ЎЗБЕКИСТОН ОТАМГА ЎХШАР...


Зулфия МЎМИНОВА

ЎЗБЕКИСТОН  ОТАМГА  ЎХШАР...

У ҳам саҳар туриб омонлик кутар 
Қизлари ой каби тўлинларига.   
Уялмасин дебми қарамай ўтар 
Ўзидан кеч турган келинларига. 

Ана, аравага қишининг ғами — 
Саратон сарғайтган янтоқни ортар. 
Кейин отам каби пичан ғарами 
Ёнида хаёлчан тамаки тортар. 

У ҳам қайғуради, далаларини 
Тутмасин урушнинг ғубори, доғи. 
У ҳам санамайди болаларини, 
Баракаси учар, деб ўйлайди чоғи. 

Шунданми уйида чақалоқ кулар, 
Ўйнаб бешигининг зар мунчоғини. 
Шунданми аёли ой каби тўлар, 
Шод қучиб бешикнинг суянчиғини. 

Яктагида терлар ором олар кеч, 
Яхшилик кўргазса гапириб юрмас. 
Отамдек олганин унутмайди ҳеч, 
Бировга не берса ёдида турмас...










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот