ТАРБИЯ – ИНСОННИ КАМОЛОТГА ЭЛТАДИ
Қадимда уч мерган устоз ораларида ким таълим беришда илғорлигини аниқламоқчи бўлишибди. Учаласи ҳам биттадан шогирдларини чақиришибди. Ҳар бир шогирд ўз устозига тош отиб, бу санъатни қанчалар ўзлаштирганини намойиш этиши керак экан. Биринчи устоз шогирди отган тошларга эпчиллик билан чап берибди. Иккинчи устоз отилган тошларни усталик билан шогирдига қайтарибди. Учинчи устознинг шогирди эса, қанча мажбурлашмасин, устозига тош отишдан бош тортибди. Шунда холис ҳакамлар шу учинчи устоз-шогирдни ғолиб деб топишибди. Қолган икки устоз норози бўлиб:
– Ахир, улар тош отиш санъатини кўрсатиб беришмади-ку! – дейишибди.
– Тўғри, – дебди ҳакам – лекин у шогирдини устозига тош отмайдиган қилиб тарбиялабди…
Бу ривоят бизга маънавий, ахлоқий тарбиянинг жисмоний тарбия ёки билим олиш билан кифояланиб қолишдан устунлиги ҳақида намунадир. Тарбия жараёнида инсоннинг фақат жисмоний кўникмаларини ривожлантириш эмас, балки унинг маънавияти, одоби ва билимини тарбиялаш муҳим.
Устозлар шогирдларга фақат санъат ёки муайян билимларни ўргатиш билан чекланибгина қолмасдан, балки уларнинг ахлоқий қадриятлар, фалсафа ва инсонийлик тамойилларини шакллантириш билан ҳам шуғулланишлари мақсадга мувофиқдир. Инсонни қандай қилиб тарбиялаш, унинг дунёқарашини ижобий томонга ўзгартириш – бу тарбия жараёнининг энг муҳим босқичидир.
Устознинг асосий мақсади шогирдини тарбиялаш, унга билим ва тажриба беришдан иборат бўлса, ота-она ўз фарзандини яхши инсон бўлиб ўсишини таъминлашга ҳаракат қилиши зарур. Ота-она билан устознинг ҳамкорлиги, шогирднинг маънавий ривожи ва хулқининг яхшиланишида муҳим аҳамиятга эга. Тарбия – энг аввало, оилада бошланади. Устозлар уни янада такомиллаштириш учун ҳаракат қилишади. Шогирд оилада тарбия олмас экан, устознинг ўгитлари бесамар кетиши аниқ.
Унутманг, маънавий тарбия жисмоний тарбиядан устундир. Ота-онаси ва устозини эъзозлаган инсон – келажакда юксалиши муқаррар! Инсоннинг маънавий оламида миллий қадриятларнинг ривож топиши, келгусидаги ҳаётининг асосини ва мазмун-моҳиятини ташкил этади. Зеро, маънавий тарбия – бу жамиятнинг мустаҳкамлигини таъминлайди.
Садоқат ЭРМАТОВА – Ўзбекистон давлат Санъат ва маданият институти Девонхона мудираси.