"Рақамлар дунёни бошқармайди, улар дунёнинг қандай бошқарилаётганини билдиради." Немис мутафаккири Йоган Гётенинг фикри бу. Рақам қутлуғ қадам, фаолият сарҳисобига ишора, аслида. Ўзбекистон Ресубликасининг "Давлат тили ҳақида"ги Қонунининг қабул қилинганига 30 йилдан ошди. Бу рақам халқ тақдири, унинг ўзлиги ва сўзлигига, миллий ва маънавий қадриятларини асраб қолиш каби ижтимоий-сиёсий моҳият касб этувчи халқимизнинг халқаро майдондаги ўрни ва рутбасига дахлдордир.
Ўзбекистон Ресубликасининг "Давлат тили ҳақида"ги Қонунида дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадрият сифатида эътироф этилади. Она тилимиз қоғозда эмас, балки амалда тўла мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлиши, ўзбек тили ҳаётимизнинг барча жабҳаларида – давлат ва жамият бошқаруви, давлатлараро муносабатлар, илм-фан, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият ва санъат соҳаларида фаол қўлланилиши, ҳаттоки, халқаро минбарлардан баралла янграши борасида катта аҳамият касб этиши, шубҳасиз.
Элнинг нуфузи тилининг қиймати билан белгиланишини ҳаммамиз биламиз. Қайсидир маънода баъзи нарсаларга шунчаки қараш мумкиндир, лекин тил масаласига асло бефарқ бўлиш мумкин эмас. Чунки, у халқнинг борлиги, бойлиги ва борлиғидир. Миллатнинг руҳи, руҳониятининг ойнасидир. Чунки у мавсумий мавзу эмас. Унга ҳар дамда, ҳар қадамда эҳтиёж сезамиз.
Она тилимизнинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш, уни илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш ва қўлланиш доирасини кенгайтириш, филолог кадрлар тайёрлаш борасидаги қатор ижобий маънодаги ишларни таъкидламаслик инсофдан эмас. Лекин очиғини айтиш керакки, у ҳали етарли эмас. Халқимизнинг айрим қатламида эътиборсизлик, тилдан тўғри фойдалана олмаслик ҳолатидан кўз юмиб бўлмайди. Бу уларнинг оғзаки нутқида ҳам, ёзма нутқида ҳам яққол сезилади. Тан олиш керакки, тўғри ёзиш ва тўғри сўзлаш қоидасига амал қилишда етарлича саводхон эмасмиз. Энг аввало, давлат тилини билиш зарур, кейин эса қанча чет тилларни билсак, бу биз учун кони фойда. Даставвал, давлат тилига эътибор юқори даражада бўлиши керак. Шуни ҳис этмаган фуқарода ватан туйғуси, кимсада эса оила қайғуси ҳам бўлмайди.
Тилни билиш эмас, балки унда яшаш, у билан нафас олиш керак. Бу билан унинг барча жабҳаларда, оилада, маҳаллада, кўча-кўйда, ўқув ва меҳнат муассасаларида, анжуман ва йиғилишлардаги ўрни ва ролини назарда тутаяпмиз. Тилни ҳис этиш эса китоб мутолааси, китобхонлик маданияти билан боғлиқ. Бадиий китоб ўқиш эса сўзни ҳис этиш билан бирга эстетик дидни ўстиришга, тасаввур ва тафаккур дунёмизнинг кенгайишига хизмат қилади. Шу боис Президентимиз "Китоб ўқимаган одамнинг ҳам, миллатнинг ҳам келажаги бўлмайди", - дея барчани оммавий китобхонликка чорладилар.
Шунчаки номигагина тадбирлар ўтказилмасдан, давлат тилининг ижтимоий қатламнинг барча жабҳаларида тўла истифода этилиши билан боғлиқ конкрет ишларни амалга оширилиши зарур.
Бу чинакам байрам, чинакам режа ва дастурларнинг ижроси ўрнида ўтиши мақсадга мувофиқ. Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўзбек тили мавзусида иншолар танловини ўтказиш, мамлакатимиздаги театрлар ва кинотеатрларда, маданият саройларида буюк алломаларимиз ҳақидаги спектакллар, бадиий ва ҳужжатли фильмлар намойишини йўлга қўйиш, “Ўзбек тили тараққиёти ва халқаро ҳамкорлик масалалари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказиш, мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари ва дипломатик ваколатхоналарида ўзбек тилига бағишланган байрам тадбирларини ташкил этиш, “Ўзбек тилининг дўстлари” клубларини тузиш, мамлакатимизда янгитдан ташкил этилиб, фаолият кўрсатаётган адиблар номи билан боғланган ижод мактабларида она тилига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар ва янги китоблар тақдимотини амалга ошириш бу борадаги ҳаракатларимизнинг оқилона ечимидир.
Тўғри, ҳисоботлар ва турли ҳужжатлар айрим вазирлик, идораларда ҳозиргача давлат тилида тайёрланмаслигини қандай изоҳлаш мумкин.
Бунинг учун Давлат тили ҳақидаги Қонунни қайта кўриб чиқиш асосида халқ муҳокамасидан ўтказиш, бир пайтлари ташкил этилган Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Атамақўмни қайта тиклаш, давлат тилининг барча жараёнлари тўла ва тўғри амал қилишини мунтазам равишда назорат қилиб борувчи, мониторинг қилувчи туман, шаҳар ва вилоятларда жамоатчилик комиссияларини тузиш давр талаби. Тоҳануз аксарият қонун ва қарорлар рус тилида яратилиб, зўрма зўраки ўзбек тилига ўгирилади. Бир пайтлари "Ўзбекфильм"нинг кино маҳсулотлари рус тилида яратилган, сўнгра ўзбек тилига ўгирилган. Тўғри, у пайтда аксарият режиссёрлар русийзабон бўлган, ўзларимизнинг киночилар ҳам Россияда таҳсил олишган. Буни тушуниш мумкин. Хўш, эндиликдачи? Нега ўзбек тилида бу ишларни амалга оширолмаймиз, ёхуд бизнинг бой ва нафис, маънодор тилимиз бу вазифани бажаришга қобил эмасми? Тилимиз, сўзимиз қобил, ўзимиз ноқобил. Аччиқ бўлса ҳам айтиш керак. Қачонгача хаспўшлаш йўлидан борамиз. Ҳақиқатни тан олиш ва хатони тузатишни ҳам ўрганайлик, ахир.
Олий Мажлис Сенати аъзоси, Тошкент давлат шарқшунослик институти ректори Гулчеҳра Рихсиева ижтимоий тармоқлар орқали чиқишларидан бирида ана шу муаммоларга тўхталиб ўринли мулоҳазаларни келтирган. "Давлат тилини ўрганиш ЭҲТИЁЖ даражасига чиқмас экан, таълим тизимида ҳам кутилган натижага эришиб бўлмайди. Бунинг объектив ва субъектив сабаблари бор. Ёшларнинг ўзбек тилини ўргана олмаётганига асосий сабаб – бу оиладаги муҳит ва тарбиядир. Ота-онанинг она тилига бўлган беписандлиги фарзандининг бошқа тилда гаплашиб, мулоқот қила олишидан “фахрланиш” ҳисси билан янада кучаяди. Ҳолбуки, оилада она тилини ҳурмат қилишга ўрганган ёшлар ўзга тилга ҳам ҳурмат билан қараши, чет тилларини қийналмай ўзлаштира олиши кўп кузатилади",- дея фикр билдиради Шаҳноза Рихсиева. Тил таълими узвийлиги ва узлуксизлигининг таъминланмасдан кўзланган мақсад рўёбга чиқмаслигини эътироф этади улар.
Дарҳақиқат, ижтимоий-маънавий зарурият ва эҳтиёж сифатида қаралмаган ва қўйилмаган нарса-ҳодиса бари ўткинчидир. Акс ҳолда, гап гаплигича қолаверади. Бу эса ижрони пайсалга солиш, лоқайдлик ва бепарволикдан бошқа нарса эмас.
Даниэл Дефо эҳтиёж кишини буюк кашфиётчига айлантиради деган мазмундаги фикрни келтиради. Тасаввур қилинг. Робинзон Крузо бир ўзи (Жумабойни истисно қилганда) 28 йилдан зиёд муддат мобайнида кимсасиз оролда яшади. У ўша оролнинг қироли, қароли ҳам, сувчиси, овчиси ҳам, боғбони, деҳқони, чорвадори ҳам бўлди. Чунки, уни бу кўйга солган нарса яшаш учун кураш эҳтиёжи, тирик қолиш, жонини сақлаш зарурияти эканлиги аён. Истифода этилмаган нарса аста-аста унутилади. Тўла истеъмолда бўлмаган тил ўлимга маҳкум.
Бу борадаги барча муаммоларнинг ечими давлат тилининг эҳтиёж, ижтимоий зарурият сифатида қўйилиши ва зудлик билан амалий чора-тадбирлар кўрилишидир.
Шу ўринда буюк мутасаввуф Жалолиддин Румийнинг қуйидаги битикларини келтириш ўринлидир. “Ерда бир ҳайвонча(қурт) мавжуддир. У ер остида зулматда яшайди. Кўз ва қулоқсиз. Аслида, унинг кўз ва қулоққа эҳтиёжи йўқ. Модомики, муҳтожлиги йўқ экан, унга нечун кўз ва қулоқ берсинлар? Тангри оз бўлгани учун ёки хасислиги сабабли уни кўз ва қулоқсиз қолдирдими? Йўқ! У буларни эҳтиёжига қараб берди. Эҳтиёжи бўлмаган кишига берилган ҳар қандай нарса ортиқча юкдир. Бироқ тангрининг лутфи карами ва ҳикмати юк бўлади эмас, балки киши зиммасидан юкни туширади. Масалан, дурадгорнинг теша, арра, болға каби асбобларини тикувчига берсанг, булар унинг учун фақат кераксиз тошга айланади. Шунинг учун ҳам нарсанинг эҳтиёжига кўра берадилар".
Иқтидорли адабиётшунос ва ношир Санжар Назарнинг келтирган факти ва изоҳлари бу борада катта қийматга эгалигини таъкидлаш ўринлидир. "Одамнинг (барча ҳайвонотнинг ҳам) вужудини жон тарк этгач, тана ўз-ўзидан емирилишни бошлайди. Бир-икки ойда буткул тамом бўлиб, таниб бўлмас ҳолга келади. Миллат учун тил ана шу жон ўрнидадир. Тилсиз миллат емирилишга маҳкум."
Муҳтарам Президентимиз 2017 йил 23 декабр куни Ўзбек тили ва адабиёти университетига ташриф буюрган пайтларида зиёлиларга қарата айтган ушбу даъватларини наҳотки, унутган бўлсак. «Она тилимизнинг бойлигини, унга ҳурматингиз ва муҳаббатингизни тилимизни дунёга тараннум этиш билан кўрсатишингиз керак." Шунингдек, нуфузли элчилар иштирокидаги тадбирда "Ўзбекистоннинг чет элдаги элчиси бўлса-ю, ўзбек тилини билмаса, бу халқимизга хиёнат эмасми?!" - деган фикрлари бизни жиддий ўйлантириши керак.
Олий Мажлис Сенатининг 17, 18 - ялпи мажлисларида “Давлат тили ҳақида"ги қонун ижросини танқидий баҳолаб ўтилгани, тилимизни абгор ҳолатга тушиб қолганини эътироф этилгани бежиз эмас. Нафақат нодавлат телерадиоканаллари, балки Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси телеканалларида ҳам бошловчилар томонидан адабий тил қоидаларига зид равишда турли шеваларда сўзлаш салбий одат тусига айланаётганини ижтимоий тармоқларда қайта-қайта эътироф этилмоқда.
Нотиқлик санъати, воизлик маданиятидан дарс бериш жараёнида тингловчиларимга баъзан мурожаат қилиб "Сизлар тилларда сўзлайсиз, аммо тилда фикрлайсиз",-десам, "нима деганингиз бу" - деб сўрашади. Кейин тушунтирган бўламан. Масалан, мен форс, рус, немис тилида гапирсам ҳам, ўзбек тилида фикрлайман. Ўзбекча қурилишини ясаб олиб ўша тилларга таржима қилиб кейин гапираман. Раҳматлик устоз, уруш ва меҳнат фахрийси, академик Матёқуб Қўшжоновнинг таҳсили аксарият рус тилида бўлгани учун фақат мақола ёзаётганларида рус тилида фикрлардилар. "Римбой (улар мени хоразмчасига шундай чақирардилар) ўша сўз рус тилида мундай "звучит" қилади, ўзбекчаси қандай бўлади. Мабодо, айтсам, "ҳа, худди ана шу сўз, ёз,"- деб қўярдилар. Лекин, шуни айтиш жоизки, устоз ўзбек тилининг бойлиги, нозик қочиримларини теран идрок этардилар. Айтмоқчимизки, давлат тилида сўзлаш давлат тилида фикрлашдан ва унга ҳурматдан бошланади.
Рус тилининг машҳур изоҳли луғатини яратган истеъдодли лексикограф Владимир Далнинг ушбу фикрига беэътибор бўлмайлик. "На майл-истак, на диний ишонч, на аждодлар қони инсоннинг у ёки бу халққа мансублигини тайин этади. Ким қайси тилда ўйласа, у ўша халққа мансубдир. Мен рус тилида ўйлайман." Ваҳоланки, Далнинг отаси даниялик, онаси эса олмон бўлган. Демак, тахайюл, тасаввур ва тафаккур тарзи она тилида бўлмаса, давлат тилига муносабат, мурожаат кўнгилдагидек бўлмайди.
Бунинг учун таълим муассасаларида тил қоидаларини чуқурлаштиришдан кўра, ўқувчиларда фикрни равон етказиш, кўникма ва малакасини ҳосил қилиш йўллари ҳақида бош қотириш ўринлидир. Демак, назарий филологиядан кўра, амалий филологияга ўтиш ва уни ҳаёт тарзига айлантириш, ўқув ва иш жараёнларида тўла қўллашни жорий этиш шарт. Унинг тартиби ва таркибини зудлик билан ишлаб чиқиш зарур.
Тасаввур қилинг, кўча бўйлаб ҳассасини дўқиллатиб кетаётган чолдан "Ота, қаёққа кетаяпсиз",- деб сўрасангиз, "Бозорга, нос опкелишга кетаяпман, болам,"- дейиши мумкин. Шунда сиз мабодо, "Ота, "бозорга" сўзи қайси сўз туркумига мансуб, "га" қайси келишикнинг қўшимчаси" - деб сўрайдиган бўлсангиз, "Яқинроқ кел, болам, қулоғим оғирроқ",- деб ёнига чорлайди-да, "Сен мени мазах қилаяпсанми," - деб қўлидаги таёғи билан бошингизга туширади.
Чол ўзбек тилининг фонетика ва грамматикасини билмаса ҳам фикрини қандай қилиб айтиш йўлларини яхши уддалайди.
Таълим ва мулоқотнинг калити нутқ билан, тарбия ва муомаланинг калити хулқ билан боғлиқлигини билмаслик фожиага олиб боради. Иқтидорли олим ва таржимон Зуҳриддин Исомиддинов ижтимоий тармоқларда чиқиб эътироф этганларидай, "Манқурт – ҳар бир идора ва корхонада, ташкилот ва маҳкамада топиладиган, миллати бор, аммо миллий ғурури йўқ кимса. Қорнининг ғамини орининг ғамидан устун қўядиган, сиртдан ўта зиёли, аммо ўзбек бўлиб туғилганидан фахрланмай, ўкинадиган нафс бандаси. Манқуртнинг белгиси шуки, унинг учун эл-халқ, миллат деган нарса йўқ, аҳоли бор, холос."
Муаммонинг сабаби аён. Биз ўзбек тилида фикр ифодалаш ва уни етказиш билан боғлиқ масалаларда оқсаяпмиз. Юқорида таъкидлаганимиздек, тилни ўзлаштиришда амалий машғулотдан кўра, назарий маълумотни зўрма-зўраки сингдириш йўлидан бориб ўқувчини бездирдик. Ўқувчи бугун фандан безса эртага ватандан безади, индинга ватангадо, охирул оқибат кафангадо бўлади. Ўз тилимизни барча жараёнларда фаол қўлланилишига эришмагунимизча ҳеч қандай сифат ва самара бўлмайди. Тил тактикаси тараққиёт стратегиясининг таъсирчан ва инновацион механизмидир. Омма тушунадиган халқчил тилда гапириб уларни истиқболли мақсад ва режаларимизга ишонтира олсакгина дадил қадамлар билан олдинга интиламиз. Бунинг учун ўзликка эга бўлишга халақит берувчи омилларга лоқайд бўлмаслигимиз керак.
Ёшларда ўзбек тилини ўрганишга қизиқиш ва эҳтиёж уйғотилиши шарт. Бунинг муҳим омили масофавий таълим, мустақил ўрганишга йўналтирилган видеодарсларни ҳам кўпайтириш ва интернет тармоқларига жойлаштиришдир. Айни пайтда педагогнинг коммуникатив компетенцияси, муомала маданияти, таъсирчан таълим усулларини сингдирадиган Риторик маҳорат мактаби ва нотиқлик санъати маркази ёхуд институти очилганида эди, бугунги кунда ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган ўзаро мулоқотимиздаги нохуш ҳолатларга, кўпгина муаммоларга аллақачон ечим топилган бўларди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги, “Фирмаларнинг номлари тўғрисида”ги каби тил билан боғлиқ қонунларини такомиллаштириш ва қонун бузилиш ҳолатларида чора кўришнинг белгиланиши жамоатчилик диққатини жалб этадиган кўча-кўйдаги айрим саводсизларча ёзилган битикларнинг олди олинган бўларди. Тасаввур қилинг, АҚШ, Германия, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Россия ва Украина каби давлатларнинг олий таълим муассасаларида ўзбек тили йўналиши очилиб, элимиз ва тилимизга эътибор кучаётган бир пайтда биз бефарқ ва лоқайд бўлсак, кулгили эмасми?!
Инсоннинг ўзлиги учун кўзгу унинг сўзлигидир. Кимнинг кимлигини билдируви ойнаи жаҳони ҳам унинг тили. Инсоннинг икки оғиз сўзиданоқ, унинг онги, савияси, билими, қизиқиш олами, табиати ва тийнатини англаб олиш қийин эмас. Халқимизнинг "Ўзингга қараб кутарлар, сўзингга қараб кузатарлар" - деган мақолида ҳам ана шу ҳақиқат яширин.
Ўттиз йил елдек тез ўтиб кетди. Ҳар йил тил байрами тадбирларини ўтказамиз, ОАВ орқали ёритамиз ҳам. Амалда қандай? Ҳар биримиз ўз ўзимизга савол берайлик. Минбар, микрофон ва видеокамера орқали жамоага юзланиб бемалол, эмин эркин мулоҳаза билдиришга, сўз айтишга қобилмизми? Оғзаки ва ёзма нутқ маданияти қоидаларига риоя этиб, фикрни эмин-эркин баён эта оламизми? Афсуски, ижобий жавоб йўқ.
"Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганига ўттиз йилдан ошгани тезроқ амалий ишларга ўтиш заруриятини англатаётгани, тақозо қилаётгани аниқ. Бу қонун бизни жиддий ўйлаб кўришга, огоҳликка даъват этади. “Давлат тили ҳақида”ги Қонун ижроси бўйича қилинадиган ишларни кечиктирмасдан самарали ва сифатли тарзда ташкил этиш тил, эл, дил бошқача айтганда, виждон амридир.
Ўзбекистoн Республикaси Фaнлaр aкaдемияси мукoфoтининг лaуреaти вa “Энг яxши вoиз” Республикa кўрик-тaнлoвининг сoвриндoри, филoлoгия фaнлaри нoмзoди, доцент, Antique world — “Aнтик дунё” Xaлқaрo илмий aкaдемиясининг aкaдемиги, нотиқ ва ТИҚХММИ матбуот хизмати раҳбари - Раҳимбой Жуманиёзов.
2019 йил.