ОНАМ НИДОСИ (ОТАМГА)


Дунё бир сир, дунёлигинг нега арзир,
Ҳар онингда йўқликларга ичсам қасам,
Бегим, нега сочларимни силамайсиз,
Ҳар лаҳзамда кўнглингизни авайласам.
Тикон қучдим, гуллар сизга
бўлсин дедим,
Бахтга тўлиқ кунлар сизга бўлсин дедим,
Бегим, нега маликам деб атамайсиз,
Ҳар лаҳзамда кўнглингизни авайласам.
Йиқилмайсиз, тоғлар бўлиб суяй дедим,
Сиз шод бўлинг, мен оташда куяй дедим,
Бегим, айтинг нега яна қарамайсиз,
Ҳар лаҳзамда кўнглингизни авайласам..

УСТОЗ!

Қалбим тубидаги жавоҳирларни,
Тарашлаган сўз заргари сиз.
Туйғуларни пардозлаган руҳ,
Хаёлларим афсунгари сиз.

Дунёни кўзимда жилолантирган,
Худойимнинг мусаввири сиз!
Устоз!
Сўзларда тўкилсам,
Суяб билдингиз,
Армондай ўқилсам,
Аяб билдингиз,
Отам соғинчида,
Нураганимда,
Йўлаб билдингиз,
Маҳзун юрагимнинг,
Битта пири сиз!
Устоз!
Хаёл тортқилайди,
Минг бир кўчага,
Бахтимни бўлишдим,
Зулмат кечага,
Синиқ юрагимга,
Сўзларим чега,
Ишончим,
Меҳримнинг,
Асли ўзи сиз!
Устоз!
Олисмиз гарчи биз хаёллар қадар,
Яқинмиз,
Муштарак саволлар қадар,
Битта қизингизман,
Сўз деб дарбадар,
Битикларим ичра,
Жавҳар,
Дури сиз!
Устоз!
Отам айтолмаган,
Сўзлар кўнглимда,
Гул очаётир,
Отамни суйганлар,
Дил очаётир,
Тақдир,
Бир илоҳий йўл очаётир,
Йўл бошида,
Дуо қилган падарим,
Биродари сиз,
Устоз!

***

Юрагимда ҳис этдим сени,
Бир тоғ эдинг,
Қўйнида тилло.
Ўлмас эдим сени авайлаб,
Сен меники эмасдинг, асло.
Кўзларимда ҳис этдим сени,
Бир нур эдинг,
Олов арғумчоқ.
Сени асраб ўлолмас эдим,
Оташларда музлаган қучоқ.
Лабларимда ҳис этдим сени,
Шивирладим исминг дуодай.
Ўлиб бўлмас сени ўйласам,
Яшаб бўлмас сен билан, до-дай.
Бору йўқда ҳис этдим сени,
Кўзларимга жойлаб фалакни.
Асролмадим кечир султоним,
Сени севган муштдай юракни.

***

Суратингга бот-бот қарайман,
Нимагадир,
Қасамим бузиб.
Биламан-ку,
Кетганлигинг рост,
Барча,
Барча риштани узиб.
Суратингга бот-бот қарайман,
Ўша нигоҳ,
Ўша табассум,
Тўлиқади яна юрагим,
Хотиралар қанчалар маъсум.
Саволларки, бошимда гир-гир,
Йиқилгудай кўнглим изингга.
Энтикаман,
Аҳдимдан қайтиб,
Муштоқланиб битта сўзингга.
Суратингга термуламан гоҳ,
Билолмайман,
Бу қийноқ нечун?!
Билганим шу,
Ишқ йўқ дунёда,
Юрагимнинг ўлганлиги чин.

ОТА...

Кўнглим эди, бутун-бутун,
Малҳам билиб сўзинг ўтин,
Дилга ҳасрат қовушган тун,
Узлат ўйин чекиб кетдим,
Кўксимга дард экиб кетдим.
Воз кечмадим, оқладимми,
Бир оз ғурур сақладимми,
Кетмаслигинг хоҳладимми,
Изингга ёш тўкиб кетдим,
Маҳзунликка чўкиб кетдим...
Юзим бурдим аё гардун,
Ёшим ювар кўнгил гардин,
Кечдинг, ширин тилаклардин,
Дилим санга тутиб кетдим,
Бор ҳасратинг ютиб кетдим,
Азал кетдим, абад кетдим,
Бир йўқликка ўтиб кетдим...
Мунглиғ қулман, адашганман,
Унут гулман, адашганман,
Йўқликлара ярашганман..
Бир ишоранг кутиб кетдим,
Онамдан ҳам ўтиб кетдим,
Азал кетдим, абад кетдим...
Бир йўқликка ўтиб кетдим...

ОНАМ НИДОСИ (ОТАМГА)

Энди сен озодсан...
Бор қушга айлан,
Ўзинг орзулаган дунёларга уч.
На кўкдан, на ердан топмадинг маскан,
Тутиб қололмади сени ҳеч бир куч.
Энди сен озодсан...
Таскин, тасалли,
Ва барча туйғулар ортмас ўзимдан.
Билмай соғинади сени юрагим,
Гулёмғирлар ёғар сенга кўзимдан.
Тун бўлиниб кетар, минг-минг бўлакка,
Азоб тома бошлар ой нигоҳидан.
Майсаларга заррин нур томчилайди,
Сўниб бораётган юлдуз оҳидан.
Сен тунда ҳурларнинг лабидан ўпиб,
Ишқий ҳаловатни тилаган чоғда.
Менинг кўнглим, ўлиб-ўлиб боради,
Бахтсизликдан эзилган ёлғиз ётоқда...
Сен озодсан энди, бор қушга айлан,
Шамол силаб ўтсин ёнуқ парингни.
Тарк этиб кетганинг ғариб кулбада,
Мен ёдлаб яшайман...
Мактубларингни...
Энди сен озодсан...
Бор қушга айлан,
Ўзинг орзулаган дунёларга уч.
На кўкдан, на ердан топмадинг маскан,
Тутиб қололмади сени ҳеч бир куч.
- «Гулим, мен бу дунё одамимасман!»

***

Уввиллайди гунг ҳайқириқлар,
Хаёл оламидан қулади кўнглим.
Кўзларимдан оқар, қондек томчилар,
Дунёни домига тортади ўлим...
Телба дунё дедик, беш кунлик дунё,
Ҳою ҳаваслардан бурмадик юзни.
Исломни унутдик, иймондан кетдик,
Бенарвон ургудай кўкда юлдузни.
Дўстни дўст демадик, жигарни жигар,
Қанча кўп алдашса, шунча ишондик.
Дунёмас,
Умримиз беш кунлик рости,
Ҳақиқат, орият баридан тондик.
Ёвлашиб яшадик жигарлар билан,
Хўб, оёқ-қўлимиз безабон эди.
Биров бемор бўлди, бирови ғариб,
Йўқлаб қўйганимиз не замон эди.
Гуллар алаф бўлди, яшамоқ макр,
Шаҳват ёнди мудом қонларимизда.
Кўзлар басир бўлди, туйғулар хароб,
Шайтон айшин сурган жонларимизда.
Чоҳ қазидик, дўстимиз пойини пойлаб,
Қонлар дарё бўлди истагимиздан.
На динни, на дунни писанд этмадик,
Авлодлар онгини чиқардик издан.
Балолар чорладик, билиб ё билмай,
Телба мақомларга хушланиб ўтдик.
Ёлғон олқишлардан шишиндик эвоҳ,
Аччиқ ҳақиқатга тишланиб ўтдик.
Аёлликка ҳавасманд бўлганлар қанча,
Эрлик даъво қилди неча аёллар.
Ўз жигар порасин пуллади «она»,
Фаҳшу фужур бўлди сутдек хаёллар.


Мадина МУҲАММАД.
     Мадина Муҳаммад Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университетининг «Инглиз ва француз тили филологияси» факультетини тамомлаган.
     Банк ва молия академияси магистранти.
     Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Манба: "Ижод чашмаси" журнали. 2023 йил. №9 сон.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот