи, ўзни қийнаш етишмайди. Сидқидил ҳаракат бўлмаса натижа ҳам, самара ҳам бўлмаслиги аниқ.
Сўзнинг сеҳрини унга меҳр қўйганларгина илғашади. Сўз маъноларини билмасликдан англашилмовчилик келиб чиқади. Ҳатто, айрим давлат тизимида масъул вазифаларда ишловчиларнинг нутқидаги вульгар сўзларнинг ишлатилгани ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлганини ҳам биласиз.
“Сўздан сўзнинг фарқи бор, ўттиз икки нархи бор”
Мулоҳаза ўрнида айтиш жоизки, биз айрим ёшларнинг уларнинг таъсирига тушиб қолишига бирламчи сабаб сифатида бериладиган моддий маблағни, пулни сабаб қилиб кўрсатдик. Айримларини пулга ўчлик ёки муҳтожликдан шу йўлга тушиб қолган деб ўзимизга тасалли берган бўлдик, моддий манфаатдорликни рўкач қилдик. Ваҳоланки, уларнинг аксарияти ўзига тўқ оилаларнинг фарзандлари. Ҳали ҳаёт ҳақида кенг тажриба ва билимга эга бўлмаган ёшларнинг бундай куйга тушиши мумкин деб ўзимизни овутдик.
Тўғри, бу ҳолатни инкор этиш қийин. Лекин, масалага чуқурроқ ва теранроқ ёндашадиган бўлсак, ўзгача манзара намоён бўлади. Очиғини айтиш лозимки, уларга сабоқ берадиганлар воизлик, яъни нотиқлик санъатини обдон эгалламаганлардир. Улар сўзининг таъсири кучли, аниқроғи, улар жонли сўзни топиб, танлаб, киши руҳиятига боғлаб, эшитувчини кўринмас иплар билан боғлаш иқтидорига эга. Ҳазрат Навоийнинг “Душман мақолоти – банг хаёлоти” деган ҳикматига эътибор қилинг. Душманнинг ҳийла-найранглари, ширин сўзи, алдови кишини банг чеккан кишидек гарангситиб ташлаши мумкинлигига ишора бор унда. Одамни сўз таъсирида зомбига айлантириш, манқурт ҳолатига келтириш ҳам мумкин. Психолингвистикада бу ҳолат аллақачонлар эътироф этилган. Инсон мияси бош қобиғида 86 миллиард нейрон тўқимаси бор. Ҳар сонияда ҳужайралар бир-бирига минглаб информациялар ташийди. Нотўғри, асоссиз, уйдирма фикрлар вирус каби инсон миясини заҳарлайди. Натижада дунёқарашда кескин ўзгариш бошланади. Келинг, бир мисол келтирайлик.
Иллюзион ўйинлар кўрсатувчи шахснинг ҳаракатига, манипуляцион машқларига қараб, ҳайратдан ёқа ушлаймиз. Биз эплай олмайдиган ҳаракатларни қилиб, ҳар хил усулда фокуслар кўрсатади. У шу йўл билан кўзимизни боғлайди, томоша кўрсатади. Гарчи, ишонмасакда, ўзимиз англамаган ҳолда ҳайратланиш асносида унинг сеҳрли доирасига тушиб қолганимизни билмаймиз. Шунинг учун ҳам у кўзбойлоқчидир. Нотиқ эса сўз бойлоқчи. У сўз сеҳргари ва синчиси. Фокусчи оддий томоша билан кўзни боғласа, воиз таъсирчан сўзи билан мияни боғлайди. Шунинг учун ҳам улар таъсирига тушган “мияси боғланган”лар ўз ота-онасига бориб, “куфр ва тўғри йўл” ҳақида ваъз айтишдан тап тортишмайди. Гўё ота-она болани эмас, бола ота-онани “тарбия”лаётгандек ғалати таассурот пайдо бўлади. Сўз магияси, унинг таъсир кучи ва доирасига эътибор кучли бўлмас экан, миллий ғоя моҳиятини етказиш, тарғиб этишда ожиз қолишимиз, шубҳасиз.
“Сўздан сўзнинг фарқи бор, ўттиз икки нархи бор”. Бу мақол сўзловчига ҳам дахлдор. Гап сўзни қандай айта олиш ва етказа олишда. Китоб нутқ ва фикр манбаи эканлигини, фикрни эмас, фикрлашни ўрганиш ва ўргатиш муҳимлигини доимо ёдда тутиш зарур. Ажаб эмаски, Томас Алва Эдисон “Цивилизациянинг энг буюк вазифаси одамларни фикрлашга ўргатишдир” деганида тил ва тафаккурнинг чамбарчас боғлиқлигини назарда тутган бўлса.
Тафаккур қаноти эса китоб билан дахлдорлигини ҳис этган ҳолда, истиқболли режаларни кўзлаш асносида халқимизни оммавий китобхонликка чорлашга бош-қош бўлаётир.
Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ,
“Нотиқлик санъати академияси” таълим
муассасаси раҳбари.
2021 йил.