САЙҚАЛЛАНСИН СЎЗ САНЪАТИМИЗ
21 октябрь: Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун
САЙҚАЛЛАНСИН СЎЗ САНЪАТИМИЗ
Мирзолар – Мишага айланган йиллар,
Сувонлар – Сашага айланган йиллар,
Алишер – Аликка, Камол – Коляга,
Муаттар – Машага айланган йиллар,
Мен сиздан ўкиниб яшайман.
Эркин ВОҲИДОВ
Сатрларимизни Ўзбекистон халқ шоири – Эркин Воҳидовнинг “Ўкиниб яшайман” номли шеъридан парча келтириш билан бошлаганимиз бежиз эмас. Шеърда собиқ иттифоқ даврида юз берган ўзбек тилига нисбатан беписандлик, эътибор етишмаслиги, миллий дунёқарашдаги буҳронлар, шоирнинг она тилимизни ёт унсурлардан асролмаслигидан ўкиниши, ботиний ғалаён ва исён акс этган. Шоир маънавий-ахлоқий қадриятларимизнинг йўқолишига, одамларнинг миллий ўзлигини йўқотишига нисбатан ачиниш ва куюнчаклик ҳис-туйғуларини ифодалаган.
Гулчеҳра исмини "Гуля "деганлар,
Зулхумор, Зумрадни "Зуля" деганлар,
Ростмана номини айтсанг ортингдан,
"Маданиятсиз бўлмай, ўл-е", деганлар,
Мен сиздан ўкиниб яшайман.
Шоир бу ҳолатдан қаттиқ азоб чекиб, чуқур алам ва изтироб ҳиссини ҳис этгани акс этади.
Шунинг баробарида, муаллиф томонидан она тилини севиш, уни қадрлаш, эъзозлаш ва асраб-авайлаш зарурати шеърларида таъкидланган ва уқтирилган.
Тил – миллат ифодасининг зарур воситасидир
Давлат тили ҳар қандай халқнинг маданий ва ақлий ҳаётининг ажралмас бўлаги бўлиб, унинг тарихи, анъаналари ва қадриятларини ўзида кўзгу каби акс эттиради. У халқнинг ўзини идрок этиши ва ўз ифодаси учун зарур восита саналанади. Шу маънода, давлат тили миллат ва мамлакатнинг бирлиги ва уюшганлигида муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми, ўзбек халқининг маданий меросини сақлаш ва ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. У халқнинг ўзлигини англаш туйғусини шакллантиради ва маданий бойликлари, анъаналари, қадриятлари ва тарихини намоён этади. Давлат тилининг ривожланиши, жамиятдаги барча соҳаларда, хусусан, таълим, илм-фан, санъат ва ахборот алмашинуви каби соҳалардаги тилга эътибор даражаси билан чамбарчас боғлиқ.
Давлат тили мақомининг эълон қилиниши, ўзбек тилидаги ижодий фаолиятни шакллантиради, ёзувчилар, шоирлар ва санъаткорлар учун янги имкониятлар эшигини очади. Бу, ўз навбатида, халқнинг ижодий салоҳиятини ривожлантиришга, миллий маданиятни мустаҳкамлашга ва халқаро миқёсдаги турли жараёнларда ўз ўрнини топишига, Ўзбекистон давлатининг мустақил ва суверен, демократик мамлакат эканлигини билишларида ёрдам беради.
21 октябрь куни – ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилган кунни нишонлаш, халқимизнинг тилимизнинг қадрини англатиш, уни асраб-авайлаш ва ривожлантиришга бўлган масъулиятимизни янада оширади.
Ўзбек тилининг тарихи ва ривожланиши
Ўзбек тили қадимги туркий тиллар гуруҳига мансуб бўлиб, тахминан VIII асргача бўлган даврда шаклланган. Бу тил, асосан, Марказий Осиё ҳудудларида тарқалган бўлиб, Қорахонийлар, Темурийлар ва Шайбонийлар даврларида ривожланиб, ўз адабий куртакларини бера бошлаган.
У ўзбек халқининг она тили бўлиб, узоқ ва бой тарихига, чуқур илдизларига эга. Ўзбек тилининг тараққий топишига кўплаб омиллар таъсир кўрсатган, жумладан, қадимги кўчманчи туркий қабилаларнинг тиллари, форс, араб ва рус тилларидаги сўзлар ҳам тилимизга кириб келган.
Натижада, Ўзбек тили бой ва ифодали тилга айланган. У ўзининг ўзига хос грамматикаси, лексикаси ва фонетикаси билан бошқа туркий тиллардан фарқланади. Масалан, ўзбек тилидаги баъзи сўзлар ва ифодалар, уларнинг маънолари ва қўлланилиши бошқа тиллардаги ўхшаш сўзлардан фарқ қилиши мумкин. Ўзбек тилида ўзига хос қочиримлар, сўз ўйинлари ва бир неча маънони англатувчи иборалардан аскиячилар унумли фойдаланиши бунга яққол мисолдир.
Аслида, барча тиллар тарихига назар ташласак, ҳамма тилларда бошқа миллат вакилларининг тилларидан қайсидир сўзлар ўзлаштирилганини кўришимиз мумкин. Бу, тилнинг ривожланиш жараёнидаги табиий ҳолат ва жараён ҳисобланади. Ўзбек тилининг бойлиги ва мураккаблиги, унинг тарихий ривожланиши ва тарихда турли маданиятлар таъсир этгани ва улар билан алоқасига ҳам бевосита ва билвосита боғлиқ.
Ҳар бир ўзбек ўз она тилини билиши, сўзлаша олиши ва шу тилда ижод қилиши орқали ўзининг маданий меросини асраб-авайлашга ҳисса қўшади.
Нотиқлик санъати академиясининг раҳбари, профессор – Раҳимбой Жуманиёзовнинг "Тил мавсумий мавзуми" номли мақоласидан айрим иқтибосларни келтириб ўтсак.
«Тилни билиш эмас, балки унда яшаш, у билан нафас олиш керак... Шунчаки номигагина тадбирлар ўтказилмасдан, давлат тилининг ижтимоий қатламнинг барча жабҳаларида тўла истифода этилиши билан боғлиқ муайян ишлар амалга оширилиши зарур.
Инсоннинг ўзлиги учун кўзгу унинг сўзлигидир. Кимнинг кимлигини билдируви ойнаи жаҳони ҳам унинг тили. Инсоннинг икки оғиз сўзиданоқ, унинг онги, савияси, билими, қизиқиш олами, табиати ва тийнатини англаб олиш қийин эмас. Халқимизнинг "Ўзингга қараб кутарлар, сўзингга қараб кузатарлар" - деган мақолида ҳам ана шу ҳақиқат яширин».
Ўзбек тилининг тарихини ўрганиш, унинг маъноси, изоҳини тушуниш, бугунги кунда халқимизнинг маданий ҳаётида муҳим ўрин тутади. Биз ўз тилимизни қадрлашимиз, уни ривожлантиришимиз ва келажак авлодларга етказишда масъул эканлигимизни англаш – ҳар биримизнинг бурчимиздир.
21 октябрнинг тарихий аҳамияти
1989 йил 21 октябр – Ўзбек тили учун тарихий кун. Шу куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилиши тўғрисида «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида»ги Қонун қабул қилинган. Қонунга мувофиқ Ўзбек тили Ўзбекистон Республикасининг ягона давлат тили деб эълон қилинган.
21 октябрнинг тарихий аҳамияти шугина эмас. Шу кундан эътиборан, Ўзбек тили давлат ва жамият ҳаётида асосий тилга айлана бошлади. У барча жабҳа ва соҳаларда – муомала, иш юритиш ҳужжатлари, таълим, маънавият, маданият, оммавий ахборот воситалари, суд-ҳуқуқ тизимининг давлат тилига айланди.
Ўзбек тилининг давлат тили мақомига эга бўлиши мамлакатимизда миллий тилни ривожлантириш ва уни барча соҳаларда қўллаш ҳамда ҳимоя қилиш учун кенг йўл очди. Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси учун ўзбек тилини ўрганиш ва унда эркин мулоқот қила олиш бурчи юкланди.
Бу ўзгаришлар, ўз навбатида, ўзбек халқининг миллий менталитетини мустаҳкамлашга ва ўз тилига бўлган муҳаббатини оширишга хизмат қилди. Давлат тили мақомини олиш – ўзбек тилининг сўз бойлигини оширишга, грамматикаси ва фонетикасини такомиллаштиришга ёрдам беради.
Халқимиз бу кунни ҳар йили нишонлаб, ўз тилимизнинг қадрини, унинг тарихий аҳамиятини ёдга олиб, келажак авлодларга етказишга интилади.
Аммо, шунинг баробарида, тилга эътибор фақат йилда бир – байрам кунларидагина бўлмаслиги шарт!
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, олий тоифали сухандон, шоир, ёзувчи, таржимон – Муслимбек Йўлдошев "Ўзбек тилим – кўздек тилим" номли шеърида ўзбек тили давлат тили эканлиги кўп ҳолларда фақат тил байрамида ёдимизга тушиши ҳақида куюниб, шундай сатрларни ёзган:
Тапир-тупур тил байрам,
Йилда бир кун, бил, байрам.
Қолган кунлар ялло қилу
Бир шу бугун қил байрам.
Шу кун кўзин очади,
Ётиб қолган сил, байрам.
Муаллиф ўзбек тили фақат йилда бир кун – Тил байрамида "байрам" қилиниши, қолган кунларда эса "ялло қилиш" кузатилишини ошкора, кескин танқид қилган. Бу орқали шоир ўзбек тили кундалик ҳаётда эътибордан четда қолаётганлигини афсусланиб таъкидлайди.
Чиқди не-не фармонлар,
Бўлди бари армонлар.
Ўзбекларнинг устидан
Кулди ўрис, армонлар.
Тапир-тупир тил байрам
Йилда бир кун, бил, байрам.
“Ми открились” шиори,
Ёт сўз тўла девори -
“Прадаёсса” ё “сабой”…
Бу халқнинг борми ори?
Тапир-тупир тил байрам,
Йилда бир кун, бил, байрам.
Айрим жойлардаги пештахталар, кўчалардаги эълонларда рус тилидаги сўзлар саводсизларча хато ёзилиши, давлат тилига риоя қилинмаслиги – тил ҳуқуқларининг поймол этилиши сифатида баҳоланиб, бу ҳолат қаттиқ қораланади. "Бу халқнинг борми ори?" деган саволда шу фикрлар ифода этилади.
Ўттиз юртни кўрдим ман,
Гўё соқов юрдим ман,
На ўзбек ва на русча
Ёзув йўқ, қидирдим ман,
Бизда эса тил байрам,
Зардоб тўла дил байрам.
Ўзбек тили қурама,
Сабабини сўрама,
Тузалмаган эл бўлди,
Жон томирим бурама,
Ундан кўра қил байрам,
Ахир бугун тил байрам!!!
Тилимизнинг янада шаклланиши ва тарғиботи, унга амал қилишнинг зарурлигини ҳар кун, ҳар лаҳза ҳис қилишимиз ва ўзимиз ҳам бу борада намуна бўлишимиз шарт!
Давлат тили мақомининг жамиятга таъсири
Ўзбек тилининг давлат тили мақомини олиши – жамиятга ижобий таъсир кўрсатади. Бу тилнинг ривожланиши ва мавқеини мустаҳкамлайди, шунингдек, ўзбек халқининг ўзини ўзи англаши ва ўз маданиятини сақлашига кўмаклашади.
Бошқа томондан, Ўзбек тилининг давлат тили мақомини олиши ўзбек ва ўзбек тилида сўзламайдиган бошқа миллатлар орасидаги мулоқотнинг энг муҳим воситасига айланиши шартлиги қонунлар орқали белгиланди ва мустаҳкамлаб қўйилди. Бу, ўз навбатида, миллатлар ўртасидаги дўстона муносабатлар ва бир-бирларини ўзаро англашларига кўмак беради. Мулоқотнинг самарали бўлиши, жамиятдаги барқарорлик ва тинчликни таъминлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Шаҳноза Рихсиева: «Давлат тилини ўрганиш ЭҲТИЁЖ даражасига чиқмас экан, таълим тизимида ҳам кутилган натижага эришиб бўлмайди. Бунинг объектив ва субъектив сабаблари бор. Ёшларнинг ўзбек тилини ўргана олмаётганига асосий сабаб – бу оиладаги муҳит ва тарбиядир. Ота-онанинг она тилига бўлган беписандлиги фарзандининг бошқа тилда гаплашиб, мулоқот қила олишидан “фахрланиш” ҳисси билан янада кучаяди. Ҳолбуки, оилада она тилини ҳурмат қилишга ўрганган ёшлар ўзга тилга ҳам ҳурмат билан қараши, чет тилларини қийналмай ўзлаштира олиши кўп кузатилади», – дея фикр билдирган.
Давлат тилининг ривожланиши, таълим тизимида ўзбек тилини ўрганиш ва ўқитишни рағбатлантириш, ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат, муҳаббат руҳида тарбиялашга ёрдам беради.
Ўзбек тилининг келажаги
Ўзбек тили ўз халқининг бой маданиятини ва қадриятларини акс эттирадиган, азалдан мавжуд бўлган ва тобора ривожланаётган тилдир. Давлат тили мақомини олиши унинг мавқеини янада мустаҳкамлабгина қолмасдан, балки келажагини ҳам таъминлайди.
Ўзбек тилининг келажаги – Ўзбекистон халқининг ўз қўлида. Барчамиз ўзбек тилини ўрганишга, асраб-авайлашга, сақлашга ва ривожланишига бўлган эътиборимиз, саъй-ҳаракатларимиз тилимизнинг асрлар оша йўқолмаслиги ва авлодларга етказилишида хизмат қилади. Ҳар бир ўзбек, ўз тилини билиши ва унда сўзлаш орқали миллий қадриятларни асраб-авайлашга ҳисса қўшади.
21 октябр бу тилнинг тарихида асосий босқич бўлиб, унинг қадрли ва қадриятларимиз билан чамбарчас боғлиқлигининг тимсолидир.
Келажакда, ўзбек тилини ривожлантириш учун замонавий технологиялардан фойдаланиш, интернет ва ахборот коммуникациялари орқали ўзбек тилидаги контентни кўпайтириш муҳим аҳамият касб этади. Бу, ўз навбатида, ёшлар ўртасида ўзбек тилига бўлган қизиқиш ва эътиборни оширади ҳамда уларни миллий маданиятимизга яқинлаштиради.
Таълим тизимида ўзбек тилининг ўрнини мустаҳкамлаш, унинг грамматикаси ва лексикасини ривожлантириш, ёш авлодни миллий қадриятларга муҳаббат ва ҳурмат руҳида тарбиялашга ёрдам беради.
Ўзбек тилининг келажаги, халқимиз учун муҳим. Ижодкорларимизнинг ўзбек тилида ёзган асарлари, китоблари, фильмлари, спектакллари ва шу кабилар келажак авлодимизга тўла-тўкис етиб бориши, тилимизнинг гўзаллигини исботи бўлиб хизмат қилиши зарур. Ёш авлодни ўз тилимизда ижод қилишга ва ўзбек маданиятига хос бўлган анъаналарни давом эттиришга ундайди.
Ўзбекистон халқ шоири – Эркин Воҳидовнинг "Она тилим ўлмайди" шеърини ёдга олсак. Шоиримиз тиллар йўқолиб кетишини фожиа деб ҳисоблайди. Шеър нотиқнинг сўзи билан бошланади:
Нотиқ деди:
«Тақдир шул,
Бу жаҳоний ирода.
Тиллар йўқолур буткул,
Бир тил қолур дунёда».
Шундан сўнг дунёнинг энг забардаст шоиру адиблари гўрида тик туриб, нола қилишади ва эътироз билдиришади:
«Ваъзингни қўй, биродар,
Сен айтганинг бўлмайди».
Барча деди баробар:
«Она тилим ўлмайди».
Шоир шеърини исёнкорона руҳда, она тилимиз ҳеч қачон йўқолмаслигига қатъий ишонч билан қуйидаги мисралар орқали хотима ясайди:
«Беқадр бўлса, наҳот,
Тиллардаги тароват!
Йўқолди бу кун, ҳайҳот,
Қабрларда ҳаловат!
«Фауст» ёнди гуриллаб,
«Хамса» ўтга туташди.
Бир садо жаҳон бўйлаб
Таралди, тоғлар ошди.
Бу садо янграр ҳамон,
Сира адо бўлмайди.
Олам айтар: “Ҳеч қачон
Она тилим ўлмайди!”»
Шоир таъкидлагани ва орзу қилганидек, она тилимиз ҳеч қачон йўқолмасин! Унинг ўрнини ёт тиллар эгаллаб олмасин! Келажакда, ўзбек тили фақатгина мамлакатимиздаги одамлар учун эмас, балки халқаро алоқаларда ҳам муҳим восита тилига айланиши учун тилимизнинг қадрини устувор билишимиз зарур. Бу, ўзбек тилини ўрганиш ва унинг ривожланишига қўшган ҳиссаларимиз орқали, халқаро миқёсда ўзбек маданиятини намоён қилиш имконини беради.
Ўзбек тилининг ривожланиши, унинг лексикасини бойитиш, замонавий атамаларни киритиш, ва интернетдаги контентни кўпайтириш орқали, халқимиз учун янада самарали ва фойдали тилга айланишига эришишимиз керак.
Ўзбек тилининг келажаги – миллий маданиятимиз, қадриятларимиз, асарларимиз асрлар давомида сақланиб қолиниши ва келажак авлодларга етказилишида барчамиз масъулмиз! Зеро, бу йўлда жипслашиб, биргаликда бирдек қайғурсаккина, ўзимиз истаган натижаларга ва кўзлаган марраларга эришишимиз муқаррардир!
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР – Ўзбекистон Театр Арбоблари уюшмаси бош мутахассиси, филолог.