Педагогик маҳорат - таълимнинг ўзаги ва ўзани


  Глобаллашув даврида, кескин ислоҳотлар олиб борилаётган айни пайтда таълим-тарбиянинг сифати ва самараси масаласига эътибор катта  аҳамият касб этиши аниқ. Таълим ва тарбия ўзаро уйғун тушунчалар. Улар аслида, ажралмас. Бамисоли инсоннинг вена ва артериал қон айланиш тизимига ўхшайди. Таъбир жоиз бўлса, уларни бир танганинг орқа ва олди ёки эт ва тирноққа қиёс қилиш мумкин. Шундай экан, ана шу узвий бирлик баркамолликнинг белгиси ҳамдир. Инсон қалбига йўл таълим ва тарбиядан бошланар экан, унинг сифати, натижадорлиги ҳам кун тартибига чиқиши муқаррардир. Таълимнинг калити нутқ билан, тарбиянинг калити хулқ билан. Нутқий ва хулқий маданиятга эга бўлмаган авлодни баркамол авлод дейиш ножоиз.
  Давлатимиз раҳбари “Адиблар хиёбони”нинг очилишида қуйидаги фикрни келтирдилар. “Бугунги мураккаб замонда одамлар қалбига йўл топиш, уларни эзгу мақсадларга илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш керак.” Дарҳақиқат, таъсирчан куч бўлмаса ўқувчи, талабанинг диққатини тортиш, эътиборини қозониш мушкул. Табиийки, сифат ва самара мезони эса билим ва тушунчаларни ўқувчи онг-у шуурига аниқ, тўғри, тўла, тезкор ва энг муҳими, таъсирли етказиш омили билан боғлиқдир.
  Таълимнинг сифати, самараси ва натижаси нимага боғлиқ деган саволга, одатда, биз педагогнинг замонавий талабларга жавоб бериши, ахборот технологияларини ўзлаштириши, ўз фанини чуқур билиши, кенг қамровли билимга эга бўлиши, бир нечта хорижий тилларни ўзлаштирган бўлиши, ўз ишига масъулият билан қараши дея жавоб берамиз. Тўғри, буни инкор этмаймиз. Лекин фақат шуларгина сифат ва самаранинг мезони бўла олармикан? Дўппини ерга қўйиб бир ўйлаб кўрсак, бошқача манзаранинг гувоҳи бўламиз.
  Шу ўринда таълим-тарбиянинг таъсирчанлиги масаласи муҳим муаммо эканини ёддан чиқазиш ярамайди. Бу масаланинг илдизи, таъбир жоиз бўлса, калити ўз-ўзидан педагогнинг коммуникатив компетенциясига бориб боғланади. Чуқур билимга эга бўлса-ю ўз билимини ўқувчи онгу шуурига сингдириш механизмини эгалламаган бўлса, таълим тизимида сифат, самара ва натижа бўлиши мумкинми? Бошқача айтганда, самарали мулоқот технологияси ва техникасини ўзлаштирмаган ўқитувчи ўқувчини ҳам ана шу мақсадга тайёрлай олмаслиги аниқ. Чунки, таълим олгангина таълим бера олади, тарбияланган одамгина тарбиялай олиши айни ҳақиқат. 
  2019 йилнинг 23 август куни давлатимиз раҳбарининг халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишидаги нутқида маънавий-маърифий муҳит, ўқитувчи касбининг обрўйи, нуфузи пасайиб кетгани, янги давр педагогларини тарбиялаш, педагогика фанини ривожлантириш, инновацион таълим технологияларини жорий этишга етарли эътибор берилмагани соҳада бир қатор жиддий муаммоларни келтириб чиқаргани ҳақида сўз юритиб, ўқитувчилар ойлигини ошириш ва рағбат ҳақида гапирдилар ва амалга оширдилар.
  Янги давр педагогларини тарбиялаш деганларида ўқитувчиларнинг замонавий билимларни эгаллашлари ва уларнинг педагогик маҳорати, коммуникатив компетенциясига, эргаштирувчилик қобилиятига, ўқувчи талабаларга ўрнак ва намуна бўлишларига ишора қилганларини англаб олиш қийин эмас.
  Педагог сўзининг луғавий маъноси «бола етакловчи» демакдир. Хўш, ким етаклай олади, ким изидан эргаштира олади? Педагогик қобилиятга, етук билим ва нутқий маҳоратга, мулоқот маданиятига эга бўлган педагоггина бунинг уддасидан чиқа олади. Биз шу пайтгача эргашиб келганмиз, эндиликда эса эргаштира олишимиз керак. Ахир, илм-фан, санъат ва маданиятнинг тамал тошини қўйганлар ҳам бизнинг аждодларимиз эмасми? Эргашишда ижрочилик, эргаштиришда ижодкорлик туйғуси устунлик қилади. Ижодкорлик бу янгиликка интилиш, инновацион ихтиролар, инвестицион фаолият сари талпиниш, бошқача айтганда, тараққиёт демакдир. Бу эса тафаккур тантанасидир.
  Хўш, педагогнинг эргаштириши ниманинг бадалига бўлади? Бу фанга, мавзуга қизиқтириш эвазига бўлади. Қизиқтира олиш қобилияти эса нотиқлик маҳоратига, педагогнинг лингвистик, нутқий компетенциясига боғлиқлиги ойнадек равшан.
  Демак, аксарият муаммоларнинг ечими педагогик маҳорат билан, талабаларга мотивация бериш билан боғлиқ. Ўқувчи ва талабаларнинг кўпчилиги, дарсга қизиқмаслигидан, кўпгина педагоглар фанни, мавзуни қизиқарли тарзда эмас, балки ҳиссиз ва туссиз ўтишларидан нолиганларини кўп бор эшитганмиз. Шу боис Рим нотиғи Марк Туллий Цицерон «Қалб ҳарорати билан суғорилмаган нутқ ҳеч нима, нотиқ эса ҳеч кимдир», - деган. Буюк нотиқнинг фикрини давом эттириб айтиш мумкинки, иштаҳа билан ейилмаган таом ҳазм бўлмайдигина эмас, балки иллат ҳам қўзғатади.
  Очиғини айтиш керакки, ўз фанини чуқур билган, бўйи баробар китоблар ёзган устозларни биламиз, ҳавас қиламиз. Лекин афсуски, уларнинг айримлари минбар, микрофон ва видеокамера орқали аудиторияга юзланса, қўрқув ва ҳаяжонга тушади, билганини ҳам айтолмай, фикри пойинтар-сойинтар йўсинда бўлади. На оғзаки, на ёзма нутқ маданиятини тўла ўзлаштирган бўладилар. Ҳар иккаласида фикр етказа олиш маҳорати педагог фаолиятининг алифбоси эканини биламиз, лекин амал қилавермаймиз.
  Қайси соҳада фаолият юритмайлик, қайси фандан дарс бермайлик, нутқ маданияти ва нотиқлик санъатини эгаллаш зарур. Зероки, бу таълимнинг сифати ва самарасини белгиловчи муҳим омилдир. Ваҳоланки, таълимнинг калити нутқ, тарбиянинг калити хулқ билан бўлганидек, мулоқотнинг очқичи нутқ, муомаланинг тутқичи хулқ эканлигини ҳам асло, унутмаслик лозим.
  Тасаввур қилинг, бозордан асл деҳқондан тоза етиштирилган ош масаллиқини олиб келиб ошпазга берсангиз, у таом тайёрлаш машқини олмаган бўлса, хом хатала қилиб ошни тайёрласа, сиз ея олармидингиз? Албатта, йўқ. Айбдор ким? Сиз, деҳқон, қозон, ўчоқ, ўтин ёки масаллиқ эмас, ошпаз айбдор.
  Нотиқлик санъати курси шунчаки дарс эмас, бу, аслида, муолажадир. Болаликдан онг остимизга гапирмаслик фазилат, одобнинг улуғи индамаслик деб уқтирилган, жойланган. Тумов бўлган кимса битта укол олса, эртасига йўталга қарши дори ичса, индинга соғайиб, яхши бўлиб кетавермайди. Бунинг учун у тузалгунча тизимли равишда муолажа олиши керак, акс ҳолда, тумовнинг асорати қолади. Нотиқлик санъатининг 36 соатлик назарий ва амалий машғулоти тўла ўтилиши керак. (“Notiqliksan’atiakademiyasi” NTM томонидан ишланган дастур.) Шундагина натижа бўлиши мумкин.
  Аслида, нотиқлик бир йиллик, ўн йиллик эмас, балки, умрлик машғулотдир. Камина ҳозиргача ўргатиб туриб ўрганади. Чунки бир карра таълим бериш, икки карра таълим олиш демакдир. Нотиқликнинг қояси кўриниб турибди, унга интиламиз мақсад ва ғоя бор, лекин тоҳануз вояга етмаганмиз. Бу тинимсиз машқ ва изланишларни талаб этади. 
  Қайси фан, қандай ўқув предмети бўлмасин, ўқитувчи олдида муҳим бир муаммо туради. Бу ўз фанини ўқувчига етказиш аниқроғи, унинг онгу шуурига сингдиришидир. Хоҳ табиий, хоҳ  ижтимоий, хоҳ гуманитар фанлар бўлсин, ўқитувчи ўз соҳасининг етук билимдони ва моҳир устаси бўлиши зарур. Фан ҳақидаги назарий маълумотларни қизиқарли йўсинда етказиш жараёнида бир қанча муаммолар борлигини инкор этиб бўлмайди. Тасаввур қилинг, ўқитувчи ўз фанини, ўқув предметини тўла ўзлаштирган билимли шахс ҳам дейлик, лекин унда билимларини, фикрини ўқувчиларга етказиш борасида кўникма, малака, тажриба ҳосил қилинмаган бўлса, мақсад тўла амалга ошмайди. Шунинг учун ҳам ўқитувчидан бу борада тинимсиз меҳнат, машаққатли машқ ва изланиш, ташаббус ва ташкилотчилик талаб этилади. Замон билан ҳамнафас ва ҳамқадам одимлаш ўқитувчидан юксак масъулиятни ва мажбуриятни талаб этади. Бугунги ўқувчи ўқитувчидан кўра кенгроқ ахборотга эга бўлаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Бунга боис кўплаб интернет тармоқлари ва бошқа технологиялар орқали етиб келаётган информациялардир. Ҳатто, айрим ўқитувчилар ўз ўқувчиларидан интернетга кириб маълумот олиб беришларини илтимос қилишлари ҳам сир эмас. Шундай экан, қабул қилинаётган маълумотларнинг асосли ёки асосли эмаслигини билиш ва билдириш учун ўқитувчининг ўзи ҳам интернет ва бошқа информацион воситалардан хабардор бўлиши зарур. Уни тўғри тушунтириб, тўғри таҳлил қилиб бера олиш зарур. Акс ҳолда, ўқувчи ахборот хуружлари орқасида қандай ғаразли мақсадлар яширинганини идрок этмай, турли уйдирма маълумотларни бошқа тенгқурларига етказиб уларнинг фикрини чалғитиши ҳеч гап эмас. “Ғояга қарши фақат ғоя, фикрга қарши фақат фикр, жаҳолатга қарши фақат маърифат билан баҳсга киришиш, олишиш” мумкинлиги таъкидланаркан, демак, ўқитувчининг ўзи маърифатга, етук билим ва дунёқарашга эга бўлиши зарур. Унинг билими, маънавияти эса маърифат маёғи, ҳимоя яроғидир. Миллий ғоя ҳимоячиси бўлиш, мустақиллик мафкурасини мустаҳкамлаш масъулияти шуни тақозо этади. Халқ қалби ва онги учун кураш кетаётган, мафкура полигонлари ядро полигонларига нисбатан катта кучга эга бўлган айни замонда педагогнинг вазифаси ва огоҳлиги ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.
  Таълим ва тарбия инсон камолотида қўш қанот экан, унинг таъсирли бўлиши мақсадга мувофиқдир. Ҳар бир педагог юқоридаги фикрлардан тўғри хулоса чиқара олиши ва амалда тўғри қўллай билиши керак. 
  Хўш, таълим - тарбиянинг таъсирчанлиги фақат замонавий педагогик технологиялардан фойдаланиш, кўргазмалилик асосида иш олиб боришми? Бу восита, холос. Авваломбор, ўқитувчининг ўқувчи билан муносабатидаги нутқи ва хулқи муҳим масаладир. Нутқ маданиятининг ҳар иккала шаклини, оғзаки ва ёзма нутқни тўла ва тўғри амалда қўллай олмаган педагогнинг мақсади саробдир. Нутқ маданиятининг ҳар иккала кўриниши, яъни оғзаки ва ёзма нутқ қоидаларини билиши ва амалда қўллай олиши зарур.  Қандай ёш ва қандай касбда бўлишдан қатъий назар, ҳар биримиз кишилар билан нутқий муносабатда бўламиз-сўзлаймиз, тинглаймиз, фикрлашамиз. Ҳар кимнинг ўз диди, савияси, дунёқараши, сажияси, феъл-атвори, кўриниши, кийиниши бўлганидек, унинг овози, сўзлашиш услуби, тил ва нутқий маданиятни эгаллаш даражаси ҳам ўзига хос. «Ўзингга қараб кутарлар, сўзингга қараб кузатарлар»- деган нақл бор. Кишининг фаҳм-фаросати ва савияси икки оғиз сўзидаёқ намоён бўлади. Киши фикрининг аниқ, самимий ва таъсирли етиб бориши сўзловчининг  тил ва унинг ҳаракатдаги ифодаси бўлган нутқ қоидаларини қанчалик билиши ва амал қилишига боғлиқ. Шундай экан, нутқнинг аниқлиги-тафаккурнинг тиниқлигига дахлдор бўлса, талаффузнинг аниқлиги-нутқнинг тиниқлигига боғлиқдир. Нотиқ нутқининг мантиқий қудрати, таъсир кучи, жозибаси ҳам, аслида шу билан. Нотиқ нутқи, воиз ваъзи ҳар бир даврларда, ҳар бир маконларда жоиз бўлгани ҳақ. Демак, нутқий маҳоратни эгаллашга интилиш нутқ одоби, аниқроғи, тил ва нутқ воситаларини пухта билишни тақозо этади. Назарий маълумотлар амалий машғулотлар билан уйғунлашмас экан, бунга эришиш мушкул. Оғзаки ва ёзма нутқнинг ўзаро боғлиқлиги уларнинг шаклланиш жараёнидагина эмас, балки тараққий этишида, сайқал топишида муҳим ҳам муқимдир. Оғзаки нутқнинг қатор вазифавий кўринишлари мавжудки, улар кези келганда, ёзма нутққа жило беради. Унинг таъсирчанлигини оширади. Кундалик сўзлашув нутқи, лекторлар нутқи, радио ва телевидение нутқи, саҳна нутқи буларнинг ҳар бири алоҳида  тадқиқни талаб этади. Ҳар қандай сўзнинг хосияти нутқнинг моҳияти билан алоқадоргина эмас, балки мантиқий тафаккур мезони ҳамдир. Нутқ, нотиқ, мантиқ, нотиқлик атамаларининг бир ўзакдан ясалгани ҳам бу тил бирликларининг ўзаро узвий боғлиқликда намоён бўлишини англатади. Бири бирисиз рўёбга чиқмаслигини, бири иккинчисини тақозо этишини билдиради. Демак,  сўз хосиятли бўлганидек, нутқ ҳам моҳиятли бўлишини уни истифода этувчилар, хусусан, ўқитувчилар, нотиқ, диктор, диджей ва лекторлар доимо ёдда тутишлари, амалда ўринли қўллай билишлари зарур. Нутқий маҳоратнинг икки омили бор. Бири нутқ хусусиятларини билиш бўлса, иккинчиси нутқ техникасини эгаллашдир. Нутқнинг тўғрилиги, аниқлиги, мантиқийлиги, софлиги, бойлиги, ифодавийлиги, таъсирлилиги, жўялилиги, мақсадга мувофиқлилиги унинг хусусиятларини ташкил этса, оғзаки нутқдаги овоз, дикция, пауза, урғу, оҳанг, интонация, ёзма нутқдаги тиниш белгилари силсиласи нутқий техникадир. Фикрлаш техникангиз кучли, аммо овозингиз паст, таъсирсиз бўлса, ёки аксинча ўктам овоз, ўткир нафасга эга бўла туриб тафаккурингиз бўлмаса, бари беҳуда. Ҳар иккаласи омихта бўлиши мақсадга мувофиқ. 
  Ушбу китобда худди шу масалаларга эътибор қилинган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Изоҳлар
Хуршида Арабшоевага табрик!
Ҳар бир аёл , Аллоҳимнинг табаррук неьматидир, қизимиздаги истара, нозу- карашма, меҳр, шарм-ҳаё, ибо, нафосат ва зукко қараш фазилатларини берибди,
"Ипак йўли дурдонаси" ХIII Тошкент халқаро кинофестивали
Аслида , кинофестиваль ҳақида тарихий хужжатли фильм билан очилиш жараенини бошлаш керакмиди, ахир бу фестивальни асосчиси мухтарам биринчи давлат
Раъно Зокирова "Ўзим" кўрсатувида
Дунёга шундай инсонлар келадики, бу инсон сен учун, дўсти учун, оиласи учун, касби учун, халқи учун ҳамиша, ҳар доим, ҳар сония, ҳар дақиқа, ўз
Севдо Ниёзовага табрик
Севдохон мукаммал қизларимиздан, ўз ишининг фидоийси, маъсулиятидир. Жуда кўркам кун - устоз ва мураббийлар кунида дунёга келибсиз. Аслида, ҳар бир
Жамила Шермуҳамедова
Ustoz haqida qancha gapirsak oz. Ularning samimiyligi, odamiyligi,saxiyligi va mehribonligi kabi kòplab xislatlari tahsinga loyiq. Qancha-qancha
Маълумот