Ўғлим, сен эшит


Ўғлим, сен эшит

«Ишонч билан ишга кириш,
Сабр билан ишла», — дер,
Онанг дуосига эриш,
Отанг учун обрў тер!

Юмшоқ гапир аёлингга,
Қадам ташлаб сен мағрур.
Софлик бўлсин хаёлингда,
Қалбига жойлаб ғурур.

Харажат қил оқилона,
Аллоҳ берсин ҳалолидан.
Опа-сингил, амма, хола,
Хабардор бўл аҳволидан.

Эркагона бўлсин гапинг,
Таомлан оз, содда кийин.
Яқин тутсанг очиб қалбинг,
Ўз-ўзидан тахтинг тайин.

Ўз ўрнига эга бўлар,
Аёл дилин топган эркак.
Омад кулар, бахти тўлар,
Ҳеч кимсага бўлмас эрмак!

МАСЛАҲАТ

Мақтов ёқар эркакка,
Аёлларга  яхши гап.
Мадор бўлар юракка,
Берар беҳад яхши наф.

Қувониб бажонидил,
Қабул қилишар дилдан.
Ҳар ишга бўлиб қодир,
Бол, асал учар тилдан.

Умрингизнинг йўлдоши
Ардоқлар сизни баттар.
Мева-чева, нон, оши
Бўй таратар муаттар 

Ишонч ортиб  ўзига,
Юрар меҳрини тараб.
Ишонаман мен сизга,
Мен доим денг: сиз тараф.

Сиз билан фахрланиб,
Яшайман деб айтинг шод.
Турса-да қаҳрланиб,
Қалби гумондан озод.

Айтманг муаммоларни,
Фақат денг: «Сизга гап йўқ».
Ғамҳўр ҳамроҳ бўларни,
Берган Аллоҳга қуллуқ!

Шунчаки руҳлантирар,
Сўздан рашк мағлуб бўлар.
Ёрин озиқлантирар,
Сўздан ишқ ғолиб бўлар.

Оғриқ йиғлатмайди ҳамиша

Оғриқ йиғлатмайди ҳамиша,
Гўзалликни кўра олса кўз.
Тоғдек йўқотганинг — ушоқча,
Тасаллини уддаласа сўз.
 
Яхши кўрганларни қадрлаб,
Ёмон кўрганларни қилсанг дўст;
Яхши кунинг юрсанг хотирлаб,
Умринг ўтар бекаму, бекўст.
 
Доғ эмас тоғ бўлган ёрига,
Сўраб олмас ҳурмат, иззатин.
Ярар катта-кичик корига,
Қилади беминнат хизматин.
 
Умид, ишонч, муҳаббат кетса,
Келар нолиш, ҳориш, зерикиш.
Нафс балосин кимки дафн этса,
Бир-бировни қўллаш, бирикиш!
 
Ҳеч ким кирмас ҳаётингизга,
Шунчаки ўз-ўзидан ўйнаб.
Солиб қувонч, ғам ёдингизга,
Қувнатиш ё қўйишга қийнаб.
 
Ўз ўрни, ўз вазифаси бор,
Сизга ҳамроҳ ҳар бир одамнинг.
Ҳар бирига бериб эътибор,
Сиз қадрига етинг ҳар дамнинг.
 
Оғриқ йиғлатмайди ҳамиша,
Гўзалликни кўра олса кўз.
Бир лаҳзада қилмай андиша,
Ўлдириши мумкин битта сўз!

Умида АБДУАЗИМОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот