ЎЗБЕКИСТОН


Ўзбекистон — она, онажон! 
Она сандиғингда қонли кўйлак бор, 
Қирқ биринчи йилда тешиб ўтган ўқ 
Она, кўкрагингда олов юрак бор, 
Қаҳратон, аёзда музлагани йўқ.
Тонгларинг танийди шодмон хўрозни — 
Қуёшнинг парчаси тожига қўнар, 
Эрка келинларинг ширин аразни 
Тугунига тугиб  далага жўнар.
Тонгнинг энг оқ қисми ҳатлаб ўтолмай, 
Сувчинг яктагида сақлаётир жон. 
Иссиқ  қучоғингни ташлаб кетолмай, 
Олмаларнинг бўйи офтобда ҳайрон.
Қирда буғдой ўрган ботирга аён 
Кузада чайқалган қимизнинг ҳиди. 
Ғарамларга аён, чодирга аён 
Сулувлар қуритган майизнинг ҳиди.
Тер билан аралаш шу саратонда 
Яшил пайкалларга қут томаётир. 
Беланчакларингда, салқин шийпонда 
Қуёш болалари сут эмаётир...

Зулфия МЎМИНОВА










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот