Нигоҳлари улуғвор, ҳокисор шоир


Севдо НИЁЗОВА
 
НИГОҲЛАРИ УЛУҒВОР, ҲОКИСОР ШОИР

   Янги йил дастурларини ёзаётган эдик ўшанда. Анъанага кўра, халқ артистлари, халқ ёзувчилари, шоирлари, таниқлилар таклиф этилган. Ҳамма ясанган, лекин уларнинг орасида содда, аммо улуғвор нигоҳлари билан ҳокисоргина Анвар Обиджон бошқача!
- Устоз, хуш келибсиз, келинг, мана бу ерга ўтиринг... - дедим олд қатордан жой кўрсатдим.
- Қизим, менга шу ер қулай, - дедилар. Бу жавобларида на иддао, на кесатиқ бор! Баъзи бировлардан анча камтар... Бир амаллаб кўндирдим, ўтирдилар. Яна ишимга андармон кетдим. Бир қарасам продюсер жаноблари бор овози билан: "Олд қаторларни бўшатинг, бу ерга таниқлилар ўтиради", - деб айюҳаннос солаяпти. Кўзим Анвар акага тушди. У киши секин ўрниларидан тураяпти. Жон ҳолатда олдига югурдим.
- Сиз ўтиринг, бу гап сизга тегишли эмас, сизга тааллуқлимас – дедим пичирлаб ва Анвар ака эшитмайдиган ички овозда: “Буни кўзи артистдан бошқасини кўрмайди”, - деб заҳримни ичимга ютдим. Анвар ака синиқ кулиб, амаллаб кўнгандек бўлди.
   Яна ишимга шўнғидим. Бир пайт қарасам, устоз телпакларини қўлларига олганича, секин даврадан чиқиб кетаяпти. Ортиларидан югурдим. Аммо бу сафар кўнмадилар! “Уюшмага тезда боришим керак экан”, - дея мен билан қуюқ хайрлашди. Ўзларининг баҳонасига ўзлари ҳам ишонмади. Қани, бошқаларга тушунтирганимдек, бу одамга ҳам тушунтира олишга ҳаддим сиғса... Унча-бунчага жаҳлим чиқмайди. Яна ижодий жараёнда, танишу-нотанишлар олдида имкон қадар сокинлик ҳаммасидан муҳим. Бироқ бу сафар қаҳру ғазабимни жиловлай олмадим. Ўзини халқаро тоифадаги продюсер ҳисоблайдиган ўшани олдига қандай етиб борганимни билмай қолдим.
- Сиз кимсизки, одамларга жой кўрсатасиз? КИМ билан гаплашганингизни биласизми? Ҳозир мана шу ердан КИМнинг кўнгли синиб чиқиб кетганини биласизми? Э, ўша ҳомийингиз талабларига... Халқ шоири У одам! Мана бунақа тўртта сўзни қўшиб гапира олмайдиган жўжахўрозларингизни йўлини кўрсатиб, сизга ўхшаган чала маданиятчиларни ковушини тўғирлаб қўядиган одам У! Халқ шоири - Анвар Обиджон эди у одам - яна қанча гапирдим билмадим. Продюсер ҳам жим турмади!..
   Анвар ака билан ишим сабаб яна учрашдим. Аммо ўша маданияти ғариб маданиятчиларнинг даврасига уларни таклиф қилганимдан ҳар доим ҳижолат бўлардим.
   Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожъун! Аллоҳ охиратларини обод қилсин!










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот