ОМОНУЛЛА МУАЛЛИМНИ ХОТИРЛАБ


    Одатда, таълим ва тарбия ҳақида сўз кетса, бевосита унинг сифати ва самараси ҳақида баҳс бошланади. Бу табиий ҳол. Чунки таълимнинг моҳияти баркамол авлодни, эртанги куннинг ҳал қилувчи кучи бўлган ёшларни ватанимиз тараққиёти, халқимиз манфаати йўлида кенгқамровли билим ва интеллектуал салоҳиятга эга бўлишини таъминлашдир. Тарбияланган инсон тарбиялайди, таълим олгангина таълим бера олади. Бу ҳам айни ҳақиқат. Ўқувчи, талабалар билимга қизиқмайди, улар ялқов бўлиб кетган, аксарияти фанларни ўзлаштира олмайди, лоқайд деган саволлар билан ўзимизни алдаймиз, холос. Гап илм олувчи талабадами, ё билим берувчи муаллимдами. Хўш, айб кимда?
    Педагог сўзининг луғавий маъноси бола этакловчи демакдир. Ўзига ва сўзига қизиқтирадиган, ишонтира оладиган инсонгина эргаштира олади. Чинакам муаллим фанига, ватанига, шогирдларига меҳр оқибатли бўлади. Шулар ҳақида ўйласак, 60 йилга яқин муддат мобайнида ўз умрини она тили ва адабиёти фани таълимига бағишлаган устоз, филология фанлари номзоди Омонулла Мадаев кўз олдимизга келаверади. Аллоҳ бизга уни кўп кўрди. Тўғри сўз, фидойи, жонкуяр устоз 76 ёшида дунёдан кўз юмдилар. Бу адабиёт аҳли учун чинакам йўқотиш бўлди. Аллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин устозни. Улар билан боғлиқ бир воқеани эслаб ўтмасак бўлмас.
   Ректоримиз Умурзаков Ўктам Пардаевич ташаббуси билан ҳар жума куни Тошкент ирригатсия ва қишлоқ хўжалигини механизатсиялаш интитутида ўтказиладиган «Ибратли, иқтидорли, ижодкор инсонлар» рукнидаги тадбир меҳмони сифатида устоз Омонулла Мадаевнинг иштироки талаба, магистрант ва профессор-ўқитувчиларнинг ёдида бир умрга муҳрланиб қолгани аниқ. Маънавий тадбирда қатнашганлар олган таассуротларини то ҳануз бир-бирига айтиб юришади. Она тил миллатнинг бойлиги ва борлиги эканини, уни севиш китоб мутолааси билан боғлиқ эканлигини қайта-қайта эътироф этгандилар устоз. Ўқишдан мақсад уқиш, мутолаадан мақсад мушоҳада эканлигини уқтира туриб, ҳар бир сўзнинг ўз маъноси, вазни, ҳиди борлигини, уни диди бор инсонларгина тўғри қўллаши мумкинлиги борасида куюниб сўзлагандилар ўшанда. «Олийгоҳ» сўзи сунъий ясалганини, ҳеч қандай маъноси йўқлигини, «анжуман», «бежизга», «лутфан таклиф» каби сўз ва ибораларнинг маъно доирасини билмасдан қўллаш кабилар тил софлиги, тўғрилиги ҳамда аниқлигига зид эканини мисоллар билан далилладилар. Тадбир ниҳоясига этгач устоз муаллим институтнинг эсдалик совғаларини қабул қилиб оларканлар, ушбу мулоҳазаларни ҳам қўшиб қўйдилар. «Сувнинг қадрини ҳар бир мироб қай даражада билса, тилнинг қадрини ҳам ватанпарвар инсон шу даражада эъзозлайди. Сув – ҳосилнинг, тирикликнинг манбаи бўлгани каби тил ва нутқ ҳам миллатнинг жон томири ва қон томиридир. Ҳали биз кўп учрашамиз.» Афсуски, қайта учрашиш насиб этмади.
   Институтнинг жамоаси ҳам, устоз Омонулла муаллим ҳам ижодий мулоқотдан ғоятда мамнун ва рози бўлишди. Тадбирдан кейин институт ректори каминани ҳузурига чорладилар:
– Устозингиз 2 соат мобайнида талабаларнинг қимир эттирмасдан диққатини ушлаб туришига, пашша учса эшитиладиган даражада жимжитликни сақлай олишига сабаб нима деб ўйлайсиз?
   Жавоб айтишга оғиз жуфтламасимданоқ ўзлари жавоб қайтардилар.
– Кўрдингизми, катта билим заҳираси, актёрлик маҳорати, муҳими, она тили, давлат тили учун жонбозлиги билан салкам минг кишилик маданият саройимиздаги қатнашчиларнинг эътиборини торта олди. Педагоглик масъулияти ва матонати ҳам, аслида, шунда. Худди шундай фидойи ўқитувчилар кўп бўлганда эди, фан-таълим янада ривож топган бўларди. Нутқимизда қўллайдиган кўпгина сўзларнинг асл маъноларини билмас эканмиз, қаранг. Сизга маслаҳатим уларнинг ишини давом эттиринг. Мен маъқул ишорасини қилиб, бош ирғаб тасдиқладим.
   Дарҳақиқат, барча ҳаракатларимизнинг, ният ва амалларимизнинг ибтидоси, ҳатто, инноватсион ва инвеститсион фаолиятнинг алифбоси – нутқий кўникма ва малака, аниқроғи, коммуникатив компетенсияга бориб боғланади. Ўқитувчининг аудитория диққатини тортмасдан айтган сўзи кўзни юмиб туриб кўкка ўқ узаётган овчининг ҳолатини эслатади. Овчининг мақсади ўқдонни бўшатиш эмас, балки ўлжани мўлжалга, нишонга олишдир. Бунинг учун айтилган сўз нишонга отилган ўқдек бўлиши зарур. Бу эса сўзларнинг маъноларини билиш асносида тўғри қўллашни тақозо қилади.
  Умрининг охирларида қайси маърифий тадбирга борсалар, албатта, қўлларида атоқли, маърифатпарвар шоир эркин Воҳидовнинг «Сўз латофати» номли китоби бўлар, ундан эътиборга молик жиҳатларни ўқиб, изоҳлардилар. Ҳар бир миллатпарвар бу китобни ўқиши зарурлигини таъкидлардилар.
   Сиртдан қараганда, чўрткесардек бўлиб кўринса ҳам улар ҳақиқат ва адолатни барча нарсадан устун қўярдилар. Бетга айтишнинг заҳри йўқ қабилида иш тутиб киши юзига дангал айтишни хуш кўрардилар. Кимгадир яхши, ё ёмон кўриниш учун эмас, балки ҳақ розилиги учун шундай қилардилар. Ушбу ақидага улар муқаддас Каъба зиёратига бориб ҳожи бўлиб қайтишдан олдин ҳам, кейин ҳам тўла амал қилдилар.
  Шу ўринда университетда фолклордан сабоқ бериб юрган пайтларида айтиб турадиган ривоятлари ёдга келади. Эмишки, Афлотун замонида унинг шогирдларидан бири чўрткесар, ҳақ гапни юз-хотир қилмасдан дангал айтадиган табиатли экан. Барча унга «сенинг донишманд бўлиб этишишингда устозингнинг қўли, берган таълимини инкор этасанми? Нега ундай эмас, бундай қабилида иш тутасан, ранжиши мумкинлигини ўйламасдан гап айтасан. Бу устозга беҳурматлик, шаккоклик эмасми?»,- дейишса ҳам яна ўз сўзида қатъий турар, мийиғида кулимсираб қўявераркан.
   Ахийри, бир кун шогирд шундай дебди: Тўғри, устозим мени улуғ даражага этишимга замин ҳозирлади. Унинг таълими боис юксак мартабага эришдим. Буни инкор қилиш – нонкўрлик. Устозим улуғ, лекин не қилайки, ҳақиқат ундан ҳам улуғ!
   Шу тобда беихтиёр рус классикларидан Ф.М. Достоевскийнинг «Россия улуғ, ҳақиқат ундан ҳам улуғ», – деган фикри ёдга келади.
   Ярим асрлик умри мобайнида тизимдаги айрим адолатсизликларни кўрганда тишини тишига қўйиб сукут қилди. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Гапириш бефойда бўлган даврда унинг тарафини олувчилар кўп эмаслигини ҳам яхши биларди. Умрининг охирги ўн йиллигида улуғ бир ҳақиқатни идрок этди. Таълим тизимидаги айрим ўйинларни кўра била туриб индамаслик, ҳақиқатни айтмаслик келажакка хиёнат эканлигини англаб этди. Мен айтмасам, у айтмаса жамият тобора боши берк кўчага кириб бораверади дея устоз ёш болалардек ичикканига, кўзларида куюнч ёшлари қалқиганига гувоҳ бўлганман.
   Тест синовлари куни таълим муассасаларининг аксариятидаги «бункер» усули, билимсиз, лекин отасининг дунёсига кеккайган дўнгбўйин абитуриентларнинг кириб кетишига сабаб бўлганини аччиқ ҳақиқат бўлса-да, телевидение орқали айтганида ҳамма мум тишлаб қолгани ҳам рост. Шоир ҳақли эътироф этганидек, «яхшидир аччиқ ҳақиқат, лек ширин ёлғон ёмон», ёхуд касални яширсанг иситмаси ошкор қилади қабилида иш тута бошлади.
   Устоз қалби қайноқ, шогирдларининг ҳеч бирига бефарқ бўлмаган эдилар. «Қалб ҳарорати билан суғорилмаган эҳтироссиз нутқ ҳеч нима, нотиқ эса ҳеч кимдир» – деган буюк Рим нотиғи Марк Туллий Ситсеронннинг фикри устоз фаолиятига асос бўла олади. Мавзуни очиш, талаба онгига сингдириш билан боғлиқ жараёнда уларнинг олдига тушадиганлар кам топилади. Дилида олови, қўлида қалови бор бўлган яловбардор муаллим эдилар, раҳматлик.

Илмниким воситаи жоҳ этар,
Ўзини-ю халқини гумроҳ этар.

   Буюк Навоийнинг ушбу ҳикмати мазмуни шундай: Илмни мансаб ёки унвон манбаи, воситаси деб англаган кимса ўзини ҳам, халқини ҳам йўлдан адаштирган бўлади. Омонулла ака илмни ҳақ йўли деб тушунди. Уни моддий манфаатдорлик манбаи, бойлик орттириш учун восита деб билганларга ачиниш назари билан қаради.
   Бор ҳақиқатни айта билмаслик, жим туриш, индамаслик ниқобга айланса, жамият ҳам, инсон ҳам ўзгармайди. Айби борнинг ҳадиги бўлади. Мансабдан айрилиб қолиш ёхуд бировга ёмон кўриниб нима қиламан, қора қозон қайнаб турибдику деб ўзни овутиш жамиятимизнинг эртасига лоқайдликдан бошқа нарса эмас. Наҳотки, оқни оқ, қорани қора дейиш қийин бўлса. Худди шундай ҳолатлардан зада бўлган файласуф шоир Паҳлавон Маҳмуд пичинг ва кесатиқ билан ушбу рубоийни битган бўлса ажаб эмас.

Филдай кучинг бўлса ҳам мўр бўлиб кўрин,
Молинг ошиб тошса ҳам ур бўлиб кўрин.
Ҳамманинг айбини билганинг ҳолда,
Ҳеч нарса кўрмагандай кўр бўлиб кўрин.

 Муҳтарам Президентимизнинг халқ, давлат олдида улкан ва долзарб вазифалар турганда, четда томошабин бўлиб туриш ёки ўзини касалликка солиш ватанга хиёнатдир мазмунида сўзлаб ҳаммани уйғонишга чорлашлари бежиз эмас. Шунга монанд ҳолда айтиш мумкинки, кимнинг қўлидан нима иш келишини, қобилиятини била туриб ўзни кўриб кўрмасликка олиш, ундан эл-юрт манфаати йўлида фойдалантирмаслик эса икки карра хиёнатдир. Шахсий манфаатдорлик, таниш – билишчилик йўлини тутиб қўлидан келмайдиганларни тавсия этиш, тараққиёт карвонини орқага тортишдир. Омонулла ака буларнинг замирида нималар ётишини яхши биларди. Уларнинг аччиқ гапларини эшитиш айримларга тўғри келмаслигини ҳам тушунарди. Шунда ҳам юз хотир қилмасдан ҳақ гапни айтди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда ҳам кўплаб чиқишлар бўлди.
   «Домла Омонулла Мадаевдай ҳар доим ҳам тўғри сўз бўла олмадик, ҳар доим ҳам оқни оқ, қорани бу қора, деб айта олмадик. Ҳақсизликка, адолатсизликка, кўзбўямачиликка, маҳаллийчиликка индамай қараб туравердик», – деб ёзади куюнчаклик билан этук фолклоршунос олим Жаббор эшонқулов. «Илмни, қўштирноқ ичидаги “олим”ликни юзига ниқоб қилиб олганлар каби буқаламун бўлишни ўргандик, илмни ўзимизнинг нафсимиз учун бир воситага айлантирдик,» – деб давом этади у. Домла эса, ҳеч қачон илмни воситага айлантирмаганди, илмни  пулга сотмаган, илмни пул билан баҳоламаган, илмга нафсни аралаштирмаганди. Нарсаларни ўз номи билан аташни яхши кўрарди. Яқиндагина Омонулла Мадаев тўғри сўзлиги, кенгаш йиғилишларидаги кескин гаплари учун фолклоршунослик илмий кенгашидан четга чиқарилганди. Бир акамиз ўзича бунга изоҳ ҳам бергандек бўлди, илмий кенгашда “доктор наук”лар бўлиши керак эмиш. Бироқ ҳеч ким унга “доктор наук”, “профессор” бўлиб фолклорнинг «ф» ҳарфини тушунмай юрганлардан кўра, “доктор наук”, “профессор”дан зиёд билимга эга бўлган, бутун умрини шу илмга сарфлаган, ҳар ҳолда фолклоршуносликни бошқа фанлардан  фарқлай оладиган олимку, деб эътироз билдирмади. Ҳамма жим, ҳамма сукутда. Ҳамма яна бу воқеанинг томошабинига айланганди. Фақат савол туғилади. Қачонгача томошабин бўлиб юраверамиз? Сергак тортишимиз учун, оқни оқ, қорани қора, ҳар доим ҳам ҳақ сўзни айта олишимиз учун яна нечта Омонулла муаллимга ўхшаганларни бой беришимиз керак?» Мана, иқтидорли адабиётшуноснинг ҳақли эътирофи.
   Ўзбекистон қаҳрамони Абдулла Орипов ўз тўртликларидан бирида  шундай  ёзганди.

Шоирдан сўрашди сиз бахтли инсон,
Халқингиз ардоқлар ҳамма танийди.
Шоир жавоб берди, менда бир армон –
Муаллим дейишса мени қанийди.

   Талабалик пайтларимизни эслайман. Омонулла ака аудиторияга кириб келганларида мотиватсия қилиб бизни мавзуга олиб кирарди. Унинг ҳар бир дарси адабий ссенарийга ўхшарди. Халқ достонлари таҳлилига бағишланган дарсларда биз устоз ижросида гўё бир актёр театрини томоша қилгандек бўлардик. Овозни ҳар хил усулда жилолантира олишига, овоз тембрига маҳлиё бўлардик. Мавзуни онгу шууримизга жойлашнинг ўзига хос усулларини обдон эгаллаган эдилар устоз. Коммуникатив компетенсияни обдон ўзлаштирган ва уни амалда тўла қўллай оладиган устоз сифатида эътиборга молик эдилар. Хусусан, лингвистик ва нутқий компетенсия қайси фандан дарс бермасин, барча ўқитувчилар билиши ва амалда қўллай олиши зарур. Бу таълимнинг сифати, самараси ва натижадорлигига боғлиқ ҳодиса. Шундай ўқитувчилар борки, улар дарс ўтганларида бир соат худди бир кундек чўзилиб кетаётгандек таассурот уйғотса, шундай ўқитувчилар борки, уларнинг маърузасини қанча тингласанг ҳам ёхуд вақтни қандай ўтганини ҳам билмай қоласан. Омонулла устоз педагог эмас, балки дарсда муолажага киришаётган табиб эдилар гўё. Ўз фанини севган, касбига меҳр қўйган шайдойи ва фидойи ўқитувчиларга мос бу фазилат. Педагогнинг билим ва кўникмаси, малака ва компетенсияси келажак авлод – ёшларимизнинг онги ва тафаккурига, мамлакатимизнинг истиқболига дахлдорлигини устоз унутмадилар. Ўз устида ишлаш, сўз устида ишлашдан бошланишини, бу эса нотиқлик санъати, воизлик маданияти, бир сўз билан айтганда, ўқитувчи маҳоратини белгилайдиган мезон. Ҳар бир педагог бугунги кунда ана шу критерияга амал қилмас экан. Глобаллашув, айни таҳликали замонда ортда қолиб кетаверади. Янги фикр, янги ғоялар, замонавий технологиялар инноватсион қарашлар билан қуролланмаган педагог ўз фанига, касбига бефарқ ва лоқайддир. Кун ўтса бўлди қабилида иш тутиш ҳеч қандай натижа бермайди. Эл -юрт учун куйиб – ёниши, уйғониши зарурлигини фақат президент эмас, балки юрт қисмати, ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшайдиган фуқаролик бурчини ҳис этган ҳар бир инсон тўла англаши ва амал қилиши зарур.
   Дарҳақиқат, Омонулла ака ана шундай барча ҳавас қилган, ҳақпарвар устоз сифатида хотирамизга абадий муҳрланиб қолади.

   Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ - ТИҚХММИ матбуот хизмати раҳбари, Нотиқлик санъати академияси таълим муассасаси раҳбари, филология фанлари номзоди, профессор. 
2020 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот