Раҳимбой Жуманиёзовга табрик


   Нотиқлик санъати академияси таълим муассасасининг раҳбари, Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти доценти, Матбуот хизмати раҳбари, филолог, профессор, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг “Маънавий-маърифий ишлар аълочиси” кўкрак нишон соҳиби, халқаро тоифадаги нотиқ, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси - Раҳимбой Жуманиёзовни туғилган куни билан чин юракдан табриклаймиз! 
   Раҳимбой Жуманиёзовга энг аввало мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ижодий ва илмий ишларига улкан ривож, ютуқлар, муваффақият тилаймиз! 
  
 Камоли эҳтиром ила - Muzaffar.uz сайтининг ижодий жамоаси. 

  Маълумот учун: Раҳимбой Маткаримович Жуманиёзов 1960 йилнинг 1 июлида Хоразм вилояти Қўшкўпир туманида туғилган. Раҳимбой Маткаримович Тошкент Давлат университетининг ўзбек филологияси факультетига 1979 йилда кириб уни 1984 йилда имтиёзли диплом билан тамомлаган. 1991 йил 13 ноябрда 10.00.08 - “Фольклоршунослик” Ўзбек халқ китоблари, достонларини тарихий аспектда ўрганиш юзасидан тадқиқот ишлари олиб бориб “Юсуф ва Аҳмад” достонининг тарихий асослари” номли диссертацияни Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Адабиёт институти (Тошкент шаҳри) 10.00.08  ихтисослашган кенгашида ҳимоя қилган. 1991 йил 13 ноябрдаги 12 – сонли баённома асосида СССР министрлар совети ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси “ЎзФА Алишер Навоий номидаги Адабиёт институти ихтисослашган кенгашининг тавсиясига кўра Филология  фанлари номзоди (КД № 051951) илмий даражаси берилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Аттестация Комиссияси томонидан 2020 йил, 30 январь 275/1 сон баённомаси асосида (03№ 009270) Доцентлик илмий унвони берилган.
    У Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институтида катта илмий ходим, Тошкент Давлат Санъат институтида ўзбек тили ва адабиёти кафедраси мудири, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Маърифат” студиясида “Ёғду” бўлими бошлиғи, Ўзбекистон Миллий университетининг Журналистика факультетида “Телевидение ва радиоэшиттиришлар” кафедрасининг мудири, Тошкент  Давлат Маданият институтининг доценти, Ўзбекистон Республикаси ИИВ  Жазони ижро этиш Бош бошқармасининг нашри “Вақт-время” газетасида мухбир ва мусаҳҳиҳ вазифаларида ишлаган. Айни пайтда ТИҚХММИнинг матбуот котиби вазифасида ҳам фаолият юритмоқда. Ҳозирда Тошкент вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтининг профессори в.б. лавозимида ишлайди. У Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва “Маърифат” тарғиботчилар жамиятининг аъзоси.
    У  “Antique World” Халқаро илмий академиясининг академиги. Ташкилий қўмита қарори, 06.05.2015 й. Баённома № Р-75 Академик дипломи 07.05.2015 й. (AW № 000120), Махпират номидаги Ўрта Осиё халқлари тарихи институти Турон фанлар академияси академиги, Академия Президиумининг қарори 2017 йил, 24 декабрь (1/12-17 – сонли баённома) Академик дипломи (№ 296 - А).
    У кўп йиллар мобайнида туркий халқларнинг қадимий ёзувлари, ўтмиш маданияти ва фольклори билан шуғулланиб келади. Ана шу самарали меҳнатнинг ҳосиласи сифатида қатор илмий тадқиқот ишлари юзага келган. “Халқ даҳосининг кўзгуси”, “Халқ ижоди - ҳақ ижод”, “Донг қозонган достон” номли китоблари ана шулар жумласидандир. Уларда халқ оғзаки ижодиёти ва ёзма адабиётнинг маҳсули сифатида юзага келган халқ китоблари илмий асосда тадқиқ этилган. Шу йўсинда “Юсуфбек ва Аҳмадбек” достони(халқ китоби)нинг тарихий асослари” мавзуида филология фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун диссертация ёзиб, уни муваффақиятли ҳимоя қилди. Қадимги халқ китобларини чуқур ўрганиш ва тадқиқ қилишда давом этиб, “Бобо Равшан”, “Иброҳим Адҳам”, “Дили ғаройиб”, “Соҳибқирон Амир Темур”, “Девони Ниёзий”, “Ахтамнома”, “Тазкираи Лаффасий”, “Девони Ходим”, “Тазкираи “Мажмуат уш-шуаройи Феруз шоҳий” каби Ўзбекистон Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтининг Қўлёзмалар фондида сақланаётган араб ёзувида, яънинастаълиқ, насх ва таълиқ хатларида битилган 20 га яқин нодир қўлёзма китобларни кирил ва лотин алифбосига транслитерация қилди. Уларнинг айримлари китоб ҳолида чоп этилди. Шунингдек, у ЎзФАнинг Тил ва адабиёт институтида лаборант сифатида ишлаб юрган кезларида Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Ойбек сингари адибларнинг академик нашрларини тайёрлашда уларнинг қўли билан ёзилган араб алифбоси асосидаги ислоҳ қилинган эски ўзбек ёзувидаги қўлёзмаларини кирил графикасига ўгиришда беминнат ёрдам кўрсатди. 
    Р. Жуманиёзов Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонунининг ижроси бўйича энг фаол олимлардан бири сифатида фаолият юритган. Унинг ўтмиш маданиятимизнинг калити бўлган араб алифбоси асосидаги эски ўзбек ёзувини ўргатиш борасидаги саъйи ҳаракатлари таҳсинга сазовордир. Телевидение ва радио, матбуот ва нашриёт орқали унинг чиқишлари, қатор рисола, китоб ва ўқув қўлланмалари моҳият эътибори билан қимматлидир. “Ўқитувчи” нашриётида кўп минг нусхада чоп этилган “Эски ўзбек ёзуви”  китобининг 3 та нашри ҳозирга қадар филология ва тарих йўналишидаги ўқув муассасаларида асосий қўлланмалардан бири сифатида  фойдаланиб келинади. Худди шу мақсадда яратилган “Ҳарфлар тилга кирганда”, “Туркий савод”, “Алифбо сабоқлари” китоблари эса унинг моҳир каллиграф, қилқалам хаттотлигидан ташқари олимона синчков назари, шоирлик истеъдодини ҳам намоён этди. Араб ҳарфларининг ҳар бирига шеърий таърифу тавсиф бериш учун илмий ва бадиий салоҳият, етук санъаткорлик, хаттотлик иқтидори зарурлигини кенг жамоатчилик яхши билади. 
    Халқимиз мустақиллик шарофати билан 70 йиллик исканжадан қутулгандан кейин сувга чанқаган кимса каби унинг китобларини қўлма-қўл ўқиб ўрганишга киришди. Етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган авлоднинг, деярлик барча хонадонларда унинг тарихий меросимизнинг очқичи ҳисобланган “Эски ўзбек ёзуви” китоби ҳанузгача ҳам бор. Ҳатто, у ҳақда матбуот нашрларида “Жумҳурият муаллими” номли мақоланинг чоп этилгани ҳам  бежиз эмас.
   Айниқса, унинг Ўзбекистон телевидениесининг биринчи канали орқали эфирга узатила бошлаган “Алифбо сабоқлари” муаллифлик кўрсатувидаги педагоглик ва бошловчилик маҳорати, ўктам овози кўпчиликни сеҳрлаб қўйганлигини ҳеч ким инкор этмаса керак. Унинг эски ўзбек ёзуви ва янги лотин ёзуви асосидаги алифбони ўргатишга қаратилган “Сирли сандиқ” ва “Иқтидор”  интеллектуал-телевизион ўйинлари кўпчилик мухлисларини лол қолдириб меҳрини қозонгани ҳақ.Унинг ижросида ўқилган ғазаллар ҳозирда ҳам субҳидамда “Ғазалхонлик” рукнида радиоканаллар орқали таралиб туради. Аруз вазни қоидаларига амал қилиб, арабий, форсий ва туркий сўзларнинг маъносини чақиб ўқиши билан у бошқалардан кескин ажралиб туради. Айни пайтда у Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига қарашли Мультимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш марказида турли синфлар учун адабиёт фани йўналишида аудио ва видеомаҳсулотларни тайёрлашда фидойилик кўрсатиб келмоқда.
  Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий - маърифий ишларнинг самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги 451-сонли (25.08.2006 й.) Қарори  ва шу асосдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 28 февралдаги 07/2-80 - сонли “Таълим муассасаларида диний экстремизм ва миссионерликнинг олдини олиш, ижтимоий – маънавий муҳитни  янада соғломлаштириш бўйича ЧОРА-ТАДБИРЛАР РЕЖАСИ”нинг 3 – қисм, 16 – бандига мувофиқ Миллий ғоя ва мафкурани талаба-ёшлар онгига сингдиришнинг самарали технологияларини жорий этиш юзасидан Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Ички ишлар вазирлиги ҳамда “IQtidor-ma’rifat” ижодий гуруҳи ҳамкорлигида талаба-ёшларнинг интеллектуал қобилиятини синаш ва рағбатлантириш мақсадида мунтазам давом этиб келаётган мусиқий ва мусобақавий характердаги “Ғоямиз – ҳимоямиз” номли электрон ижтимоий-маърифий лойиҳанинг муаллифи ва бошловчиси сифатида қатор олий ўқув юртларида ушбу тадбирни муваффақиятли ўтказиб келмоқда. 
   Р. Жуманиёзов Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган Ўзбекистон Республикаси Маънавият ва маърифат кенгаши Республика Маънавият тарғибот марказининг ташаббуси билан “Гўзал ва бетакроримсан муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо Ўзбекистоним!” рукни остида “Ватан ва халқ мангу қолади” номли аудиодиск жамланмасини яратди. У икки қисмдан иборат бўлиб, илк қисмда Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг халқ билан, турли соҳа вакиллари билан учрашувларида айтган ибратли сўз ва афоризмлари жамланган. “Ватаннома” деб номланган иккинчи қисмда эса замондош шоирларнинг ватанпарварлик руҳидаги шеърларидан 135 таси ўрин олган. Ушбу мультимедиали аудиодиск Султонали Раҳматов мусиқаси фонида Р.Джуманиязов томонидан ифодали тарзда ўқилган. Мазкур мультимедиа воситаси кўп минг нусхада республика бўйлаб вилоят ва туман маънавият ва маданият бўлимларига тадбирлар олдидан фойдаланиш учун тарқатилган.
  Шунингдек, Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармасининг ташаббусига мувофиқ 64/21–сонли жазони ижро этиш муассасасидан “Мени кечиринг, одамлар”, “Иқрор”, “Эътироф ва эътироз”, “Пушаймонлик қисмати” ҳамда Зангиота тарбия колониясидан “Бебошлик балоси” номли ҳужжатли фильмларнинг муаллифи сифатида ички хизмат соҳасида фойдаланиш учун тайёрлади. Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖИЭББ билан “Иқтидор” видеостудияси ҳамкорлигида тайёрланган, кенг омма эътиборига ҳавола қилиниб “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан муваффақиятли тасдиқланган “Қора илон”, “Бегона”, “Гаровдаги муҳаббат” ва “Ота” номли бадиий фильмнинг продюссери ва ҳаммуаллифи бўлиб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг гиёҳвандликка, диний экстремизмга қарши курашдаги матонатини акс эттиришда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. 
    Ўзбекистон Республикаси Маънавият тарғибот марказининг фаол педагог ва маърузачиларидан бири сифатида республика миқёсидаги турли тадбир ва учрашувларда мунтазам равишда ишчи гуруҳ аъзоси ва раҳбари сифатида иштирок этади. 
    У чорак аср мобайнида турли аудиторияларда нутқ маданияти ва нотиқлик санъати бўйича дарс бериш асносида қатор рисола ва ўқув қўлланмалар тайёрлади. Р. Жуманиёзовнинг “Нутқий маҳорат"(2005), “Ғоявий тарбияда нотиқлик санъати”(2001), “Тошкентдан гапирамиз” (2016), “Дил – қулф, тил – калит”(2015),“Муомала маданияти”(2015), “Таълим, тарбия, тафаккур, тараққиёт”(2015), “Нотиқлик санъати”(2016), “Сиз нотиқ бўлишни истайсизми”(2017), “Маънавият тарғиботи”(2017), Педагогик маҳорат ва коммуникатив компетентлик (2021) каби китоблари нутқ маҳорати билан қизиқувчиларни бефарқ қолдирмайди. Ўқитувчи қандай фандан дарс бермасин, унинг педагогик маҳорати адабий тил қоидалари ва меъёрларини яхши билиши ва ундан унумли фойдалана олиши билан белгиланади. Шуни ҳис этган ҳолда, у ўз фикрини лўнда, қисқа ва мантиқий тарзда ифода этиш йўллари борасида дарс машғулотлари олиб борди. Унинг “Сиз нотиқ бўлишни истайсизми?” номли мультимедиа маҳсулоти моҳият эътибори билан аҳамиятлидир.Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”деб нисбат берилган жорий йилда унинг қиммати каттадир. Шубҳасизки, “Халқ қабулхоналари”нинг фаолияти мулоқот билан, халқ қалбига қулоқ солиш, тушунтириш, нотиқлик маҳорати билан боғлиқ. Унда нотиқлик сирлари ва талабларига доир маълумотлар ўрин олган.
    Р. Жуманиёзов ўн йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши (ҳозирги Давлат бошқаруви) академиясида тингловчиларга “Бошқарувда нотиқлик санъати” бўйича маърузалар қилиб, амалий машғулотлар олиб борди. Ўзбекистон Республикаси Маънавият тарғиботи маркази ҳузуридаги “Маънавият тарғиботчиси” таълим муассасасида турли  вазирлик ва қўмита тизимидаги ходимларга “Нутқ маданияти ва нотиқлик санъатининг касбий фаолиятда, тарғибот-ташвиқот ҳамда бошқарув жараёнидаги ўрни ва роли” мавзуида мунтазам равишда маърузалар ўқиб келмоқда. У ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг деярлик барча қўмиталари депутатлари билан “Нотиқлик ва модераторлик маҳорати” мавзуида амалий машғулотлар олиб борди.
  Р. Жуманиёзов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги тасарруфидаги ижод мактабларининг 7- синф ўқувчилари учун “Матншунослик алифбоси” дарслигини ёзиб тайёрлади. Айни пайтда  ижод мактабларининг юқори синф ўқувчилари учун “Ўқувчининг нутқ маданияти” ўқув қўлланмасини (ҳамкорликда) тайёрлади. Ҳар иккала китоб янги ўқув йилига чоп этилган ҳолда ўқувчиларга тақдим этилади.
  У Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича Республика Тренерлари гуруҳи таркибида фаолият юрита туриб, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Республика Адлия вазирлиги, Тошкент Давлат Юридик университети, Давлат Бошқарув академиясининг ташаббуси билан чоп этилган “100 саволга 100 жавоб” номли қўлланманинг овозлаштириш жараёнида қатнашиб аудио ва видео вариантини тайёрлашда бош-қош бўлди.    
  Унинг нотиқ.уз шахсий вебсайтида бугунги кунда Ўзбекистондаги маданий ва маърифий янгиликлар, хусусан маънавият, бошқарув, таълим, тарбия, мулоқот ва муомала жараёнида нотиқлик санъати ва нутқ маданиятининг ўрни, қадимий қўлёзма ва эски ёзувларимиз бўйича теран таҳлилий мақолалари  ўз ифодасини топмоқда. Вебсайтида унинг 200 дан зиёд хабар ва илмий мақолалари ўрин олган.
   Р. М. Жуманиёзов кенг оммага маънавият ва маърифатни тарғиб ва ташвиқ қилишдаги фидойилиги, улкан хизматлари учун “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” совринларини қўлга киритган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот