Нотиқлик ва юксак билим – ходимнинг асосий қуроли


Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ
Филология фанлари номзоди, доцент, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.

Нотиқлик ва юксак билим  –  ходимнинг асосий қуроли

    Инсоният тарихи ғоялар кураши тарихидан иборат экан, у турли усул ва йўллар орқали амалга оширилади. Ҳозирги замонда халқ қалби ва онги учун кураш кетаётган пайтда турли хил методлар билан ўз манфаатларини ифода этувчи мафкура намояндалари пайдо бўлаверади. Уларнинг қуроли сўз ва нутқдир. Нотиқлик, воизлик, хатоба (диний таълимотда), илми балоға, риторика, ораторское исскуство, красноречеи номлари билан юритилувчи санъатдан фойдаланиш орқали мақсадга эришилади. Буларга қарши чуқур билим ва маърифат билан жавоб бера олиш, нотиқлик маҳорати орқали фикр етказиш санъатини эгаллаш лозим. “Мафкура полигонлари ядро полигонлари-га нисбатан катта кучга эга” эканлиги  кундан - кунга аён бўлиб бормоқда. Мулоқот ва муомаланинг, коммуникатив компетенциянинг муҳим манбаи нутқ ва хулқ экани ойнадек равшан.
    Тил орқали ўз мақсадини ифода этишда дўст ҳам, душман ҳам ундан фойдаланади. Гап ким, уни қандай истифода этиб мақсадга эришишда. Гладиаторлар жангида ким қилични яхши ишлатса ғолиб, акс ҳолда, мағлуб бўлганидек.
    Сўз тузади, сўз бузади, олқиш ҳам сўздан, қарғиш ҳам, обод қилгувчи ҳам сўз, барбод қилгувчи ҳам, омонлик ҳам сўз билан, ёмонлик ҳам, назар ҳам, ҳазар ҳам сўз билан, топиш ҳам сўз билан, қопиш ҳам, бунёдкор ғоялар ҳам сўз билан, бузғунчи, вайронкор ғоялар ҳам у билан. 
   Шундай экан, унга муносабат ҳам шунга яраша, масъуллик даражасида бўлиши керак. Сўз қудрати, моҳияти, хосияти ва саховатини англамайдиган инсон бўлмайди, балки уни англата олмайдиганлар бўлади. Нотиқ мисли ўқланган милтиқ. Унинг учун нишон керак ва тепкини босиш қолади, холос.
    Бу мулоҳазалар тарғибот ва ташвиқот ишларида маънавият ва маърифат тарғиботчиларига масъулият ва огоҳлик, ҳушёрлик ва сергаклик юклайди. Шунинг учун ҳам Навоий ҳазратлари “Ваъз бир муршид ва огоҳ ишидур ва анинг насиҳатин қабул этган мақбул кишидир” - дейишлари бежиз эмас. Нотиқлик, авваломбор, ишонтириш санъати. Унинг учун далилларга бой асосланган таъсирли нутқ зарур.  
    Ҳазрат Навоийнинг “Душман мақолоти – банг хаёлоти” деган ҳикмати бор. Бу душманнинг “ёқимли ва юқумли” сўзи одамни банг чеккан кимсага ўхшатади. Натижада у ҳар хил оқимлар таъсирига тушганини ўзи сезмай қолади. Душман эса уни ҳар хил ўйинларга ўйнатиши ҳеч гап эмас. Чунки ёт ғоя - ёв ғоя.
    Тарғибот ишлари самараси камайган жойда турли хил англашилмовчилик ва низолар пайдо бўлиши аниқ. Шу ўринда аҳли донишлардан бирининг “бир кун сўз ўз ишини тўхтатса, эртасига замбараклар, тўплар ишга тушади” – деган фикрини эслаш кифоя. Ҳар қандай мафкура омма онгига тўғри сингдирилгандагина, у қудратли куч касб этади. Очиғини айтиш керакки, яқин йилларда турли хил экстремистик оқимлар ҳаёт ҳақида у қадар тажрибага эга бўлмаган ёшларга ўз таъсирини ўтказишга ҳаракат қилди. Дин ниқоби остида ўзларининг ғаразли ниятларини амалга оширишга, ёшларни тўғри йўлдан оғдиришга уринганлари сир эмас. 
    Мулоҳаза ўрнида айтиш жоизки, биз айрим ёшларнинг уларнинг таъсирига тушиб қолишига бирламчи сабаб сифатида бериладиган моддий маблағни, пулни боис қилиб кўрсатдик. Айримларини пулга ўчлик ёки муҳтожликдан шу йўлга тушиб қолган деб ўзимизга тасалли берган бўлдик, моддий манфаатдорликни рўкач қилдик. Ваҳоланки, уларнинг аксарияти ўзига тўқ оилаларнинг фарзандлари эканлигини инкор этиб бўлмайди-ку. Ҳали ҳаёт ҳақида кенг тажриба ва билимга эга бўлмаган ёшларнинг бундай куйга тушиши мумкин деб ўзимизни овутдик. 
    Тўғри, бу ҳолатни инкор этиш қийин. Лекин, масалага чуқурроқ ва теранроқ ёндошадиган бўлсак, ўзгача манзара намоён бўлади. Очиғини айтиш лозимки, уларга сабоқ берадиганлар воизлик, яъни нотиқлик санъатини обдон эгаллаганлардир. Улар сўзининг таъсири кучли, аниқроғи, улар жонли сўзни топиб, танлаб, киши руҳиятига боғлаб, эшитувчини кўринмас иплар билан боғлаш иқтидорига эга. Одамни сўз таъсирида зомбига айлантириш, манқурт ҳолатига келтириш ҳам мумкин. Психолингвистикада бу ҳолат аллақачонлар эътироф этилган. Инсон мияси бош қобиғида 86 миллиард нейро тўқимаси бор. Ҳар секундда ҳужайралар бир-бирига минглаб информациялар ташийди. Нотўғри, асоссиз, уйдирма фикрлар вирус каби инсон миясини заҳарлайди. Натижада дунёқарашда кескин ўзгариш бошланади. Келинг, бир мисол келтирайлик.
   Иллюзион ўйинлар кўрсатувчи шахснинг ҳаракатига, манипуляцион машқларига қараб, ҳайратдан ёқа ушлаймиз. Биз эплай олмайдиган ҳаракатларни қилиб ҳар хил усулда фокуслар кўрсатади. У шу йўл билан кўзимизни боғлайди, томоша кўрсатади. Гарчи, ишонмасакда, ўзимиз англамаган ҳолда ҳайратланиш асносида унинг сеҳрли доирасига тушиб қолганлигимизни билмаймиз. Шунинг учун ҳам у кўзбойлоқчидир. Нотиқ эса сўз бойлоқчи. У сўз сеҳгари ва синчиси. Фокусчи оддий томоша билан кўзни боғласа, воиз таъсирчан сўзи билан мияни боғлайди. Шунинг учун ҳам улар таъсирига тушган “мия боғланган”лар ўз ота-онасига бориб, “куфр ва тўғри йўл” ҳақида ваъз айтишдан тап тортишмайди. Гўё ота-она болани эмас, бола ота-онани “тарбия”лаётгандек ғалати таассурот пайдо бўлади. Сўз магияси, унинг таъсир кучи ва доирасига эътибор кучли бўлмас экан, Миллий ғоя моҳиятини етказиш, тарғиб этишда ожиз қолишимиз, шубҳасиз. 
   “Сўздан сўзнинг фарқи бор, ўттиз икки нархи бор”, “Ўзингга қараб кутарлар, сўзингга қараб кузатарлар” деб халқимиз бежиз айтмайди. Гап сўзни қандай айта олиш ва етказа олишда.
   Ўйлаб кўринг. Ўзларининг кенг аудиторияли телевидение, радио ва матбуоти бўлмагани ҳолда, аҳолининг маълум қатлами орасида давлатга қарши ҳаракатларни олиб бориб, маълум даражада юрт тинчлигини ва осойишталигини бузишга интилишди. Буни қандай тушуниш мумкин?  Нимага одоб-ахлоққа йўғрилган амри маъруф ва наҳйи мункарни берилиб тинглаймиз-у, аудиториядаги баъзи ўқитувчиларнинг маърузасини эшитиш ўрнига мизғиб ўтирамиз. Демак, сийқаси чиққан сўз, номигагина ўқилаётган, ҳаёт ва замон билан онқадар боғланмаган нутқ кишини бездириши тайин. 
   Ҳар йили мунтазам равишда деярлик барча вазирлик ва қўмиталар тизимида маънавият йўналиши бўйича ўтказиб келинаётган “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” Республика кўрик-танлови ҳам моҳият эътибори билан аҳамиятли-дир. Кўрик-танлов иштирокчилари ўз чиқишларида нутқининг таъсирчан, мазмунли ва жозибадор чиқиши учун  аудио ва видео техник воситаларидан, турли кўргазма қуроллардан фойдаланишлари мақсадга мувофиқ бўлмоқда. Улар кўтарган мавзулар долзарблиги билан ажралиб турди. “Аср вабоси” - дея эътироф этилган, миллат танламас иллатлар: гиёҳвандлик, терроризм, диний экстремизм, ОИТС ва одам савдосига қарши мавзуларда ўз мулоҳазаларини етказиш усуллари тарғиботчиларда йилдан-йилга шаклланиб бораётганлиги кишини қувонтиради. 
   Кимки мавзуни чуқур ва атрофлича билиб ўрганган бўлса, унинг нутқи равон бўлиши табиий. Горацийнинг “Мавзу яхши ўйланилса, сўзлар ўзи оқаверар” деган фикрини келтириш ўринлидир. Шу фикрга монанд ҳолда яна бир ташбеҳ қилишни истардим. Фикр локомотив, сўзлар эса вагонлардир. Локомотив соз бўлса вагонлар, яъни сўзларнинг ўзи эргашиб, терилиб келаверади. 
    Мавзуга дахлдор маълумотларни тўплаш, далил ва асосларни йиғиш ҳамда уларнинг таъсирчанлигига эътибор қилиш тарғиботчиларнинг диққат марказида бўлади. 
    Китоб нутқ ва фикр манбаи эканлигини, фикрни эмас, фикрлашни ўрганиш ва ўргатиш муҳимлигини доимо ёдда тутиш зарур. Ажаб эмаски, Томас Алва Эдисон “Цивилизациянинг энг буюк вазифаси одамларни фикрлашга ўргатишдир”, - деганида тил ва тафаккурнинг чамбарчас боғлиқлигини назарда тутган бўлса. 
    Шунинг учун ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев “янги фикр ва янги ғоя бўлмаса тараққиёт йўқ” мазмунидаги мулоҳазани кескин қўйдилар. Тафаккур қаноти эса китоб билан дахлдорлигини ҳис этган ҳолда, истиқболли режаларни кўзлаш асносида халқимизни оммавий китобхонликка чорлашга бош-қош бўлдилар. “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги ҳамда шу йўсинда комплекс чора тадбирлар тузиш тўғрисидаги қарорлари ҳам ана шу мақсадга хизмат қилди. Бу эса “Кимки китоб ўқишдан тўхтаса, билингки, у фикрлашдан ҳам тўхтабди”, - деган Дени Дидронинг фикрларига ҳамоҳангдир.
    Нотиқлик санъати бу фақат тилшунослик фани объекти эмас, у мантиқ, руҳиятшунослик, этика, эстетика, поэтика, фалсафа, тафаккур, жамиятшунослик, сиёсатшунослик, давлатшунослик илми ҳамдир.
  Шундай экан, масала моҳиятини теран англаган ҳолда, тажрибали воизларни жамлаб нотиқлик санъатини ўргатишга қаратилган махсус ўқув муассасаларини ташкил этиш давр талабидир. Ана шу маънавий эҳтиёжни назарда тутган ҳолда, камина “Нотиқлик санъати академияси” нодавлат таълим муассассасини ташкил этишга муваффақ бўлди. Мулоқот ва муомала сирларини нутқий маҳорат асрорларини билишга, эгаллашга интилувчиларни ҳозирда ўқитиш бўйича кенг фаолият олиб бормоқдамиз. 
    Шуниси алоҳида аҳамият ва диққатга сазоворки, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Пўлат Раззоқович Бобожоновнинг ташаббуси билан тизимдаги бошқарма  ва бўлим бошлиқларининг аксарияти, аниқроғи, 25 та офицер Интерпол жойлашган иморатнинг 5-қаватида “Нотиқлик маҳоратининг касбий фаолиятдаги ўрни” курси бўйича 36 соатлик ўқув дастурини 2019 йили муваффақиятли ўқиб тамомлашди. Улар бу ўқув машғулотини доимий равишда амалга ошириш зарурлигини таъкидлашди  ва мамнун бўлишди. Пандемия сабаб ушбу ҳамкорлик маълум бир муддат тўхтаб қолган эди. Машғулотларнинг иккинчи босқичи ҳам яқин кунларда ўз ишини бошлаши бўйича тайёргарлик кўраяпмиз.
    Унинг асосий хизмати ва вазифалари қуйидагилардан иборат.
- Омма олдида нутқ сўзлаш, фикрни эркин баён этиш, қўрқув ва ҳаяжонни енгиш;
- Телевидение ва радиоканалларга интервью бериш;
- Мулоқот ва муомала маданиятини ривожлантириш;
- Мажлис ва турли хилдаги анжуманларни бошқариш, ҳар хил тадбир ва  маросимларда бошловчилик қилиш; 
- Китоб мутолааси, китобсеварликка чорлаш, ўқиш ва уқиш сирларини ўргатиш;
- Адабий тил меъёрларига риоя қилган ҳолда, оғзаки ва ёзма нутқ маданиятига амал қилиш кўникмасини ҳосил қилиш;
- Минбар, микрофон ва видеокамера орқали жамоатчиликка фикр етказиш маданияти;
- Идоравий ҳужжатлар, расмий, иш юритиш қоғозларини тўғри ёзиш ва тўлдириш қоидаларини ўргатиш;
- Мантиқий мушоҳада юритиш ва янгича фикрлаш тарзини шакллантириш;
- Ҳар бир ходимда нутқ маҳорати ва нотиқлик санъатини такомиллаштириш;
- Таъсирчан сўзлаш ва ифодали ўқиш қоидаларини ўргатиш;
    Таъкидлаб ўтганимиздек, нутқ маҳоратининг икки томони бор, бири нутқ хусусиятларини билиш бўлса, иккинчиси нутқ техникасига амал қилишдир. Ҳар иккаласини амалда қўллаш доимо муваффақиятнинг гаровидир.
    Нутқ хусусиятларини билиш ва унга амал қилиш қоидаларини эгаллаш айни кунларда муҳим ва долзарб масаладир. Қонун, қарор, қармон, фармойиш, кодекснинг мазмун-моҳиятини чуқур англаш асносида кенг жамоатчиликка содда ва равон тилда етказиб бера олмаган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимини қандай тушуниш мумкин. Бу эса ўз – ўзидан нотиқлик санъатининг юксак билим  билан боғлиқлигини ҳар бир ички хизмат ходими асосий қурол сифатида англаши ва амал қилиши шарт. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот