Анвар Санаев таваллуд топган кун


  Таниқли хонанда – Анвар Исматович Санаев 1968 йилнинг 16 ноябрь куни Самарқанд вилоятидаги Пахтачи туманида таваллуд топган. Анвар Санаев болалигидан санъатга ҳавас қўйиб, Тошкентдаги Ҳамза номидаги мусиқа мактабида таҳсил олган. Мактабни тамомлагач, Абдулла Қодирий номидаги Тошкент Давлат маданият институтида ўқиган.
   Анварнинг устозлари ўзбек бастакори – Умаржон Санаев ва Ўзбекистон халқ артисти – Муҳриддин Холиқов бўлишган.
  Анвар Санаев илк маротаба ойнаи жаҳонга 1998 йилда "7 ёшдан 70 ёшгача" деб номланган машҳур кўрсатувда "Ақлу ҳушим олди муҳаббат" номли қўшиғи билан чиққан. Орадан 2 йил ўтиб, 1990 йилнинг 10 Ноябрь куни "Туркистон" санъат саройида "Мени тушун, азизам" номли илк концертини намойиш этган. 
  Анвар Санаевнинг клиплари оддий мусиқали клиплардан фарқли ўлароқ, қисқа метражли фильмларни эслатади. Асосан, муҳаббат билан боғлиқ воқеалар акс этади. "Муҳаббатга ишонаман", "Гўзалим", "Жоним сени соғиндим" каби қўшиқларига ишланган клиплар шулар жумласидандир.
  Анвар Санаевнинг ўзини ҳам "Муҳаббат куйчиси" деб аташади. Тўғри, куйлари ва қўшиқларида ҳиндча оҳанглар ва ҳинд фильмларидаги мусиқаларнинг оранжировкаси сезилади, аммо ширали ва дардли овози, оҳанги тингловчиларни беихтиёр маҳлиё қилади.  
  Анвар Санаев Ўзбекистон вилоятларидагина эмас, хорижларда ҳам гастроль сафарларида бўлиб, концертлар қўйган. Жумладан, Покистон, Бирлашган араб амирликлари, Ҳиндистон, Таиланд, Малайзия, Кипр, Германия ва Юнонистон, Россия каби давлатларда концерт дастури билан иштирок этган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот