CИР


Раҳматли Онам - Сайёра Зоированинг ижодларидан.
Ҳаёт бўлганларида бугун 70 ёшга тўлган бўлардилар...
Нилуфар ЖАББОРОВА.
CИР

   Сир деб билганингни дўстингга ҳам айтма. Сенга ўзингдан ва Аллоҳдан ўзга дўст йўқ бу ёруғ дунёда. Қара, дўст деганинг сирингни айтиб, дил ёрганингдан сўнг қанчалар киборланибди. Кўзлари муғамбирона чақнаб сенга беписанд назар ташлаяпти...Сен унинг олдида сирингни қай ҳолдаги сирлигига қараб мутесан!

МЕҲР

   Меҳрга, меҳрли сўзга зорман... Лекин энди ўша меҳр, меҳрли сўзнинг беозор юкини кўтаришга ҳам куч-қувватим қолмади. Рости, меҳрнинг ҳам софлигига ишонгим келмайди. Унинг ҳам ҳирсу ҳавас, алдов, хиёнат билан тил топишиб кетишидан қўрқаман...

ҒИЙБАТ

   Ғийбат, ҳасад, кин.. Сенинг ёшинг нечада, ота-онанг ким? Эндигина туғилган гўдакдан сут ҳиди, эзгуликларнинг бўйи келади... Ҳозиргина туғилган ғийбатдан эса шунчалик бадбўй ҳид анқийдики, яшашдан ҳам тўйиб кетасан киши.

ШЕЪР

   Сенга ҳавасим келади. Сен – ишқсан, сен – муҳаббат, сен – умид, васлсан ширин... Кўнглим ойнаси, андишали юрагимнинг тилисан, шеърим...

ЁЛҒИЗЛИК

   Одамларнинг серфайз даврасидан сен томон шошаман. Соғиниб, қўмсаб шошаман. Ҳеч жойда, ҳеч кимда сендек маъсумлик, сендек сокинлик тополмай, ҳузурингга боладек чопаман... Аланга-оташ бўлиб ёнаётган танамга паноҳ истаб, муздек баҳрингга отаман ўзни. Дилимнинг асов тўлқинлари беҳис қирғоқларингга урилиб сокинлашади. Фикрларим тиниқлашади... Сени янаям қаттиқроқ сева бошлайман. Чунки сен шундай беғубор, шундай бокира дунёсанки, сенда ғийбат учун тил йўқ.
   Сенга ҳирс-ҳавас бегона, сенда нафс йўқ. Сен хиёнатни, сотқинликни билмайдиган хилқатсан... Тонгга қадар кўксингга бош қўйиб дардларим, хаёлларимни айтаман... Сен жимгина тинглаб, муздек қалбинг қабрига кўмасан сирларимни...
   Мен тонг билан пок шуълаларингдан руҳланиб яна серғалва дунёга чиқаман. Сен эса мени меҳр билан соғиниб, тириклик дунёсининг кимсаларидан қизғаниб, сўзсиз кузатиб қоласан...
Мени кут, сокин, бегард ўйларим билан яна одатдагидек оқшомда сени соғиниб бағрингга қайтаман, садоқатлигим, покдомоним ёлғизлик!!!

Сайёра ЗОИРОВА, журналист.










Изоҳлар 1
  1. Shahrizoda

    Assalomu aleykum ishlarizga omad. 😍❤️💫

Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот