Моҳигул Назарованинг Янги йил табриги


Моҳигул Назарованинг Янги йил табриги
   Ҳар йили Янги йил келганида кўнгил қандайдир маъюс бўлиб қолади. Умримизнинг яна бир йили ўтганлиги, келгуси йилнинг қандай келиши, ушалмаган ё ушалган орзу-ниятлар ҳақида ўйлаб қоламиз... Лекин барибир Янги йил дилларимизга қувонч ва умид бағишлайди. Ҳаммамиз бир энтикиш билан ундан нималардир кутамиз. Ниятим Янги йил ўзининг муваффақиятлари, омадлари ва қувончлари билан хотирамизда муҳрланиб қолсин. Ҳаммангизга саломатлик, бахт, шодлик тилайман, Азизларим!

ЯНГИ ЙИЛ СОНАТАСИ

Бўлди унут энди, тин ол бир нафас,
Қани,қайғулардан воз кечгил, кўнгил. 
Сени хафа қилди, айтгин қай нокас,  
Унут, бизни кутар, қара янги йил.

Қадаҳ жарангига ўхшар қадами, 
Кўзлари монанд-ку, ўчмас чироққа.
Асло унутмаймиз, бу шодлик дамни,
Қара, дунё кулар, ўраниб оққа...

Кўнгил, янги йилда янги бахт келар,
Уни қаршилашга янги либос кий.
Янги йил омадни етаклаб келар,
Нохуш хаёллардан қадамларинг тий...

Ишон, қувонч куйи жаранглар энди,
Келгин, рақс тушамиз оҳангларига.
Бизда бошланади бир ҳаёт янги,
Дунё ҳавас қилар, бор рангларига...

   Моҳигул Ўктамовна  Назарова - Бухоро вилоят мусиқали драма театрининг адабий бўлим мудири.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот