«Бўрини енгган қўзичоқ»
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси, устоз шоирамиз Зулфия Мўминованинг “Бўрини енгган қўзичоқ” шеърлар тўплами йил ҳодисаси бўлибди. Ундаги ранг‑баранг шеърлар, янги сюжетлар, бетакрор услуб ва маҳорат ўқувчини бир зумда ўзига тортади.
“Майна сигирга ўртоқ” шеъри қишлоқларда юз берадиган, шаҳарликлар телевидения ва суратларда кўриб юрадиган ҳолат ‒ сигир ва қушларнинг ёнма‑ён яшаши ҳақида. Бу табиий жараёнга шоира янгича нигоҳ билан боқиб, уни бутун бошли шеърга айлантиради ва дўстлик балладасини яратади. Хулоса эса:
Энди билдим, Майнанинг,
Оч қорни тўяр экан.
Сигиримни ҳашоратдан,
Тозалаб қўяр экан.
“Нуқта” шеърида болакай ён-атрофдаги предметлар ва ҳайвонлардан дадасига давомли шикоят қилади. Дада ҳам оқилона йўл тутади, улар билан гаплашиб қўйишини айтади. Маълум нуқтага етганда, болакай кичик нарсалар учун ота‑онасини безовта қилиш яхшимаслигини, чақимчилик ёмон иллат эканини тушуниб қолади ва шундай дейди:
Энди ҳеч кимни чақмайман.
Ишимни қилиб пухта.
Дадам эса, шу бугундан
Гаплашишга қўяди нуқта.
Китобдан ўрин олган “Юнгли шафтоли билан суҳбат” шеъри ўз нафосати, ёзилиш услуби, бадиий жозибадорлиги билан таҳсинга сазовор:
‒ Шафтолижон шафтоли,
Нега тўнинг ечмайсан?.
Иссиқ саратонда ҳам,
Юнгли тўндан кечмайсан.
‒ Бир кун ечдим тўнимни,
Ақли йўқлар ечаркан.
Саратонда шамоллаш
Жуда оғир кечаркан.
Шундан буён ёзда ҳам,
Иссиқ тўнда юраман.
Тўн ичида пишириб,
Ширин шарбат бераман.
Китобга “Бир данакда бир боғ бор” номли достонни ҳам киритилган. Бу достон сюжети қизиқарли, ибратли бўлиб, бемалол у асосида мултфильм ишлаш мумин. Асар хулосасида айтиладики:
Билишди ҳар данакда
Биттадан дарахт яшар.
Шовуллаган яшиллик
Шодлик яшар, бахт яшар.
«Бўрини енгган қўзичоқ» китоби шоирани Она табиатнинг ўзбек болалар шеъриятидаги фавқулодда ва мухтор вакиласи даражасига кўтарган.
Неъмат Душаев
Зулфия Мўминова.
«Бўрини енгган қўзичоқ». - Тошкент, 2021 йил.